ОЛАМЛАРГА РАЋМАТ ПАЙҒАМБАР
02.03.2007 й.

Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни оламларга раҳмат қилиб юборган Ћақ таолога Ўзининг жалолига яраша ҳамду санолар бўлсин!
Оламларга раҳмат қилиб юборилган Муҳаммад Мустафога Аллоҳ таолонинг батамом ва баркамол саловотлари ва саломлари бўлсин!
1427 ҳижрий сананинг дастлабки кунларига тўғри келган ҳаммамиз учун ўта афсусланарли бўлган ҳодисалар бизни янги бир ишга чорлади. Баъзи Овропо давлатларидаги оммавий ахборот воситаларида Пайғамбаримиз алайҳиссаломга нисбатан беодоблик қилиб, ҳажв маъносидаги расмларни эълон қилиниши кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлди. Бунинг оқибатидан содир бўлган ва бўлаётган ишлардан барчамиз хабардормиз.
Мен камина ҳам ўзим ва сизларнинг номингиздан бу масалага нисбатан муносабат билдиришга муяссар бўлдим. Ўзим аъзо бўлган халқаро Ислом ташкилотларига фикримизни ифода этувчи хабарлар юбордим. Бир қанча оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлар қилдим. Кишилар ичида ҳам масалани ёритиш маъносида сўзлар айтиб саволларга жавоблар бердим.

Менга ўзим аъзо бўлган халқаро ташкилотлардан келган баёнотларда мўмин-мусулмонлар бу масалада ўз норозиликларини Ислом маданияти ва одоблари асосида тинч йўл билан ифода этишлари лозимлиги қайта-қайта таъкидланганига амал қилишга ўтдим ва бошқаларни ҳам шунга даъват қилдим.
Шу муносабат билан Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатимиз, севгимиз, эҳтиромимиз, фидокорлигимиз, умматлик бурчимиз рамзи сифатида ва ўзимиз ва бошқаларга ҳам У зот алайҳиссаломни яхшироқ танитиш мақсадида интернетдаги «ислам.уз.» саҳифамизда «Оламларга раҳмат Пайғамбар» номли рукн очишга қарор қилдим.
Аллоҳ таолонинг Ўзи бу ишни ҳаммамиз учун фойдали қилсин! Ўзининг розилигига ва Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларига сазовор қилсин!
Бу рукнда Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳақларида доимий равишда турли маълумотларни бериб боришга ҳаракат қиламиз. Улардан ўзимиз ва ўзгаларни ҳам фойда олишини насиб этсин!
Шу муносабат ила Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари, сифатлари ва Суннатларини диққат билан ўрганиб уларга амал қилишимиз ҳаммамиз учун бахту саодат эканини ўзимга ҳам, сиз азизларга ҳам эслатиб қўймоқчиман.

ОЛАМЛАРГА РАЋМАТ ПАЙҒАМБАР

Аллоҳ таоло «Анбиё» сурасида: «БИЗ СЕНИ ФАҚАТ ОЛАМЛАРГА РАЋМАТ ҚИЛИБ ЮБОРДИК», деган (107 - оят).
Аллоҳ таоло бу ояти каримада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилмоқда.
Эй Муҳаммад, Биз сени Пайғамбар этиб юборишимиздан мақсад–фақат оламларга раҳмат бўлишингдир.
Аллоҳ таоло Одам отадан бошлаб бандаларига улар бир уммат-дин бўлишлари учун юбориб келаётган Пайғамбарлар сисиласини Ћазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламда тугатди.
Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни инсоният ўсиб-улғайиб камолга етган пайтида мукаммал ва баркамол Ислом ила юборди.
Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни барча оламларга раҳмат қилиб юборди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган дин, Қуръон, таълимотлар барча оламларга раҳмат-шафқатдир.
Жамодот ва наботот оламига ҳам, ҳайвонот ва инсонлар оламига ҳам, яна бошқа оламлар бўлса, уларга ҳам раҳматдир.
Ћам бу дунёнинг раҳмат-шафқати, ҳам у дунёнинг раҳмат-шафқатидир.
Буни фаҳмлаб олиш қийин эмас. Ислом таълимотларига бир назар солишнинг ўзи кифоя. Бутун оламларга меҳр-муҳаббат, раҳм-шафқат улардан балқиб турганини ҳар қандай одам дарҳол пайқаб олади.

РАСУЛУЛЛОЋ АЛАЙЋИСАЛОМНИНГ БАЪЗИ АХЛОҚЛАРИ

Ћар бир мўмин банда билиб қўйиши лозим бўлган ҳақиқатлардан бири камолот сифатлари ила энг олий даражада сифатланган ва хулқланган банда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар.
Шунинг учун ҳам мўмин банда барча ҳимматини ишга солиб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқлари билан хулқланишга ҳаракат қилиш керак.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бандаликни жойига қўйиб мумкин бўлган хулқланишни аъло даражада ўзларида жамлаган зотдирлар.
Ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо қилса ҳеч бир ишколсиз камолотнинг чўққисига чиқиши мумкин. Тикланиш ва хулқланиш бобида кўп зикрсиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо қилиш мумкин эмас.
Аллоҳ таоло «Аҳзоб» сурасида: «Батаҳқиқ, сизлар учун; Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди», деган (21 – оят).
Ћа, мўмин-мусулмонлар учун гўзал ўрнак манбаи уларнинг маҳбуб Пайғамбарлари Ћазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. У киши ҳар бир нарсада, ҳар бир сўзда, ҳар бир ишда мўминлар учун гўзал ўрнакдирлар.
Оҳ, қани энди, ҳамма шу ўрнакнинг моҳиятини тушуниб етса! Расулуллоҳнинг гўзал ўрнак бўлган гап-сўзлари ҳаводан олинган нутқ эмас, Аллоҳдан қилинган ваҳийдир. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган ишлари Аллоҳнинг амри биландир.
Ана шундай гап-сўз гўзал ўрнак бўлмай, қайси гап-сўз гўзал ўрнак бўлиши мумкин. Ана шундай ишлар гўзал ўрнак бўлмай, бошқа қайси ишлар гўзал ўрнак бўлсин.
Бу оятда «Аллоҳни кўп зикр қилганлар» деб келишидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олиб У зотнинг хулқлари билан хулқланиш борасида кўп зикр шарт эканини билиб оламиз.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари билан хулқланиш учун Қуръони Карим ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ва сийратларини яхшилаб ўзлаштириш керак. У зотнинг хулқлари Қуръон эди.
Оиша онамиздан у кишининг хулқлари ҳақида сўрашганда, «Хулқлари Қуръон эди», деб жавоб берганлар. Яъни Муҳаммад алайҳиссалом Қуръондаги олий хулқлар билан хулқланганлар. У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам Қуръондаги барча яхши одоб-ахлоқни ўзларига сингдирганлар.
Пайғамбаримизнинг ўзлари «Мен яхши хулқларни батамом қилиш учун юборилганман», деганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барча яхши хулқлар билан хулқланган ва ёмон хулқлардан йироқда бўлган зотдирлар. «Назратун наъийм фии макорими ахлоқи расулил карим» энсклопедиясининг муаллифлари Қуръони Карим, суннат ва сийратда икки юзта гўзал ахлоқ, бир юз олтмиш битта ёмон ахлоқ борлигини топганлар ва уларнинг ҳар бирига алоҳида маълумотлар тўпламини бағишлаганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари доимий равишда Аллоҳ таолодан ўзларини гўзал одоблари ва карамли хулқлар билан зийнатлашини сўраб юрар эдилар. У зот ўз дуоларида «Эй Аллоҳим! Менинг хулқимни ва халқимни гўзал қилгин», дер эдилар.
Шунингдек У зот «Эй Аллоҳим! Мени инкор қилинган ахлоқлардан четда қилгин», дер эдилар. Аллоҳ таоло У зотнинг бу борадаги дуоларини қабул қилди.
Саъд ибн Ћишом айтади: «Оиша розияллоҳу анҳонинг олдиларига кирдим ва у кишидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқлари ҳақида сўрадим. Бас, у киши: «Қуръонни ўқимайсанми?» дедилар.
«Ўқийман», дедим.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари Қуръон эди», дедилар.
Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони Карим орқали ахлоқий таълим берганидан намуналар билан танишиб чиқайлик.
Аллоҳ таоло «Аъроф» сурасида У зотга хитоб қилиб: «Кечиримли бўл, яхшиликка буюр ва жоҳиллардан юз ўгир», деган (199 – оят).
Яъни, ўзаро муомала-муносабатда кечиримли бўл, осон йўлни тут. Одамларга нисбатан ўта талабчан бўлма. Қилган хатоларини афв этувчи, кенг бағирли бўл.
Ћақиқатда ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сифатни муборак шахсларида мужассам қилган эдилар. Ул зот ҳақидаги ривоятларда бу ҳақиқат кишини ҳайрон қолдирарли даражадаги ҳолатлар зикр этилган.
«Яхшиликка буюр».
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватлари яхшиликка буюрадиган даъватдир. Ислом динида яхшиликка буюриш ҳар бир мусулмон эр ва муслима аёлга фарз қилингандир.
«Жоҳиллардан юз ўгир».
Жоҳиллик нодонлик, илмсизликдир. Ислом мусулмонларни нодонлик ва нодонлардан, илмсизлик ва илмсизлардан юз ўгиришга, ҳар қачон донолик ва доноларга, илму уламоларга юз тутишга даъват қилади.
Аллоҳ таоло «Наҳл» сурасида У зотга хитоб қилиб: «Албатта, Аллоҳ адолатга, эҳсонга, қариндошларга яхшилик қилишга амр этадир ва фаҳшу мункар ҳамда зулмкорликдан қайтарур. У сизларга ваъз қилур. Шоядки, эсласангиз», деган (90 – оят).
«Муфассирлар шоҳи» лақабини олган Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда у киши:
«Қуръондаги энг жамловчи оят шу оятдир. Эргашиладиган яхшиликни ҳам, четланиши лозим бўлган ёмонликни ҳам жамлаб зикр қилган», деганлар.
Албатта, Аллоҳ: «Адолатга», амр этади.
Аллоҳ буюрган адолат–исломий мутлоқ адолатдир. Бу адолатга кўра, ҳар бир шахс, жамоат ва ҳар бир қавмга одилона муомалада бўлинади. Унда ҳавои нафсга, дўстлик ёки душманликка, насабга, қудачилик ёки қариндошликка, бойлик ёки камбағалликка, кучлилик ёки заифликка қараб муомала қилинмайди. Ћамма учун ўлчов бир.
«Эҳсонга», амр этади.
Эҳсон сўзи яхшилик қилиш маъносини англатади. Исломда эҳсоннинг эшиги кенг очилган. Қатъий адолат юзасидан ҳукм чиққандан сўнг биров яхшилик қилиш ниятида ўз ҳақидан кечиб, бошқага бериши мумкин. Кимки ёр-биродарлари ёки бошқа инсонларга яхшилик қилса, жуда яхши, савоблари кўпайтириб берилади.
«қариндошларга яхшилик қилишга амр этадир».
Бошқаларга яхшилик қилиш ичида, айниқса, қариндошларга яхшилик этиш алоҳида ўрин тутади.Чунки уларнинг ҳам қариндошлик, ҳам инсонлик ҳақлари бор.
«...ва фаҳшу мункар ҳамда зулмкорликдан қайтарадир».
«Фаҳш» сўзининг луғавий маъноси ҳаддан ошишликдир. Лекин урфда кишилар номусига тааллуқли жиноятлар тушунилади.
«Мункар» деганда, инсоннинг соф табиати инкор қиладиган ишлар кўзда тутилади. Буни, албатта, шариат ҳам инкор этади.
«Зулмкорлик» эса, ҳаққа тажовуз қилиш ва адолатни бузишдир.
Шу нарсалар ила: «У сизларга ваъз қилур. Шоядки, эсласангиз».
Дарҳақиқат, булар эслашга арзигулик ваъз-насиҳатдир.
Аллоҳ таоло «Шуро» сурасида: «Шубҳасиз, ким сабр қилиб, кечирса, албатта, бу мардлик ишларидандир», деган (43 – оят).
Бу оят тавозуъ ила иш кўришга даъват. Яна сабр қилишга даъват. Яна кечиримли бўлишга даъват.
Аллоҳ таоло «Моида» сурасида: «Бас, уларни авф эт ва айбларини ўтиб юбор. Албатта, Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севар», деган (13 – оят).
Аллоҳ таоло «Нур» сурасида: «Бас, авф этсинлар, ўтиб юборсинлар. Аллоҳ сизларни мағфират қилишини хуш кўрмайсизларми?! Аллоҳ ўта мағфиратли, ўта раҳмли зотдир», деган (22- оят).
Аллоҳ таоло «Фуссилат» сурасида: «Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сен яхшилик бўлган нарса ила даф қил. Кўрибсанки, сен билан орасида адовати бор кимса, худди содиқ дўстдек бўлур», деган (34 - оят).
Ћар қанча ёмон гап эшитиб, ҳар қанча ёмон муомала кўрсанг ҳам, фақат яхши нарса ила қайтар. Ћеч қачон ёмонлик қилма. Ана ўшанда: «Кўрибсанки, сен билан орасида адовати бор кимса, худди содиқ дўстдек бўлур».
Бу жуда ҳам зарур бир сифатдир. Ћар бир нарсани ёмонлик билан эмас, фақат яхшилик билан қарши олиш даражасига етган шахсгина катта муваффақиятларга эришади.
Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида: «Улар енгилликда ҳам, оғирликда ҳам нафақа қиладиганлар, ғазабини ютадиганлар ва одамларни авф қиладиганлардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни ёқтирадир», деган (134 – оят).
Ғазабини ютиш энг қийин ишлардан ҳисобланади. Ғазаб инсонда турли муносабатлар ила қўзғалиб туради, уни жиловлаб олиш ҳар кишининг ҳам қўлидан келавермайди. Лекин бу оғир ишни тақводор киши эплаши мумкин. Яъни, қалбида тақводорлик мавжуд бўлган инсонгина ғазабдан ғолиб чиқа олади. Исломда ғазабни ютиш улуғ ахлоқлардан ҳисобланади.
Аллоҳ таоло «Ћужурот» сурасида: «Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар. Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар», деган (12 – оят).
Гуноҳга олиб борувчи иллатлардан бири-бадгумонликдир. Бадгумонлик кишилар ҳақида бўлар-бўлмасга ёмон шубҳалар қилиш, уларга нисбатан туҳмат ва ҳадик маъносида фикр юритишдир. Одатда, бундай гумонларнинг кўпи асоссиз, беҳуда бўлади. Шу боисдан ҳам: «...кўп гумонлардан четда бўлинглар», дейиляпти.
Ояти каримада гумондан четланишга амр қилингандан сўнг «Жосуслик қилманглар», деб бу қабиҳ ишдан қайтарилмоқда.
Одатда, жосуслик деб бировга ёмонлик етказиш ниятида айбларини ва заиф жойларини ўзига билдирмай яширинча ахтаришга айтилади. Бу иш ҳам катта гуноҳлардандир. Чин мусулмон кишининг қалби бу каби жирканч одатлардан пок бўлмоғи зарур. Боз устига, бу иш Ислом динининг асосий ғояларидан бири бўлмиш инсоннинг кароматини, ҳурмат, иззати ва обрўйини ҳимоя қилиш масаласига чамбарчас боғлиқдир.
Бадгумонлик жосусликка йўл очгани каби жосуслик ғийбатга йўл очади. Шунинг учун ҳам ояти каримада, «жосуслик қилманг»дан кейин, «Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар», деб уқтирилмоқда.
Аллоҳ таоло «Қалам» сурасида: «Ва албатта, сен улкан хулқдасан», деган (4 - оят).
Бу ояти карима Пайғамбар алайҳиссалом учун катта баҳодур. Аввало, ўтга оятда Аллоҳ у зотга «Роббинг» деб Ўз исми шарифига қўшиб хитоб қилган эди. Энди эса, у кишининг хулқларини улуғлик билан сифатламоқда.
Аввал ҳам таъкидланганидек, Оиша онамиздан у кишининг хулқлари ҳақида сўрашганда, «Хулқлари Қуръон эди», деб жавоб берганлар. Яъни, Муҳаммад алайҳиссалом Қуръондаги олий хулқлар билан хулқланганлар. У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам Қуръондаги барча яхши одоб-ахлоқни ўзларига сингдирганлар.
Умуман одоб, ахлоҳ, яхши хулқга Исломда катта эътибор берилган. Мазкур оят ҳам шулардан биридир.
«Ва албатта, сен улкан хулқдасан», деган хитоб билан Аллоҳ Ўзиниинг маҳбуб Пайғамбарини нақадар чиройли ахлоқ эгаси эканликларини таъкидламоқда.
Хуллас Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари ҳақида ҳар қанча гапирилса оз. Мазкур оятнинг ўзи ҳамма нарсадан устундир.
Пайғамбаримизнинг ўзлари имом Байҳақий келтирган ривоятда: «Мен яхши хулқларни батамом қилиш учун юборилганман», деганлар.
Бошқа бир ҳадисларида эса: «Киши яхши хулқи билан кундузни рўза тутиб, кечасини намоз ўқиб ўтказадиганлар даражасига етади», деганлар.
Имом Аҳмад ибн Ћанбал шундай ривоят қиладилар: «Оишарозияллоҳу анҳо: «Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон на қўл остидаги ходимни ва на хотинни урмаганлар. Жиҳоддан бошқа жойда ҳеч нарсани қўллари билан урмаганлар. Икки ишдан бирини танлайдиган бўлсалар, гуноҳ бўлмаса, албатта осонини танлардилар. Агар гуноҳ иш бўлса, ундан узоқда бўлардилар. Ўзлари учун ҳеч қачон интиқом (ўч) олмаганлар. Агар Аллоҳ ҳаром қилган нарсалар содир қилинсагина, Аллоҳ учун интиқом олганлар», дедилар.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Аллоҳ таоло Ўзи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни барча яхши ахлоқлар билан зийнатлаган ва барча ёмон ахлоқлардан холий қилган.
Ана шундоқ тарзда Аллоҳ таоло Ўзининг бўлажак пайғамбарини ҳамма тарафдан етук бўлишини таминлаб келди.
У зотнинг насаблари ўта пок насаб бўлишини таминлади.
У зотнинг жасадлари ўта пок ва мукаммал жасад бўлишини таминлади.
У зотнинг халқлари бекаму кўст бўлишини таминлади.
У зотнинг хулқлари бекаму кўст бўлишини таминлади.

У ЗОТНИНГ АХЛОҚЛАРИ ЖУМЛАСИ

Баъзи уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари ва сифатлари борасида келган ривоятлардан У зотнинг гўзал ахлоқлари жумласини қисқа иборалар билан ифода қилишга ҳаракат қилганлар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг ҳалими, энг шижоатлиси, энг адолатлиси ва энг иффатлиси бўлганлар. У зот қўллари ўзларига маҳрам ёки никоҳда бўлмаган аёл зотига тегмаган.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг сахийси бўлганлар. У зот ҳузурларида динор ёки дирҳам бўлса ухлашга ётмаганлар. Агар бирор нарса ортиб қолса ва уни бергани одам бўлмаса, ўша нарсадан қутилмагунларича, муҳтож одамга бермагунларича ухламаганлар.
Аллоҳ таоло У зотга берган нарсалардан фақат бир йилга етадиган озуқани олганлар, холос. Унда ҳам муяссар бўлганича хурмоми ёки арпами олганлар ва қолганини Аллоҳ таолонинг йўлида сарлвгвнлар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан нама сўралса, ўшани берар эдилар. Сўнгра бир йиллик озуқаларига қайтар эдилар. Кўпинча йил охиригача бирор нарса келмаса ўзлари муҳтож бўлиб қолар эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ковушлари ва кийимларини ямар ҳамда ўз аҳллари хизматида бўлиб, улар билан бирга гўшт тўрғар эдилар.
У зот одамларнинг энг ҳаёлиси эдилар. Назарлари бировнинг юзига тик боқиш ила собит бўлмас эди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қулнинг ҳам, ҳурнинг ҳам даъватини қабул қилар эдилар.
У зот ҳар қандай ҳадияни, агар у бир хўплам сут ёки қуённинг сони бўлса ҳам қабул қилар эдилар. Унга мукофат берар ёки ер эдилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам садақани емас эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чўри ёки мискинга ижобат қилишдан ўзларини юқори тутмас эдилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Роббилари учун ғазаб қилар, ўзлари учун ғазаб қилмас эдилар.
У зот агар ўзларига ёки саҳобаларига зарар келтирса ҳам, ҳаққа амал қилар эдилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзлари билан бирга кишиларни бир донага зиёда бўлишига муҳтож бўлиб турганларида мушриклар зиддига мушриклардан ёрдам олиш таклиф қилинганда бош тортганлар ва «Мен мушрикдан ёрдам олмайман», деганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг яхши ва фозил саҳобаларидан бирлари яҳудийлар ичида қатл қилинган ҳолда топилганда, улардан талаб қилмай ўликнинг яқинларига ўзлари хунга юзта туя берганлар. Ћолбуки саҳобалари бир дона туяга зор бўлиб турган эдилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам гоҳида очликдан қоринларига тош боғлаб олардилар. Гоҳида борини тановул қилардилар, бор таомни рад қилмас эдилар.
Ћалол таомдан ўзларини тақво учун тортмас эдилар. Нонсиз хурмонинг ўзини топсалар ўшани ер эдилар. Буғдой ёки арпа нон топсалар уни ҳам ер эдилар. Ширинлик ва асал бўлса ҳам тановул қилар эдилар. Сут бўлиб, нон бўлмаса борини тановул қилар эдилар. Қовун ёки зўл хурмони ҳам ер эдилар.
У зот ёнбошлаб ҳам, хонга қўйиб ҳам емаганлар. Вафот этганларича уч кун кетма-кет буғдой нон емаганлар. Бу ишни камбағал ёки бахил бўлганлари учун эмас, бошқаларни ўзларига устун кўрганлари учун қилганлар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам маросимларга борар, беморларни кўрар эдилар. Жанозаларга ҳозир бўлар, душманлар ичида қўриқчисиз ўзлари пиёда юрар эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг тавозулиси, кибрсиз энг сокини, гапни чўзмай энг балоғатли гапирадигани эдилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам топган кийимни кияр эдилар. Гоҳида шамла – белдан пастга тутиб оладиган кийим, гоҳида ямандан келтирилган енги тор яхтак, гоҳида жун чопон кияр эдилар. Мубоҳ бўлган нима топсалар кияверар эдилар.
У зотнинг узуклари кумушдан бўлиб, ўнг ёки чап номсиз бармоқлларига тақиб юрардилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уловларига ходимлари ёки бошқаларни мингаштириб олардилар. Имкони бўлган уловни, гоҳида от, гоҳида туя, гоҳида хичир ёки эшак минар эдилар. Гоҳида ялангоёқ пиёда юрган ҳоллари ҳам бўлган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадийнанинг энг четидаги беморни ҳам кўргани борар эдилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам хушбўй нарсани яхши ва бадбўй нарсани ёмон кўрар эдилар.
У зот камбағаллар билан бирга мажлис қурар ва мискинлар билан бирга овқатланар эдилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли фазл кишиларни ахлоқлари учун икром қилар, шарафли кишиларни улфат тутар ва уларга яхшилик қилар эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қариндошларига уларни афзал кишилардан устун қўймасдан силаи раҳим қилар эдилар.
У зот бирор шахсга жаво қилмас эдилар. Узр атувчининг узрини қабул қилар эдилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақдан бошқани айтмаган ҳолда ҳазиллашар эдилар. Қаҳқаҳа отмасдан кулар эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мубоҳ ўйинни тамоша қилар, уни инеор қилмас эдилар. Аҳллари билан мусобақа қилардилар. Олдиларида овозлар баланд кўтарилса, сабр қилардилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг урғочи туя ва совлуқлари бўлиб, ўзлари ва аҳллари уларнинг сутини ичар эдилар.
У зотнинг қул ва чўрилари бўлиб, емиш ва кийишда ўзларини улардан юқори қўймас эдилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вақтларини Аллоҳ таоло учун бўлган амалдан ва ўзлари учун керак бўлган ишдан бошқага сарфламас эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларининг боғларига чиқар, мискинни камбағаллиги учун ҳақир санамас эдилар. Шунингдек, маликдан мулк учун ҳайиқмас эдилар. Унисини ҳам, бунисини ҳам баробар Аллоҳ таолога даъват қилар эдилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таоло фозил сийрат ва тугал сиёсатни берган эди.
У зот жаҳолат ва фақирлик юртида, онадан қандай туғилган бўлсалар шундай ҳолда ўқиш – ёзишни ўрганмай, отасиз, онасиз ўсган эдилар.
Бас, Аллоҳ таоло У зотга барча гўзал ахлоқларни, мақталган йўлларни ва аввалги ҳамда охиргиларнинг хабарларини таълим берди. Охиратдаги нажот йўилини, бу дунёдаги ютиқ йўлини ўргатди. Аллоҳ таоло барчамизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилишни, У зотдан ўрнак олишни насиб этсин! Омийн!»
Шу жойга келганда Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳамма тарафдан етукликларига оид баъзи ривоятларни батафсил ўрганиб чиқишимиз мақсадга мувофиқдир.

У ЗОТ АЛАЙЋИССАЛОМНИНГ ЖИСМИ ШАРИФЛАРИНИНГ ВАСФИ

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қавмнинг ичида ўрта бўйли; новча ҳам эмас, пакана ҳам эмас, тиниқ рангли; ўта оппоқ ҳам эмас, ўта буғдой ранг ҳам эмас, (сочлари) ўта жингалак ҳам эмас, ўта юмшоқ ҳам эмас эдилар.
Қирқ ёшларида у зотга (ваҳий) нозил этилди. Бас, Маккада ўн йил (ваҳий) нозил бўлиб турдилар. Мадинада ўн йил. У зот қабз қилинганларида соч ва соқолларида йигирмата ҳам оқ тола йўқ эди».
Анас розияллоҳу анҳунинг гапларига биноан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга йигирма йил ваҳий тушганга ўхшаб кўринади. Аслида эса йигирма уч йил. Бу ерда сўз пайғамбарликни одамларга етказиш ҳақида кетмоқда. Ана ўша таклиф Аллоҳ таоло томонидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга биринчи ваҳий тушган вақтдан уч йил сўнг У зот қирқ уч ёшга тўлганларида бўлган экан. Биринчи уч йилдаги даъват сирли равишда бўлган.
Демак, Ћазрати Анас розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга биринчи ваҳий тушган вақтидан вафотларигача бўлган муддатни эмас, балки, пайғамбарлик таклифларини одамларга етказиш ҳақидаги амрдан вафотларигача бўлган муддатни қайд қилганлар.
Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрта бўйли, елкалари кенг, сочлари кўп бўлиб елкаларига тушиб турадиган киши эдилар. Устиларида қизил рангли кийим бўларди. Ћеч қачон у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан гўзалроқ ҳеч нарсани кўрмаганман».
Иккисини икки шайх ва Термизий ривоят қилган.
Баро розияллоҳу анҳу васф қилаётган қизил рангли кийимни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам доимий киймаганлар. Кўпроқ оқ рангли кийим кийганлари маълум. Мазкур қилзил рангли кийимнинг бошқа рангдаги ҳошияси бўлган.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг ичида юзи энг гўзали, хулқи энг гўзали, роса новча ҳам, пакана ҳам эмас эдилар».
Икки шайх ривоят қилган.
Баро розияллоҳу анҳудан: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари қиличга ўхшармиди?» деб сўралди. У киши: «Йўқ. Тўлин ойга ўхшар эди», деди».
Бухорий ва Термизий ривоят қилган.
Абу Туфайл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрганман. Ер юзида мендан бошқа у зотни кўрган одам йўқ», деди. Унга: «У зотни кўрганингда қандоқ эдилар?» дейилди.
«Хушрўй оқ, мўътадил қоматли эдилар», деди у».
Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган. Унинг бир лафзида: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим. У зот хушрўй оқ бўлиб, худди пастликка тушаётганга ўхшаб юрар эдилар», дейилган».
Абу Туфайл розияллоҳу анҳунинг, ер юзида мендан бошқа у зотни кўрган одам йўқ», деганларининг ўз маъноси бор. Мана шу гапни айтаётган пайтларида саҳобаи киромлардан тирик қолган шахс фақат шу киши эди. Абу Туфайл розияллоҳу анҳу юзинчи ҳижрий санада вафот этганлар.
Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизлари кенг, кўзлари кенг ва товонларининг гўшти оз эди».
Муслим ва Термизий ривоят қилган.
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам новча ҳам эмас, пакана ҳам эмас, қўл оёқлари катта, бошлари, катта бошлардек катта, кўкрак жунлари узун эдилар. Юрганларида салобат билан худди баландликдан тушаётгандек бўлиб юрар эдилар. У зот олдин ҳам, кейин ҳам у кишига ўхшашини кўрмадим».
Али розияллоҳу анҳу қачон Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни васф қилса: «Жуда новча ҳам, жуда пакана ҳам эмасдилар. Қавм ичида ўртача эдилар. (Сочлари) ўта жингалак ҳам, ўта юмшоқ ҳам эмас эди. Баданларида ҳам, юзларида ҳам гўштлари кўп эмас эди. Думалоқ юзли эдилар. Ранглари қизғиш оқ эди. Юрсалар пастликка тушиб кетаётгандек юрар эдилар. Бурилиб қарамоқчи бўлсалар, бутун жисмлари билан бурилар эдилар.
Икки кураклари орасида муҳри нубувват бор эди. У пайғамбарларнинг муҳридир.
Одамларнинг энг қўли очиғи, энг кўнгли очиғи эдилар.
Одамларнинг энг ростгўйи, энг ювоши, энг муомаласи осони эдилар.
Биринчи бор кўрган одам у зотдан ҳайиқар эди. У зотга аралашиб, танишган одам муҳаббат қилиб қолар эди. У зотни васф қилувчи, у зот олдин ҳам, кейин ҳам у кишига ўхшашини кўрмадим», дер эди».
Абу Ћурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юришларидан кўра гўзалроқ нарсани кўрмаганман. Худди ер у зотга ўралиб келаётганга ўхшар эди. Биз эса ўзимизни қийнаб юрамиз. У зот эса бемалол юрардилар».
Ушбу учовини Термизий ривоят қилган.

ПАЙҒАМБАР СОЛЛАЛЛОЋУ АЛАЙЋИ ВАСАЛЛАМНИНГ СОЧЛАРИ

Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Анасга: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочлари қандоқ эди?» дедим.
«Сочлари тўлқин сифат; жуда жингалак ҳам, жуда юмшоқ ҳам эмас эди. Икки қулоқлари билан елкалари ўртасида турарди», деди».
Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочлари елкаларига уриб турарди».
Бошқа бир ривоятда:
«Қулоқларининг яримига»
Яна бошқа бир ривоятда: «Икки қулоқларининг юмшоқ ерига», дейилган.
Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Бундан баъзи вақтларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сочлари янги олдирган ва ўсган пайти эътиборидан қулоқларининг уст қисмида, баъзи вақтда қулоқларининг юмшоқ жойига бробар ва баъзида елкаларига тегиб турадиган ҳолатлар бўлгани келиб чиқади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Аҳли китоблар сочларини тушириб юришар эдилар. Мушриклар эса бошларидан фарқ очар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига амр қилинмаган нарсада аҳли китобларга мувофиқ иш қилишни яхши кўрар эдилар. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пешона сочларини тушириб юрдилар. Сўнгра, кейинроқ фарқ очдилар».
Учовлари ривоят қилган.
Ўша пайтда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонлар бутпараст мушриклар ва аввал самовий китобга эга бўлган яҳудий ва насронийлар билан алоқада бўлар эдилар. Баъзи ишларда мазкур икки томондан бирини танлаш зарурати туғилиб қолар эди. Шунда мусулмонлар доимо аҳли китоблар томонини олар эдилар. Мисол учун Рум ва Форс давлатлари уруш қилсалар аҳли китоб бўлгани учун мусулмонлар Румликларнинг тарафини олар эдилар. Чунки Ислом ҳам ўша аҳли китоблар ишининг охирги ва мукаммал нуқтаси эди. Ўша вақтдаги аҳли китоблар динлари ва илоҳий китобларини бузган бўлсалар ҳам мусулмонларга мушриклардан кўра яқинроқ эдилар. Шунинг учун ҳам,
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига амр қилинмаган нарсада аҳли китобларга мувофиқ иш қилишни яхши кўрар эдилар».
Албатта, Аллоҳдан амр келган ишларда бошқаларнинг қилмишига ҳеч қандай эътибор йўқ. Аммо баъзи ишларда Аллоҳнинг амри йўқ бўлса, худди ўша ишни мушриклар бир хил, аҳли китоблар бошқа хил қиладиган бўлсалар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли китобларнинг услубини танлар эдилар. Жумладан, сочни тарашда,
«Аҳли китоблар сочларини тушириб юришар эдилар».
Яъни, аҳли китоблар пешоналаридан фарқ очмай сочларини олдинга тушириб юрар эдилар.
«Мушриклар эса бошларидан фарқ очар эдилар».
Яъни, пешонадан фарқ очиб сочни икки ён томонга тараш мушрикларнинг иши эди.
Бу масалада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга амр ҳам келмаган эди.
«Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пешона сочларини тушириб юрдилар».
Бу билан аҳли китобларга мувофиқ иш тутиб, мушрикларга хилоф қилдилар. Вақти соати етиб у зотга Аллоҳ таолонинг амри келганда эса,
«Сўнгра, кейинроқ фарқ очдилар».
Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочларини ювиб, сўнг фарқ очиб тараб қўйишлари ҳақида бир неча ривоятлар келган.
Жобир ибн Самурата розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошларининг олд қисми ва соқоллари мошгуруч эди. Мойлаган пайтларида билинмас қолар эди. Бошлари тўзиб турганда билинар эди. У зотнинг соқоллари қалин эди».
Бир киши:
«Юзлари қилич мисоли эдими?» деди.
«Йўқ. Қуёш ва ой мисоли эди. Думалоқ эди», деди у».
Муслим ривоят қилган.

ПАЙҒАМБАР АЛАЙЋИССАЛОМ ЋИДЛАРИНИНГ ХУШБЎЙЛИГИ

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидларидан кўра хушбўйроқ нарсани; анбарни ҳам, мискни ҳам ва бошқа нарсани ҳидлаган эмасман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра юмшоқроқ нарсани; дебожни ҳам, ипакни ҳам ва бошқа нарсани ушлаган эмасман».
Тўртовлари ривоят қилган.
Демак Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидлари дунёдаги барча нарсадан хушбўй бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юмшоқликлари дунёдаги барча нарсадан юмшоқ бўлган.
Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаво исиган пайтда Батҳога чиқдилар ва таҳорат қилиб намоз ўқидилар. Сўнгра одамлар туриб у зотнинг қўлларини ушлаб юзларига сурта бошладилар. Мен ҳам у зотнинг қўлларини тутиб юзимга босдим. Қўллари муздан ҳам совуқ ва ҳидлари мискдан хушбўй эди».
Бухорий ривоят қилган.
Жобир ибн Самурата розияллоҳу анҳу айтадилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Пешин намозини ўқидим. Сўнгра у зот ўз аҳлларига чиқдилар. Мен ҳам бирга чиқдим. У зотнинг болачалар қаршилаб чиқдилар. Бас, у зот бирма-бир уларнинг юзларини силай бошладилар. Менинг ҳам юзимни силадилар. Қўлларида совуқликни ва атторнинг халтасидан чиқарган қўлида бўладиган хушбўйликни топдим».
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизникига кириб кундузги уйқуга ётдилар. У зот терлай бошладилар. Шунда онам бир идиш олиб келиб терни қўли билан сидириб унга тўплай бошлади. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйғониб: «Эй, Умму Сулайм, нима қилмоқдасан?» дедилар.
«Бу сизнинг терингиз. Биз уни ўз хушбўйимизга қўшамиз. У энг яхши хушбўйдир», деди».
Иккисини Муслим ривоят қилган.

ПАЙҒАМБАР СОЛЛАЛЛОЋУ АЛАЙЋИ ВАСАЛЛАМНИНГ КАЛОМЛАРИ

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят. У киши: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гапни сизларга ўхшаб шошилиб гапирмас эдилар», дедилар».
Икки шайх ва Термизий ривоят қилган. Термизий: «Лекин у зот гапни бўлиб-бўлиб гапирар эдилар. Олдиларида ўтирган одам илиб олар эди»ни зиёда қилган.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам гапни шуноқ гапирар эдиларки, агар сановчи санаса, санаб улгурарди».
Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилган.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг каломлари муфассал калом эди. Уни эшитган ҳар бир шахс фаҳмлар эди».
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг каломларида дона-доналик ва шошилмаслик бор эди».
Абу Довуд Адабда ривоят қилган.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тушунарли бўлиши учун сўзни уч марта такрорлар эдилар».
Термизий, Бухорий ва Аҳмад ривоят қилган.
Албатта, бундоқ такрорлаш зарур бўлганда, аҳамиятли нарсаларда бўлган.

ПАЙҒАМБАР СОЛЛАЛЛОЋУ АЛАЙЋИ ВАСАЛЛАМНИНГ КУЛГУЛАРИ

Жобир ибн Самурата розияллоҳу анҳуга: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мажлисларида ўтирар эдингми?» дейилди.
«Ћа. Кўпинча у зот Бамдод намозини ўқиган жойларидан қуёш чиққунча турмас эдилар. Қачон у чиқса турар эдилар. Гаплашиб ўтиришар эдилар. Жоҳилият ишлари ҳақидаги гапдан олишарди. Кулар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса табассум қилар эдилар», деди».
Муслим ривоят қилган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жимликлари узун, кулгулари оз зот эдилар».
Имом Аҳмад ривоят қилган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки болдирларида озғинлик бор эди. Кулгулари фақат табассумдан иборат эди. Агар у зотга назар солсанг, кўзларига сурма суртилганми? дер эдинг. Ћолбуки, сурма бўлмасди».
Яъни, кирпикларининг қора ва қалинлигидан сурма суртиб олганга ўхшаб кўринар эди.
Абдуллоҳ ибн ал-Ћорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра кўпроқ табассум қиладиган бирор кишини кўрмадим».
Иккисини Термизий ривоят қилган.

ПАЙҒАМБАР СОЛЛАЛЛОЋУ АЛАЙЋИ ВАСАЛЛАМНИНГ УЙҚУЛАРИ

Анас розияллоҳу анҳу бизга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни Каъба масжидидан исро қилдилиганлари ҳақида гапириб: «У зотга ваҳий қилинишидан олдин уч нафар келди. У зот Масжидул Ћаромда ухлаб ётар эдилар. Бас уларнинг аввалгиси: «У, буларнинг қайси бири?» деди. Ўрталари:
«У, буларнинг энг яхшисидир», деди. Охиргилари:
«Буларнинг энг яхшисини олингиз», деди.
Ўшанда бир марта бўлган эди. Кейин у зот уларни то бошқа бир кечада, қалблари кўрадиган бўлгунларича кўрмадилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзлари ухлар эди. Қалблари ухламас эди. Шунингдек, барча пайғамбарларнинг кўзлари ухлайди-ю қалблари ухламайди. Бас, У зотни Жаброил олиб, сўнгра осмонга бирга олиб чиқиб кетди», деди».
Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлишларидан олдин Масжидул Ћаромда амакилари Ћамза ибн Абдулмутталиб ва бошқа бир амакиларининг ўғли Жаъфар ибн Абу Толиб билан ухлаб ётар эдилар. Шунда уч нафар фаришта; Жаброил, Микоил ва Исрофил алайҳиссаломлар келдилар. Шунда Жаброил алайҳиссалом:
«У буларнинг қайси бири?» деди».
Яъни, Муҳаммад бу ухлаб ётганларнинг қайси бири? Бу саволга Микоил алайҳиссалом:
«У буларнинг энг яхшисидир», деб жавоб бердилар.
Жавобни эшитгандан кейин Исрофил алайҳиссалом:
«Буларнинг энг яхшисини олингиз», деди».
Бундан Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлишларидан аввал ухлаб ётганларида ҳузурларига фаришталар келганини билмаганлари чиқади.
Аммо у зотга ваҳий тушганидан кейин исро кечасида Жаброил алайҳиссалом келганларида билганлар. Чунки,
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзлари ухлар эди. Қалблари ухламас эди. Шунингдек, барча пайғамбарларнинг кўзлари ухлайди-ю қалблари ухламайди».
Улар ўзларига ҳар лаҳзада келиб қолиши мумкин бўлган ваҳийни қабул қилиб олишга доим тайёр туришлари керак.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Эй, Аллоҳнинг Расули, Витр ўқишдан олдин ухлайсизми?» дедим.
«Кўзим ухлайди. Қалбим ухламайди», дедилар у зот».
Иккисини икки шайх ривоят қилган.

ПАЙҒАМБАР СОЛЛАЛЛОЋУ АЛАЙЋИ ВАСАЛЛАМНИНГ АХЛОҚЛАРИ ЋАҚИДА

Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мастура қиздан ҳам ҳаёлироқ эдилар. Қачон бир нарсани ёқтирмасалар юзларидан билар эдик».
Бошқа бир ривоятда: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам фаҳшчи эмас ва фаҳшни қилмас ҳам эдилар. У зот сизларнинг яхшиларингиз, ахлоқи яхшиларингиздир», деганлар». Иккисини икки шайх ривоят қилган.
Бошқа бир ривоятда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хулқ жиҳатидан одамларнинг энг яхшиси эдилар», дейилган.
Фаҳш сўзи қабиҳ гапни айтишга ишлатилади. Фаҳшчи деганда табиатида қабиҳ гапларни айтиш бор киши кўзда тутилади. Фаҳш қилиш деганда эса табиатида бўлмаса ўзини мажбур қилиб қабиҳ сўзларни айтиш кўзда тутилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг табиатларида аслида қабиҳ сўз айтиш бўлмаган, шу билан бирга У зот ўзларини мажбур қилиб ҳам қабиҳ сўзлар айтмаганлар.
Бухорий ва Термизийнинг ривоятида: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон бирор таомни айбламаганлар. Агар иштҳалари тортса ер эдилар, бўлмаса тарк қилар эдилар», дейилган.
Ато розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ман Абдуллоҳ ибн Амрга: «Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Тавротдаги сифатларининг хабарини бер», дедим.
«Хўп! Аллоҳга қасамки, у зот Тавротда ўзларининг Қуръондаги баъзи сифатлари ила васф қилингандирлар.
Эй, Набий, албатта, Биз сени гувоҳ, хушхабар берувчи, огоҳлантирувчи ва уммийларга ҳимоя қўрғони қилиб юбордик. Сен бандам ва Расулимдирсан. Сени Мутаваккил деб номладим. Бадхулқ ҳам, қўпол ҳам, бозорларда шовқин солувчи ҳам эмассан. У ёмонликни ёмонлик ила қайтармас, лекин афв қилур, кечирур. Аллоҳ у ила қинғир миллатни, лаа илаҳа иллаллаҳу, дейишлари, у ила кўр кўзларни, кар қулоқларни ва берк қалбларни очиши ила тўғриламагунча Уни қабз қилмас».
Бухорий ривоят қилган.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор нарсани сўралганда ҳеч қачон йўқ деган эмаслар».
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан икки тоғ ораси тўлган қўйларни сўради. Бас, унга ўшаларни бердилар. У ўз қавми ҳузурига бориб:
«Эй, қавмим, мусулмон бўлинглар! Аллоҳга қасамки, Муҳаммад кўп ато берар экан. Фақирликдан қўрқмас экан», деди».
Анас: «Киши фақат дунё учун мусулмон бўлмайди. Балки дунё ва ундаги барча нарсалардан кўра Ислом унга маҳбуброқ бўлгандагина мусулмон бўлади», деди».
Бу ривоятда ўз қавмини мусулмон бўлишга чорлаётган одам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан қўй олгани учун эмас, у зотнинг камбағалликдан қўрқмай шунча қўйни бир одамга бериб юборганликларини пайғамбарлик мўъжизаси билиб мусулмон бўлган эди.
Сафвон ибн Умайя розияллоҳу анҳу айтади: «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ћунайнда менга атони берганларича бердилар. Олдин у зот мен учун одамларнинг энг ёмони эдилар. Ато беравериб, мен учун одамларнинг энг маҳбуби бўлиб қолдилар».
Ушбу учовини Муслим ривоят қилган.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг гўзали, одамларнинг энг сахийси, одамларнинг энг шижоатлиси эдилар. Бир кеча аҳли Мадина қаттиқ даҳшатга тушдилар. Одамлар овоз чиққан томон юра бошладилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдидан чиқдилар. Ўша томондан қайтиб келаётган эканлар. У зот улардан олдин овоз чиққан томонга борган эканлар. У зот Абу Толҳанинг эгарсиз отини миниб, бўйниларига қилич осиб олган эканлар. У зот:
«Қўрқманглар! Қўрқманглар!» дедилар».
Икки шайх ривоят қилган.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида Абу Толҳа менинг қўлимдан ушлаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб борди ва: «Эй, Аллоҳнинг Расули, албатта, Анас жуда хушёр бола, сизга хизмат қилсин», деди.
Бас, у зотга сафарда ҳам, ҳозирда ҳам ўн йил хизмат қилдим. Аллоҳга қасамки, қилган нарсамни, нима учун буни қилдинг, демадилар. Қилмаган нарсамни, нима учун буни қилмадинг, демадилар».
Тўртовлари ривоят қилган.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг яхши хулқлиси эдилар. Бир куни мени бир ҳожат учун юбордилар. Мен:
«Аллоҳга қасамки, бормайман», дедим. Ичимда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амр қилган нарса учун бораман, дедим-да чиқдим. Бозорда ўйнаётган болалар олдиндан ўтаётиб туриб қолибман. Бир вақт, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орқамдан бўйнимни тутиб турибдилар. Мен У зотга назар солдим. У зот:
«Эй, Унайс, мен амр қилган жойга бордингми?» дедилар. Мен:
«Ћа! Мен бораман. Эй, Аллоҳнинг Расули», дедим ва юриб кетдим».
Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра аҳли аёлга меҳрибонроқ бирортани кўрмадим. Иброҳим Мадинанинг четида эмизилар эди. У зот ўша томон борардилар. Биз ҳам у зот билан борардик. У зот уйга кирганларида тутунга тўлган бўларди. Чунки унинг эмизукли отаси темирчи эди. Бас, у зот уни олиб, ўпиб яна қайтариб берар эдилар. Иброҳим вафот этганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Иброҳим ўғлимдир. У кўкракдалигида ўлди. Албатта, жаннатда икки эмизувчи унинг эмизишни камолига етказурлар», дедилар».
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Батаҳқиқ, Иброҳимни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида жон таслим қилаётганида кўрдим. У зотнинг икки кўзларидан ёш оқди ва: «Кўз ёш тўкур. Қалб маҳзун бўлур. Роббимиз рози бўладиган нарсадан бошқани айтмасмиз. Аллоҳга қасамки, Эй, Иброҳим, биз сенинг учун маҳзунмиз», дедилар».
Иккисини тўртовлари ривоят қилган.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Анжаша исмли хушовоз сарбонлари бор эди. У завжаи мутоҳҳаралар бор туяларни етаклаб кетмоқда эди. Бас, у зот унга:
«Эй, Анжаша, оҳиста юр. Биллурларни синдириб қўйма», дедилар».
Икки шайх ривоят қилган.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бамдод намозини ўқиганларидан кейин, Мадинанинг хизматкорлари сувли идишларини олиб келар эдилар. Қайси идиш келтирилса, у зот унга қўлларини солар эдилар. Баъзида совуқ тонгда ҳам келишарди. У зот қўлларини солардилар».
Одамлар табаррук учун ўз идишларидаги сувга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўлларини солиб беришларини сўрар эдилар.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Батаҳқиқ, сартарош Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочларини олаётганини кўрдим. Саҳобалари у зотни ўраб олишган эди. Бирор соч донаси тушса ҳам бирор кишининг қўлига тушишини хоҳлар эдилар».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазллари улуғлигидан саҳобаи киромлар табарруклиги учун сочларини ҳам ерга туширмай бўлиб олишар эдилар.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Ақли бир оз бундоқроқ аёл:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, сизда ҳожатим бор», деди.
«Эй, Умму Фулон, қайси кўчадан юрасан? Сенинг ҳожатингни равон қилай», дедилар у зот. Сўнгра у билан ҳожати чиққунча йўлда юриб кетдилар».
Ушбу учовини Муслим ривоят қилган.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ишдан бирини ихтиёр қиладиган бўлсалару улардан бири бошқасидан енгилроқ бўлса, агар гуноҳ бўлмаса, албатта, енгилини ихтиёр қилар эдилар. Агар гуноҳ бўлса, ундан энг узоқдаги одам бўлар эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари учун интиқом олган эмаслар. Илло Аллоҳ азза ва жалланинг ҳурумоти поймол қилинсагина олардилар».
Учовлари ривоят қилган.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўллари билан ҳеч нарсани; аёлни ҳам, ходимни ҳам урмаганлар. Илло Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилганларидагина урганлар. У зотга бирор нарса етган бўлса унинг соҳибидан интиқом олмаганлар. Илло Аллоҳ ҳаром қилган нарсалар поймол қилинсагина Аллоҳ азза ва жалла учунгина интиқом олганлар».
Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ишни қилиб, унда енгилликка рухсат бердилар. Бу у зотнинг саҳобаларидан баъзи кишиларга етганда, уларга ёқмади ва ундан ўзларини олиб қочдилар. Ўши иш у зотга етганда хутба қилдилар:
«Кишиларга нима бўлдики, уларга мен енгиллика рухсат берган иш етганда уни ёқтирмай, ўзларини олиб қочурлар?! Аллоҳга қасамки, алатта, мен уларнинг ичида Аллоҳни энг кўп билувчилариман ва у зотдан энг кўп қўрқувчилариман», дедилар».
Муслим ривоят қилган.

У ЗОТ АЛАЙЋИССАЛОМНИНГ УММАТГА ШАФҚАТЛАРИ

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Батаҳқиқ, сизларга ўзингиздан бўлган, сизнинг машаққат чекишингиз Унинг учун оғир бўлган, сизнинг (саодатга етишингизга) ташна, мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган Пайғамбар келди».
Ояти каримада Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг асосий сифатларидан бир нечаси зикр қилинмоқда. Дунё тарихида У зот алайҳиссаломдек кишиларга марҳаматли, меҳрибон инсон бўлган эмас.
Абу Ћурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ћар бир Набийнинг қабулида шак йўқ дуоси бўлади. Барча Набийлар ўз дуосини қилиб бўлди. Мен ўз дуоимни қиёмат куни умматимга шафоат бўлиши учун беркитиб қўйганман. У менинг умматимдан Аллоҳга ҳеч нарсани ширк қилмай ўлганларга, албатта, етгувчидир», дедилар».
Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу дан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ азза ва жалланинг Иброҳим ҳақидаги «Эй, Роббим, албатта, у(санам)лар одамлардан кўпини адаштирдилар. Бас, ким менга эргашса, у мендандир. Ким менга осий бўлса, албатта, Ўзинг мағфират қилгувчи ва раҳмлисан», деган қавлини тиловат қилдилар.
Ийсо алайҳиссалом, «Агар уларни азоблайдиган бўлсанг, бас, албатта, улар Сенинг бандаларинг. Агар уларни мағфират қиладиган бўлсанг, бас, албатта, Сенинг Ўзинг азиз-ғолиб ва ҳикматли зотсан», деган эдилар.
Бас, у зот икки қўлларини кўтариб туриб: «Эй, бор Худоё! Умматим! Умматим!» дедилар ва йиғладилар. Шунда Аллоҳ азза ва жалла:
«Эй, Жаброил, Муҳаммаднинг ҳузурига бор. Роббинг биладику, ундан сени не йиғлатур, деб сўра», деди.
Жаброил алайҳиссалом келиб у ҳақда сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига айтган нарсаларининг хабарини бердилар. Ћолбуки, унинг ўзи ҳам билар эди. Шунда Аллоҳ:
«Эй, Жаброил, Муҳаммаднинг ҳузурига бор ва: «Албатта, Биз сени умматинг ҳақида рози қилурмиз, сенга ёмонлик қилмасмиз», деб айт», деди».
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло Ўз бандаларидан бир умматнинг раҳматини ирода қилса ўшанинг набийсини ўзидан аввал қабз қилур. Бас, уни (умматига) фарат ва ундан олдинги қарз қилур. Қачон бир умматнинг азобини ирода қилса ўшани набийси тирик турганда азоблар, ҳалок қилур. У назар солиб туриб, (умматнинг) ҳалокатига кўзи қувонур. Чунки улар уни ёлғончига чиқарган ва ишига исён қилган эдилар», дедилар».
Иккисини Муслим Китобул иймонда ривоят қилган.
Аллоҳ таоло Ўзи мана шундоқ баркамол сифатларга соҳиб қилган бандаси Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни Ўзининг охирги пайғамбари қилиб танлаб олди. Ўша пайтдаги жаҳолат ботқоғига ботган, ғафлат уйқусида қотган инсониятни тўғри йўлга бошлаш учун, уларга охирги ва мукаммал шариатнинг амалларини аввал ўзи қилиб кўрсатиш учун, барчага шахсий ўрнак бўлиш учун худди шу баркамол сифатлар ила сифатланган инсони комил керак эди. Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ана ўша талабларнинг барчасига тўла қонли жавоб берадиган зот эдилар.

У ЗОТ АЛАЙЋИССАЛОМНИНГ САХОВАТЛАРИ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам энг саховатли зот эдилар. У зотнинг саховати олдида бошқа саховатлар ип эша олмас эди.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг яхшиси, одамларнинг энг сахийси ва одамларнинг энг шижоатлиси эдилар».
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор нарса сўралганда ҳеч ҳам «йўқ» демаганлар». Икки шайх ривоят қилган.
Абу Ћурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сахий Аллоҳга яқиндир, жаннатга яқиндир, одамларга яқиндир ва дўзахдан узоқдир. Бахил Аллоҳдан узоқдир, жаннатдан узоқдир, одамлардан узоқдир ва дўзахга яқиндир. Албатта, сахий жоҳил, бахил обиддан кўра Аллоҳ азза ва жаллага маҳбубдир», дедилар». Термизий, Байҳақий ва Тобароний ривоят қилган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшилик қилишда одамларнинг энг сахийси эдилар. У зотнинг энг сахий бўлганлари эса, Рамазонда, Жиброил мулоқотларига келганда бўлар эди. Жаброил алайҳиссалом Рамазон тамом бўлгунча ҳар кеча У зотнинг мулоқотларига келар эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга Қуръонни арз қилар (ўқиб берар) эдилар».
Бошқа бир ривоятда: «Бас, у билан Қуръон ўқишар эди. Бас, қачон У зотга Жиброил алайҳиссалом мулоқот қилса эсган шамолдан ҳам сахийроқ бўлиб кетар эдилар»-дейилган. Икки Шайх ривоят қилга.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ хушҳолдир, хушҳолликни суядир, озодадир, озодаликни суядир, карамлидир карамни суядир, сахийдир сахийликни суядир. Бас, ҳовлиларингизни озода тутинг! Яҳудийларга ўхшаманг!» дедилар». Термизий ривоят қилган.
Имом Байҳақий ва Абу Яълолар Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилаган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизларга сахийлар сахийсини хабарини берайми? Сахийларнинг сахийси-Аллоҳдир. Мен-одам боласининг энг сахийсиман. Мендан кейин, сиздан энг сахийингиз, илм ўрганиб, илмини таратган одамдир. У қиёмат куни ёлғиз ўзи бир уммат бўлган ҳолида тирилтирилади. Ва жонини Аллоҳнинг йўлида сахийлик билан тутган кишидир», деганлар.

У ЗОТ АЛАЙЋИССАЛОМНИНГ ШИЖОАТЛАРИ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа барча яхши инсоний сифатлардаги каби шижоатда ҳам барчага ўрнак эдилар. Бу ҳақиқатни анлаб етиш учун иккитагина ривоят билан танишиб чиқишнинг ўз етарли.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг гўзали, одамларнинг энг сахийси, одамларнинг энг шижоатлиси эдилар. Бир кеча аҳли Мадина қаттиқ даҳшатга тушдилар. Одамлар овоз чиққан томон юра бошладилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдидан чиқдилар. Ўша томондан қайтиб келаётган эканлар. У зот улардан олдин овоз чиққан томонга борган эканлар. У зот Абу Толҳанинг эгарсиз отини миниб, бўйниларига қилич осиб олган эканлар. У зот: «Қўрқманглар! Қўрқманглар!» дедилар». Икки шайх ривоят қилган.
Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Ћунайнда ҳозир бўлдим. Мен ва Абу Суфён ибн Ћорис ибн Абдулмуттолиб иккимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни лозим тутдик. У зотда ажрамадик. У зот ўзларининг оқ хачирларига миниб олган эдилар. Уни у зотга Фарва ибн Нуфоса ал-Жузомий ҳадия қилган эди. Мусулмонлар билан кофирлар тўқнашган пайтда мусулмонлар ортга қараб қоча бошладилар. Бас, Р-м. тинмай хачирларини кофирлар томонга ниқтар эдилар. Мен унинг юганидан тутиб олиб тезлаб кетмаслиги учун ортга тортар эдим. Абу Суфён бўлса унинг эгаридан тутиб олган эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй Аббос! Самура асҳобларига нидо қил!» дедилар.
Мен бор овозим билан:
«Самура асҳоблари қаерда?!» деб бақирдим.
Аллоҳга қасамки, улар менинг овозимни эшитишлари билан худди сигир ўз болалари маърашига жавоб бергандек:
«Яаа, лаббайка! Яаа, лаббайка!» дедилар.
Улар кофирларга қарши қаттиқ жанг қилдилар. Сўнгра Ансорийларга: «Эй ансорлар жамоаси! Эй ансорлар жамоаси!» деб даъват қилинди.
Сўнгра Бани Ћорис ибн Хазражга хос қилиб: «Эй Бани Ћорис! Эй Бани Ћорис!» деб даъват қилинди.
Р-м. ўз хачирлари устида уларнинг жанг қилишларига назар солдилар-да: «Энди уруш қизиди», дедилар.
Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам майда тошлари олиб кофирларнинг юзига қаратиб отдилар-да, кейин: «Енгилдилар! Муҳаммаднинг Роббисига қасам!» дедилар.
Мен атрофга назар сола бошладим. Қарасам, жанг ўз ҳолича давом этмоқда. Аллоҳга қасамки, у зот ўз тошларини уларга отишлари билан уларнинг кучлари заифлашганини, ишлари ортга кетганини кўра бошладим».
Бошқа бир ривоятда қуйидагилар айтилган: «У зот уларга бир сиқим тупроқни отдилар ва «шоҳатил вужуҳ!»-юзлар қабиҳ бўлди-дедилар. Улардан бирорта одам қолмай ҳаммасининг икки кўзи тўлди. Улар ортларига қараб қочдилар ва енгилдилар. Уларнинг ўлжалари мусулмонлар орасида тақсим қилинди».
Бухорийнинг лафзи қуйидагича: «Ћунайн куни бўлганда Ћавазон тўқнашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўн минг киши ва тулақо-қўйиб юборилганлар бор эди. Улар ортга қараб қочдилар. Шунда у зот:
«Эй Ансорийлар жамоаси!» дедилар.
«Лаббайка, эй Аллоҳнинг Расули ва саъдайка! Лаббайка! Биз сизнинг қаршингиздамиз!» дейишди.
Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (уловдан) тушдилар ва:
«Мен Аллоҳнинг бандаси ва Расулиман!» дедилар.
Бас, мушриклар енгилдилар. У зот (ўлжадан) тулақоларга ва муҳожирларга бердилар. Ансорларга ҳеч нарса бермадилар. Улар бу ҳақида гап-сўз қилдилар. Шунда Р-м. уларни чақириб қуббанинг ичига киритдилар ва:
«Одамлар қўй ва туяни олиб қайтганларида сизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни олиб қайтшга рози бўлмайсизларми?! Агар одамлар водийдан юрсалару Ансорийлар дарадан юрсалар, албатта, мен Ансорийларнинг дарасини ихтиёр қилган бўлар эдим», дедилар».
Бошқа ривоятда қуйидагиларни зиёда қилган:
«Қачон жанг қизиса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ҳимояланар эдик. Бизнинг ичимизда у зотга тақлид қилган шижоатли эди».
Икки шайх ривоят қилган.
Ривоятнинг охирида келган маънога эътибор берайлик.
«Қачон жанг қизиса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ҳимояланар эдик. Бизнинг ичимизда у зотга тақлид қилган шижоатли эди».
Бунинг исботи Ћунайн ғазотидир. Бу ғазотдаги шармандали мағлубиятдан қутилиб қолишга Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мислсиз шижоатларини сабаб қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шижоатлари олдида шижоатлиларнинг шижоати ип эша олмай қолар эди. Саҳобаларнинг энг шижоатлиси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шижоатларига тақлид қилган киши эди, холос.

ТАОМДАГИ АХЛОҚЛАРИ

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирингиз таом еса, Алоҳнинг исмини зикр қилсин. Агар аввалида Аллоҳнинг исмини зикр қилишни унитиб қўйса, «Бисмиллаҳи аввалаҳу ва охираҳу» десин»-дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлариниг олтита саҳобалари билан таом емоқда эдилар. Бир аъробий келиб, икки марта олиб ҳаммасини еб қўйди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аммо, у тасмия айтганида, ҳаммангизга етар эди», дедилар». Термизий ривоят қилган ва, саҳиҳ, деган.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирингиз еса, ўнг қўли билан есин. Қачон бирингиз ичса, ўнг қўли билан ичсин. Чунки, шайтон чап қўли билан еб, чап қўли билан ичади», дедилар». Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Абу Ћурайра розияллоҳу анҳу: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон, ҳеч қандай таомни айбламадилар. Агар иштаҳалари тортса, ердилар. Кўнгиллари тусамаса, тарк қилар эдилар», деди». Учовлари ривоят қилган.
Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қили нади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен ёнбошлаган ҳолимда емайман», дедилар».
Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни орқаларини ерга текказиб чўнқайиб ўтириб хурмо тановул қилаётганларини кўрдим». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тик туриб ичишдан қайтардилар. Шунда: «Ейишчи?» дейилди.
«У яна ҳам ашаддийроқ», дедилар».
Термизий ва Муслим ривоят қилган Унинг лафзида: «У яна ҳам ёмонроқ ёки чиркинроқ», дейилган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирингиз таом еса, лаганнинг уст томонидан емасин. Лекин, паст томонидан есин. Чунки, барака унинг уст томонидан нозил бўлур», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган ва унинг лафзида: «Барака таомнинг ўртасидан нозил бўладир. Бас, уни атрофидан енг. Ўртасидан еманг», дейилган.
Амр ибн Умаяядан ривоят қилинади: «У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз қўлларидаги қўй курагини пичоқ билан кесиб еяётганларини кўрган экан. Бас, намозга чақирилди. У зот уни ҳам, пичоқни ҳам ташлаб, турдилар ва намоз ўқидилар. Таҳорат қилмадилар». Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.
Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қили нади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам учта бормоқлари билан ер эдилар ва қўлларини артишдан олдин ялар эдилар».
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, шайтон сизларнинг ҳар бирингизнинг ҳар бир ишида ҳозир бўлади; таомига ҳам ҳозир бўлади. Қачон бирингиздан луқма тушса, ундаги нолойиқ нарсани кетказиб, кейин есин. Уни шайтонга тарк қилмасин. Агар фориғ бўлса, бармоқларини яласин. Чунки, у таомининг қаерида барака бўлишини билмас», дедилар».
Бошқа бир ривоятда: «У зот лаганни бармоқларимиз ила сидириб ялашга амр қилдилар ва: «Албатта, сизлар таомингизнинг қаерида барака бўлишини билмассиз, дедилар», дейилган. Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Сувайд ибн ан-Нуъмон розияллоҳу анҳу: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Хайбарга чиқдик. Саҳбоога етганимизда У зот таом чақирдилар. Фақатгина толқон келтирилди. Бас, едик. Сўнг у зот намозга тураётиб оғизларини яхшилаб чайдилар. Биз ҳам чайдик». Бухорий ривоят қилган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирингиз таом еса, қўлини яламай ёки ялатмай туриб артмасин», дедилар». Бешовларидан Фақат Термизий ривоят қилмаган.
Анас розияллоҳу анҳу: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга эскиб қолган хурмо келтирилди. Бас, у зот уни текшириб, қуртини чиқара бошладилар», деди». Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилган.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон кечки таом қўйилганда намозга иқомат айтилса, кечки таомдан бошланглар», дедилар». Бошқа ривоятда: «Қачон намозга иқомат айтилганда кечки таом ҳозир бўлса, кечки таомдан бошланглар», дейилган. Учовлари ривоят қилган.
Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирингиз ичса, идиш ичига нафас олмасин», дедилар».
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Туянинг ичишига ўхшаб бир мартада ичманглар. Икки марта, ич мартада ичинглар. Қачон сизлар ичсангиз, тасмия айтинг. Қачон ичиб битирсангиз, ҳамд айтинг», дедилар». Термизий ривоят қилган.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сут ичдилар ва ундан оғизларини чайқадилар ҳамда: «Унинг мойи бор», дедилар». Бухорий ривоят қилган.
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон дастурхонлари йиғиштирилса: «Аллоҳга кўп, пок, муборак ҳамд бўлсин. Ундан ўзга кифоячи йўқ. У тарк қилинган ҳам эмас. Ундан беҳожат ҳам бўлинмас. Роббимиз», дер эдилар». Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.
Бухорийнинг ривоятида: «Бизга кифоя қилган ва бизни қондирган, Ундан ўзга кифоячи йўқ ва инкор ҳам қилинмаган Аллоҳга ҳамд бўлсин», дейилган.
Муслим ва Термизийнинг ривоятида: «Албатта, Аллоҳ бандасининг таомни еб унинг учун У зотга ҳамд айтмоғидан ва шаробни ичиб унинг учун у зотга ҳамд айтмоғидан рози бўлур», дейилган.
Сунан соҳибларининг ривоятида: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон ўз таомларидан фориғ бўлсалар: «Бизни таомлантирган, сероблантирган ва мусулмонлардан қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин», дер эдилар», дейилган.
Абу Довуд ва Насаийнинг ривоятида: «Қачон есалар ёки ичсалар: «Таомлантирган, сероблантирган, уни сингдирган ва унга чиқиш қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин», дер эдилар», дейилган.
Бир жамоа одамлар: «Эй, Аллоҳнинг Расули, биз еб тўймаймиз», дейишди.
«Эҳтимол, тарқоқдирсизлар?» дедилар.
«Ћа», дейишди.
«Таомнингизга тўпланиглар ва Аллоҳнинг исмини зикр қилинглар. Шунда сизларга унда барака берилур», дедилар».
Абу Довуд ривоят қилган ва: «Бир маросимда бўлсанг, таом қўйилса, уй эгаси изн бермагунча ема», деган.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир тикувчи одам таом тайёрлаб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни даъват қилди. Мен ҳам у зот билан бирга бордим. Бас, у арпа нон ва қуритилган гўштли, ошқвоқли шўрва қўйди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг лаган атрофидаги ошқовоқни териб еяётганларини кўрдим. Ўша кундан буён ошқовоқни яхши кўраман». Бешовлари ривоят қилган.
Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хўл хурмони тарра билан тановул қилаётганларини кўрдим». Тўртовлари ривоят қилган.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қовунни хўл хурмо билан ер эдилар ва: «Бунинг иссиғини манабунинг совуғи ила кесамиз, бунинг совуғини манабунинг иссиғи ила кесамиз», дер эдилар». Сунан эгалари ривоят қилган.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир бурда нонни олиб унинг устига бир дона хурмони қўйдилар ва: «Бу, манабунинг хурушидир», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Бусрнинг икки ўғли Суламийлар розияллоҳу анҳу молардан ривоят қилинади: «Ћузуримизга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кирдилар. Бас, биз у зотга сарёғ ва хурмо тақдим қилдик. У зот сарёғни ва хурмони яхши кўрар эдилар». Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилган.
Жобир розияллоҳу анҳудар ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аҳлларидан хуруш сўрадилар. Улар: «Бизда сиркадан бошқа ҳеч нарса йўқ»-дедилар. Бас, у зот уни келтиришни сўрадилар ва ундан еб туриб: «Сирка қандоқ ҳам яхши хуруш! Сирка қандоқ ҳам яхши хуруш!» дедилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мени уйларига олиб бордилар ва: «Тушликка бирор нарса борми?» дедилар.
«Ћа», дейишди. Сўнг учта нон келтирилди.
Бас, у зот битта нонни олиб ўз олдиларига қўйдилар. Бошқасини олиб менинг олдимга қўйдилар. Учинчисини олиб, синдириб, яримини ўз олдиларига, яримини менинг олдимга қўйдилар. Сўнгра: «Хуруш борми?» дедилар.
«Йўқ. Фақат озгина сирка бор», дейишди. У зот:
«Уни келтиринглар. У қандоқ ҳам яхши хуруш!» дедилар».
Муслим ривоят қилган.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ширинлик ва асални яхши кўрар эдилар».
Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

ЛИБОСДАГИ АХЛОҚЛАРИ

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ипакдан бўлган Фарруж ҳадия қилинди. У зот уни кийиб намоз ўқидилар. Сўнг қайтиб бориб уни ёмон кўргандек жаҳл билан ечиб ташладиларда: «Бу тақводорларга тўғри келмайди!» дедилар». Икки шайх ривоят қилган.
«Фарруж» кийимнинг устидан кийиладиган енгил яхтак тўн.
Уламоларимиз ушбу ҳадиси шарифни, эркак мусулмонлар учун ипакнинг ҳалоллиги тугаб, ҳаромлиги бошаланган айирим нуқтадир, дейдилар.
Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам учун кийимларнинг энг маҳбуби кўйлак эди», дедилар». Сунан эгалари ривоят қилган.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кийишни яхши кўрадиган кийим «ҳибара» эди. Учовлари ва Насаий ривоят қилган.
«Ћибара» Яманда тайёрланадиган пахтадан бўлган яшил рангли чопон. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша хилдаги чопонни кийишни яхши кўрар эканлар.
Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир кечаси Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарда эдим. У зот: «Сенда сув борми?» дедилар.
«Ћа», дедим мен.
Бас, у зот уловлардан тушиб, кеча қоронғусида мендан узоқлашгунларича юриб кетдилар. Сўнг келдилар. Мен идовадан сув қуйиб турдим. У киши юзларини, икки қўлларини ювдилар. Устиларида жундан бўлган чакмон бор эди. Икки чиғаноқларини ундан чиқара олмадилар. Сўнг уларни чакмоннинг этак тарафидан чиқариб, икки чиғаноқлари билан ювдилар. Кейин бошларига масҳ тортдилар. Махсиларини тортиб ечмоқ учун энгашган эдим.
«Уларга тегма, мен таҳорат билан кийганман», дедиларда, махсилари устига масҳ тортдилар».
Учовлари ривоят қилган.
Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: «Бир куни эрталаб Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ташқарига чиқдилар. У зот қора қилдан таёрланган мирт кийиб олган эдилар». Муслим , Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Абу Бурдата розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳузурига кирдим. У киши бизнинг олдимизга яманда таёрланадиган қалин изорни ва мулаббадата деб номланадиган кийимни олиб чиқдиларда, Аллоҳнинг номи ила қасам ичиб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мана шу икки кийим ичида қабзи руҳ қилинганлар», деди». Тўртовлари ривоят қилган.
«Изор» тананинг киндикдан пастига тутиб олинадиган тикилмаган кийим эканлиги аввал ҳам айтиб ўтилган. Бу кийим асли яманликларнинг кийимидир. Уларда ҳозир ҳам эркаклар уни кўп ишлатадилар.
«Мулаббадата» турли парчаларни бир бирига улаб қилинган кийим.
Абу Римса розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Отам билан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам томон юриб бордим. У зотнинг устиларида икки яшил рангли бурдни кўрдим». Сунан соҳиблари ривоят қилган.
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келсам, ухлаб ётган эканлар. Устиларида оқ кийим бор экан. Кейин яна келсам, уйғонган эканлар. У зот: «Қайси бир банда «лаа илаҳа иллаллоҳу»ни айтиб, унда собит туриб вафот этса, албатта, жаннатга киргай», дедилар». Бухорий ривоят қилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кийимларингиздан оқини кийинг. Албатта, улар кийимларингизнинг хайрлисидир. Ћамда уларла ўликларингизни кафанланглар. Албатта, сурмаларингизнинг яхшиси исмиддир. У кўзни равшанлаштиради ва киприкни ўстиради», дедилар». Сунан эгалари ривоят қилган.
Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга қора бурда қилиб берилди. Бас, у зот уни кийдилар. Терлаган вақтларида жун ҳиди чиққанини сезиб, ечиб ташладилар. У зотга хушбўй ҳид ёқар эди».
Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.
Амр ибн Ћурайс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни минбар устида кўрдим. Бошларида қора салла бўлиб, бир учини икки кураклари орасидан тушириб олган эдилар». Иккисини бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни бошларига ўтда куйган нарса рангида салла кийиб олганларини кўрдим». Насаий ривоят қилган.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Кисро, Қайсар ва Нажошийга мактуб ёзмоқчи бўлдилар. Бас, у зотга: «Улар хатми-муҳри бор мактубдан бошқани қабул қилмайдилар», дейилди.
Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалқаси кумушдан бўлган хотим-узук қилдирдилар. Кўзига «Муҳаммадун Расулуллоҳ»ни нақш қилдилар».
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кумушдан узук тутдилар ва унга «Муҳаммадун Расулуллоҳ» деб нақш қилдилар. Ва одамларга:
«Мен кумушдан узук тутдим ва унга «Муҳаммадун Расулуллоҳ» деб нақш қилдим. Бирор киши унинг нақшига ўхшаш нақш қилмасин», дедилар». Иккисини бешовлари ривоят қилган.
Абу Ћурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирингиз оёқ кийими кийса, ўнгидан бошласин. Агар ечадиган бўлса, чапидан бошласин. Икковини бирга кийиб, бирга ечсин», дедилар».
Тўртовлари ривоят қилган.
َИбн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуни йўқ кавш кийганларини кўрдим. Уларни кийиб туриб таҳорат қилар эдилар. Мен ҳам уларни киймоқни хуш кўраман». Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Деҳятул Калбий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир жуфт махси ҳадия қилди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни кийдилар».
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ћузуримизга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам келдилар. Бир сочлари тўзиб кетган пала-партиш одамни кўриб қолиб: «Манави сочини сокин қиладиган нарса топса бўлмасмиди!?» дедилар.
Бошқа бир кишининг кийимлари кир эканлигини кўриб қолиб: «Манави кийимини ювадиган нарса топса бўлмасмиди!?» дедилар».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ хушҳолдир, хушҳолликни суядир, озодадир, озодаликни суядир, карамлидир карамни суядир, сахийдир сахийликни суядир. Бас, ҳовлиларингизни озода тутинг! Яҳудийларга ўхшаманг!» дедилар». Термизий ривоят қилган.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким манманликлик ила кийимини судраб юрса, қиёмат куни Аллоҳ унга назар солмас», дедилар.
«Эй, Аллоҳнинг Расули, албатта, менинг изоримнинг бир тарафи уни ушлаб юрмасам тушиб қоладир?» деди Абу Бакр.
«Сен манманлик ила қиладиганлардан эмассан», дедилар». Бешовлари ривоят қилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Енглар, ичинглар, кийинглар ва садақа қилинглар исроф ва мутакаббирлик бўлмаса бўлди», дедилар».
Асмаа бинти Язийд розияллоҳу анҳо айтадилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг енгилари русғ(билак билан кафтни боғловчи бўғин)гача эди».
Абу Ћурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон кийим кийсангиз ва қачон таҳорат қилсангиз ўнг томонингиздан бошланг», дедилар». Иккисини сунан эгалари ривоят қилган.
Умар розияллоҳу анҳу айтади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким янги кийим кийганда: «Авратимни беркитадиган нарсамни ва ҳаётимда ясанадиган нарсамни менга кийгизган Аллоҳга ҳамд бўлсин», деса, сўнгра эскиртган кийимини садақа қилса, тирик чоғида ҳам, ўлик чоғида ҳам Аллоҳнинг ҳимоясида, Аллоҳнинг муҳофазасида ва Аллоҳнинг сатрида бўлгай», деганларини эшитдим». Термизий ривоят қилган.