Илмни сақлаш учун ёзиб бориш
21.11.2010 й.
islom.uz
Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Алига:
«Сизларнинг ҳузурингизда китоб борми?» дедим.
«Йўқ! Магар Аллоҳнинг Китоби, мусулмон кишига берилган фаҳм ва манави саҳифадаги нарса бор, холос», деди.
«Бу саҳифада нима бор?» дедим.
«Хун тўлаш, асирни озод қилиш ва мусулмон кофир учун ўлдирилмаслиги бор», деди
».
Шарҳ: Аввало, ҳадиснинг ровийси Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:
Абу Жуҳайфа кунияси билан машҳур бўлган бу саҳобанинг исмлари Абдуллоҳ ибн Муслим ибн Жанода ас-Сувоийдур. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида, бу зот ҳали балоғат ёшига етмаган эдилар. Куфада истиқомат қилдилар. Ана шу ердаги хазинага бошлиқ бўлдилар. Ҳазрати Алининг қўриқчиларидан эдилар. Али розияллоҳу анҳу бу зотни «Ваҳбул хайр» деб атадилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўп ҳадислар ривоят қилдилар. Бу зотдан ўғиллари Авн, Абу Исҳоқ Саъбий, Исмоил ибн Абу Холид, Али ибн Арқам ва бошқалар ривоят қилишди. Бу зот тўплаган ҳадислардан учта «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритишган.
Абу Жуҳайфа ҳижратнинг 63-санасида, Башр ибн Марвон Ироқда волий бўлган пайтда вафот этдилар. Куфада энг охирги вафот этган саҳоба эдилар.
Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳу ўзлари билан ҳазрати Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу ораларида бўлиб ўтган бир суҳбатни ривоят қилмоқдалар. У киши ҳазрати Алидан:
«Сизларнинг ҳузурингизда китоб борми?» деб сўраган эканлар.
Яъни, сиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтларисиз, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам сизларга алоҳида васиятнома ёки бошқа бирор нарсани ёзма равишда қолдирганларми, деб сўрадилар.
Бу саволга ҳазрати Али розияллоҳу анҳу:
«Йўқ! Магар Аллоҳнинг Китоби, бир мусулмон кишига берилган фаҳм ва манави саҳифадаги нарса бор, холос», деб жавоб бердилар.
Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аҳли байтларига алоҳида васиятнома ёки бошқа бирор ёзма шаклдаги нарсани қолдирмаган эканлар. Аҳли байтнинг ҳузурида ҳам бошқа жамики мусулмонларга қолдирилган уч нарса бор экан, холос:
1. «Аллоҳнинг Китоби»
Яъни, Қуръони карим.
2. «Мусулмон кишига берилган фаҳм».
Бошқа мусулмон кишилар ўз иқтидорларига ва савияларига қараб қанчалик фаҳм қилсалар, аҳли байтлар ҳам шунчалик фаҳмлайдилар. Фаҳмлари бирларида озроқ, бошқасида кўпроқ бўлиши мумкин. Бу насл-насабга, ёшга, қаерда ва қачон яшашига қараб эмас, Аллоҳнинг беришига, уриниб илм олишга, ихлосга қараб бўлади. Уламоларимиз бунга саҳобаи киромлар орасида бўлиб ўтган бир ҳодисани мисол қилиб келтирадилар.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ёш саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Аббосни шўро мажлисига аъзо қилиб оладилар. Баъзи саҳобийлар ёш йигитни катталарга қўшиб нима қиларди, деб маломат қилишади. Шунда ҳазрати Умар уларнинг ҳаммасини тўплаб, Абдуллоҳ ибн Аббосни ҳам чақирадилар. Сўнгра «Иза жааъ насруллоҳи вал фатҳу» сурасининг нозил бўлиш ҳикматини ҳаммаларидан бирма-бир сўраб чиқадилар. Ҳар бир киши ўз билганича жавоб беради. Охири Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан сўрайдилар. У киши: «Бу сура Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотлари яқинлашганини билдиради», дейдилар. Сўнгра ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Мен ҳам шундан бошқани фаҳмлаган эмасман», дейдилар. Шундай қилиб, ёш йигит ҳам Қуръонни, шариатни ўзидан катталардан кўра чуқурроқ тушуниши мумкинлигини исбот қиладилар. Ибн Аббосни шўро мажлисига беҳуда қўшмаганлари маълум бўлади.
3.«Манави саҳифадаги нарса бор, холос».
У саҳифа бир варақ қоғозга ёзилган нарса бўлиб, уни ўраб, эҳтиёт қилиб, қиличнинг қинига солиб қўйилган эди. Уни ҳамма билар эди. Ҳазрати Али ҳам Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳуга жавобан, ўша саҳифага ишора қилдилар.
Шунда Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳу:
«Бу саҳифада нима бор?» деб сўрадилар.
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу:
«Хун тўлаш, асирни озод қилиш ва мусулмон кофир учун ўлдирилмаслиги бор», деб жавоб бердилар.
Демак, ўша саҳифада учта масала баён қилинган экан:
1. «Хун тўлаш».
Ислом шариатида бировни янглишиб ўлдириб қўйган одам хун тўлайди. Ўша вақтда хун – маълум ёш ва сифатларга эга, маълум ададдаги туяларни ўлдирилган кишининг меросхўрларига бериш бўлган. Мазкур саҳифада ўша туялардан тўлаш кераклиги ёзилган экан.
2. «Асирни озод қилиш».
Исломда асирларни озод қилишга тарғиб жуда ҳам кўп. Бу иш ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган бирдан-бир саҳифа бўлиши унинг нақадар аҳамиятли эканини кўрсатиб турибди.
3. «Мусулмон кофир учун ўлдирилмаслиги».
Бу саҳифа керакли нарсаларни ёзиб, ҳужжат сифатида сақлаб бориш зарурлигини кўрсатади. Бундан бир минг тўрт юз йилдан кўпроқ олдин бу ишнинг қилиниши инсоният тарихида муҳим ўзгариш яратиш йўлидаги биринчи қадам эди, десак муболаға қилган бўлмаймиз. Чунки бошқа тарафларнинг бунга ўхшаш ишлари йўқдир. Илмни муҳофаза қилиш учун уни ёзиб, алоҳида эътибор билан сақлашга мусулмонлар асос солганлар. Шунинг учун ҳам муҳаддис уламоларимиз бу ҳақда алоҳида боблар очиб, ҳадислар келтирганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳ қилинган йили узун ҳадисда жумладан: «Абу Шоҳга ёзиб беринглар», деганлар».
Иккала ҳадисни икки Шайх ва Термизий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ҳадиснинг ровийси Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу билан танишмиз.
Аслида бу ҳадисдаги жумла айтилишидан олдин анчагина гап-сўзлар бўлиб ўтган, кези келганда уларни ҳам Аллоҳ хоҳласа, ўргана- миз.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккаи мукаррамани фатҳ этган кунлари одамларга хутба қилганлар. Аллоҳ таоло Маккадан филни тутиб қолган эди, аммо унга Ўз расули ва мўминларнинг ҳукмини ўтказди, деб гап бошлаганлар. Хутбадан сўнг яманлик Абу Шоҳ исмли киши: «Эй Аллоҳнинг Расули, менга ёзиб беринг», деган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганларини ҳужжат сифатида ўз ҳузурида ёзилган ҳолда сақланиб туришини хоҳлаган. Аммо ўзи ёзишни билмаганидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ёзиб беришни сўраган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Шоҳнинг фикрини тасдиқлаганлар ва ёзишни биладиган саҳобаларга ёзиб беришни амр қилганлар. Демак, илмни сақлаш учун ёзиб, қайд қилиб қўйиш яхши экан. Бу ишни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тасдиқлаб, амр қилганлар.
Шу ҳадисга биноан мусулмонлар илмни илмий баҳс ва китоб шаклида ёзиб боришни одат қилганлар. Бир замонлар дунёнинг ҳеч бир жойида ўқиш-ёзиш бўлмаганида мусулмон юртларда ҳамма ёзишни билган. Қўлёзма шаклида сон-саноқсиз китоблар тарқалган. Баъзи бир мусулмонлар ўн минглаб китобларга эга бўлганлар. Кутубхоналардан кенг фойдаланиш мусулмон диёрларида яхши расм бўлган. Ҳозирги кунимизда дунёнинг энг тараққий этган давлатлари музейларида, қўлёзма хазиналарида энг қадимий ва энг қимматли қўлёзмалар мусулмонларнинг қўлёзмалари эканининг ўзи фикримизнинг ёрқин далилидир.
Яна шуни айтиш лозимки, бу ёлғиз фикр эмас. Замондош мусулмон олимлар бу масалани жуда яхши ўрганганлар, ҳужжат ва далиллар билан илмий равишда исбот этганлар. Бу ҳақиқатни ғарблик олимлар ҳам тан оладилар. Минг афсуслар бўлсинким, кейинчалик мусулмонлар бу муҳим нарсага эътиборсиз қарай бошлаганлар. Ҳатто илм марказларида ҳам ўқиш, оғзаки гап билан кифояланиб, ёзишга унча эътибор бермай қўйганлар. Ёзиш, хат деганда ҳуснихат тушунилган-у, илмни қайд қилиш маъноси тушунилмаган. Шунинг учун ҳам кейинги вақтларда Бухоро, Самарқанд ва бошқа машҳур илмий марказларда йигирма йиллаб ўқиган кишилар турли китобларни ўқиб, маъносини айтсалар ҳам ёзишни хуш кўрмаганлар. Бу нарса айниқса, исломий маърифат, билим маъносида катта салбий таъсир қолдирди. Шу боис турли мусулмон халқларнинг тилларида исломий китоблар йўқ даражада. Кейинчалик ёзадиган бўлганларнинг эса, диндан, Исломдан, иймондан етарли маълумоти у ёқда турсин, саводлари ҳам йўқ.
Оқибатда оддий мусулмонлар бу соҳада қайд этилган, ёзиб сақлаб қўйилган нарсаларни ўз тилларида ўқиш имконига эга бўлмай қолдилар.
Бу ишга энди-энди қўл урилмоқда. Аллоҳ хоҳласа, аста-секин йўлга тушиб ҳам кетар. Аммо кўп нарса зое бўлгани аниқ. Аччиқ сабоқдан ибрат олиб, илмни ёзиб, қайд қилиб сақлашга катта аҳамият беришимиз лозим.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади, у киши:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ичида бирор киши мендан кўра кўпроқ ҳадисни ривоят қилган эмас, магар Абдуллоҳ ибн Амр мустасно, у ёзар эди, мен ёзмас эдим», дедилар».
Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадис ҳам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳадиси шарифга бўлган муҳаббатлари ва ҳаммадан кўпроқ ҳадис ривоят қилганликлари ҳақида аввал ҳам айтган эдик. Бу илм аҳллари орасида маълум ва машҳур. Муҳаддис уламоларимиз ким қанча ҳадис ривоят қилганини ҳисоблаб ҳам чиққанлар. Деярли ҳаммаларининг иттифоқлари ила Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу энг кўп ҳадис ривоят қилган саҳобий саналадилар.
Ҳазрати Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ўзлари ҳам ҳаммадан кўп ҳадис ривоят қилганларини таъкидламоқдалар. Аммо ёзиб турмаганларига бир оз афсус қилмоқдалар. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳуни ўзларидан устун ҳам қўймоқдалар.
Бу ривоятдан олинадиган фойдалар:
1. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг энг кўп ҳадис ривоят қилган саҳобий экани.
2. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу эшитган ҳадисларини ёзиб боргани.
3. Фақат эшитиб қўйгандан кўра, ёзиб қўйиш афзал экани.
4. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ҳадис ёзилмаган деганларнинг гапи асоссиз экани.
Ушбу ривоятга амал қилиб, илмни ёзиб, қайд этиб боришдан эринмайлик. Ҳозирда архив номи билан машҳур бўлган девонхона ишларини юритишни яхшилаш лозим. Ана шунда турли соҳалардаги илмлар зое бўлмайди.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ҳар бир нарсани ёзиб юрар эдим. Шундоқ муҳофаза қилмоқни ирода қилардим. Қурайшликлар: «Сен эшитган ҳар бир нарсангни ёзмоқдасан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазабланган вақтларида, рози бўлган вақтларида гапирадилар», деб мени қайтардилар.
Мен ёзишдан тўхтадим. Сўнг буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилдим. Шунда у зот оғизларига панжалари билан ишора қилиб: «Ёзавер! Менинг жоним қўлида бўлган зот билан қасамки, бундан ҳақдан бошқа нарса чиқмайди», дедилар».
Абу Довуд ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу ҳадиснинг ровийлари Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу билан танишмиз.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган нарсаларини ёзиб юрганлари жуда ҳам машҳур. Бундан олдинги ривоятда ҳазрати Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ҳам буни таъкидлаганлар. Энди эса, бу ҳақиқатни Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳунинг ўзлари айтмоқдалар. У киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан нима эшитсалар ўшани ёзиб юришларини, ёзишдан мақсадлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизларидан чиққан муборак ибораларни муҳофаза қилиш эканлигини айтмоқдалар. Аммо Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳунинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан чиқаётган ҳар бир гапни ёзиб юриши Қурайш қабиласи аъзолари томонидан маъқулланмабди. Улар ўз фикрларича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак оғизларидан чиқаётган ҳар бир гапни ёзиб олиш яхши эмас, деб тушунар эканлар. Улар ўзларининг бу мулоҳазаларини Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳуга айтибдилар. Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:
«Қурайшликлар: «Сен эшитган ҳар бир нарсангни ёзмоқдасан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазабланган вақтларида, рози бўлган вақтларида гапирадилар», деб мени қайтардилар».
Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ҳар бир нарсани ёзиб олишдан қайтардилар. Бу борада қурайшликлар ўзларича фикр юритган эдилар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазабланиб турган вақтларида ҳар хил гапларни гапириб юборишлари мумкин. У нарса ёзилиб қолса, яхши бўлмайди. Шунинг учун У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизларидан чиқаётган ҳар бир гапни ёзиб қўйиш шарт эмас, деб Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳуни қайтарган эдилар. Уларнинг бу мулоҳаза ва гаплари Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳуга ҳам таъсир қилди. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган нарсаларини ёзмай қўйди. Бу ҳақда у киши:
«Мен ёзишдан тўхтадим», деб ҳикоя қиладилар.
Саҳобаи киромларнинг ҳар бир муҳим нарсани Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраш одатлари бор эди. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу ҳам бу масалани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраб, аниқлаб олишни маъқул кўрибдилар.
«Сўнг буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилдим».
Яъни, У зотдан эшитган ҳар бир нарсани ёзиб борганимни, қурайшликлар Расулуллоҳ ғазабланган ва рози бўлган вақтларида гапирадилар, деб мени ёзишдан қайтарганини ва ёзишдан тўхтаганимни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга айтдим.
«Шунда У зот оғизларига панжалари билан ишора қилиб: «Ёзавер! Менинг жоним қўлида бўлган зот билан қасамки, бундан ҳақдан бошқа нарса чиқмайди», дедилар.
Демак, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазабланган бўлсалар ҳам, бошқа ҳолатда бўлсалар ҳам, У зотнинг муборак оғизларидан фақат ҳақ, тўғри гап чиққан. Қурайшликларнинг тахминлари ҳам нотўғри. Зотан, Аллоҳ таоло У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васфларида:
«У ҳаводан сўзламайди. Унинг гапи фақат юбориладиган ваҳийдан иборатдир», деган.
Бунинг устига, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисдаги гапларни Аллоҳ таолога қасам ичиб туриб айтмоқдалар.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳунинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ҳар бир нарсани ёзиб юргани.
2. Саҳобаларнинг ичида ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан чиққан ҳар бир гапни ёзавериш яхши эмас, деб тушунадиганлар бўлгани.
3. Бир нарсада иштибоҳ тушса, ўша ишга бевосита алоқадор, уни яхши биладиган кишидан сўраб, аниқлик киритиб олиш зарурлиги.
4. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак оғизларидан ҳеч қачон ҳақдан бошқа гап чиқмаганлиги.
5. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг оғизларидан чиққан ҳар бир гапни ёзиб боришга изн берганлари.
6. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ҳадислар ёзилмаган, деган гап нотўғри экани.
Баъзи кишилар: «Ҳадислар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида ёзилмаган» деб айтадилар. Улар бу фикрларини тасдиқлаш учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Мендан Қуръондан бошқа нарсани ёзманглар», деган ҳадисларини ҳужжат қилиб келтирадилар.
Илмий баҳс соф, тўғри ва беғараз бўлиши керак. Бир фикрни ёхуд ўзида олдиндан бор ғояни тасдиқлаш учун ҳужжат-далил қидириш илмий иш, дейилмайди. Бирор масалани илмий равишда ўрганмоқчи бўлган одам ўзида ёки ўзгаларда бор фикрга суяниб иш кўрмайди. Ўша фикрнинг тўғрилигини нима қилиб бўлса ҳам тасдиқлашга уринмайди. Балки, ўзини қизиқтирган масалага тегишли ҳамма маълумотларни жамлаб, адолат билан ўрганиб чиқади. Сўнгра ҳамма натижаларни саралаб, охирги хулосага келади.
Биз баҳс юритаётган «Ҳадислар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ёзилганми, йўқми?» деган масалани олиб кўрайлик. Баъзилар бу масалани «илмий» йўл билан ҳал қилганларини даъво этадилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Мендан Қуръондан бошқа нарсани ёзманглар» деган ҳадиси шарифларини ҳужжат қилиб келтирадилар. «Модомики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ёзмасликка амр қилганларми, демак, ҳадис у кишининг даврларида ёзилмаган, кейин ёзилган. Ўшанда ҳадисларга турли гап-сўзлар аралашиб кетган, шунинг учун ҳадисни шариат манбаларининг иккинчиси қилиб олиб бўлмайди», демоқчи бўладилар.
Мақсад – шу ерда. Шариатнинг энг мўътабар иккинчи манбасини йўққа чиқариш, бу орқали Ислом шариатига қақшатқич зарба бериш. Агар ўша «илмий» деб даъво қилувчиларнинг инсофи бўлганида, озгина бўлса ҳам илмий омонатга вафо қилганларида биз ўрганган ушбу ҳадисларни ҳам ўрганар эдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Мендан Қуръондан бошқа нарсани ёзманглар» деганлари расмий равишда ёзманглар, деганларидир. Ўша вақтдаги сиёсат шу эди. Қуръони каримнинг ҳар бир ояти нозил бўлиши билан у махсус котиблар томонидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ёзиб қўйилар эди. Оят тушиши билан Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга котибларни чақиринглар», дер эдилар. Улар келганидан сўнг нозил бўлган оят бирма-бир имло қилинар, сўнг ёзилган нарсалар сақлаб қўйилар эди. Қуръоннинг ана ўша ёзилганига ҳадис аралашиб кетмаслиги учун «Мендан Қуръондан бошқа нарсани ёзманглар», деганлар.
Абдуллоҳ ибн Амрга ўхшаб норасмий равишда ўзича ёзиб юрганлар ҳадиси шарифларни яхшилаб ёзиб, асраб қўйганлар. Агар ҳадисни ёзиш керак бўлмаганида Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Амрни албатта, ёзишдан қайтарган бўлар эдилар.
Кўриниб турибдики, ҳадис Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида ёзилмаган, деган даъво мутлақо асоссиз. Ҳадиси шарифлар ўша замонда ҳам, саодат асрида ҳам ёзилган. Ҳадиси шарифлар поклиги, тўғрилигича тўла сақланиб қолган. Ўша «баъзи»лар ҳар қанча уринмасинлар ўз мақсадларига эриша олмайдилар.
Шу билан бирга, ҳадисдан бошқа нарсаларни, ҳар бир илмни ёзиш ила муҳофаза қилиш исломий зарурат эканини ҳеч қачон унутмаслигимиз керак. Айниқса, ҳозирги замонимизда бу ишнинг аҳамияти яна ҳам ошди. Ҳар бир нарса ёзилмагунча илм шаклида эътироф қилинмайдиган ҳолат вужудга келди.
Бу нарса, айниқса, толиби илмлар учун жуда муҳимдир. Устозлардан эшитган, китоблардан ўқиган нарса билан кифояланиб қолмасдан, олган илмни сақлаш, муҳофаза қилиш учун ёзишдан фойдаланиш керак.
Шу ўринда устозларимиздан бирларининг ўта фойдали ўгитларини эслаб ўтишимиз фойдали. У киши раҳматуллоҳи алайҳи: «Илм уч томондан киради. Қулоқдан эшитиш билан, кўздан ўқиш билан ва қўлдан ёзиш билан», деган эдилар. Толиби илм учун кўз ва қулоқ орқали илм олиш осон туюлади. Чунки бу ҳолатда ортиқча уринишсиз илм ўрганилади. Ёзиш эса, анчагина машаққат ва меҳнат талаб қилади. Шунинг учун кўпгина толиби илмлар бу ишдан қочадилар. Лекин осон ҳосил бўлган нарсанинг кетиши ҳам осон. Қийин ҳосил бўлган нарсанинг кетиши ҳам қийин. Эшитилган нарса осонлиги учун ўқиган ёки ёзган нарсадан тезроқ эсдан чиқади, ўқиган нарсанинг ёддан кўтарилиши эса эшитган нарсаникидан кўра қийинроқ кечади. Ёзиш қийин бўлганидан ёзган нарса зеҳнда узоқ ўрнашиб қолади. Шу билан бирга, бошқалар ҳам ўқиши мумкин. Шунинг учун ёзишга катта аҳамият бериш керак.