Аллоҳга иймон ва унинг тавҳиди
19.07.2009 й.
www.islom.uz

Аллоҳнинг тавфиқига эътиқод қилиб, Аллоҳнинг тавҳиди ҳақида айтамизки:
1– «Албатта Аллоҳ бирдир, Унинг шерига йўқдир».

Биринчи бошлайдиган нарсамиз Аллоҳ таолога иймондир. Шунингдек, Унинг исмлари, сифатлари, қабулини кўрсатиш ва Унинг ҳамма аҳкомларига бўйинсунишдир.
Аллоҳга иймон масаласи икки марҳалага бўлинади.
Биринчиси: Аллоҳ таолонинг азалий ва абадий мавжудлигига иймон келтириш.
Иккинчиси: Аллоҳ Ўз зотида ҳам, сифатларида ҳам, исмларида ҳам, ишларида ҳам, ҳукмларида ҳам ёлғизлиги, шериги йўқлигига иймон келтириш. Худди Аллоҳнинг Ўз сўзида: «Унинг шериги йўқ. Ана шунга амр қилиндим ва мен мусулмонларнинг аввалгисиман» (Анъом сураси, 163), дейилганидек.
Бас, Робблик ва илоҳийлик тавҳиди, исмлар ва сифатлар тавҳидига киритилгандир. Бу иккисини ақоид китобларида сифатлар тавҳидидан кейин зикр қилиниши умумий нарсадан кейин аҳамиятли нарсани алоҳида яна зикр қилиш сабабидандир. Бошқа сифатлар тавҳиди заруриймаслигидан эмас, эътибор берилсин.

АҚОИД УЛАМОЛАРИНИНГ АЛЛОҲНИНГ БОРЛИГИ ҲАҚИДАГИ БАҲСЛАРГА АҲАМИЯТ БЕРМАГАНЛАРИ САБАБИ

Аллоҳнинг мавжудлиги ҳақидаги баҳсни тарк қилиб, Унинг тавҳидидан гап бошлашимизнинг сабаби, махлуқотларнинг бирортаси Аллоҳнинг мавжудлигини инкор қилмаслигидир. Магар озгина даҳрий (коммунист)лар тўдасигина инкор қилади. Шунинг учун ҳам, Аллома Али қори ўзининг «ал-Фиқҳул Акбар»га қилган шарҳида: «Имом Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳ вужуд баҳсидан шоҳидлик мақоми зоҳир бўлгани учун кифояланади. Қуръонда: «Уларнинг пайғамбарлари осмонлару ерни йўқдан бор қилувчиси Аллоҳга шакми? - дедилар».(Иброҳим сураси, 10), ва «Агар улардан осмонлару ерни ким халқ қилган?», деб сўрасанг, албатта Аллоҳ», дейдилар». (Зумар сураси, 38) дейилган.
Ҳақ таолонинг мавжудлиги махлуқотнинг табиатида собитдир. Бунга Аллоҳнинг қуйидаги сўзи ишора қилади:
«Аллоҳ одамларни яратган табиати» (Рум сураси, 35) ва худди шу маънога ҳадис ҳам ишора қилади: «Ҳар бир туғилган бола Ислом табиати ила туғилади». (Бухорий).

ПАЙFАМБАРЛАРНИ ЮБОРИШ ТАВҲИДИНИ БАЁН ҚИЛИШ УЧУН БЎЛГАН

Барча пайғамбар алайҳиссаломлар тавҳидни баён қилиш учун, Аллоҳнинг фардлигини аён қилиш учун келганлар, шунинг учун ҳам уларнинг гаплари «Лаа илаҳа иллаллоҳ» калимаси устида жам бўлиб, ҳужжатлари шунга қаратилган. Уларга ўз миллатлари-умматларини «Лаа мавжуда иллаллоҳ» демоқлари амр қилинмаган, балки, улар Аллоҳдан ўзга маъбуд йўқлигини изҳор қилишни қасд қилганлар. Бу эса мушрикларнинг гумони ва хаёлига раддия бўлган: «Чунки у мушриклар Аллоҳ ҳикоя қилганидек: «Анавилар Аллоҳ ҳузуридаги шафоатчиларимиздир» (Юнус сураси, 18) ёки «Биз уларга фақат бизни Аллоҳга яқинлаштиришлари учунгина ибодат қиламиз» (Зумар сураси, 3), деганлар. Шу билан бирга Аллоҳнинг тавҳидига далолат қилган нарсалар Унинг мавжудлигига ҳам далолат қиладилар.
Шунинг учун ҳам, мавжудлик далилларини алоҳида очиқлаб келтиришга ўрин қолмаган.

ОЛАМНИНГ ЎЗИ АЛЛОҲНИНГ БОРЛИГИГА ДАЛИЛДИР

Гапнинг аниғи, олам янги пайдо бўлувчи, яъни, йўқ эдию Аллоҳ уни яратган нарсадир. Бас шундоқ экан, у ўзини пайдо қилгувчи, йўқдан бор қилувчи, қадимлик сифати ила мавсуф зотга муҳтождир. Ана ўша пайдо қилувчи, йўқдан бор қилувчи зот Аллоҳ таолодир. Бунга Унинг Ўзининг қуйидаги сўзи ишора қилур: «Аллоҳ ҳар бир нарсани яратгувчидир ва У ҳар бир нарсага вакилдир» (Зумар сураси, 62) ва яна бошқа сўзи: «Албатта сизнинг Роббингиз осмонлару ерни олти кунда яратган зотдир». (Аъроф сураси, 54).
Бас, кимки оламни қадим, деса, Холиқнинг борлигини инкор қилса, кофирдир, Ислом миллатидан чиққандир.

АЛЛОҲНИНГ КАЛОМИ ВА КИТОБИНИНГ БОШЛАНИШИ ТАВҲИД ИЛА БЎЛУР

Аллома Али Қори айтадилар: «Тавҳид ила бошлашимиз Аллоҳ таоло Ўз каломини-китобини «Алҳамду лиллаҳи Роббил оламийн», деб, Роббилик тавҳидидан келиб чиқадиган илоҳият тавҳидини тақдирига ишора қилиб бошлаганидандир. Бу эса, халқда убудиятни юзага чиқаришни тақозо қиладир.
Хулоса қилиб айтганда, убудият-бандалик тавҳидидан Робб - Парвардигорлик тавҳиди келиб чиқади. Яъни, кимки бандаликни ягона зотга қилиш зарурлигини эътироф қилса, Роббнинг ягоналигини ҳам эътироф қилган бўлади. Аксинчаси эса, тўғри бўлмайди. Бас, мушриклар Роббилик тавҳидини эътироф қилар эдилар, Буни қуйидаги оятлардан тушуниб олинади: «Агар улардан, осмонлару ерни яратган ким?, деб сўрасанг, албатта, Аллоҳ, дерлар». (Луқмон сураси, 35) ва «Биз уларга, фақат Бизни Аллоҳга яқинлаштиришлари учунгина ибодат қиламиз. -дерлар». (Зумар сураси: 3). Лекин, улар убудият тавҳидини инкор қилганлар.

ҚУРЪОННИНГ КЎП СУРА ВА ОЯТЛАРИ ИККАЛА НАВ ТАВҲИДНИ ЎЗ ИЧИГА ОЛГАНДИР

Қуръони карим аввалидан охиригача мазкур икки тур тавҳидни баён қилиш, уларнинг шаънини ҳақиқатга чиқаришга хизмат қилади. Чунки Қуръонда:
1–Аллоҳ, Унинг исмлари, сифатлари, ишлари ҳақида хабарлар бор. Бу эса амалий, хабарий тавҳиддир. Яъни, Роббилик тавҳидидир.
2–Ёки ҳеч шерик келтирмасдан Унинг ёлғиз ўзига ибодат қилишга, ундан ўзга ибодат қилинадиган нарсаларни тарк этишга даъватдан ибодатдир. Бу эса, иродий, талабий тавҳиддир. Яъни, илоҳият тавҳидидир.
3–Ёки амр, наҳий ва Аллоҳга итоат қилиш лозимлигини ифода этишдир. Бу ҳам, тавҳиди улуҳият ҳуқуқиларидан ва уни тўлдирувчиларидандир.
4–Ёки аҳли тавҳидни Аллоҳ томонидан ҳурматлаш, уларга бу дунёда нималар қилгани ва охиратда қандоқ икром қилиши ҳақидаги хабардан иборатдир. Бу эса, тавҳиднинг мукофотидир.
5–Ёки аҳли ширк ҳақидаги хабар, уларга бу дунёда етган уқубатлар, охиратда етадиган азоблар, кишанлар ва занжирлар ҳақидаги хабарлардир. Бу эса, тавҳид ҳукмидан чиқишлик жазосидир.