БЕШ ХИСЛАТ Принтер учун
10.01.2009 й.
www.islom.uz

Бошқа ҳеч бир пайғамбарга берилмаган беш хислат фақат Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) берилган ва бу ҳол у Зоти муборакнинг мақомлари Аллоҳ таоло ҳузурида нақадар юксак эканини кўрсатади.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Биринчи хислат

Мақоми маҳмуд

Бу мақом Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ояти карима билан ваъда қилинган бўлиб, Унга Аллоҳ таоло наздида бошқа ҳеч бир инсон зоти эриша олмайди. Бу, бутун инсониятга шафоат мақомидир.
Саҳиҳ бир ривоятда келтирилишича: «Қиёмат кунида бутун инсоният гуноҳларининг кечирилиши учун ўзларига бир шафоатчи излайдилар. У кунда одамлар энг аввал яратилган ва биринчи пайғамбар бўлган, инсоният отаси Одам (алайҳиссалом) ҳузурига бориб:
– Эй ҳазрати Одам! Эй отамиз! Аллоҳ сизни ҳаммадан аввал яратган ва сизга ўз илоҳий руҳидан уфлади ва сизга фаришталарни сажда қилдирди. Сиз улуғ мақом эгасисиз. Аллоҳ таоло наздида биз гуноҳкорларга шафоатчи бўлинг, бизни бу ғамдан халос этинг, – деб ёлворади.
Ҳазрати Одам (алайҳиссалом):
– Сиз айтаётган у мақом менга берилган эмас. Мен ҳам қилган гуноҳим туфайли Аллоҳ таоло наздида айбдорман. Бу кун илоҳий ғазаб кунидир. Оҳ, нафсим, нафсим, – дейдилар.
Халқ бу ҳолдан янада ғамгин бўлиб, ҳазрати Нуҳ (алайҳиссалом) ҳузурларига боради:
– Эй ҳазрати Нуҳ! Сиз Одам отамиздан кейин иккинчи ота ва ер юзига юборилган илк расулсиз. Ҳақ таоло сиз ҳақингизда «шукр қилувчи бандам» дея марҳамат қилган. Ҳолимизга раҳмингиз келсин. Аллоҳ олдида биз осийлар учун шафоатчи бўлинг.
Ҳазрати Нуҳ (алайҳиссалом):
–Эй инсонлар! Бундай мартаба ва мақом менга насиб этмаган. Мен қавмим учун охирги дуойимни ҳам изҳор этиб бўлганман. Бугун эса Аллоҳ таоло энг кўп ғазаб қиладиган кундир. Бугун илоҳий ғазаб кунидир. Оҳ нафсим, –дейдилар.
Одамлар ҳазрати Иброҳимнинг (алайҳиссалом) ҳузурларига шошади:
– Эй ҳазрати Иброҳим! Сиз Аллоҳнинг халилисиз, дўстисиз, биз гуноҳкор бандаларни шафоат қилинг!..
Иброҳим (алайҳиссалом) шундай дейдилар:
– Эй инсонлар! Менга шафоат қилиш мақоми берилмаган. Бугун илоҳий ғазаб кунидир. Сизлар Мусога боринглар.
Талвасага тушган одамлар Мусо (алайҳиссалом) ҳузурларига келади. Ҳазрати Мусо уларни Исо (алайҳиссалом) ҳузурларига юборадилар. Ҳазрати Исо (алайҳиссалом) бундай дейдилар:
– Менга бундай мақом берилмаган. Бундай улуғ мақом ва мартабага эришган зотгина бугун сизга шафоатчи бўла олади. Ҳазрати Муҳаммаднинг (алайҳиссалом) ҳузурларига боринг. У муборак зот туфайлигина Аллоҳ сизга нажот бериши мумкин.
Шунда бутун Маҳшар аҳли умид билан Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига йўл олади. Илгари ер юзида яшаган жами мункир, гуноҳкор бандалар кўзёш тўкиб, у зотдан шафоат истайди. Пайғамбаримиз Мақоми маҳмудда сажда қилиб, инсонларга шафоат сўрайдилар. Аллоҳ таоло:
– Саждадан бошингизни кўтаринг, эй Муҳаммад, дуойингиз ва шафоатингизни қабул қилдим, – дея марҳамат этади.
Расулуллоҳ (алайҳиссалом):
– Ё Раббим! Умматим, умматим, – деб кўзёш тўкадилар.
Ҳақ таоло яна у Зотга марҳамат қилади:
– Эй Ҳабибим, бугун қалбида заррача имони бўлган киши афвимга лойиқ бўлади.
Расуллуллоҳ яна саждага бош қўядилар. Ҳақ таоло марҳамат қилади:
– Бошингизни саждадан кўтаринг. Дуо қилинг. Бугун сизнинг дуо ва шафоатингиз қабул бўладиган кун, эй Ҳабибим.
Муҳаммад (алайҳиссалом) яна:
– Умматим, умматим, – дея тазарру ва илтижо қиладилар. Аллоҳ таоло:
– Қалбида зарра қадар имони бўлган бандани кечирдим, – дея марҳамат қилади.
Расулуллоҳ яна саждага кетадилар. Ҳақ таоло яна:
– Саждадан бошингизни кўтаринг, – дея марҳамат қилади. Муҳаммад (алайҳиссалом) саждадан бош кўтарганларида Аллоҳ таоло қалбида заррача имони бор бандаларни кечирган бўлади. «Ла илаҳа иллаллоҳ» деганларни мағфират қилиб, азобдан қутқаради.
Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятларида келтирилишича, ал-Исро сурасида зикр этилган «Мақоми маҳмуд»дан мурод ана шу шафоат мақомидир. Демак, инсонларга шафоатчи, дуоси қабул қилинадиган ягона зот пайғамбаримиз ҳазрати Муҳаммаддирлар (алайҳиссалом).
Имом Бухорий «ъаса ан йабъасака роббука мақомам маҳмудан» (ал-Исро,79) ояти каримасини тафсир қилиб, қуйидаги ҳадиси шарифни келтирадилар: «Қиёмат куни ҳар бир уммат ўз расулига шафоат қилишини сўраб ёлворади. Ниҳоят, Расулуллоҳга (алайҳиссалом) мурожаат қилиб, шафоат сўрайдилар. У Кунда Расулуллоҳ Маҳмуд мақомига кўтариладилар».
Расулуллоҳга (алайҳиссалом) муҳаббат юзасидан ҳар бир мўмин итоатга, намозга даъват бўлган азонни эшитаркан, унга шундай жавоб қилади: «Эй бу мукаммал даъватнинг ва қоим бўлган намознинг Рабби! Муҳаммадга (алайҳиссалом) василани ва фазилатни эҳсон айла. Ва унга ваъда қилганинг Мақоми маҳмудни ато эт. Уни у мақомга етказ. У мақом Қиёмат кунида шафоат мақомидир».
Имом Бухорий ривоятига кўра, Расулуллоҳ бундай марҳамат қиладилар: «Ҳар ким азон айтилганидан сўнг ушбу дуони ўқиса, уни Қиёмат куни шафоат қиламан».
Ушбу дуодаги «васила» дан мурод жаннатдир.

Иккинчи хислат

Бутун ер юзининг Расулуллоҳга ва Ислом умматига саждагоҳ бўлиши

Ҳар миллат фақат ўз ибодатхоналарида диний маросимларини ижро этар экан, мусулмонларга ҳамма ерда намоз ўқиш ва ибодат қилиш неъмати ато этилган. Шу боис Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бутун ер юзи менга саждагоҳ бўлди”, дея марҳамат қилганлар.
Ислом динимизнинг оламшумуллиги, бошқа динларга насиб этмаган бундай неъматнинг исломиятга берилиши унинг энг охирги ва мукаммал дин эканига далилдир. Яҳудийлар фақат ҳавраларда йиғилиб ибодатларини бажо келтиришади: насронийлар ўз калисоларида ибодат ва маросимларини қилишади. Ислом динимизда ибодат деворлар орасига, қуббалар остига қамалмаган. Исломият инсонларга истаган жойларида ибодат қилишлари мумкинлигини эълон этди. Бутун ер юзи мусулмонларга саждагоҳ эканини маълум қилди ва бу билан Аллоҳга юзланиш йўлини кўрсатди. Чунки Аллоҳ жалла жалалуҳу ҳар ерда ҳозиру нозирдир. «Машриқ ҳам, Мағриб ҳам Ёлғиз Аллоҳникидир. Бас, қай тарафга юз бурсангиз, ўша жой Аллоҳнинг тарафидир» (Бақара, 115). «Сизлар қаерда бўлсангизлар, У сизлар билан биргадир. Аллоҳ қилаётган амалларингизни Кўриб тургувчидир» (Ҳадид,4). Мазкур ояти карималарда Аллоҳ таолонинг фақатгина ҳавра ва калисоларда эмас, ҳар ерда ҳозиру нозир экани билдирилмоқда. Исломият исталган ерда ибодат қилиш ҳурриятини эълон қилди. Мусулмон киши тоғ тепасида ҳам, чўлда ҳам, уйда ҳам, қуруқликда ҳам, денгизда ҳам Раббига юзланиб, ибодат қилаверади. Масжидлар қуббасигина эмас, осмон қуббасининг ости ва бутун коинот Аллоҳга ибодат маконидир. Мусулмонлар жомеларда ибодат қилганлари каби, ундан ташқарида ҳам йиғилиб ибодат қилаверадилар. Чунки исломиятда одам қаерда бўлмасин, юзини қиблага бурса, бўлди, Аллоҳ ўша ердадир. Мусулмонлар учун ҳамма ер саждагоҳ бўлишининг маъноси шу.
Яҳудийлар ибодатларини синагогларида қиладилар. Фақат ўша ерда улар қурбонлик келтириб, тақдим этадилар. Насронийлар фақатгина калисолар ичида ибодат қиладилар. Бутпарастлар маъбадларини безатиб, бутларини хурсанд қилиш билан оворадирлар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эса: “Бутун Ер юзи менга саждагоҳ бўлди” (Имом Бухорий, Муслим ва Насаий ривоятлари, “Масжидлар” боби) дея марҳамат қилиш билан ҳеч бир динга насиб этмаган тенгсиз неъмат у Зотга ва у Муборак Зотнинг (алайҳиссалом) умматига берилганини эълон қилдилар.
Кўриниб турибдики, бу хос неъмат бошқа набий ва расулларга насиб қилмаган ва фақат Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) лутф этилган юксак илоҳий неъматдир.

Учинчи хислат

Душманларнинг қалбларига қўрқув солишлари ва Аллоҳнинг нусратига восил бўлишлари

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Менга бошқа ҳеч бир набийга берилмаган беш нарса берилди. Шулардан бири руъуб, фатҳ ва нусратдир”, деб марҳамат қилганлар. “Руъуб” душманнинг қалбига қўрқув солишдир. “Фатҳ” ва “нусрат” эса Аллоҳ таолонинг ёрдами билан ғалабага эришишдир. Муборак зотнинг исмларини эшитганида динимизга ёвлик қилувчиларнинг қалблари ҳамиша қўрқувдан ларзага келган.
Ҳайбар ғазоти куни тонгда саҳобалар шаҳарга яқин келишганида ғаним қабила одамлари бел ва кетмонларини олиб, ишлагани боғлари, экин майдонларига кетишаётган эди. Расулуллоҳнинг отлиқлар билан келаётганларини кўриб, улар бирданига даҳшатга тушишди, ҳушларидан айрилишди. “Муҳаммад келяпти, Муҳаммад келяпти!” дея қўлларидаги иш қуролларини ташлаб, орқага қочишди ва қалъа ичига кириб, яшириниб олишди.
Бошқа ғазотларда ҳам Расулуллоҳни кўрган душманларнинг қалблари қўрқувдан титраб, даҳшатга тушишган. Уҳуд жангида кўринишда мушриклар устун келган бўлса-да, моҳият эътибори билан унда ҳам Расулуллоҳ (алайҳиссалом) ғалабага эришган эдилар. Ҳунайн ғазотида ҳам худди шундай ҳолат такрорланган. Шубҳасиз, ғалабага эришиш учун душманнинг қалбига қўрқув солиш керак. Ичига қўрқув оралаган ғаним сафи албатта пароканда бўлади.
Расулуллоҳ бундай марҳамат қиладилар: “Менга ръуб, фатҳ ва нусрат эҳсон қилинди. Шу даражадаки, узоқлиги бир ойлик йўл бўлган маконда исмим зикр этилса, душманимнинг қалбига таъсир этади”.
Расулуллоҳнинг муборак исмларини эшитишлари билан мункир ва мунофиқ кишилар қалби титрашга тушиб, ҳушларини йўқотадилар. Бу мўъжиза бутун инсоният устида ҳамиша жорий. Расулуллоҳни севган, динимизга жону дилдан боғланган инсонлар у Зотнинг овозларини ёки шарафли исмларини эшитишлари билан қалбларида фараҳ ва шодлик жўш уриб, юзлари ёришади. Душманларнинг қалби эса, қўрқув ва даҳшатдан титрашга тушади.
Бир куни Абу Жаҳл у Муборак Зотни кўриб, юраги орқага тортиб кетган ва Расулуллоҳ ҳақларида: “Дунёда энг ёмон кўрган кишим”, дейиш билан асл ғаразини билдирган. Абу Жаҳлнинг орқасидан кирган Ҳазрати Абу Бакр эса, Расулуллоҳни кўриб, кўзёш тўкиб, муҳаббатини изҳор этган. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) инсоният учун бир пок кўзгу кабидирлар: яхшилар ўз яхшилигини, ёмонлар ўз ёмонлигини кўради. Аллоҳ таоло Расули Акрамни севганларнинг қалбига муҳаббат туйғусини солгани каби, у Зотга душман бўлганларнинг қалбига қўрқув ҳиссини солган. У зотни заҳарли қиличлар билан ўлдиришга чоғланиб, ҳужум қилганлар юзма-юз келганида даҳшатдан титраб, мағлуб бўлган ҳолда ортларига қайтишган. Расулуллоҳга қасд этганларни Аллоҳ таоло хор қилган, у зотни қоралаб, масхара ва ёмонлик қилган бадбахтлар ўзлари ёмонлик билан жон берганлар. У зотни севган ва ихлос билан эргашганларни Ҳақ субҳанаҳу ва таоло ҳамиша юксак даражаларга кўтарган.
Расулуллоҳни илк бор кўрган бир бадавий қўрқувдан титраганида, у муборак зот: “Қўрқма, мен Жаббор эмасман, қотган нон еган бир аёлнинг ўғлиман”, дея марҳамат қилганлар. Бадавийнинг қўрқиши Расулуллоҳдаги буюклик қаршисида қалбларда зуҳур этадиган туйғу таъсиридан эди. Мўминлар севги ва муҳаббат билан ҳаёт топар экан, Ҳақнинг мункир душманлари у муборак зотни ёмонлаш, туҳмат қилиш ва қўрқув билан қалбларини хасталикка топширадилар.
Тарихдан маълум, Ҳазрати Мусо, Ҳазрати Довуд ва Ҳазрати Сулаймон (алайҳимуссалом) кабилар кучли нуфузга эга бўлган расуллар жумласидандир. Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эса, пайғамбарлар тарихида энг қудратли расул бўлиб, қавмлари севиб итоат этган зотлар ичида энг олий мақомдадирлар.
Видо ҳажи кунида бир юз йигирма минг саҳобий Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) овозларини бутун қалблари билан тинглашган. Мункирлар эса Расулуллоҳга дуч келганида қўрқувдан титрашган, бўйин эгишга мажбур қолишган. Аллоҳнинг ёрдами (нусрати) билан Расулуллоҳ ҳамиша душманлар устидан ғолиб келганлар. Ана шу қўрқув ва нусрат Аллоҳ таоло у зотга кўрсатган буюк лутфлардан саналади. Муборак куракларидаги нубувват муҳрида ҳам шу нарса маълум қилинган ва қай томонга юз бурсалар, ғалабага эришишлари нубувват муҳри ила билдирилгандир.
“Ё Муҳаммад, Сизга муждалар бўлсин, ҳеч ким Сиз етган мартабага ета олмас. Сиз жасурсиз, нусрат калити Сизга берилган. Қаён юз бурсангиз, у ерда барҳақ зафарга эришасиз”, деб ёзган эди машҳур шоирлардан бири.
Бошқа бир шоир бундай лутф этган:
“Кимса асло етмади, етмоқ мумкин эмас Сизга”.
Дарҳақиқат, яратилмишлар ичида тенги бўлмаган Расули Акрамнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мартабаларига ҳеч ким ета олмаган ва ета олмайди ҳам. Аллоҳ таоло у муборак зотни ҳабибим дея севди ва улуғ нусрат берди.

Тўртинчи хислат

Бутун оламларга пайғамбар бўлишлари

Барча расуллар маълум бир қавмга огоҳлантирувчи ва хабар берувчи бўлиб келишган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эса ер юзидаги бутун инсонларга ва жинларга пайғамбар қилиб юборилганлар.
Қуръони каримнинг Сабаъ сураси 28-оятида мазмунан бундай марҳамат қилинади: “(Эй Муҳаммад, алайҳиссалом), Биз сизни, шак-шубҳасиз, барча одамларга (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтгувчи, (кофирларни эса дўзах азобидан) огоҳлантиргувчи бўлган ҳолингизда, Пайғамбар қилиб юбордик”. Мазкур мазмунли ояти карима фақатгина Расули акрамга берилган буюк фазилатдан хабар бермоқда. Албатта, Расулуллоҳни Ҳақ субҳонаҳу ва таоло бутун инсониятни, миллатидан, ирқидан қатъи назар, иршод этиш учун юборгандир. Бундай фазилат расуллар ичида фақат Расулуллоҳга (алайҳиссалом) берилган.
Улул азм расуллардан бўлган ҳазрати Мусо ва ҳазрати Исо (алаҳимуссалом) фақат ўз қавмларига юборилган эдилар. Инсон бу ояти каримани ўқиб, бир тафаккур қилса, Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) оқ, қора, сариқ, қизил танли, ибтидоий ва маданий барча инсонларга, араб, фаранг, инглиз, ўрис ёки бошқа бир миллатга мансублигидан қатъи назар, ҳамма халқларга бирдек муршид эканларини, ул Зоти муборакнинг мўъжизалари бўлган Қуръони карим бутун инсониятга илоҳий қонун эканини англаши муқаррар.
Бошқа бир ояти каримада Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Барча оламлар учун (Охират азобидан) қўрқитувчи бўлсин деб ўз бандаси (Муҳаммад алайҳис салом)га Фурқон – Қуръон нозил қилган Зот – Аллоҳ Баракотли – Буюкдир” (Фурқон, 2).
Кўриниб турибдики, Қуръони карим бутун инсониятнинг Муқаддас китоби, Муҳаммад (алайҳиссалом) барча олам ва одамларга юборилган, ҳаммани Ҳаққа даъват этувчи расулдир. Бундай олий фазилат фақат ул Зотгагина берилган.
Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу ҳақиқатга ишоратан бундай марҳамат этганлар: “Мендан аввалги ҳар расул қавмига юборилган эди, мен эса, бутун оламга юборилдим”. Бутун олам аҳли Аллоҳ таоло Пайғамбаримизни (алайҳиссалом) барча оламларга ҳақ расул этиб юборганини англаб, эътироф этиб, эргашса, ер юзида тинчлик, осойишталик барқарор бўлиши муқаррар.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳижратнинг саккизинчи йилида ўша замоннинг бир неча қирол ва подшоҳларига мактублар ёзиб, бу ҳақиқатни маълум қилган ва қавмларини ҳақ йўлга даъват этган эдилар. Бу даъватга ижобат қилиб, имон келтирганлар нажотга эришган. Кейинги даврларда ҳам шундай бўлди. Расулуллоҳга берилган бу фазилатни инкор этиб, бўйин товлаганлар эса, зиёнкорлардан бўлиб қолишди.
Хуллас, миллати, ирқи ва бунгача дину мазҳаби қандай бўлишидан қатъи назар, ҳар бир инсон нажот топиши учун Қуръони каримга ва Пайғамбаримизга (алайҳиссалом) эргашмоғи керак бўлади.

Бешинчи хислат

Хотамун Набий эканликлари

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) келишлари билан нубувват силсиласи тугаган. Бошқа ҳеч бир пайғамбар келмайди. “Ма каана аба аҳадни мин рижоликум ва лакин расулуллоҳи ва хотаман Набиййина” ояти каримасида Расули акрамнинг Хотамун Набий, яъни охирги Пайғамбар эканликлари таъкидланган. “Хотам” сўзи бир нарсани хатм этувчи, тугалловчи, муҳрловчи маъноларини ифода этади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Хотамун Набийдирлар. У зоти муборак нубувват силсиласини якунлаганлар ва бошқа бир расул келишига ҳожат қолмаган. Чунки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) инсоният ҳаёти учун зарур бўлган барча неъматларга шомил Қуръони каримни етказдилар. Инсоният олдидаги барча муаммога унда жавоб топа олади.
Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Мендан кейин Набий келмайди”, дея марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти). Бошқа бир ҳадиси шарифда эса, нубувват ва динни тамсил этган барча расуллар рисолат силсиласи деворининг ғиштлари бўлишини баён қилиб, деворда ўрни очиқ қолган бир дона ғиштга ишоратан “Ана шу менман. Мен расулларнинг охиргисиман”, деганлар. Бошқа бир ҳадисда: “У ғишт менман. Расуллар силсиласини хатм қилдим”, дея марҳамат қилганлар.
Расулуллоҳ (алайҳиссалом) билан нубувват эшиги тамғаланди. Аммо пайғамбарлик даъво қилиб келадиганлар ҳам бўлган ва ҳозир ҳам йўқ эмас. Бир ҳадиси шарифда шунга ишоратан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат этганлар: “Мендан кейин ўттиз нафарча пайғамбарлик даъво қилиб чиқадиган ёлғончилар келади” (Имом Термизий ривояти). Дарҳақиқат, бундай ҳолат ора-сира зуҳур этиб, ёлғончи “набий”лар бир қанча кимсаларни йўлдан уриб, дунёни фасодга тўлдирганлар.
Расули акрам жисмоният оламига келмасларидан аввал руҳоният оламида биринчи Набий эдилар. Жумладан, Расулуллоҳ (алайҳиссалом) “Ҳали ҳазрати Одам суви билан лойнинг ўртасида экан, мен Набий эдим”, дея марҳамат қилганлар. Демак, Расулуллоҳ (алайҳиссалом) руҳоният оламида биринчи набий ва жисмоният оламида нубувват силсиласини якунловчи охирги Набий саналадилар.
Бухорий “Саҳиҳ”ида бу сирга ишоратан Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай ривоят келтирилади: “Менинг беш исмим бор. Муҳаммадман, Аҳмадман, Маҳдийман, Ҳашрман, Ақибман. Ва мендан кейин бошқа Расул келмайди”. Муҳаммад исми ерда машҳур бўлган. Аҳмад исми самоларда машҳур бўлган ва келиши муждаланган. Маҳдий исми куфрнинг маҳв этилишига, яъни, йўқотилишига васила бўлган. Ҳашр исми Аллоҳ таоло ҳаммани у билан ҳашр этишига, яъни, йиғишига ва Ақиб исми охирги Набий эканлигига ва ундан кейин бошқа пайғамбар келмаслигига ишора қилинган зот маъносидадир.
Мазкур беш исми шарифнинг сирлари Расулуллоҳга (алайҳиссалом) берилган илоҳий неъматларда ўз ифодасини топган. Расулуллоҳ билан набийлик силсиласи ниҳоясига етди. Аммо солиҳ тушлар руҳоният оламининг бир хабарчиси сифатида набийликдан мерос бўлиб қолди. Имом Бухорийдан нақл қилинган бир ҳадиси шарифда бу ҳақиқатга ишоратан Расулуллоҳ (алайҳиссалом) асҳобларига шундай марҳамат этганлар: “Нубувватдан фақат табширот (мерос бўлиб) қолди”. Асҳоби киром тарбширотнинг нималигини сўраганларида, Расулуллоҳ: “Солиҳ тушлар”, дея марҳамат қилганлар. Бошқа бир ҳадиси шарифда эса, солиҳ тушлар Нубувватнинг қирқ олти жузъидан бири эканлигини баён қилинган.
Бухорий “Саҳиҳ”ида нақл қилинишича, Табук ғазотига кетар экан, Расулуллоҳ Ҳазрати Алини Мадинаи Мунавварада ўз ўринларига қолдирганларида, Ҳазрати Али (розийаллоҳу анҳу) ғазотга қатнашиш истагида эканини билдирган эди. Расулуллоҳ (алайҳиссалом) ўша Мусо (алайҳиссалом) Тури Синога кетаётганларида биродарлари ҳазрати Ҳорунни қавмга раҳбар қилиб қолдирганларини эслатиб: “Ё Али, Ҳорун Мусога ҳалаф бўлгани каби сен менга ҳалаф бўлишини истамайсанми? Энди мендан кейин бошқа Расул келмайди”, дея марҳамат қилганлар.
Шубҳасиз, Расулуллоҳдан кейин Набий келмайди. Ояти карима ва ҳадиси шарифлар билан бу ҳақиқат собитдир. Бундан кейин набийлик даъвоси билан чиқадиганлар ёлғончидир. Аллоҳ таоло Расулуллоҳни охирги пайғамбар бўлиш саодати билан шарафлантирди ва у муборак Зот билан Нубувват силсиласини муҳрлади. Шу тариқа нубувват ва унинг ҳар қандай кўриниши Расул (алайҳиссалом) билан ниҳоя топиб, дин тўлиқ ва мукаммал бир шаклда у Зот воситасида инсониятга тақдим этилди. У муборак Зот Аллоҳ таолонинг инсониятга икром этган охирги таблиғчиси, оламларни ёритган охирги нубувват қуёшидир. Унинг дунёга келиши билан ушбу қуёш нурларини дунё узра соча бошлади, олам аҳли бу нур туфайли ҳақиқатларни кўрди ва ҳисобсиз неъматларга сазовор бўлди.

Чиқди Ҳақнинг қуёши, йўқдир унинг тенги-эши,
Беш юз етмиш бир йилда сўнди ширкнинг оташи.

Бизга маълум бўлган ва Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хос қилинган хислатлар хусусида Муслим “Саҳиҳ”ида ҳам шундай ривоят мавжуд.
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилдилар:
1. Мен бутун дунёга (Пайғамбар қилиб) юборилдим.
2. Бутун Ер юзи менга саждагоҳ бўлди.
3. Менга руъуб, фатҳ ва нусрат берилди.
4. Менга “Жавомиул-калим”лик берилди (Ҳар калимасида юзларча ҳақиқат бўлган калом.)
5. Менга ғанимат (душман устидан эришилган ғалабадан кейин қўлга киритилган ўлжалар) ҳалол қилинди. Бошқа ҳеч бир набийга ҳалол қилинмаган мазкур неъмат Расулуллоҳга ва у Зотнинг умматига бахш этилган тенгсиз илоҳий лутфдир.
6. Анбиё силсиласи мен билан ниҳоясига етди”.
Кўриниб турибдики, мазкур ҳадиси шарифда ҳам Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ато этилган ушбу хислатлар фақатгина у Муборак зотга хос неъматлар сифатида тавсифланган ва Анбиё силсиласининг хотами эканликлари баён қилинган. Шубҳасиз, бундай шараф анбиёлар орасида фақатгина Муҳаммад Мустафога (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) насиб этган.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri