Сеҳр ҳақида
23.02.2007 й.

Авваллари, моддапарастлик авж олган даврда, сеҳр кишининг соғлигига зарар етишга сабаб бўлиши ҳақида гапирилса, кулгу-масхарага сабаб бўлиши мумкин эди. Энди эса аксинча, кўпчилик, ҳамма дардлар ортида сеҳр ва унга ўхшаш нарсалар турганига ишонадиган бўлиб кетишига сал қолди.
Исломда эса ҳамма нарса ўз воқеълигига қараб мўътадиллик ила баҳоланади. Асосан хасталиклар маълум ва маъруф сабаблар сабабидан ориз бўладилар. Уларни тиб йўли билан муолажа қилинади. Шу билан бирга баъзи ҳолларда хасталикнинг ориз бўлишига сеҳр сабаб бўлиши ҳам мумкин. Ундоқ ҳолатда беморни даволаш учун аксилсеҳр воситалар ишга солинади.

Аллоҳ таоло: «Сеҳргар қаерда бўлса ҳам, зафар топмас», деган.
Ушбу жумла Тоҳо сурасидаги ояти кариманинг бир бўлагидир. Ул ояти карима Мусо алайҳиссалом ва Фираъвннинг сеҳргарлари орасида бўлиб ўтган муборазани васф қилувчи ояти карималар сиёқида келган бир оят бўлиб тўлиғи қуйидагичадир:
«Қўлингдаги нарсани ташлагин, уларнинг қилган ҳунарини ютиб юборур. Уларнинг қилган ҳунари сеҳргарнинг ҳийласи, холос. Сеҳргар қаерда бўлса ҳам, зафар топмас», дедик».
Ўша пайт Аллоҳ Мусо алайҳиссаломни қўллади. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга нима қилиш кераклигини ўргатди.
«Қўлингдаги нарсани ташлагин, уларнинг қилган ҳунарини ютиб юборур».
Қўлингдаги асони ерга ташлагин, сеҳргарлар кўрсатаётган сеҳрни ютиб юборади, деди.
«Уларнинг қилган ҳунари сеҳргарнинг ҳийласи, холос».
Ундан бошқа нарса эмас. Уларнинг ишлари фақат ҳийла-найранг, холос. Қўрқишнинг ҳожати йўқ.
«Сеҳргар қаерда бўлса ҳам, зафар топмас».
Ҳийла-найранг ҳеч қачон зафар топмаган. Бу сафар ҳам зафар топмас. Фиръавнлар ва уларнинг гумашта сеҳргарлари доимо ҳийла-найранглар ила халқнинг кўзини бўяб келганлар. Уларнинг ботили ҳақ кўринмаган пайтда ўтади, холос. Ҳақ келганида, ботил йўқ бўлади. Сен Роббингдан ҳақ келтирдинг, энди уларнинг ботили йўқолади.
Сеҳрнинг Қуръони Каримдаги маъносини яхшироқ билиб олиш учун «Бақара» сурасидаги қуйидаги ояти каримани ҳам ўрганиб олайлик:
«Ва Сулаймон подшолигида шайтонлар тиловат қилган нарсага эргашдилар. Сулаймон куфр келтиргани йўқ. Лекин шайтонлар одамларга сеҳрни ўргатиб, кофир бўлдилар. Ва Бобилда Ҳорут ва Морут номли икки фариштага тушган нарсага эргашдилар. Икковлари ҳатто: «Биз фитна-синов учунмиз, кофир бўлмагин», демасдан олдин ҳеч кимга ўргатмасдилар. Бас, икковларидан эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсани ўрганишар эди. Ва улар у илаАллоҳнинг изнисиз бирор кишига зарар етказувчи эмасдилар. Ва улар зарар келтирадиган, фойда келтирмайдиган нарсани ўрганурлар. Ва, батаҳқиқ, биладиларки, уни сотиб олган кишига охиратда насиба йўқ. Агар билсалар, ўзларини сотган нарса қандоқ ҳам ёмон!» (102-оят).
Яъни, яҳудийлар Аллоҳнинг китобини худди билмагандек ортларига ирғитиб юбориб, Сулаймон алайҳиссалом подшоликлари ҳақида шайтонлар айтиб юрадиган нарсага эргашиб кетдилар.
Маълумки, Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга ҳам Пайғамбарлик, ҳам подшоликни берган эди. Шу билан бирга, у кишига бутун ҳайвонларнинг тилини ўргатиб, жинларни хизматларида ҳозиру нозир қилиб қўйган эди. Бу илоҳий мўъжизалар у кишининг Пайғамбар эканликларини тасдиқлаш учун берилган эди.
Аллоҳ Сулаймон алайҳиссаломга берган мазкур мўъжизаларни кўриб, одамлардан баъзилари иймонга келди ва иймонлиларнинг иймонлари мустаҳкамланди. Аммо кофирлар, душманлар ва шайтонлар: «Сулаймон сеҳргар, у ўз сеҳрининг кучи билан турли ҳайвонлар ила муносабатда бўлмоқда, жинларни ишлатмоқда», деган гапларни тарқатишди. Бундай миш-мишни тарқатишда яҳудийлар қавми, айниқса, жонбозлик кўрсатди.
Шунда Аллоҳ таоло Пайғамбарларга берган мўъжизалар билан сеҳрнинг фарқини амалий суратда кўрсатиш учун Бобилга Ҳорут ва Морутни юборди. Улар хоҳлаганларга сеҳр ўргатиш билан вазифаланган эдилар. Аммо сеҳр ўргангани келганларга аввал:
 «Биз фитна-синов учунмиз, кофир бўлмагин», демасдан олдин ҳеч кимга ўргатмасдилар».
Яъни, «Биз фитна учун, одамларни синаш учун юборилганмиз, сеҳрни ўрганган кофир бўлади, сен ҳам уни ўрганиб кофир бўлма», деган маънода огоҳлантиришар эди. Келган одам бу гаплардан кейин қайтиб кетса кетди, кетмаса, кофир бўлишини билиб туриб ҳам, ўрганавераман, деса, ўргатишар эди. Мана шунинг ўзидан Пайғамбарлик мўъжизаси билан сеҳр ўртасидаги энг катта фарқ намоён бўлади. Пайғамбарлик мўъжизаси илоҳий неъмат бўлиб, фақат Аллоҳ томонидан берилади. Сеҳр эса, ўргатувчидан ўрганса бўладиган, ёмонликка ишлатиладиган бир нарсадир. Шундай қилиб, мўъжиза нимаю сеҳр нима–кишиларга амалда кўрсатилган экан. Ушбу ояти карима мазкур масалани муолажа қиларкан, Сулаймон сеҳргар бўлган, деган даъвога,
«Сулаймон куфр келтиргани йўқ», деган жавоб келмоқда. Шундан англашиладики, сеҳр куфрга тенглаштирилмоқда. Бу маънони,
«Лекин шайтонлар одамларга сеҳрни ўргатиб, кофир бўлдилар», деган жумла янада таъкидламоқда.
Бу ишлар Бобил номли юртда бўлгани ҳам айтилмоқда. Ҳамда Ҳорут ва Морут исмлари ҳам зикр қилинмоқда:
 «Ва Бобилда Ҳорут ва Морут номли икки фариштага тушган нарсага эргашдилар».
Ҳорут ва Морутлар кимлиги тўғрисида тафсирчилар турли фикрларни айтганлар. Лекин бу фикрларнинг ҳаммаси ҳам ишончли манбага асосланмаганлигини уламоларимиз алоҳида таъкидлаганлар. Шунинг учун оятдаги ибораларнинг таркибидан, бу икки исм эгалари фаришта бўлган, деб айтганларнинг фикри қувватлироқ чиққан. Аллоҳ таоло инсонларни хоҳлаган усулда, хоҳлаган воситалар ила синаб кўради, бунинг ҳеч ажабланадиган жойи йўқ.
Кофирликни ҳам бўйнига олиб сеҳрни ўрганганлар нимага ишлатишади бу сеҳрларини?
«Бас, икковларидан эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсани ўрганишар эди».
Демак, улар сеҳрни яхшилик учун ўрганишмас эканлар. Улар сеҳрни ёмон нарсага ишлатишар эканлар. Аммо:
«улар у ила Аллоҳнинг изнисиз бирор кишига зарар етказувчи эмасдилар».
Ушбу жумлада дунёдаги ишларнинг бориши ҳақидаги исломий тасаввур ўз аксини топган. Яъни, дунёда нима иш содир бўлса, барчаси Аллоҳнинг изни билан содир бўлади. Тўғри, Аллоҳ ҳар бир ишнинг юзага чиқиши учун сабаблар нинг вужудга келишини шарт қилган. Аммо ўша сабаблар ҳам Аллоҳнинг изни билан таъсир қилади. Илми калом уламолари, бу маънони тушунтириш учун, оловни мисол қилишади. Оловни пахтага тутсанг, пахта куяди. У оловдаги куйдириш хусусияти туфайли куядими ёки ўзидаги куйишга бўлган қобилият туфайли куядими? Чунки оловда куймайдиган нарсалар ҳам бор-ку.
Хулласи калом, ҳаммаси Аллоҳнинг изни билан бўлади. Агар Аллоҳ таоло хоҳласа оловдан куйдириш хусусиятини олиб қўяди. У зот куйдиришга изн бермаса, олов ҳеч нарсани куйдира олмайди. Мисол учун, Иброҳим алайҳиссаломни мушриклар катта гулханга ташлаганларида, Аллоҳ таолонинг амри ила у олов Иброҳим Пайғамбарни куйдирмаган.
Шунингдек, сеҳргарлар ҳам сеҳрни қилишаверади. Аммо Аллоҳнинг изни бўлмаса, ҳеч кимга зарар етказа олмайдилар.
Ояти каримадаги,
«Ва улар зарар келтирадиган, фойда келтирмайдиган нарсани ўрганурлар», жумласи сеҳр фақат зарарли нарса эканини тасдиқлайди. Бу эса, яҳудийларнинг сеҳрни мақтаб айтадиган гапларига раддиядир. Шу билан бирга, сеҳрни ўрганган, уни ёмонликка ишлатганларга охиратда ҳеч қандай насиба қолмайди.
«Ва, батаҳқиқ, биладиларки, уни сотиб олган кишига охиратда насиба йўқ».
Шунингдек, одамларнинг хаста қилиш мақсадида уларга қарши сеҳр ишлатган сеҳргарлар ҳам охир оқибат зафар топмаслар. Худди шу маънони таъкидлаш учун «Тиб ва дам китоби»да «сеҳр» номи остида бир сарлавҳа очиб унга оид ҳадиси шарифлар келтирилмоқда.
Сеҳр тўғрисидаги ушбу ояти карима ва бошқа унга тегишли матнлар асосида уламолар узоқ тортишганлар. Ҳатто алоҳида китоб ёзганлар ҳам бор.
Бу тортишувлар: «Сеҳр нима? Унинг ҳақиқати ҳақида нима деймиз? Сеҳрда нарсаларнинг табиати ўзгарадими ёки одамларнинг кўзига кўриниш ўзгариб, ўзи асл ҳолида қоладими?» каби масалалар устида бўлган. Аммо сеҳр ёмон нарса эканлиги, уни ўрганиш мусулмон одам учун мумкин эмаслиги ҳақида ихтилоф йўқ.
Тажриба шуни кўрсатадики, баъзи одамларда ғайриоддий хусусиятлар бўлади. Айниқса, ҳозирги кунда телепатия, магнит уйқуси, экстрасенс ва бошқа хусусиятлар ҳақида шов-шувлар кўпайган. Аммо илмий асосдаги аниқ хулоса йўқ. Баъзи шахсларда бошқа кишиларга таъсир ўтказиш хусусияти борлиги аниқ. Сеҳр ҳам ўша нарсаларга ўхшаш бир ҳолат бўлиши мумкин. Ўша хусусият билан таъсир ўтказиб, эр билан хотинни ажратиб юбориш ёки кишилар соғлигига таъсир қилиш мумкиндир. Лекин бунақа ишларнинг барчаси Аллоҳнинг изни билан бўлишини унутмаслик керак.

Оиша розиялоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Бани Зурайқ яҳудийларидан Лубайд ибн ал-Аъсам деб номланадиган бир яҳудий сеҳрлади. Ҳаттоки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир нарсани қилганликни хаёл қилар эдилар, аммо қилмасдилар. Ниҳоят бир куни ёки бир кечаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилдилар. Сўнгра яна дуо қилдилар. Сўнгра яна дуо қилдилар. Кейин:
«Эй, Оиша, сездингми? Аллоҳ мен У зотдан фатво сўраган нарсам ҳақида фатво берди. Ҳузуримга икки киши келди. Улардан бири бош тарафимга, бошқаси икки оёғим тарафида ўтирди. Бас, бошим тарафдаги икки оёғим тарафдагига ёки икки оёғим тарафдаги бошим тарафдагига:
«Бу кишининг дарди нима?» деди. Униси:
«Сеҳрлангандир», деди.
«Уни ким сеҳрлади?» деди.
«Лубайд ибн ал-Аъсам», деди.
«Нима ила?» деди.
«Тароққа, тараганда тушган сочга ва эркак хурмодан қилинган идишга», деди.
«Ул нарса қаердадир?» деди.
«Зу Арвон қудуғидадир» деди.
Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларидан бир гуруҳ одамлар ила ўша ерга бордилар. Кейин (қайтиб келиб):
«Эй, Оиша, Аллоҳга қасамки у(қудуқ)нинг суви ҳиннонинг ивитилганига ўхшаб кетибди. У ердаги хурмолар худди шайтонларнинг бошларига ўхшайди», дедилар.
«Эй, Аллоҳнинг Расули, уни куйдириб юборганинигизда эди», дедим.
«Йўқ. Аммо менга Аллоҳ офият берди. Одамларга бирор ёмонлик қўзимасин дедим. Амр қилдим уни кўмилди», дедилар. Икки Шайх ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳодиса ҳақида шунга ўхшаш бошқа ривоятлар ҳам бор. Уларда бу ерда зикр қилинмаган бошқа тафсилотлар ҳам зикр қилинган. Шунингдек, бу ривоят ва унда зикр қилинган ҳодиса ҳақида турли ихтилофлар ҳам бор.
Баъзи кишилар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга сеҳр таъсир қилса пайғамбарликларига футур етиб қолмайдими, деган мулоҳазаларни ҳам қилганлар.
Лекин муҳаққиқ уламоларимиз бу ҳақда қуйидаги хулосани айтганлар. Саҳиҳ ҳадисларда собит бўлган насрани инкор қилинмайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан сеҳр қилинганлиги маълум ва машҳур. Лекин у зотга қилинган сеҳр пайғамбарликларига футур етказмаганлиги ҳам собит.
Ушбу ривоятни бу ерда келтириш ила беморлик инсонга сеҳр орқали, унинг сабабидан ҳам етиши мумкинлигига ишора қилинмоқда.
Авваллари, моддапарастлик авж олган даврда, сеҳр кишининг соғлигига зарар етишга сабаб бўлиши ҳақида гапирилса, кулгу-масхарага сабаб бўлиши мумкин эди. Энди эса аксинча, кўпчилик, ҳамма дардлар ортида сеҳр ва унга ўхшаш нарсалар турганига ишонадиган бўлиб кетишига сал қолди.
Исломда эса ҳамма нарса ўз воқеълигига қараб мўътадиллик ила баҳоланади. Асосан хасталиклар маълум ва маъруф сабаблар сабабидан ориз бўладилар. Уларни тиб йўли билан муолажа қилинади. Шу билан бирга баъзи ҳолларда хасталикнинг ориз бўлишига сеҳр сабаб бўлиши ҳам мумкин. Ундоқ ҳолатда беморни даволаш учун аксилсеҳр воситалар ишга солинади.

Сеҳрнинг таърифи.

Сеҳр сўзи луғатда ҳар бир чиқиб келган жойи дақиқ ва латиф, сабаби махфий бўлган нарсага ишлатилади.
Имом Бухорий Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, баёнда ҳам сеҳр бор», деганлар.
Фалончни сеҳрлаб қўйди деган иборада, алдади маъноси бўлади.
Аслида сеҳр бир нарсани ҳақиқатидан бошқа тарафга буришдир. Бунда сеҳргар ботил нарсани ҳақиқат қилиб кўрсатиши кўзда тутилган.
Лисонул араб китобида айтилишича, араблар сеҳрни сеҳо деб аташи соғликни беморликка буриши ва яхши кўришни ёмон кўришга буриши учундир.
Сеҳрнинг таърифида уламолар турли фикрларни айтган.
Байзовий: «Сеҳрдан мурод ҳосил бўлиши учун шайтонга яқинлашиладиган, инсон ўзи қила олайдиган нарсадир. Бу нарса ёмонликда ва нафсининг ифлослигида иблисга муносиб бўлган шахсларгагина ҳосил бўлади.
Аммо ҳийла, турли асбоб ва даволар воситасида одамларни ажаблантирадиган нарсаларни қилиш, қўлини чаққон ҳаракатлантириб ҳунар кўрсатиш мазаммат қилинмайди. Бундоқ ишларни сеҳр дейиш унинг дақиқлигидан холос. Сеҳр аслида сабаби махфий нарсадир», деган.
Ат-Таҳонавий ўзининг «Кашшофу истилоҳотил фунун» номли китобида сеҳр ҳақида қуйидаги таърифни келтиради: «Сеҳр илмнинг бир нави бўлиб уни жавҳарларнинг хусусиятларини ва юлдузларнинг буржларини билишдан истифода қилинади. Ана ўша нарсадан сеҳр қилинган шахсга ҳайкал олинади ва унинг учун бурждаги махсус вақтни кутилади. Сўнгра шариатга хилоф куфр ва фаҳш сўзларни талаффуз қилинади. Унга шайтонларнинг ёрдами ила эришилади. Уларнинг ҳаммасининг жамланишидан сеҳр қилинган шахсда ғароиб ҳолатлар юзага келади».
Ал-Қалюбий сеҳрни қуйидагича таърифлайди:
«Сеҳр шариатда ифлос руҳларни махсус сўз ва амаллар орқали ишлатиб одатдан ташқари ҳолатларни келтириб чиқаришдир».
Ҳанбалийлар сеҳрни қуйидагича таърифлайди: «Сеҳр тугунлар, сўзлар, дам солиш ёки бир нарсаларни ёзиш ёхуд қилиш орқали кишининг бадани, қалби ёки ақлига бевосита тасир қилишдир».
Мазкур таърифларни жамлаб ўргансак, уларнинг ҳар бирида сеҳрнинг ўзига хос хуссиятлари ҳақида сўз бораётганини кўрамиз. Демак, ушбу таърифларнинг йиғиндисидан сеҳрни тўлароқ англаб оламиз.

Сеҳрга алоқаси бор нарсалар.

1. Шаъваза.
Бу нарсани бизда бахшилик деб айтишимиз ҳам мумкин. Бу аслида қўли енгилликдан иборат бўлиб чаққон ҳаракатлар билан бироз ҳийла ишлатиб бирор нарсани бошқача қилиб кўрсатилади. Ўзининг бирор ерига беркитиб олган нарсани беморнинг ичидан олган қилиб кўрсатади.

2. Нушра.
Бу дам солишнинг бир тури бўлиб унда жин теккан деб гумон қилинаётган одамни муолажа қилинади. Бошқача қилиб айтганда беморни ўраб олган дардни нашр қилинади, яъни, ёзиб юборилади деган даъво қилинади. Бу иш ҳам сеҳр ҳисобланади.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «У зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан нашра ҳақида сўралганда «У шайтоннинг амалидандир», дедилар».

3. Азоимхонлик.
Бу сўз азийматдан олинган бўлиб қасам ичиш маъносини билдиради. Унда азоимхон маълум исмлар ила қасам ичиб жин текканларга шифо сўрайди. Уларнинг даъвосича мазкур исмлар Сулаймон алайҳиссалом жинларнинг қабилаларига муваккал қилиб қўйган фаришталарнинг исмлари эмиш. Агар ўшалардан бирининг исми ила қасам ичса у ўзига тобеъ жинни ишга солар эмиш.

4. Тилсим.
Юулдузларга боғлиқ деб гумон қилинган исмлардир. Улар баъзи бир маъдан ёки бошқа нарсаларда бўлиб ўшалар билан кишиларни даволаш даъвоси қилинади.

5. Авфоқ.
Бунда турли рақамларни ҳандасий шаклларнинг ичига махсус услубда чизилади. Ким ўша шакллар солинган қоғозни ўзи билан олиб юрилса, туғишни осонлаштиради, бир лашкарни бошқаси устидан ғалабасини таъминлайди, маҳбусни қамоқдан чиқаради деган даъволар қилинади.

6. Мунажжимлик.
Бу сўз луғатда юлдузга назар солишни англатади. Аммо истилоҳда фалакдаги шакллардан ердаги ҳодисаларни билб олишни даъво қилишдан иборатдир.

Сеҳрнинг ҳақиқати.

Баъзи тоифа ва шахслар сеҳрни тамомила инкор қилиб унинг ҳақиқати ва тасири йўқ, қуруқ хаёлдан бошқа нарса эмас деган бўлсалар ҳам аҳли сунна мазҳаби жумҳури сеҳрни иккига бўлганлар.
Биринчиси ҳийла, чаққонлик, устамонлик каби ишлар билан ажабланарлик ишларни кўрсатиш. Бироз ўйлаган одам уни оддий иш эканини тушуниб олади. Бу турни ажнабий тилда фокус дейилади.
Иккинчиси ҳақиқати, таъсири бўлиб у кишининг баданида, руҳий ҳолатида, ақлида ўзини кўрсатади. Бу хилдаги сеҳрни ҳанафийлар, шофеъийлар ва ҳанбалийлар тўлалигича собит нарса деб тан олганлар. Улар ўзларининг бу гапларига юқорида зикр қилинган оят ва ҳадисларни далил қилиб келтирганлар.

Сеҳрнинг ҳукми.

Сеҳр қилиш ҳаром ва гуноҳи кабирадир.
Сеҳрни ҳалол деб эътиқод қилган шахс кофир бўлишига ҳамма фуқаҳолар иттифоқ қилишган.
Ҳанафий, моликий ва ҳанбалий фуқаҳолар сеҳрни ўрганиш ҳаром ва куфрдир деганлар.
Баъзи ҳанафийлар душманнинг сеҳрини қайтариш ва эр – хотиннинг орасини яхшилаш учун сеҳрни ўрганса бўлади, деганлар.
Ҳанафийлар сеҳргарнинг сеҳри куфрдан иборат бўлса ёки сеҳрини одамларга зарар етказишга ишлатган бўлса, уни қатл қилинади, деганлар.
Сеҳр қилгани учун ҳақ олиш жоиз эмас. 

Сеҳрнинг муолажаси.

Аллоҳ таолонинг бу дунёда жорий қилиб қўйган қонун – қоидаларини тааммул билан ўйлаб кўрган киши турли бало офатлар ва беморликларнинг ориз бўлиши ҳам борлиқдаги муқаддар қонун – қоидалардан бири эканини англаб етади. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳ томонидан бўладиган синовдир.
Ким аҳли солиҳ бандалар бало ва мусибатлардан узоқда бўлади деб ўйласа хато қилади. Аҳли солиҳ кишига бало офат ва мусибатларни етиб туриши Аллоҳнинг унга бўлган муҳаббатининг аломатидир. Аҳли солиҳ кишига бало офат ва мусибатларни, жумладан беморликларни етиб туриши Аллоҳ таолонинг унга яхшиликни ирода қилгани аломатидир. Бундай кишилар учун бало офат ва беморликлар гуноҳларининг каффоротидир.
Ҳа, агар мусибатга учраган банда аҳли солиҳ бўлса, мазкур мусибат унинг учун гуноҳларга каффорот ёки даражотларининг кўтарилишидир. Агар мусабатга дучор бўлган банда осий бўлса, мазкур мусибат унинг учун ёмонликларини ювиш ва бу дунё бевафолигини эслатишдир.
Гоҳида бандага сеҳр ва кўз тегиши орқали ҳам мусибат етади. Шунинг учун мусулмон одам мазкур икки нарсадан сақланиш йўлларини яхши билиб олиши керак. Сақланиш муолажа қилишдан кўра осонроқдир.

Сеҳр ва кўз тегишдан сақланиш бир неча услублар ила амалга ошади

1. Тавҳид ила руҳни тетиклаштириш.
2. Борлиқдага барча нарсанинг тасарруфини фақатгина Аллоҳ таолонинг Ўзи қилишига иймон келтириш.
3. Яхшиликларни кўп қилиш.
4. Сеҳргарлиги ва кўзи борлиги ила машҳур бўлган одамлардан узоқда бўлиш.
5. Аллоҳдан сеҳр ва кўз тегишидан паноҳ сўраб керакли дуо ва зикрларни ўқиб юриш.
6. Мазкур дуо ва зикрлар ҳақ экани ва уларнинг фойидаси борлигига иймон келтириш. Мазкур иймон қанча кучли бўлса, тасир ҳам шунча кучли бўлади.
7. Мазкур дуо ва зикрларни айтганда қалби ҳозир бўлиши. Чунки ғофил қалб ила қилинган дуо қабул бўлмайди.
8. Кундузги дуо ва зикрлар Бомдод ва кечкилари Аср намозидан кейин айтилади.
9. Оятул Курсий, «Бақара» сурасининг охирги икки ояти, «Ихлос» сураси ҳамда «Фалақ» ва «Нас» суралари сеҳр ва кўз тегишидан сақланиш учун ўқиладиган нарсалардандир. Бошқа дуолар ва зикрлар ушбу китобнинг тегишли жойида келган.
10. Сеҳрланиб қолганлик ва кўз текканлик аломатлари қуйидагича. Кишининг аъзолари соғ бўла туриб бошининг у ер бу ери оғриса, юзи сарғайса, кўп терласа ва сийса, иштаҳаси йўқолса, юраги бежо бўлса, белининг ва икки курагининг пастида оғриқ бўлса, узрсиз хафалик ва юрак сиқилиши бўлса, унга сеҳр ёки кўз теккан бўлади.
Шунингдек, бекордан бекорга хавфсирайверса, аччиғи чиқаверса, одамларга қўшилгиса келмай қолса, дангаса бўлиб қолса, уйқуси келаверса қўйингки тиббиётга оид бўлмаган ҳолатларга учраса, унга сеҳр ёки кўз теккан бўлади.
Мусулмон одамнинг иймони ва қалби кучли бўлиб васвасага йўл қўймаслиги лозим.
Сеҳр қилинган одамни икки хил услуб билан муолажа қилинади.
Биринчиси сеҳрнинг жойи аниқ бўлса, уни олиб «Фалақ» ва «Нас» сураларини ўқиб туриб тугунлари ечилади. Сўнгра куйдириб юборилади.
Иккинчиси сеҳрни ўзига ўхшаш сеҳр билан муолажа қилиш. Бу ҳаромдир.
Учинчиси шаръий дам солиш йўли билан муолажа қилинади. Бунда «Фотиҳа», «Фалақ» ва «Нас» сураларини ёки Пайғабаримиз алайҳиссаломдан ривоят қилинган дуоларни ўқилади.
Имом Абдурраззоқ ўзининг «Мусаннаф» номли китобида сеҳрнинг муолажаси ҳақида қуйидаги маъонни келтирган: «Сидрнинг баргидан еттита олинади. Уларни икки тошнинг орасига олиб туйилади. Унга «Кофирун», «Ихлос», «Фалақ» ва «Нас» суралари уч марта ўқилади. Сўнгра сувга солиб ичилади ва ғусл қилинади. Аллоҳ шифо бергунча такрор қилинади».
Тўртинчиси сеҳр қилинган нарса қоринда бўлса ич суриш, бошқа жойда бўлса қон олиш билан бўшаш.

11. Дам солишнинг шартларидан бири Аллоҳнинг исмлари ва сифотлари ҳамда ривоят қилинган дуолар билан бўлишидир.
12. Дам солиш араб тилида ёки маъноси тушунарли бўлиши шарт.
13. Дам солиш ўзича тасир қилмаслиги, шифони фақат Аллоҳнинг Ўзигина бериши эътиқод қилмоқ шарт.
14. Дам солувчи тақводор, аҳли солиҳ мусулмон бўлиши керак. У қанчалар тақводир бўлса, тасири шунча кучли бўлади.
15. Дам солиш жараёнида сидқи дилдан Аллоҳга юзланиш ва ёлбориш лоозим.
16. Киши ўзига ўзи дам солгани афзал.
17. Дам солдирувчи киши аҳли солиҳ мўмин бўлиши керак.
18. Дам солдирувчи киши шифони ихлос билан Аллоҳ таолонинг Ўзидан сўраши лозим.
19. Шифо бўлмаяпти деб шошилмаслиги керак.
20. Кўз тегишидан хавфсираган жойларга тумор, кўзнинг шакли, отнинг тақаси каби нарсаларни осиш мумкин эмас.
21. Сеҳргарлар одамларни ўзига ишонтириш учун тақводор бўлиб кўринишга ҳаракат қиладилар. Бунинг учун улар намоз ўқишлари, зикр қилишлари ва бошқа одамларни жалб қиладиган ишларни амалга оширишлари бор.
22. Сеҳргарларнинг аломатлари кўп. Шулардан бири улар беморнинг ва унинг онасининг исмини сўрайдилар. Ҳолбуки шаръий дам солишда бу исмларнинг ҳеч кераги йўқ.
23. Сеҳргарлар баъзи кийимларини ёки кийим парчаларини келтиришни сўрайдилар.
24. Сеҳргарлар маълум сифатга эга ҳайвон келтиришни сўрайдилар. Уларнинг жинларга атаб сўйишлари ёки қонини беморга суртишлари мумкин. Бу ҳам сеҳргарликнинг аломати.
25. Сеҳргарлар маъносини тушуниб бўлмайдиган тилсим ва шаклларни чизадилар.
26. Сеҳргарлар  беморга тўртбурчак шакллар ичига турли ҳарфлар ва рақамлар ёзилган варақлар беришади.
27. Сеҳргарлар беморларни одамларга аралашмай маълум муддат алоҳида хонада яшашни амр қиладилар ва ҳоказолар.