Тасаддуқ
31.01.2012 й.
Бутун оламлар сарвари Муҳаммад алайҳиссаломга очиқ мактуб
Саломлар бўлсин сизга, ё Расулаллоҳ! Жоним пойингизга тасаддуқ, ё Расулаллоҳ!
Сизни илк бор кўрганим ёдимда. (Бу кунни унутиб бўларканми?!) Бундан йигирма бир йил муқаддам – рамазоннинг илк куни эди. Ўшанда талаба эдим. Гуноҳ ва жаҳолат биёбонларида сарсон-саргардон юрардим... Бир куни йўлакда писта чақиб бораётсам, олдимдан ҳарбий хизматда юрганимизда биздан илгарилаб кетган собиқ курсдошим чиқиб қолди. Айни наврўз байрамлари ўтказилаётган пайт эди. Пистадан узатдим, олмади. Кейин, юринг, байрам қиламиз, дедим. Кўнмади, кейин: “Мен рўза тутганман”, деди-да мен томондан бўлаётган барча таклифларга нуқта қўйди...
Рамазон келганидан ҳам бехабар қолган эканман-да!
Аллоҳ тилимга бир калима берди шунда. Нега менга айтмадингиз, деб юборганимни ўзим ҳам билмай қолдим. Гўё қачонлардан бери рамазонни кутиб юрибман-у, келганидан бехабар қолганман. Эртадан тутсангиз ҳам, бўлаверади, деди собиқ курсдошим. Бўпти, эртадан мен ҳам рўза тутаман, дедим. Аммо қанчалик қатъятим бор эди ўшанда, билмайман.
Ҳа, рамазоннинг илк куни эди ўшанда, илк куни эди! Менинг эса, оғзим очиқ!
Бир томондан сизнинг ҳадисларингиз бизнинг тилимизга ҳам таржималар қилиниб, озми-кўпми ўқиб турибмиз, бошқа томондан эса, бир оёғимиз ҳали ҳам жаҳолат ботқоғида эди. Мен нодон, эртадан рўзани бошласам, “маишат” ўлади, шунинг учун охирги марта улфатлар билан бир... дебман-да.
Ўша кеча нима бўлса бўлди. (Қилмишимдан Аллоҳга тавба қилдим. Сизнинг шафоатингизга умид боғладим. Шу тавба ва умидим орқасида қайтиб оғзимга ичкилик олмадим, ё Расулаллоҳ.)
...сўнг саҳар кирмасидан туриб ювиндим, кийимларимни алмаштириб, ўша дўстимнинг хонасига чиқдим. (Ётоқхонада турардик.) “Маишат”дан кейин бўладиган одатдаги бошоғриқдан асар ҳам йўқ, руҳим фавқулодда тетик эди. Кайфиятимда ҳам ўзим билмаган бир ёрқинлик бор эди. Уч-тўрт киши бирга саҳарлик қилиб, оғиз ёпдик. Бир пас рўза масалаларидан суҳбатлашдик. Кейин улар бомдод намозини ўқигани чиқишди. Мен эса, дўстимнинг ўрнига чўзилдим. Кўзим илинибди. Ўшанда илк бор кўрдим сизни, ё Расулаллоҳ! Қоматингиз, сўзларингиз, атворингиз худди саҳобаларингиз таърифлагандек эди. (Бу таърифларни кейинчалик ўқиб билдим.) Недандир безовта эдингиз. Сизни безовта қилган нарса кечаги ишларим эканини билиб турардим. “Кимдир биринчи кунги рўзасини бузибди, энди ҳаммамиз бошқатдан тутамиз”, дедингиз. Лекин ўша бузғунчи ким эканини билиб туриб, айтмадингиз. Ҳузурингизда уятдан ерга кириб кетгудек бўлдим. Сўнг... уйғониб кетдим, дўстларим намоздан қайтишган экан.
Ўшанда илк бор поклик нелигини ҳис этдим, ё Расулаллоҳ!
Уни менга сиз англатиб кетдингиз, ё Расулаллоҳ! (Кейинчалик яна бир марта жамолингизни насиб айлаб, неларгадир ишора қилдингиз! Унга ҳам анча бўлди.)
Ҳамон ўша покликни, муборак жамолингизни соғинаман, ё Расулаллоҳ, лекин Раббингиз дунё ҳавасларию журм-исёнларга ғарқ бандасига Ҳабибининг жамолини лойиқ кўрмаётир!
Ё Расулаллоҳ, сизни соғиниш, жамолингизни бир бор туш кўриш – бахт, қиёматда ёнингизда бўлиш эса минг чандон улуғ бахт...
Раббимизнинг бизга онажонларимиздан ҳам меҳрибонроқ эканини айтгансиз. Дарҳақиқат, биз Уни шундай топдик. Ахир, бўлмаса, бир кун олдин, рамазондек муборак ойнинг илк кунида катта-катта гуноҳларни содир этиб турган бир бандасини эртасигаёқ, Исломнинг остонасидан ҳатлар-ҳатламас, саҳарлик билан сийлармиди, Расулининг жамолини изҳор этармиди?!
Ё Расулаллоҳ, ўшандан бери кўп рамазонлар ўтди, Раббимизнинг раҳмат эшиклари кўп марталар очилди, аммо... аммо сизни туш кўриш насиб этмаётир. Сўрамаган бўлсам-да, иймон ва ислом неъматини инъом этган Аллоҳимдан раҳматини, жаннатини, мағфиратини, сизнинг шафоатингизни, муборак жамолингизга тўйиб-тўйиб қарашни сўрасам, ижобатсиз қолдирмас...
Ё Расулаллоҳ, сизга саловот ва саломлар йўллаймиз, Раббимиздан сизни қиёмат кунида мақтовли мақомда тирилтиришини, Ҳавзи Кавсар бўйида бизни сиз ила дийдор кўриштиришини, ўша кунгача эса, тушларимизни жамолингиз ила мушарраф айлаб, сизга бўлган соғинчимизни қондириб туришини  сўраймиз...
Бир умматингиз