Қўшничилик одоблари ва ҳақлари
20.02.2012 й.
Аллоҳ таоло Ўзининг каломи шарифида қуйидагича марҳамат қилади:
“Аллоҳга ибодат қилингизлар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангизлар! Ота-оналарга эса яxшилик қилингизлар! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшнию бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яxшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди”.
Ушбу оят тафсирида айтиладики: “Агар қўшни мусулмон ҳамда қариндош бўлса, унинг мусулмон қўшнисида 3 та ҳаққи бордир: 1) ислом ҳаққи; 2) қариндошлик ҳаққи; 3) қўшничилик ҳаққи. Агар бегона бўлса 2 та ҳаққи бўлади: қўшничилик ҳаққи ва ислом ҳаққи. Бордию ғайри дин бўлса, битта ҳаққи бўлади, яъни қўшничилик ҳаққи”.
Қўшнилар учга бўлинади:
1. Бир ҳаққи бўлган қўшни.
2. Икки ҳаққи бўлган қўшни.
3. Уч ҳаққи бўлган қўшни.
Уч ҳаққи бўлган қўшни, мусулмон ва қариндош қўшнидир; бир - қўшнилик ҳаққи, икки - Ислом биродарлиги ҳаққи, уч - қариндошлик ҳаққи.
Икки ҳаққи бўлгани - қариндош бўлмаган мусулмон қўшнидир. Бунисининг, қўшнилик ҳаққи билан Ислом биродарлиги ҳаққи бор.
Бир ҳаққи бўлган қўшни бутпараст қўшнидир. Бунинг фақатгина қўшнилик ҳаққи бор, холос.
Кўриниб турибдики, Расулуллоҳ, бор-йўғи қўшни бўлгани учун, мусулмон бўлмаган қўшнининг ҳаққини ҳам таниганлар.
Мусулмон киши қўшнисига яхшилик қилади, чиройли муомалада бўлади. Унинг феълидан, тилидан, амалидан қўшнисига зарар етмаслиги лозим. Хайр-эҳсон, ҳадя, садақа беришда аввало энг яқин қўшнидан бошланади. Ҳовлининг олд томонидан қирқ ҳовли орқасидан қирқ, ўнг ва чап томонларидан қирқтадан ҳовли қўшни ҳисобланади
Қўшничиликнинг ҳақ-ҳуқуқлари на қадар муҳим эканлигига ишорат қилиб, жаноб Расулуллоҳ (сав) айтган эканлар:
“Жаброил алайҳиссалом менга қўшничиликнинг ҳақ-ҳуқуқлари тўғрисида шунчалик узоқ уқдирдиларки, мен ҳатто қўшнилар бир-биридан мерос олишни ҳам тайинласалар керак, деган хаёлга бордим”.
Муоз ибн Жабал (рз.) ривоят қилиб айтадиларки:
“Ҳабибим (Расулуллоҳ сав) буюрдиларки, қачон уйингда бирор шўрва каби таом пиширсанг, сувини кўпроқ қуй ва қўшнингни оила аъзоларига ҳам бир миқдор улуш бериб, йўқлаб тургин, деганлар”.
Кимки ўзининг қорни тўқ бўлиб, қўшниси оч ўтирса у чин мўмин бўлолмайди. Қайси бир киши ўз қўшнисига зулм ёки ёмонлик қилиб, уни ўз ҳовлисидан чиқиб кетишга мажбур қилиб қўйса, у албатта ҳалокатга учрайди. Қўшнингиз аёли билан зино қилишга ёки унинг уйига ўғирликка тушинча қасд қилган кимса энг аблаҳ одам ҳисобланади.
Яна пайғамбаримиз буюрдилар:
“Қўшнига яхшилик қил, тинч-саломат бўласан”.
“Жаброил менга қўшничиликка оид шу қадар кўп тавсиялар берардики, мен қўшнини ворис қилса керак, деб ўйлардим”.
“Кимнинг Аллоҳга ва қиёмат кунига имони бўлса, қўшнисига нисбатан иззат-икромда бўлсин”!
“У қўшни бу қўшнининг бегуноҳлигига амин бўлмаса, бу қўшнининг имони шубҳа остида бўлади”.
“Қиёмат куни биринчи бўлиб, ёвлашиб қолган қўшнилар муҳокамага қўйилади.
Қўшнининг итини инжитган бўлсанг, қўшнини азоблаган бўласан.
Аллоҳ рози бўлгур ибн Масъуд ҳузурига бир одам келиб дедики:
 Менинг бир қўшним бор. Менга азоб беради, сўкади, мени беҳаловат қилади:
Ибн Масъуд шу жавобни берди:
-Кет. Агар у, сен туфайли Аллоҳга осийлик қилаётган бўлса, сен у туфайли Аллоҳга итоат эт.
Пайғамбаримизга дедиларки:
“Фалон хотин, кундузи рўза тутади, кечаси намоз ўқийди, айни пайтда қўшниларига азоб беради”.
Расулуллоҳ буюрдилар:
-“У жаҳаннамга тушади”.
Пайғамбаримиз ҳузурига бир одам келди. Қўшнисидан шикоят қилди. Расулуллоҳ унга:
-Сабр қил! — дедилар.
Яна учинчи, тўртинчи марта келганида:
-Ашёларингни йўлга чиқариб ташла! — деб буюрдилар.
У одам шундай қилди. Келиб-кетувчилар: “Сенга нима бўлди?” деб сўрашар, у: “Қўшним сиғдирмай азоб беряпти!” дер эди, шунда улар: “Қўшнинг Аллоҳнинг лаънатига учрасин!” дея бошладилар. Бу аҳволдан ноқулай бўлган қўшни унинг олдига кирди ва: “Ашёларингни йиғиб ол. Аллоҳга қасамки, энди нотинч қилмайман!” деди.
Имом Бухорий ва имом Муслим (р.а.)лар ривоятлари ила яна ушбу ҳадиси шариф воридким:
“Ҳар кимнинг Аллоҳ таолога ва охиратга имон келтиргани рост бўлса, қўшнисига ёмонлик қилмасин, озор бермасин, меҳмонга икрому иззат кўрсатсин. Ҳақиқий мўмин бўлса, гапирганда фойдали гаплардан гапирсин ёки сукут сақласин!”
Расулуллоҳ (сав)га саҳобалар бир аёлни мадҳ қилиб, мақтабдилар: “Бир аёл борки, кечалари бедор бўлиб намозлар ўқийди, кундузи рўза тутиб, садақа ва эҳсонлар қилади. Аммо қўшниларига тили билан озор бериб туради” – дебдилар. Шунда Расулуллоҳ (сав):
“Ундай аёл мақтовга сазовор эмас, балки у дўзах аҳлидандир” – деган эканлар.
Заҳарий ривоят қилади:
Пайғамбаримиз олдига бир одам келди. Қўшнисидан шикоят қилди. Расулуллоҳ, жарчи чақиртириб, жомеъ дарвозасидан “Қирқ уй қўшнидир! Қирқ уй қўшнидир!” деб жар солишни амр этди.
Заҳарий дерки:
-Қирқ уй қўшни, қирқ уй қўшни, қирқ уй қўшни, қирқ уй қўшни! — деб тўрт томонга ишора қилдилар.
Расулуллоҳ буюрдилар:
-Баракат ва баракасизлик хотинда, масканда ва отда бўлади. Хотиннинг баракати махрининг енгиллиги, никоҳининг осонлиги ва ахлоқининг гўзаллигидир (Махрига оғир нарса талаб қилмайди, никохда келажакни ўйлаб, ишнинг осон кўчишига қулайлик яратади, яна бунинг устига-устак ахлоқи ҳам гўзал бўлса, хотин уйга қут-барака келтиради). Хотиннинг бахтсизлиги аксар ҳолларда маҳрининг оғирлиги, никоҳининг қийинлиги ва ахлоқининг ёмонлиги билан боғлиқ бўлади.
Масканнинг баракати турар жойининг кенглиги ва қўшниларининг яхши инсонлар бўлишидир. Бебаракалиги турар жойининг торлиги ва қўшниларининг ёмон феъл-атворли инсонлар бўлиши билан боғлиқ.
Отнинг баракати унинг юмшоқ ва яхши табиатли бўлишидир. Асов ва ёмон табиатли отлар ишнинг баракасини қочиради.
Қўшничилик бурчи, фақатгина қўшнига азоб бермасликдан иборат эмас. Қўшни учун қандайдир қийинчиликни зиммага олиш ҳам керак бўлади. Чунки, қўшнига азоб бермасликнинг ўзи, ҳали бурч ўталди, дегани эмас. Бунинг учун ҳатто маълум бир қийинчилик ё ноқулай аҳволга чидаш ҳам камлик қилади. Чунки шу билан биргаликда қўшнига яхши (меҳр билан) ва мулойим муомала қилиш, унга хайр-садақа қўлини узатиш ҳам керакдир. Айтадиларки:
-Қиёмат куни камбағал қўшни бой қўшнининг ёқасига ёпишади ва дейдики:
-Эй Раббим, ўзинг сўра бундан! Нечун, шариатга кўра менга бериши лозим бўлган нарсани бермади, менга эшигини ёпди?
Бир одам, уйида сичқон кўпайганидан шикоят қилади. Унга: “Бир мушук топсанг бўларкан!” дейишади. У, ўзига бундай деганларга шу жавобни беради:
-Сичқонлар мушук келганини сезиб қўшнимизнинг уйига қочишларидан ва шу тариқа ўзим хоҳламаган нарсани қўшнимга хохлагандай бир аҳволга тушиб қолармиканман, деган андишадаман.

Қуйидагилар қўшничилик бурчлари жумласига киради:

• Қўшни билан учрашганда салом билан сўз бошламоқ,
• гаплашганда гапни чўзмаслик,
• кўп савол бермаслик,
• касал бўлганда кўргани бориш,
• бошига мусибат тушганда таъзиясида бўлиш,унинг билан бирга сабрли бўлиш,
• севинчли онларида қутлаш, унинг севинчи билан севиниш,
• хатоларини кўрмасликка олиш,
• уйини жосусларча кузатмаслик,
• деворига бир нарсалар қўйиб ёки осиб ғашини келтирмаслик,
• унга тегишли жойдан сув олмаслик,
• уйининг олдига ахлат ва супуринди тўкмаслик,
• ҳақроҳа (ўтиш йўллари)ни торайтирмаслик,
• бирон баҳона билан уйига қарамаслик,
• қулоққа чалинган оилавий сирларини ёймаслик,
• керагида, унинг мардлигига сўз теккизаётганларнинг сўзини бўлиш,
• ўзи йўқлигида уйини қўриқлаш,
• унга қарши айтилган сўзга қулоқ солмаслик,
• маҳрамига оид хусусларда кўз юммоқ,
• хизматчисига қарамаслик,
• боласига ширин сўзлар айтиш,
• диний ва дунёвий масалаларда билмаганларини иршод қилиш.
Қўшнининг ҳаққи тўғрисида ҳадиси шарифларда яна шундай дейилади: “Агар бирор ёрдам сўраса, ёрдам бермоқ, қарз сўраса қарз бермоқ, моддий ёрдам кўрсатмоқ, касалини кўрмоқ, вафот этса, дафнида қатнашмоқ, бирор севинчли ҳодиса рўй берса, табрикламоқ, бирор мусибат етса, таъзия, ҳамдардлик билдирмоқ, ноқулай иморат қуриш ёки сояли дарахтлар экиш ила ҳаққига тажовуз қилмаслик, уйга мева-чева каби нарсалардан келтирганда, қўшниларга ҳам улашмоқ, агар бергиси келмаса, ўз болаларини қўлида мевалар билан қўшни болалари олдига чиқармаслик, қозонни қирганда капгир овози ёки таом ҳиди билан қўшнига кўз-кўз қилмаслик, ҳатто унинг итини урмаслик лозим” – каби ўгитларни айтган эканлар.
Ҳасан Басрий айтадиларки: “Ҳуснул живор” яъни яхши қўшничилик деб фақат қўшнига зарар етказмасликлигина эмас, балки мабодо қўшнилардан зарар ёки озор етса, унга тоқат қилиб, жанжал кўтаравермасликни айтурлар”.
Қўшнинг устида қўшнининг ҳурмати худди онасининг ҳурмати каби бўлади. Агар қўшни қарз ёки бирор нарса сўраса дарров берилади. У чақириб келса, шу заҳоти жавоб қилиниб, арзига қулоқ солинади. Қўшни фақир бўлса, эҳтиёжини қондириб ёрдамлашилади. Бордию қўшни касал бўлиб қолса, чиқиб кўрилади ва қўлдан келганича ёрдам кўрсатилади. Унга мусибат ёки бало етса қайғурилади, унга сабр тилаб, тасалли-далда берилади.
Можаролар одатда, кўпроқ қўни-қўшниларнинг ёш болалари ўрталарида содир бўлиб туради. Шундай пайтда, болаларнинг ўртасига тушиб ота-оналар айбни бир-бирларига ағдаравермасдан, ҳар бирлари ўз фарзандларига танбеҳ бериб, одобга чақириб борсалар, айни савоб иш қилган бўладилар.
Тушунмовчилик орқали қўшнилар ўртасига баъзан хафачиликлар тушиб қолади. Бундай ҳолларда улар бир-бирлари билан узоқ вақт аразлашиб, гаплашмай, балки саломлашмай юрадилар. Бу тўғрида Жаноби Расулуллоҳ (сав) айтадиларки:
“Мусулмон кишига уч кундан ортиқ гина сақлаб, гаплашмай, алоқани узиб юриш ҳаромдир. Учрашганда юзларини бошқа томонга буриб, кўрмаганга олиб юрган бир пайтда, қайси бири алоқани қайтадан бошлаб юбориш ниятида биринчи бўлиб салом берса, шу киши уларнинг яхшисидир” – деганлар.
Қўшниларнинг бир-бирлардаги ҳақларини баён қилишдан Ислом динининг мақсади ва ғояси шуки, мусулмонлар, балки ер юзидаги барча халқлар ўзаро тинч-тотув, осойишта, бир-бирларини иззат ҳурмат қилган ҳолда яшаб боришга ундашдир. Чунки “Ислоҳи зотил бойн” яъни ўрталарига гина-адоват тушганларни яраштириб қўйишнинг на қадар муҳим ва зарурлигига Қуръони каримда жуда кўп оятларда ишорат қилинган. Масалан:
“...Аллоҳдан қўрқингиз ва ораларингизни тузатингиз! Агар мўмин бўлсангизлар, Аллоҳ ва (Унинг) расулига итоат этингизлар!”
Расул алайҳиссалом буюрдилар:
-Биласизми, қўшнининг ҳаққи нима? Ёрдам сўраса ёрдам берасиз. Қарз сўраса қарз берасиз. Камбағаллашса рўзғорига мадад бериб турасиз. Хасталанса зиёратига борасиз. Вафот этса жанозасига қўшиласиз.
Омад кулиб боқса уни қутланг. Бошига мусибат тушса таъзиясида бирга бўлинг. Ундан рухсат бўлмаса уйингизни унинг уйидан баланд қилиб қўрманг. Чунки уйингизни баланд қилиб қурсангиз унинг нимасигадир тўсқинлик қилган бўласиз. Унга азоб берманг. Бирон мева олган пайтингизда унга ҳам беринг. Агар бермоқчи бўлмасангиз, уйга олиб келганингизни кўрмасин. Болангизнинг қўлига бирон мева бериб ташқарига чиқариб юбормангки, қўшнининг боласи шундай нарсага эга бўлмагунча бундан ўпкаланиб юрмасин. Қозонингизда қайнатган эт ҳиди билан уларни нотинч қилманг. Агар келтирган этингиздан бир парчасини унга кесиб берган бўлсангиз, эт ҳиди таралишининг айби йўқ.
Биласизми, қўшнининг ҳаққи нима? Борлиғим қудрат қўлида бўлган Аллоҳга қасамки, қўшни ҳаққини фақат Аллоҳнинг марҳаматига ноил бўлган кимсаларгина ўтай олади.
Мужоҳид ҳикоя қилади:
-Бир куни Ҳазрати Умарнинг ўғли Абдуллоҳнинг ёнида эдим. Ўғли ҳам бор эди. У қўй сўйиб, терисини шилаётган эди. Отаси дедики:
-Қўйни сўйиб бўлганингдан кейин, қўшниларга беришни ёнимиздаги яҳудий қўшнидан бошла!
Абдуллоҳ бу сўзни ўғлига бир неча марта такрорлади. Охири ўғли: “Неча марта айтасиз, ота?” деди. Шунда Абдуллоҳ дедики:
-Расулуллоҳ қўшничилик ҳаққида шу қадар кўп ўгит берардиларки, биз қўшнини қўшнига ворис қиладилар шекилли деб ўйлардик!
Ҳишом дейдики:
-Ҳасан Басрий, қурбонлик этидан яҳудий ва насронийларга берилишини хатарли деб билмасди.
Абу Зар — Аллоҳ ундан рози бўлсин — ҳикоя қилади: Дўстим Расулуллоҳ менга васият қилиб, дедики:
-Қозон қайнатган пайтингда сувини кўп қил, кейин қўшни уйдагиларга қара. Уларнинг саноғига қараб, бир миқдор улар учун ажрат.
Агар қўшни сафарга кетса, оиласидан хабар олиб турилади, уй-жойи, мулки, хонадон аҳли ҳимоя қилинади. Ўзи рухсат бермаса иморатни уникидан баланд қилиб қурилмайди ёки бошқа йўсинда унга зарар етказилмайди. Бироқ тансиқ таом, дарахт ёки намоз ҳосилидан унга тортиқ қилинади, имкони бўлмаса махфий қилиб ейилади. Қўшнининг боласи хархаша қилмаслиги учун болаларнинг қўлига бирор нарса бериб, кўчага чиқарилмайди. Қўшнининг ҳовлисига қаралмайди, изнсиз кирилмайди. Бир одам вафот этсаю унинг уч қўшниси баравар ундан рози бўлишса, у одамнинг гуноҳлари кечирилади.
Аллоҳ таоло дунёдаги барча халқлар ўртасидаги дўстлик-биродарлик ришталарини мустаҳкам қилсин. Қўни-қўшнилар билан самимона алоқаларимиз янада яхшиланиб боришини Аллоҳ таоло барчаларимизга насибу рўзий айласин.

Шавкат АҲМЕДОВ
Тошкент шаҳридаги “Хўжа Аламбардор”
жомеъ масжиди ноиби – имоми