Ақийдадаги васатийлик намунаси
16.10.2009 й.
islom.uz

Ақийдадаги васатийлик нажот ва бардавомлик эканига намуна қилиб аҳли сунна вал жамоа мазҳабини олинади. Бу асл Исломий мазҳаб мусулмонлар ичидаги васатийликка энг тўғри амал қилганлиги самараси ўлароқ асрлар оша мусулмонларнинг кенг халқ оммасининг ақийдавий мазҳаби бўлиб келмоқда. Мусулмонларнинг ичидан чиққан аммо васатийликдан озган мазҳабларнинг кўплари бутунлай унут бўлиб кетган. Уларнинг номи баъзи китобларда адашувнинг намунаси сифатидагина эсга олинади.

Гап қуруқ бўлиб қолмаслиги учун баъзи мисолларни ҳам келтиришимиз мумкин.
Аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг ақийда бўйича машҳур китобларидан бўлган «Тахийси шарҳи ақийдатит тоҳавия» китобида қуйидагилар келади:
«Осмону ерда Аллоҳнинг дини бирдир. У Ислом динидир. Аллоҳ таоло: «Албатта, Аллоҳнинг наздидаги дин Исломдир», деган. (Оли Имрон: 19) ва яна «Ва сизларга Исломни дин, деб рози бўлдим», деган. (Моида: 108) У ҳаддан ошиш ва камчиликка йўл қўйиш ўртасидадир. Ташбеҳ (ўхшатиш) ва Таътийл (амалдан қолдириш) ўртасидадир. Жабр ва қадар ўртасидадир. Амн (хотиржамлик) ва Ийяс (умидсизлик) ўртасидадир.

Шарҳ: Яъни, Аллоҳга ибодат қилиш йўли, дастури ва низоми ердаю осмонда бирдир. Аллоҳнинг ерда шериги йўқ бўлганидек, осмонда ҳам шериги йўқдир. У ерда ҳам, осмонда ҳам ¤зидан бошқага ибодат қилишни жоиз қилмас. Шунингдек, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ерда хотаминнабиййин бўлганларидек, осмонда ҳам хотаминнабиййиндирлар.
«Лаа илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадун Расулуллоҳ» калимаси ила таъбир қилинадиган Ислом дининг асоси шудир.
Имом ат-Таҳовий Оли Имрон ва Моида сураларидан биттадан оятни далил келтирдилар.
Сўнгра Исломнинг хусусияти ва фазлини баён қилиб:
«У ҳаддан ошиш ва камчиликка йўл қўйиш ўртасидадир» деб айтиб ўтдилар…».
«…Муаллифнинг: «Ҳаддан ошиш ва камчиликка йўл қўйиш ўртасидадир» дегани ҳақида.
Ҳаддан ошишга, арабчада «ғулув» дейилиб, шариат қўйган чегарадан четга чиқишни билдиради.
«Камчиликка йўл қўйиш», эса «тақсийр» дейилиб, шариатда қўрсатилган чегарага етмасдан буюруқларни ва қайтаришлари тарк этиш билан бўлади.
Ислом ҳаддан ошиб, чегарадан чиқишни ёқтирмайди ва дангасалик қилиб, камчиликка йўл қўйишни жоиз кўрмайди. Балки, ўртача йўл тутади.
Далил:
1. «Сен: «Эй аҳли китоблар, динингиздан ноҳақдан ғулувга кетманглар», деб айтгин» (Моида: 77).
2. «Эй иймон келтирганлар, Аллоҳ сизга ҳалол қилган пок нарсаларни ҳаром қилманглар ва тажовузкорлик қилманглар. Албатта, Аллоҳ тажовузкорларни севмас», (Моида: 87).
3. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда қуйидагилар айтилади: Баъзи саҳобийлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутаҳҳараларидан У зотнинг сир амаллари ҳақида сўрадилар. Сўнгра уни оз, деб билдилар. Улардан бири, гўшт емайман, деди. Бошқа бири аёлларга уйланмайман, деди. Яна бири, кўрпамда ухламайман, деди. Бу нарса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга етганида, У зот: «Одамларга нима бўлдики, бундоқ, бундоқ, дейдилар?! Лекин мен рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам юраман, ухлайман ва бедор ҳам бўламан, гўшт ҳам ейман. Аёлларга уйланаман ҳам. Ким менинг суннатимдан юз ўгурса мендан эмас»-дедилар.(Бухорий ва Муслим ривоят қилганлар).
4. Аллоҳ таоло: «Намозни унитувчи намозхонларга ҳалокат бўлсин», (Моун: 4-5) деган.
Яъни, намоз ҳақида бепарволик қилиб, камчиликка йўл қўйиб, уни эсдан чиқарадиганларга ҳалок бўлсин, ҳолига вой бўлсин, дегани.

Муаллифнинг, «Ташбеҳ» - ўхшатиш ва «Таътийл» -амалдан қолдириш - ўртасидадир» дегани ҳақида.
«Ташбеҳ» махлуқнинг сифатларидан бир сифатни холиққа исбот қилишдир.
«Таътийл» Аллоҳ таолонинг Ўзи ва Унинг Расули У зоти таолога исбот қилган сифатлардан бирортасини манфий (рад) қилишдир.
Аввал айтиб ўтилганидек, Аллоҳ таоло Ўзини Ўзи ёки Расули васф қилганидек, ўхшатмасдан васф қилинишини яхши кўради. У бизга ўхшаб эшитади, бизга ўхшаб кўради, каби гаплар айтилиши жоиз эмас.
Шунингдек, Аллоҳ таоло Ўзини Ўзи ёки Расули васф қилганидек, таътийл қилмасдан васф қилиниши яхши кўради. У зот Ўзини Ўзи ёки У зотнинг энг яхши бўладиган зот, Пайғамбари васф қилган сифатлардан бирортасини манфий қилиб бўлмайди. Чунки, бу таътийлдир.
Аллоҳнинг Ўзи:
«Унга ўхшаш нарса йўқдир. У ўта эшитувчи, ўта кўрувчи зотдир», (Шуро: 11) деган.
«Унга ўхшаш нарса йўқдир», (Шуро: 11) дегани «Мушаббиҳа» мазҳабига раддиядир.
«У ўта эшитувчи, ўта билувчи зотдир», (Шуро: 11) дегани, «Муъаттила» мазҳабига раддиядир.
Муаллифнинг «Жабр ва қадар ўртасидадир» дегани ҳақида.
Бу маъно ҳақида ҳам олдин гапириб ўтилган. Банда ўз ишлари ва гапларига мажбур қилинмас. Албатта, унинг гаплари ва ишлари, титроқ босгандаги ҳаракатга ёки шамол эсгандаги дарахтнинг ҳаракатига ўхшаган эмасдир. Шунингдек, унинг гаплари ва ишлари унинг ўзи томонидан халқ қилинган ҳам эмасдир. Балки, улар баданинг иши ва касби бўлиб, Аллоҳнинг яратгандир. Яратиш ва касб қилиш орасидаги фарқ олдин айтиб ўтилди.
Муаллифнинг, «Амн» - (хотиржамлик) ва «Ийас» - (умидсизлик) ўртасидадир» дегани ҳақида.
Бу маъно тўғрисида ҳам олдин сўз бўлиб ўтган. Банда доимо ўз Роббисининг азобидан қўрқиб, раҳматидан умидвор бўлиб, туриши лозим. Хавф билан умидворлик банданинг Аллоҳ томон юришида икки қанот вазифасини ўтайди. Банда Аллоҳнинг макридан хотиржам бўла олмайди. Шунингдек, Унинг раҳматидан ноумид ҳам бўла олмайди».
Ушбу матн ва унинг шарҳидаги маънолардан аҳли сунна вал жамоа мазҳаби Исломнинг васатийлик дини эканини қанчалар теран тушуниб етганларини англаб олиш жуда осон.
Бу ҳақиқат баъзи бир ақийдавий масалаларни ҳал қилишдаги урунишларда ҳам яққол намоён бўлади.
Яна юқорида номи айтиб ўтилган китобдан мисол келтирамиз:
«Эмин бўлишлик ва ноумид бўлишлик - иккиси, Ислом миллатидан чиқаради. Аҳли қибла учун ҳақ йўли, иккисининг орасида (ўртача) бўлишликдир.
Шарҳ: Аллоҳнинг азобидан эмин бўлиб, қўрқмаслик ва Унинг раҳматидан ва мағфиратидан ноумид бўлишлик, бандани Исломдан куфрга чиқаради. Ҳақ йўл эса, иккисининг орасида ўртача бўлишликдир. Дин заруратларини инкор қилмайдиган, аҳли қиблаларнинг йўли шу.
Банда ҳам қўрқиб, ҳам умидвор бўлиб туриши вожибдир. Мақаталган ва содиқ хавф, ўз эгасини Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан тўсувчи хавфдир. Мақталган ва содиқ умидворлик эса, Аллоҳнинг нури ва ҳидояти ила Аллоҳ таолога тоат амалларни қилиб, ундан савоб кутиб турган одамнинг умидворлигидир. Ёки бир гуноҳни қилгандан сўнг Аллоҳга тавба қилиб Унинг мағфиратини умид қилиб турган одамнинг умидворлигидир…».
«…Иститоъатни иккига бўлиб ўртача йўл тутишлик Аҳли сунна ва жамоа оммасининг йўлидир.
Қадария ва Мўътазилий мазҳаблари инсоннинг иш бажариш қудрати амалдан олдиндан бўлади, дейишади.
Баъзи бир тоифалар эса, қудрат амалдан кейин бўлади, дейишади. Буларнинг баъзи далилларини олдин зикр қилганмиз. Ушбу икки мазҳаб ҳам Қуръон ва Суннатда собит бўлганидек, қудрат икки қисмга бўлишига хилофдир.

Усулий олимлар, биринчи қудратни, муяссар қилувчи қудрат, деб номлайдилар. Бу аввал айтилганидек, шаърий таклиф-ҳукмларнинг мақсади, кўзда тутган омилидир. Иккинчи қудратни эса, имкон берувчи қудрат, деб номлайдилар. Бу амр қилинган нарсани адо этиб, бўйиндан соқит қилиш учун керакдир…».
«Қуръони карим далолат қилишича Аллоҳ таоло ¤з баданларига зулм қилишдан покдир.
Бу Қадария ва Жабрия мазҳаблари орасидаги ўртача йўлдир. Чунки, Қадария мазҳабидагилар, Бани Одамдан зулм ва қабиҳ бўлган ҳар бир нарса Аллоҳдан ҳам зулм ва қабиҳ бўлади», дейдилар. Худди, одам ўзини ўзи ўлдириши банда томонидан зулм ва қабиҳ бўлганидек, Аллоҳ томонидан ҳам шундоқ бўлиши лозим, дейдилар.
Жабрия мазҳабидагилар эса, бандага ўз ихтиёридан ташқари бўлган зулм ва қабиҳ нарса учун воқеъ бўлган ҳар бир жазо ёки иқоб унинг учун зулм бўлади, дейдилар.
Улар бандага ўхшатиб Аллоҳ таолога ҳам зулм нисбатини берадилар. Ҳолбуки, Аллоҳ ўхшаши йўқ зотдир. Ҳар бир нуқсон, айб ва қабоҳатдан юксак-муқаддасдир».
Ақийдавий мазҳаблар тарихига назар соладиган бўлсак, васатийлик йўлини тутган аҳли сунна вал жамоа мазҳаби ўзига насиб қилган равон йўлдан дадил одамлаб келаётганини кўрамиз. Васатийликдан четлаган мазҳаблар эса унут бўлиб кетган. Юқорида номлари тилга олинган Қадария, Жабрия, Мўътазилия, Мушаббиҳа, Муъаттила каби ақийдавий мазҳаблар шулар жумласига киради.
Демак, васатийликда гап кўп.