Мискинга таом бериш ва бу Аллоҳга энг маҳбуб қурбатлардан экани
30.03.2011 й.
islom.uz
Мискинга таом бериш Исломда кенг тарғиб қилинган ишлардан биридир. Бу хайрли амал ҳақида Қуръони каримда кўплаб оятлар келган улардан баъзиларини ўрганиб чиқамиз.

Аллоҳ таоло «Инсон» сурасида хайрли ишларни қилувчи аброр бандаларнинг сифатлари баёнида айтади:
«Ўзлари таомни яхши кўриб турсалар ҳам, уни мискин, етим ва асирларга берарлар» (8-оят).
Аброрлар ўзларига таом керак бўлиб, ҳожатлари тушиб турса ҳам, мискин, етим, асирларни ўзларидан устун қўйиб, таомни уларга берадилар. Таом яхши бўлса, албатта, уни кўпроқ тановул қилишга кишида мойиллик бўлади. Ана шундай ҳолларда уни фақирга бериш бойнинг камбағални ҳурмат қилишидан келиб чиқади. Бу эса ўз навбатида улар орасида тенглик бўлишига олиб келади. Оятдаги «мискин» сўзининг алоҳида таъкидланишини ҳам айнан шунга қаратилган. Чунки мискинга, яъни ўзига ва оиласига етарли еб-ичиш таоми бўлмаган одамга ёрдам бериш ўзига тўқларнинг бурчидир.
Етимларга ёрдам бериш ҳам ниҳоятда савобли иш. Етимларга овқат, кийим-кечак, таълим ва тарбия бериш ўзига тўқларнинг зиммасидаги бурчдир. Шундай қилинса, етим жамият учун фойдали шахс бўлиб етишади. Агар унга бепарво қаралса, камситилса, разолат ва жиноят кўчасига кириб, ўзи яшаётган жамиятга фақат зарар келтирувчи шахсга айланади. Бунга мисол келтириб ўтириш шарт эмас. Атрофимизга ақл кўзи билан бир назар солсак бас.
Ислом дини кишилик жамиятида қарор топа бошлаган дастлабки кунларданоқ душманлардан қўлга тушган асир ҳаётини сақлаб қолиш, унинг инсонлик ҳуқуқини ҳурмат қилишга даъват этди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламга оятлар ҳам нозил қилинади. Ва ул зот бундан 1400 йил аввал, бутун дунё инсон хуқуқи нима эканини билмай турган бир пайтда Аллоҳнинг ана шундай инсонпарвар ҳукмини эълон қилдилар.
Ислом татбиқ этган бу ҳуқуқларни, жумладан, асирларга яхши муомала қилиш, уларни бирор егулик билан таъминлашни бирлашган Миллатлар ташкилоти яқиндагина эълон қилди. Бундан юз ёки минг йил аввал эмас. Шунинг ўзиёқ Аллоҳнинг дини нима асосига қурилганлигига етарли далилдир.
Мусулмонлар бировга яхшилик қилганларида риё учун, миннат учун эмас, балки савоб умидида, қиёмат куни яхши ҳолатларга эришиш умидида қиладилар. Ушбу хислатлар қуйидаги оятларда ҳам ифода этилади.
«Албатта, биз сизларни фақат Аллоҳнинг розилиги учун овқатлантирамиз. Бунинг эвазига сизлардан мукофот ёки ташуккур хоҳлаймиз» (9-оят).
Демак, чин мўмин иккинчи бир биродарига яхшилик ёки ёрдам қилганида фийсабилиллоҳ, яъни Аллоҳ йўлида қилмоғи лозим экан. Қилган яхшилиги эвазига тамаъ талаб қилиш-Парвардигор ғазабини келтирадиган ва ул бандани мунофиққа айлантирадиган амаллардандир.
Аллоҳ таоло «Моъуун» сурасида айтади:
«Охират(жазоси)ни ёлғонга чиқарувчини кўрдингми?
У етимни қўполлик билан ҳайдайдир.
Ва мискинларга таом беришга қизиқтирмайдир
», (1-3 оятлар).
Одатда, ўзгаларни таом беришга қизиқтирмаган ўзи ҳеч қачон бермайди. Бу ҳам динсизларнинг аломати экан. Мусулмонлар эса муҳтожларга доим ёрдам берадилар. Шу билан бирга бошқаларни ҳам мискинларга яхшилик қилишга, уларга таом беришга қизиқтирадилар. Эътибор берадиган бўлсак, ушбу ояти каримада микинларга таом беришга  бошқаларни қизиқтирмаслик катта айб сифатида зикр қилинмоқда. Шундоқ бўлганидан кейин имкони бўлиб туриб, мискинларга таом бермасликнинг ўзи қанчалик гуноҳлигини билиб олаверса бўлади.
Шунингдек, Аллоҳ таоло «Фажр», «Муддасир» ва «ал-Ҳааққааҳ» сураларида ҳам мискинга таом бермаган ва таом беришга қизиқтирмаганларни қаттиқ қоралаган.
Аллоҳ таоло мискинга таом беришни гуноҳларнинг каффороти ва узрли бўлиб адо этилмай қолган ибодатнинг фидяси даражасига кўтарган.
Аллоҳ таоло «Мужодала» сурасида айтади:
«Хотинлардан зиҳор қилганлар ўз айтганларидан қайтсалар, (қайта) қўшилмсаларидан аввал бир қул озод қилсинлар. Бу (ҳукм) ваъзланишингиз учундир. Аллоҳ қилаётган ишларингиздан хабардордир.
Ким (қул) топмаса, бас (қайта) қўшилмасдан аввал икки ой кетма-кет рўза тутсин. Ким (рўза тутишга) қодир бўлмаса, олтмиш мискинни тўйғазсин. Бу (ҳукм) Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтиришингиз учундир. Ва бу(ҳукм)лар Аллоҳнинг чегараларидир. Ва кофирларга аламли азоб бор
» (3-4-оятлар).
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида айтади:
«Уни қийналиб тутадиганлар зиммасида бир мискин таоми фидя бордир» (184-оят).
Яъни, ёшлари улуғ бўлиб,  рўза тутишга ярамай қолган кишилар киради. Улар тутилмаган ҳар бир кунлик рўза ўрнига бир мискинни тўйғазадилар. Бу эса, ўзи яшаб турган диёрнинг ўртача таоми ҳисобида бўлади. Буни, фидя бериш, дейилади.
Уламоларимиз ушбу тоифага тузалмайдиган, сурункали касали бор кишиларни ҳам қўшганлар. Уларнинг касаллари рўза тутишга қўймайди. Қазосини тутади, дейилса, тузалишларидан умид йўқ.
«Ким яхшиликни ўз ихтиёри ила қилса, ўзи учун яхшидир».
Ким, савобни кўпроқ оламан, деб бир кишигамас, икки, уч кишига ёки ўртача эмас, олий даражадаги таомларни берса, ўзи учун яхшидир.
Аллоҳ таоло «Моида» сурасида айтади:
«Аллоҳ сизларни беҳуда қасамларингиз учун тутмас. Лекин қасд ила туккан қасамларингиз учун тутадир. Бас, унинг каффорати ўз аҳлингизни ўртача таомлантириш миқдорида ўнта мискинга таом ёки кийим бериш ёхуд бир қул озод қилишдир» (89-оят).
Араб тилида «каффорат» сўзи бир нарсани яхшилиб, ҳеч ҳам кўринмайдиган қилиб тўсиб-беркитишга айтилади. Шариатда эса, содир этилган гуноҳни ювиш учун адо этиладиган молиявий ёки бадан ибодатига айтилади.
Қасам ичиб, унга амал қила олмай қасамхўр бўлган инсоннинг адо этиши лозим бўлган каффорати, аввало, ўнта мискиннинг қорнини тўйғазишдир. Уларни тўйғазишдаги ўлчов–каффорат берувчининг ўз аҳлига–бола-чақасига берадиган ўртача таом миқдоридир. Агар таом беришни хоҳламаса, ўнта мискинга бир сидирға кийимбош олиб беради.
Аллоҳ таоло «Моида» сурасида айтади:
«Эй иймон келтирганлар! Эҳромдалик ҳолингизда овни ўлдирманг. Сиздан ким уни қасддан ўлдирса, жазоси сиздан икки одил киши ҳукмига мувофиқ чорва ҳайвонларидан у(ов)га тенг келадиганини ҳадий қилиб Каъбага етказишдир. Ёхуд унинг каффорати, мискинларга таом бериш ёки шу баробарида, ўз қилмишининг ёмон оқибатини татиб кўрсин учун, рўза тутишдир. Ўтганларини Аллоҳ авф қилди. Ким қайтарса, Аллоҳ ундан интиқом олур. Зотан, Аллоҳ азиз, интиқом эгасидир» (95-оят).
Агар икки ҳакам вазиятни ўрганиб чиқиб, уй ҳайвонларидан қурбонлик қилгандан кўра, мискинларга таом бергани маъқул, деган қарорга келсалар, ўлдирилган ҳайвон баҳосини аниқлаб, ўша миқдорда мискинларга таом бериш ҳақида ҳукм чиқарадилар.

Заҳҳокдан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Фарзларни адо қилгандан кейин банда Аллоҳга энг яқин бўладиган амал мискинга таом беришдир», дедилар».
Шарҳ: Банданинг ўз зиммасидаги фарзларни адо қилиши уни Аллоҳга яқинлаштирувчи энг буюк амалдир. Бандани Аллоҳга бундан кўра яқинлаштирувчи амал йўқдир. Фарзлар адо этилгандан кейин бандани Аллоҳга яқинлаштирувчи амалларнинг энг биринчиси эса мискинларга таом беришдир. Бу ишнинг қанчалик фазилатли эканлигини англаб етишимиз керак.
Шариатда садақаи фитр ҳам мискинларга таом бериш орқали адо этиладиган бўлган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр Закотини рўзадор учун беҳуда гап-сўз ва ҳаракатлардан покланиши ва мискинлар учун таомланиши бўлсин учун фарз қилдилар. Ким уни намоздан олдин адо қилса, у мақбул Закот бўлур. Ким уни намоздан кейин адо қилса, садақалардан бир садақа бўлур».
Абу Довуд, Ибн Можа ва ал-Ҳоким ривоят қилган.

Очни тўйдириш ва унинг мағфиратни вожиб қилувчилардан экани ҳақида

Муҳаммад ибн Мункадирдан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мағфиратни вожиб қиладиган нарсалардан бири мусулмоннинг оч кишига таом беришидир», дедилар».
Шарҳ: Мўмин-мусулмон киши очларга таом бериб, уларнинг қорнини тўйғазса, унинг мағфират қилиниши вожиб бўлиб қолар экан, гуноҳларининг кечирилиши ҳақиқатга айланиб қолар экан.
Шунинг учун таом бераётганда айнан қорни очларни излаб, топиб, таом берилса ниҳоятда яхши бўлади.
 Очни тўйдириш жаннат эшиклардан биридан киритиши ҳақида

Жаририйдан ривоят қилинади:
«Ким мўминни оч ҳолда учратиб, унга таом бериб тўйғаса ва сув бериб чанқоғини қондирса, албатта, жаннат эшикларидан биридан киритилади».
Шарҳ: Оч ёки ташна биродарига хайр-эҳсон қилиш, қорнини тўйғазиш, чанқоғини қондириш банданинг жаннатдаги эшиклардан биридан киришини таъминлайдиган даражадаги улуғ бир солиҳ амал ҳисобланар экан. Шунинг учун ҳар бир мўмин садақага катта эътибор бериши, муҳтожларнинг ҳолидан хабар олиб туриши лозим экан.
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қайси бир мусулмон кийими йўқ мусулмонга кийим кийдирса, Аллоҳ унга жаннатнинг яхши кийимларидан кийгизур. Қайси бир мусулмон қорни оч мусулмонга таом берса, Аллоҳ уни жаннат мевалари ила таомлатирур. Қайси бир мусулмон сувсиз, чанқаган мусулмонга сув берса, Аллоҳ азза ва жалла уни раҳийқи махтумдан сероб қилур», дедилар».
Абу Довуд ривоят қилган.
Раҳийқи махтум-жаннат шаробидир.
Ушбу ҳадисда инсон ҳаётида доимо равишда эҳтиёж тушиб турадиган уч нарса-кийим, таом ва шароб ҳақида сўз кетмоқда. Ушбу уч нарсадан бошқа нарсаларни йўқ одам ўзини унга муҳтож сезмайди. Аммо, кийгани кийими йўқ одам қай аҳволга тушишини ўйлаб кўринг-а! Егани таоми йўқ, ичгани шароби йўқ одамнинг ҳолати ўйлаб кўринг-а!
Шунинг учун Ислом таълимотларида ушбу уч нарсага алоҳида эътибор берилган. Бу масала жуда кўп оят ва ҳадисларда баён этилган. Бу таълимотлардан қорни очга таом бериш масаласи мусулмонлар томонидан ҳаётга татбиқ этилганлиги билан қисқача танишиб чиқайлик:
Имом Абу Довуд Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «ал-Ғарро» деб аталадиган жомлари бор эди. Уни тўрт киши кўтарар эди. Чошгоҳ бўлганда, чошгоҳ намози ўқилди. Ҳалиги жомни келтирилди. Унда сарийд номли таом пиширилган эди. Унинг атрофига айланиб ўтиришди. Кўпайиб кетишгандан чўккалаб ўтиришди. Бир аъробий, бу қандоқ ўтириш? деди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ таоло мени карамли банда қилган, мени жабрчи, қайсар қилмаган», дедилар ва ўз гапларида давом этиб: «Атрофидан олиб енглар, ўртаси турсин, барака бўлади», дедилар.
Ибн Саъд Абу Ҳурайрадан ривоят қилади:
«Жаъфар ибн Абу Толиб мискинларга энг кўп яхшилик қиладиган одам эди. Бизни олиб бориб уйида бор нарсасини бизга егизар эди. Ҳатто баъзи вақтларда, ёғ халтани олиб чиқиб ёриб берарди, биз уни ялар эдик».
Абу Нуъайм Суҳайб Румий розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун таом қилдим. У зотни айтиб келгани борсам бир тўп одамнинг ичида ўтирган эканлар. У зотнинг тўғриларига ўтиб имо қилдим. У зот менга:
«Манавилар ҳамми?!» деб имо қилдилар.
«Йўқ», дедим. Ўрнимда жим туравердим. У зот менга назар солган эдилар, имо қилдим.
«Манавилар ҳамми?!» деб имо қилдилар.
«Йўқ», дедим. Икки, уч марта шундоқ қилганларидан кейин:
«Ҳа, улар ҳам», дедим. Аслида у зот учун озгина нарса қилган эдим. Бас, у зот келдилар. Улар ҳам келишди. Ейишди. Ортиб ҳам қолди».
Абу Нуъайм Муҳаммад ибн Қайсдан ривоят қилади:
«Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу фақат мискинлар билангина таом ер эдилар. Ҳаттоки бу нарса у кишининг жисмига ҳам зарар қилган эди. Хотинлари у кишига хурмодан бир нарса тайёрлаб берарди.
Ҳасан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича:
«Ибн Умар розияллоҳу анҳу тушлик ёки кечки овқат қилсалар атрофларига етимларни тўплаб олар эдилар. Бир куни тушлик қилаётиб бир етимга одам юборсалар, у жойида йўқ экан. Ибн Умарнинг тоамнинг кетидан ичадиган ширин ичимлиги бор эди. У киши тушликни тамомлаб ширин ичимликни ичмоқчи бўлиб турган эдилар, ҳалиги етим келиб қолди. Ибн Умар ичимликни унга бериб:
«Ол буни, менимча зарар тортмадинг», дедилар.
Маймун ибн Меҳрондан ривоят қилинишича:
«Одамлар Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг хотинига:
«Бу шайхни асрасанг бўлмайдими?!» дейишди.
«Уни нима қилай?! Қачон унинг учун таом тайёрласак, албатта, бировни олиб келиб едиради», деди.
Сўнгра, аёл Ибн Умар масжиддан чиққанида йўлида ўтирадиган мискинларга таом юборди ва:
«Унинг йўлида ўтирманглар», деди.
Сўнг у киши уйларига келдилар ва:
«Фалончи, фистончиларни чақириб келинглар», дедилар. Хотинлари уларга ҳам таом юбориб «агар чақирса, келманглар», деб қўйган эди. Ибн Умар:
«Бу кеча овқатланмаслигимни хоҳлабсизлар», дедилар ва ўша кеча таом емадилар.
Ибн Асокир Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мия тўлдирилган лаганни олиб келди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бу нима, эй Абу Сабот?!» дедилар.
«Сизни ҳақ юборган зот ила қасамки Сизни бир мияга тўйғазай, деб қирқта туя сўйган эдим», деди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан едилар ва унинг ҳақига дуо қилдилар».
Имом Бухорий Жобир розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қилади:
«Хандақ куни, хандақ ковлаб турганимизда ўта қаттиқ нарса чиқиб қолди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб, хандақда ўта қаттиқ жой чиқиб қолди-дейишди. Ўша жойга сув сепдик. Шунда У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мен  тураман, деб ўринларидан турдилар, қоринларига тош боғлаб олган эдилар. Уч кундан буён бир нарса татимаган эдик. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам чўкични олдилар ва уч марта «Бисмиллоҳ»ни айтдилар-да бир урдилар, ҳалиги жой қум бўлиб оқиб кетди. Мен, эй Аллоҳнинг Расули, менга уйга изн беринг, дедим. Изн бердилар. Хотинимга:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни бир ҳолда кўриб, сабрим қолмади, егулик нарсанг борми?!» дедим.
«Менда бир оз арпа билан, бир улоқчадан бошқа нарса йўқ», деди. Улоқчани сўйдим. Арпани янчдим. Гўштни декчага солдик. Хамир кўпчиб ва декча тош ўчоқда пишай деб қолганда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келдим ва:
«Озгина таомим бор. Эй Аллоҳнинг Расули, бир ёки икки кишини олиб юринг, дедим. У зот:
«Кўп ва покдир. Сен у(хотиниг)га айт, мен боргунимча декчани туширмай, нонни тандирдан узмай турсин», дедилар. Сўнгра одамларга:
«Қани, туринглар», дедилар. Муҳожир ва ансорлар туришди. (Жобир) хотини олдига бориб:
«Ишинг чатоқ! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳожирлар, ансорлар ва улар билан бирга бўлганларни олиб келмоқдалар», деди.
«Сендан сўрадиларми?»  деди хотини.
«Ҳа», деди у.
«Киринглар, шошилиб, сиқилишманглар», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва нон синдириб устига гўшт қўйиб саҳобаларга тақдим қила бошладилар. Ҳар гал нарса олганларидан кейин декча билан тандирнинг оғзини беркитиб қўяр эдилар. Одамлар тўйиб бўлгунча нон узиб, гўшт олишда давом этдилар. Сўнг, аёлга:
«Сен ҳам е, ҳадя ҳам қил, одамларга очлик етди», дедилар.
Ибн Саъд Ҳасан ибн Ҳакимдан, у эса ўз онасидан ривоят қилади:
«Абу Барза розияллоҳу анҳунинг дошқазони бор эди. Эрталаб бир дошқозон, кечқурун бир дошқозон сарийд пишириб бева-бечора ва етимларга тарқатар эди.
Имом Байҳақий Салама ибн ал-Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари билан намоз ўқир, қайтаётиб:
«Ҳар ким ўз имконига қараб олсин», дер эдилар. Бир киши бир одамни олиб кетса, бошқаси икки ёки уч одамни олиб кетар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса қолганларини олиб кетар эдилар.
Абу Нуъайм Муҳаммад ибн Сирийндан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечқурун бўлганида аҳли суффани ўз саҳобалари орасида тақсимлар эдилар. Бировга бир киши, бошқасига икки киши, яна бирига уч киши, ҳатто ўн киши текканлар ҳам бўлар эди. Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу ҳар кеча ўз уйига саксон кишини олиб бориб кечки таом берар эди.
Имом Табароний ва Имом Аҳмад Маймуна бинти ал-Ҳорис розияллоҳу анҳодан ривоят қилишади:
«Бир йили очарчилик бўлди. Аъробийлар Мадинага келар эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кишиларга амр қилар, бир одам бир кишининг қўлидан ушлаб уйига олиб кетар эди. Бир кеча бир аъробий келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг озгина таомлари ва бир оз сутлари бор эди. Аъробий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳеч нарса қўймай еб қўйди. Уни яна бир-икки кеча олиб келдилар. У таомнинг ҳаммасини еб қўяверар эди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:
«Эй Худоей! Ушбу аъробийнинг баракаси йўқ одам экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таомларини ўзларига қўймай еб қўймоқда», дедим. Кейин яна бир кеча олиб келдилар. У озгина таом еди, холос. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:
«Бу ўшами?» дедим. У мусулмон бўлган экан. У зот:
«Кофир етти қорин ила ейди. Мўмин бир қорин ила ейди», дедилар».
Ибн Саъд Асламдан қуйидагиларни ривоят қилади:
«Рамода (очлик) йили бўлганда араблар ҳар томондан Мадинага ёпирилиб келдилар. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу одамлар тайинлаб, уларга қараб туришни, таом ва хўрак тақсимлаб беришни буюрган эдилар. Язийд ибн Ухти ан-Нимр, ал-Мисвор ибн Макрама, Абдурраҳмон ибн Абдул Қори, Абдуллоҳ ибн Атоба, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳумлар ҳар кеча Умар розияллоҳу анҳунинг ҳузурларида тўпланиб, қилган ишлари ҳақида хабар берар эдилар. Улардан ҳар бири Мадинанинг бир ноҳиясига қарар эди.
Аъробийлар Раъсус Сания, Ромиж, Бани Ҳориса, Бани Абдул Ашҳал, Бақийъ, Бани Қурайза, бир қисмлари Бани Салама ноҳиясига тушган эдилар. Улар Мадинага тўлиб кетишган эди.
Бир кеча одамлар овқат қилиб бўлганларидан кейин Умарнинг:
«Бизнинг олдимизда кечки таом еганларни ҳисоблаб чиқинглар», деганини эшитдим. Ҳисоблашувди етти минг киши чиқди. У:
«Бу ерга келмаган аҳли аёл, бемор ва  ва болаларни ҳам ҳисоблаб чиқинглар», деди. Ҳисоблашувди, қирқ минг киши чиқди. Сўнг бир неча кеча ўтди. Одамлар зиёда бўлди. У яна амр қилди. Ҳисоблашувди, унинг ҳузурида кечки таом еганлар ўн мингта, бошқалар эса эллик мингта чиқди. Кўп ўтмай Аллоҳ осмондан ёмғир ёғдирди. Шунда Умар ҳалигиларнинг ҳар бир ноҳиясига бир вакил тайин қилиб, уларни чўлга чиқаришни буюрди. Уларга таом ва чўлга олиб кетгани юк ҳам беришар эди. Умарнинг ўзи ҳам уларни чиқараётганини ўз кўзим билан кўрдим. Аслам айтадики:
«Уларнинг ичида ўлим тарқалган эди. Менимча учдан иккилари ўлиб, учдан бирлари қолди. Умарнинг қозонлари устида одамлар тик туриб тонг отгунча каркур пишириб чиқишар эдилар. Сўнгра беморларга берар эдилар. Асоид (ун билан ёғ) пишириб ҳам беришар эдилар. Умарнинг буйруғи ила катта қозонларга ўт ёқилиб ёғ қайнатилар, совуганидан кейин нонга булаб сарийд қилинар ва халиги ёғга қўшиб ейилар эди. Араблар ёғ есалар истималари чиқар эди.
Умар Рамода замонида ўз болаларининг бирортасининг уйида ҳам, хотинларининг бирортасининг уйида ҳам таом емади. То одамларга Аллоҳ жон киргизгунча фақат улар билан кечки таом ер эди, холос.
Ибн Саъд Фирос ад-Дайламийдан ривоят қилади:
«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳар кеча дастурхони учун Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу Мисрдан юборган туялардан йигирма туяни сўяр эдилар.
Исломий мабнаъларда бунга ўхшаш маълумотлар тўлиб ётибди. Мусулмонлар ичидан доимо бунга ўхшаш ишларга тайёр кишилар бўлган, иншааллоҳ бундан кейин ҳам бўлади.