Ким бир қавмга муҳаббат қилса
27.11.2011 й.
Аллоҳ таоло: «Ким Аллоҳга ва Расулга итоат қилса, бас, ана ўшалар Аллоҳ неъмат берган набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан биргадирлар. Ва уларнинг рафиқлари қандай ҳам яхши!» деган (Нисо, 69).


Ушбу оятни ўқиган ҳар бир киши қалбида Аллоҳга ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш истаги туғилиши ва кучайиши турган гап. Чунки ўзини билган, эси бор ҳар бир одам учун набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва мусулмонлар оммаси ичидан етишиб чиққан солиҳлар (яхши ишлари ила машҳур бўлган кишилар) билан бирга бўлишдан ортиқ бахт йўқ!
Бу бирлиқ албатта, жаннатда бўлади. Жаннатдаги мақомларда эса, мазкур бахтиёр тоифаларнинг мақоми энг юксак мақомлардир. Бу дунёда баъзи бир солиҳлар билан бир марта кўришиб қўйган, бирорта мажлисда бирга бўлган кишилар умр бўйи ёдлаб, фахрланиб юрадилар.
Бу оятда зикр қилинаётган биргалик эса, у дунёда, бир эмас, барча набийлар, сиддикдар, шаҳидлар ва ахди солиҳлар билан, абадий бўлади. Бундай бир тенгсиз бахтни яхшироқ тасаввур қилиш учун Пайғамбарларнинг охиргиси бўлмиш Муҳаммад алайҳиссалом билан бирга бўлишга инсоният тарихидаги энг бахтли авлод - саҳобалар авлоди қандай аҳамият берганини ўрганиб чиқайлик.

Ибн Жарир Саид ибн Жубайрдан ривоят қиладилар:
«Ансорийлардан бир одам Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳузурларига хафа ҳолида келди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Эй фалончи, сенга нима бўлди? Хафа кўринасан?» дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Пайғамбари, бир нарсани ўйлаб хафа бўлдим», деди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«У нима эди?» деб сўрадилар.
«Биз эртаю кеч юзингизга назар соламиз, сиз билан бирга ўтирамиз. Эртага Пайғамбарлар ҳузурига равона бўлсангиз, сизга етиша олмай қоламиз», деди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор нарса демай, жим қолдилар. Бир оздан сўнг Жаброил:
«Ким Аллоҳга ва Расулга итоат этса, бас, ана ўшалар Аллоҳ неъмат берган набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан биргадирлар» оятини олиб келди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалиги кишининг ортидан одам юбориб, башорат бердилар».
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Рабийъ ибн Каъб ал-Асламий қуйидагиларни айтдилар:
«Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларида тунаб қолган эдим. У кишига керакли нарсаларни, таҳоратларига сувни тутдим. У зот менга:
«Сўра», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, жаннатда сизнинг ра-фиқингиз бўлишни сўрайман», дедим.
«Бундан бошқани эмасми?» дедилар.
«Фақат шуни», дедим. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бу ишда менга сен ўзинг кўп сажда қилиш ила ёрдам бер», дедилар
».
Бу дунёда Пайғамбар алайҳиссалом суҳбатларининг ҳаловатини тотган саҳобалар у зот билан охиратда ҳам ҳамсуҳбат бўлишга зўр ва мислсиз иштиёқлари бор эди. Ҳар бир мўмин-мусулмон бундай мақомга эришишни хоҳласа, ҳозир биз ўрганаётган оятга амал қилиб, Аллоҳга ва Расулга сўзсиз итоат этмоғи лозим. Ана ўшанда улар яхши рафиқларга соҳиб бўладилар. Бу нарса Аллоҳнинг уларга берган фазлимарҳамати бўлур.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Бир қавмга муҳаббат қилган ва уларга етиша олмаган одам ҳақида нима дейсиз?» деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Киши ўзи муҳаббат қилганлари билан биргадир», дедилар
».
Тўртовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдаги «уларга етиша олмаган»ни икки хил тушуниш мумкин. Бири, уларга бориб қўшила олмаган, иккинчиси, улар қилган яхши амалларча амал қила олмаган бўлиши мумкин. Аммо ҳар иккисида ҳам ўша қавмга бўлган муҳаббат ўз эгасини ўзи муҳаббат қилган қавмларга бориб қўшилишига сабаб бўлар экан.
Ким яхшиларга муҳаббат қилса, уларга қўшиб қайта тирилтирилар экан. Ким ёмонларга муҳаббат қилса, улар Билан бўлади экан. Шунинг учун доимо мўмин-мусулмон ва тақводорларга муҳаббат қўймоқ зарур.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
«Қиёмат қачон, эй Аллоҳнинг Расули!» деб сўради.
«Сен унга нима тайёрладинг?» дедилар.
«Мен унга кўп намоз, рўза ва садақа тайёрлаганим йўқ. Лекин Аллоҳга ва Унинг Расулига муҳаббат қиламан», деди.
«Сен ўзинг муҳаббат қилганлар билан биргасан», дедилар».
Бошқа бир ривоятда:
«Биз ҳам шундоқми?» дедик.
«Ҳа», дедилар.
Ўша куни қаттиқ хурсанд бўлдик»ни зиёда қилган
».
Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Демак, Аллоҳ таолога ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббат улуғ нарса. Бу муҳаббат бу дунёда Аллоҳ таолога ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилишга ва у дунёда жаннатга етаклайди. Жаннатда бўлганида ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлади.