Ўз қавмини яхши кўриш
02.04.2011 й.
Фусайла деган аёлдан ривоят қилинади:
«Отамнинг қуйидагиларни айтаётганини эшитдим:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Бир одам қавмига зулмда ёрдам берса, тарафкашлик бўладими?» дедим.
«Ҳа!» - дедилар
».


Шарҳ: Демак, ўз қавми ёмонлик қилаётган бўлса ҳам, мўмин-мусулмон одам бу ёмонликка аралашиб, уларга ёрдам бермаслиги керак экан. Ўзимнинг уруғим, қабилам, қариндошим-ку, буларга тескари бўламанми, деб зулмга қўшилиб кетиш керак эмас экан. Зулмдан тўхташ, иложи бўлса, ўша қавмни ҳам зулмдан қайтариш керак.
Қариндош-уруғчилик, қуда-андачилик, ёр-дўстликни пеш қилиб, «Менинг одамим бўлгандан кейин зулм бўлса ҳам улар томонда бўлишим керак» деб уларга ёрдам бериш мўмин-мусулмон одамга тўғри келмас экан.
Бу маънони биз жуда яхши ўрганишимиз керак. Чунки кўпгина пайтларда тарафкашликка берилиб кетиб, қарши тараф ҳақ бўлса ҳам, биз томон зулмда бўлса ҳам, «йўқ, улар ноҳақ» деб туриб оладиган пайтларимиз бўлади.
Шунинг учун ҳамма нарсанинг қадр-қийматини, ҳақ-ноҳақ эканлигини шариат ҳукми асосида тушуниш керак ва шу томонда бўлиш керак. У ўз қавмимизми, бошқа қавмми ёки ундан ҳам бошқами, ҳаммасига сабр қилишимиз керак экан.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Равоҳа исмли саҳобийни яҳудийлар билан мусулмонлар орасидаги шерикчилик боғнинг меваларини тахминлаб ўлчашни топширганлар.
Шунда улар Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳуга:
«Адолат билан ҳукм қил» дейишган.
«Сизлар нима деяпсизлар? Мен дунёдаги энг яхши кўрган одамимнинг ҳузурига келдим. Сизлар энг ёмон кўрган одамларимнинг энг ёмонисизлар. Лекин мен адолатдан қилча ҳам четга чиқмайман», дедилар Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу.
Ана шунда яҳудийлар бунга тан бериб:
«Осмонлар шунинг учун ерга тушмай турибди!» дейишган.
Яъни, ҳалокатга учрамай турганимизнинг сабаби сизларнинг адолатларингдир, дейишган.
Бас, шундай экан мўмин-мусулмонлар доим адолат томонда бўлишлари керак, зулмни ҳеч қачон ўзларига эп кўрмасликлари керак.