Эр итоатида бўлиш – жаннатга киришга васила
22.04.2010 й.
islom.uz

Ҳусайн ибн Миҳсондан (р.а.) ривоят қиладилар: «У кишининг аммалари Набий (с.а.в.) олдиларига келганида, аёлдан: «Эринг борми?» деб сўрадилар Расулуллоҳ. «Ҳа», деди. «Унга нисбатан қандай муомаладасан?» дедилар. Аёл: «Эримга ожиз ҳолларимдан бошқа пайт эътиборсизлик қилмайман. Яъни, ўзим қодир бўлган ишда калталик қилмайман. Агар уни қилишдан ожиз бўлсам, камчилик қилиб қўйишим мумкин. Шунда: «Бас, эринг сенинг жаннатинг ва дўзахингдир. Унга итоатли бўлиб рози қилсанг жаннатга, аксини қилсанг дўзахга кирасан» (Имом Аҳмад ривояти). Бу сўзлари билан пайғамбаримиз (с.а.в.): «Эринг билан қайси аҳволда муомала қиляпсан? Ахир у сенинг жаннатга ё дўзахга тушишингга сабаб бўлади­ку», деган маънони ирода қиляптилар.

Бу маънони Умму Сулайм (р.а.) келтирган ҳадис ҳам қувватлайди: «Набий (с.а.в.) айтдилар: «Қайси аёл эри ундан рози бўлган ҳолда ўлса, жаннатга киради» (Ибн Можа ривояти).
Мана шу нарсалардан эр­хотиннинг саодати мақсад қилинмаяпти? Чунки аёл эрининг итоатида бўлиши туфайли Раббисининг розилигига эришади. Ўзини, эрини ва фарзандларини ҳам бахтли қилади. Уйини эса тўлиқлигича муҳаббат, соғлом турмуш роҳат­фароғат, омонлик ва барқарорлик билан таъминлайди. Булар учун Исломнинг кўрсатмалари ва таълимотларидир.

Муъознинг Набий (с.а.в.)га таъзим қилганлари ҳақидаги қисса

Ибн Можа «Сунан»ларида ва Ибн Ҳиббон «Саҳиҳ»ларида келтирилган ривоятда Абдуллоҳ ибн Абу Авф айтадилар: (Муъоз Шомдан келганларида Набий (с.а.в.)га сажда-таъзим қилдилар. Шунда у зот: «Эй Муъоз бу нимаси?» деб сўрадилар. Муъоз: «Эй Расулуллоҳ, Шомга борган эдим, уларни епископ ва патриархларига, яъни, диндор ва роҳибларига сажда қилишаётганинг устидан чиқиб қолиб, бу нарсани сизга қилишни ирода қилдим», яъни сиз инсонларнинг ичида таъзим қилишга лойиқроқсиз, деган эди, Расулуллоҳ (с.а.в.): «Бундай қилма! Агар бирор кишига Аллоҳдан бошқага сажда қилишни буюрганимда, аёлни эрига сажда қилишга буюрган бўлар эдим. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зотга қасамки, аёл эрининг ҳаққини адо қилмагунича, Раббисининг ҳаққини адо қилолмайди. Ҳатто уловнинг устида бўлган ҳолида, эри у билан қўшилишни талаб қилса, аёл туянинг устида бўлса ҳам, эрининг талабини қайтармаслиги керак») (Ибн Можа ривояти)
Эрнинг аёли устидаги ҳаққи шунчалар улуғки ҳатто Расул (с.а.в.) айтяптилар: «Агар бирортага Аллоҳдан бошқага сажда қилишни буюрганимда, аёлни эрига сажда қилишга буюрган бўлар эдим».

Жаннат аҳли бўлган аёлларнинг сифати

Анас ибн Моликдан (р.а.) ривоят қилган ҳадисларида Набий (с.а.в.) айтганлар: «Сизларнинг ичингиздан жаннатга кирадиган эркаклар ҳақида хабар берайми?» «Ҳа, эй Расулуллоҳ», дедик. Шунда: «Пайғамбар жаннатдадир, сиддиқ жаннатдадир, шаҳар ичидаги биродарларини фақат Аллоҳ учун зиёрат қилса, шу эркак жаннатда. Сизларга жаннатга кирадиган аёлларингиз ҳақида хабар берайми», дедилар. «Ҳа, эй Расулуллоҳ», дедик. У киши: «Меҳрибон ва туғувчан, яъни, эрига меҳрибон итоаткор ва кўп фарзанд туғувчи аёлдир. Агар аёл ғазабланиб ёки бирор нарсаси ёқмай эрининг жаҳлини чиқарса: «Мана қўлим қўлингизда, рози бўлмагунингизча уйқуга кўз юммайман», деб айтади. (Табароний ривояти).

Эрга азият етказиш – гуноҳи кабира (яъни, катта гуноҳлардан)

Ибн Можа «Сунан»ларида Муъоз бин Жаъбалдан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисларда, Набий (с.а.в.) айтганлар: «Дунёда бирор бир аёл эрига азият етказса, эркакнинг жаннатдаги шахлокўз ҳурларидан бўлган завжаси: «Унга азият етказма, Аллоҳ сени ўлдирур, бас у дунёда бегонадир. Яъни, ўткинчи меҳмон сендан ажралиб, яқинда бизнинг олдимизга келади». Яъни, сени дунёда тарк қилиб, бизнинг олдимизга келишига яқин қолди ва мен унинг жаннатдаги завжасиман.
Яна эрнинг аёли устидаги ҳақларидан аёл унинг мол­мулки ва номусини сақлаши ва уйига бирор кишини эрининг рухсатисиз киритмаслиги керак. Набий (с.а.в.) айтганлар: «Сизларга эркак жамлайдиган яхшилик ҳақида хабар берайми? У солиҳа аёлдирки, агар эри унга қараса хурсанд бўлади, буюрса итоат қилади ва бирор жойга чиқса, унинг мол­мулкини муҳофаза қилади» (Абу Довуд ривояти).
Эрнинг аёли устидаги ҳақларидан яна бири – эри уни тўшагига чақирса, боришдан бош тортмаслиги. Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) қуйидаги сўзларига биноанки: «Агар эркак аёлини тўшагига чақирса­ю, у келишдан бош тортса, фаришталар уни тонг отгунча бўлгунича лаънатлайдилар» («Фатҳул Борий ала Саҳиҳул Бухорий»)
Муслим ривоятларида шундай келган: «Жоним қўлида бўлган зотга қасамки, бирор эркак аёлини тўшагига яъни жимоъга чақирганида, бош тортса, осмондаги Зот то эри ундан рози бўлгунигача ғазабда бўлади» («Саҳиҳи Муслим, «Никоҳ китоби»)
Ибн Ҳажар айтдилар: «Тўшак билан жимоъга ишора қилиняпти. Ва шунга ўхшаш, улардан уялинадиган нарсаларга киноя (ишора) ишлатиш Китоб (Қуръон) ва Суннат (Ҳадис)да кўпдир».
Жобир (р.а.) ривоят қилган: «Уч хил инсоннинг намозлари қабул бўлмайди ва улардан осмонга яхшилик кўтарилмайди:
1. Қочган қул, то қайтиб келгунигача;
2. Маст одам, то ўзига келгунигача (кайфи тарқагунигача);
3. Эрини ғазаблантирган аёл то эри рози бўлгунигача (Ибн Ҳиббон ривояти).
Эрнинг хоҳишга лаббай деб жавоб беришга ва унга жинсий ишларда бўйсунишга буюрилади. Агар йигитнинг шаҳвати қўзғалса ва уни босадиган ҳалол йўл топа олмаса шаҳват уни фитнага юзлантириб зино – фаҳшга мажбурлайди. Баъзан шаҳватни бошқариб бўлмай қолади. Бу эса кишининг асабларини куйдиради ва саодатини хиралаштиради. Шунинг учун Расулуллоҳ (с.а.в.)га аёлга эрининг талабини бажаришни буюрдилар. Шунда эр фитнадан холи бўлиб, эр­хотин орасидаги муҳаббат ришталари давомий бўлади. Набий (с.а.в.) айтганларидек: «Агар киши завжасини ҳожати учун чақирса, бас у тандир тепасида бўлса ҳам эрининг олдига келсин» (Термизий ривояти).
Эрининг рухсатисиз уйига ҳеч кимни киргизмаслиги ва тутадиган нафл рўзасини эрининг рухсатисиз тутмаслиги керак. Мустафонинг (с.а.в.) қуйидаги сўзларига биноан, уни Абу Ҳурайрадан Бухорий ривоят қилганлар: «Аёлнинг эри сафарда бўлмай ўз уйида бўлса унинг изнисиз рўза тутиши ва уйига унинг изнисиз бировни киришга рухсат бериши ҳалол эмас».
Ибн Ҳажар айтадилар: Ҳадис мазкур рўзанинг унга ҳалол эканига далолат қилади ва бу жумҳур (кўпчилик)нинг сўзи (яъни, кўпчилик шу тўхтамга келган). Хабарнинг қайтариқ лафзи билан келиши ҳаромни таъкидлайди. Ҳаром қилинишнинг сабаби, эр аёлидан хоҳлаган вақтда ором олишга ҳаққи бор ва бу истак ўша ҳолдаёқ амалга ошиши вожиб ва уни атайлаб чўзиш мумкин эмас.

Набийнинг (с.а.в.) «Ҳажжатул вадоъ»да қилган васиятлари

Набий (с.а.в.) видолашув ҳажидаги хутбаларида шу сўзларни айтганлар: «Огоҳ бўлингларки, сизлар учун аёлларингиз устида ҳақ бор ва аёлларингиз учун сизларнинг устингизда ҳақ бор. Бас, сизларнинг улар устидаги ҳаққингиз – ўрнингизга сиз ёқтирмайдиганларни киргизмасликлари ва уйингизга сиз ёқтирмайдиганга рухсат бермасликлари. Огоҳ бўлингки, уларнинг сизлар устиларингиздаги ҳаққи уларга кийинишларида ва таомларида эҳсон қилишингиз» (Имом Муслим ва Ибн Можа ва Термизийлар ривоятлари).
Ислом аёлга эри ёқтирмайдиган бирорта одамни уйига киришга рухсат беришни ҳаром қилди. Чунки бу нарса эр­хотин орасида адоват туғдириб, шубҳа­гумонларларга замин бўлади. Баъзан эр, хотинининг амакиси ёки тоғасининг ўғлига ўхшаш қариндошларининг юриш­туришидан гумонда бўлиши ва шу сабабли уйига унинг киришини истамаслиги мумкин. Ўзининг ё аёлининг баъзи қариндошлари турмушини бузишидан қўрқса, ундайларга киришни ман қилишга ҳаққи бор. Шу пайтда аёл эрига итоат қилиши лозим бўлади. Агар уйда хотин эри ёқтирмайдиган душманини ҳурмат қилаётганини кўрса, кўнглига оғир ботиб ғазаб қўзғайди. Шоир айтганидек:
Душманимла меҳрибонсан, сўнг истайсан дўстлигим,
Аҳмоқликдир сенга тамға, англолмассан нелигин.
Эрнинг аёли устидаги ҳақларидан яна бири: – уй ишларини бошқариш, яъни овқат пишириш, ювиш, тозалаш кабилардир. Улар ҳамма даврда урф­одат бўлиб, у ҳақда улуғ кўрсатмалар келган, чунки ҳаёт ўзаро ёрдам ва бардамликсиз давом этмайди:
«(Эй мўминлар), сизлар яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз» (Моида сураси, 2).
Эркак уйдан ташқарида аёли ва фарзандларининг саодати ва эҳтиёжларини ўйлаб, озиқ­овқат ва кийим­кечак олиб келиш учун ишлайди­тирикчилик қилади. Аёл эса уйда овқат пишириш, идиш­товоқ, кир ювиш ва умуман уйни саодат масканига айлантириш учун уй ишлари билан шуғулланади.
Эркак уйдан ташқаридаги ишларни, аёл киши эса уй ичидаги ишларни бошқаради. Шу тариқа ҳаёт ўзаро бир­бирини тушуниш ва ўзаро ёрдам асосида тикланади.
Баъзи фақиҳлар никоҳ ақди фақатгина эр­хотинлик турмуши, жасадий роҳат ва жинсий шаҳватни қондириш учун ёки уй хизматини қилдириш учун эмас, эркак уйга ходим тайинлаб қўйиши шарт, деб айтишади. Аммо саҳиҳ хабарларда келишича, Набийнинг (с.а.в.) аёллари ҳам, қизлари ҳам уй хизматида бўлишган. Уйда қилиниши керак бўлган нарсани барчасини қилишган, Набий (с.а.в.) ҳам, саййида Оишанинг (р.а.) сўзларидан келгандек, аёлларига ёрдам бериб турганлар. Оишадан (р.а.) Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг уйда нима иш қилишлари ҳақида сўраганларида айтганлар: «Аҳлларининг хизматида бўлиб, қачон намоз вақти бўлиб қолса, намозга чиқиб кетардилар» (Бухорий ривояти).
Имом Аҳмад Оишадан (р.а.) ривоят қилишларича, у кишидан: «Набий (с.а.в.) уйларида нима билан машғул бўлар эдилар?» деб сўрашди. Оиша (р.а.): «Кийимларини тикар, наъл (орқаси кесик, шиппаккка ўхшаш оёқ кийим)ларини тузатар ва эркаклар уйда қиладиган ишларни қилар эдилар», деб жавоб берганлар (Имом Аҳмад ривоятлари).
Аёлнинг уйда ишлаши зарурлигига далиллар
Қуйида сизларга аёлнинг уйда ишлаши зарурлиги, эрининг ҳаёт қийинчиликларини кўтаришда ёрдам бериш, эр­хотин орасидаги саодатнинг давомий бўлишни таъминлаши ва бунинг натижасида уй низом ва тартиб асосида тикланишига асар ва ривоятлардан далиллар келтириб берамиз.
Бухорий ва Муслимлар Асмо бинту Абу Бакр Сиддиқдан (р.а.) ривоят қилишган, айтадилар: «Менга Зубайр уйландилар ва у кишининг бирорта ҳам моли ёки қули йўқ эди. Фақат бир дона оти бор эди. Шу отларига емини бериб, боқиб юрардим. Унинг охурига дон эзиб, хашак солиб, ем бериб, сув ичирардим. Челагини тешиб, ун элаб, хамир қорар эдим, лекин ҳеч чиройли қилиб нон ёпа олмасдим. Шунинг учун менга ансорларнинг қизлари нон ёпиб беришарди. Улар содиқ, яхши аёллар эди. Яна Зубайрнинг – Расулуллоҳ (с.а.в.) мен учун ажратиб берган ерларига дон экардим, лекин шу хизматларимнинг ҳеч қайсиси менга от боқишчалик оғир эмасди... То отам Абу Бакр менга хизматчи юбормагунларича от боқишдан қутилмадим. Менга хизматчи юбориб қулликдан озод қилгандек бўлдилар». (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Али (р.а.) ривоят қиладилар: «У киши Ибн Аъбадга айтдилар: «Сенга ўзим ва Фотима бинту Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳақида сўзлаб берайми? Фотима (р.а.) у зотнинг (с.а.в.) аҳллари ичида энг суюклилари бўлиб у мен билан яшарди». Кўпинча у кичик тегирмончада ун чиқарар эди, қўл тегирмон унинг қўлини қадоқ қилди. Мешда сув таширди, меш елкасига ботиб, изини қолдирди. Уй супуриб кийимлари чанг бўлиб кетарди. Кунлардан бир кун Набийнинг (с.а.в.) ҳузурларига хизматчилар келиб қолишди. Унга: «Бориб отангдан битта хизматчи сўраб келмайсанми?» дедим. Отаси олдиларига борса, суҳбатлашаётган одамлар бор экан. Эртасига ўзлари келиб қолдилар ва қизларига: «Нима ҳожатинг бор эди?» дедилар. У жим турган эди, мен: «Эй Расулуллоҳ, мен сизга айтиб бераман, қўл тегирмонда ун чиқарганди, қўли қадоқ бўлди, сув кўтариб меш ташиганди, бўйнини из қилиб ташлади. Шунга ходимлар келиб қолганида, олдингизга бориб, уни бу қийинчиликлардан қутқариш учун бир ходим сўраб келишга буюргандим», деб айтдим. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар: «Аллоҳга тақво қил, эй Фотима! Раббингнинг фарзларини адо эт, аҳли оиланг ишларини қил ва тўшагингга борганингда ўттиз уч марта тасбеҳ, ўттиз уч марта ҳамд ва ўттиз тўрт марта такбир айт, шу билан юзта бўлади. Мана шу нарсалар сенга ходимдан кўра яхшироқдир» Шунда Фотима: «Аллоҳдан ва Унинг расулидан розиман», деди. Шундай қилиб, Расулуллоҳ қизларига ходим бермадилар» (Буни Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизийлар ривоятлари). Энди айтинг-чи, Расулуллоҳ (с.а.в.) қизларига меҳрибон бўлганмилар ё шафқатсиз? Ахир Фотима онамиз ул зот аҳлларининг суюклироғи эмасмиди?

Салафлар сийратидан улуғ кўрсатмалар

Юқорида ўтган намуналар салафи солиҳлар (ўтмишдаги солиҳлар)дан бўлган саҳобий аёллар – Асмо, Фотима ва Расулуллоҳ (с.а.в.) аёлларининг (Аллоҳ уларнинг ҳаммасидан рози бўлсин) сийратлари эди. Уй хизматида ўзлари ўзларига хизматкор эдилар ва у аёлларнинг бирортасида хизматкор йўқ эди. Уй хизмати – шараф, у ҳеч қайси амир ёки вазир қизининг қадрини пасайтириб қўймайди. Лекин эркакнинг ризқи кенг бўлиб завжасига ходим олиб беришга қодир бўлса, олиб берсин. Бундай ёрдам қилишда ҳеч қандай ёмонлик йўқ, аммо аёлнинг, уй ишидан бирортасини ходим бажариши шарт эмас. Эрнинг унга хизмат қилиб берадиган ва ишларини бажарадиган хизматкор олиб бериши керак, дейишимиз ортиқча ҳашаматдан бир кўриниш ва у бўлмаган ишдир. Наҳотки бизларнинг аёлларимиз салаф солиҳ аёллардан яхшироқ бўлса? Наҳотки қизларимиз Расулуллоҳнинг (с.а.в.) қизлари Фотимаи Заҳродан карамлироқ бўлса. Расулуллоҳ (с.а.в.) уларга ходим олиб бермай, балки қизларига бу нарсадан кўра раббисига яқинроқ қиладиган, афзалроқ нарсани – тасбеҳ, таҳмид ва такбир айтишни маслаҳат берганлар.
Баъзи аёллар уй юмушларини бажаришни ор билишиб, эрларини ҳаёт қийинчиликларидан азобланишга дучор қиладилар. Гўёки улар эрига ёрдам бериш учун эмас фақат зийнат ва ясан­тусан учун яратилган. Қуйида бир аъробий аёл ҳақида шундай дейилган:

Кўча кезиб тунайман, сен ухлайсан ўринда,
Сочингга анбар суриб, хушбўй мушк ифоринда.

Шоир бу сўзлари билан, эркак аёли ва фарзандлари роҳати учун кечалари сафарда қийналиб, чарчайди. Аёли эса кечаларни зийнатланиш ва атр­упа суриш билан ўтказади, демоқчи.
Навбатдаги ҳақлардан бири аёлнинг уйда ўтириши ва қариндошлар зиёратига ҳам бирон эҳтиёжсиз чиқмаслигидир. Бунинг ўрнига фарзандлар тарбиясига вақт топиши, уй ишларини идора қилиши учун керак. Чунки она эркакларни вужудга келтиради ва баҳодирлар етиштириб чиқаради. Аёлнинг ҳаётдаги йўли улуғдир. Шоир айтади:

Она мадрасадир, тайёрласанг уни,
Тайёрлабсан гўзал ирқлар халқини.

Ба ҳақдаги Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзлари далилидир:
«Ўз уйларингизда барқарор бўлинглар (яъни, бесабаб уйларингиздан ташқарига чиқманглар, магар бирон ҳожат учун чиққанларингизда эса) илгариги динсизлик (даври)даги ясан-тусан каби ясан­тусан қилманглар!» (Аҳзоб сураси, 33)
Ҳофиз Ибн Касир айтадилар: «Оятдаги маъно: Уйларингизни лозим тутинглар ва эҳтиёжсиз чиқманглар. Эҳтиёждан мурод – шарий эҳтиёж. Яъни, масжидда намоз ўқиш, ўз шарти билан, атр­упаланмай ва зийнатланмай чиқиш. Набийнинг (с.а.в.) қуйидаги сўзларига биноан: «Аллоҳнинг чўриларини – яъни, аёлларни – Аллоҳнинг масжидларидан ман қилманглар, содда ҳолларида (яъни, зийнатланмай, атир сепмай) чиқсинлар»
Набий (с.а.в.)дан келтирилган яна бир ҳадисда айтганларки, «Аёл авратдир (номусдир), агар (кўчага) чиқса, шайтон уни кутиб олади. Раббисининг раҳмат­марҳамати (розилиги)га эришишининг яқин йўли эса уйининг ичида бўлишидир»
Жоҳилият даврида аёл кўчага чиқиб, эркаклар орасида таннозлик ва ишвагарлик билан юрар эди. Аллоҳ таоло эса бу нарсадан қайтарди.
Уйда қарор топишдан (ўтиришдан) мурод, аёл кишининг кўчаларда дайдиб юрмаслиги ва унинг ғами ясаниб зийнатланиш, шу ҳоли бегона эркаклар кўриши учун бўлмаслиги, бозорларда фойда­бефойда изғиб юриб, вақтини зое қилиб уйни қаровсиз ва ҳимоясиз, бетартиб ҳолда ташлаб кетмаслиги керак. Ислом унинг намоз учун чиқишига изн бергани билан бирга, унинг уйдаги намози ҳадиси шарифда келгандагидек афзалроқдир.
Бу дегани уйни қамоқ қилиб қўйишимиз керак, дегани эмас. Балки истироҳатга, қариндош­уруғлар зиёратига, масжидда намоз ўқишга ва баъзи ҳожатларга чиқиб туради. Набийнинг (с.а.в.) шу сўзларига биноан: «Албатта, Аллоҳ сизларга ҳожат (зарурат)ларингиз учун (уйларингиздан) чиқишингизга изн берди. («Фатҳул Борий») Лекин кўчани ўз уйи ва кўча дайдишни касб қилиб олмаслиги керак.
«Ўз уйларингизда барқарор бўлинглар (яъни, бесабаб уйларингиздан ташқарига чиқманглар, магар бирон ҳожат учун чиққанларингизда эса) илгариги динсизлик (даври)даги ясан-тусан каби ясан­тусан қилманглар!» (Аҳзоб сураси, 33)
Бундан мурод аёлдан башарият бўрилари ва номус ўғриларни даф қилишдир.
Эрига зийнатланиб чиройли, кўзни қувонтирадиган кийимлар кийиб кўриниши ҳам эрнинг аёли устидаги ҳақларидан ҳисобланади. Токи эрининг кўзи бошқасига қарамасин.
Абу Ҳурайрадан ривоят қиладилар: «Набий (с.а.в.)дан: «Аёлларнинг қайсиси яхшироқ?» деб сўрашганида у киши: «Қараса эрини хурсанд қиладиган, буюрса унга итоат қиладиган ва ўз нафсида ва молида у ёқтирмайдиган нарса билан тескари иш қилмайдигани», деб жавоб берганлар (Насоий ва Аҳмад ривоятлари)»
Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.) айтадилар: «Мен аёлимнинг мен учун зийнатланишини қандай ёқтирсам, ўзим ҳам шундай зийнатланаман» Бундан чиқди аёлларнинг эрлари олдида зийнатланиши ва чиройли бўлиши талаб қилинади. У муҳаббатни ишончли, мустаҳкам қилиб, улфат­яқинликнинг бардавомлигини кафолатлайди.

Турмушга чиқаётган қизга онасининг насиҳати

Ажойиб хабарлардан бири она қизига эрга тегаётганида қилган насиҳати. Имом Ғаззолий «Иҳёу улумиддин» китобларида Асмо бинти Хорижа қизи турмуш қураётганида қилган насиҳатларини ҳикоя қиладилар, Асмо қизларига айтдилар: «Қизалоғим, ўсиб­улғайган уйингдан чиқдинг ва ўзинг танимайдиган ва олдин яқин бўлмаган кишининг тўшагига кетдинг.
У учун ер бўл, сенга осмон бўлади,
У учун ўрин бўл, сенга устун бўлади.
У учун чўри бўл, сенга у қул бўлади,
Унга хиралик қилма, ёқтирмай қолади.
Яъни, ҳа, деб ундан ҳар балони талаб қилаверма, зада бўлади.
Ундан узоқлашма, эсдан чиқариб қўяди,
Сенга яқин бўлса, унга яқин бўл.
Сендан узоқлашса, ундан узоқ бўл,
Унинг бурни, қулоғи ва кўзини муҳофаза қилки, сендан фақат ширин ҳидласин, фақат гўзал сўз тингласин ва сенинг чиройингни кўрсин»
Бир киши аёлига айтди:
Мендан афв ол, доимий муҳаббатимга эришиб,
Ва сўзлама жаҳлимда, гар тутақсам.
Ва ҳадеб шикоят қилма, хоҳишинг кетидан кетиб,
Қалбим ёқтирмай қолур, қалблар ўзгарувчан,
Ва билдим мен, севгин қалбда азият­ла кўриб
Жамлашса севги кетур, зоиллик билан.
Насоий аёллар билан муомала қилиш ҳақида Аҳмад ва Ҳокимларнинг Ҳусайн ибн Ҳисниндан келтирганларини, айтадилар: «Аммам менга айтиб бердилар: «Бир юмуш билан Расулуллоҳнинг (с.а.в.) ҳузурларига боргандим. «Эй, эринг борми?» деб сўрадилар. «Ҳа», дедим. Шунда: «Унга қандай муносабатдасан?» дедилар. Мен: «Унга, ожизлик қилганимдан бошқа пайт эътиборсизлик, яъни, хизматида ноқислик қилмайман», дедим. Айтдилар: «Қра, сен унга қандай муносабатдасан. Чунки у сенинг жаннатинг ёки дўзахингдир» (Ғаззолийнинг «Иҳёу улумиддин» китобидан олинди)
Эрининг ҳаққи улуғлиги ва сабабли аёл жаннат ё дўзахга киришини билдик. Бутун кучини эрининг розилиги, унинг саодати ва Раҳмоннинг розилиги учун сарфласа, эр­хотин орасидаги саодат боқий бўлади.