Омонатдорлик - улуғ фазилатдир
06.04.2012 й.
Барча ислом уламоларининг иттифоқларича, барча яхши сифатларнинг ичида инсон учун энг ўзлаштиришлиги оғир бўлгани – бу омонатни сақлашлик ҳисобланар экан. Омонатни сақлашлик ва уни ўз вақтида адо этишлик нақадар оғир вазифалардан эканлиги ҳақида Аллоҳ таоло ўзининг каломи шарифида шундай хабар берган:
“Биз (бу) омонатни (чин бандалик омонатини) осмонларга, Ерга ва тоғларга таклиф этдик, улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Инсон эса уни ўз зиммасига олди. Дарҳақиқат, у (ўзига) зулм қилувчи ва нодондир”.
Ушбу оятда Аллоҳ таоло омонат сақлашлик вазифасини осмону замин, тоғу тошларнинг зиммаларига юкламоқчи бўлгани ва улар ўзларининг шунчалик салобатлари, қудрат ва савлатларига эга бўла туриб, омонатни ўз гарданларига олишдан қўрққанликларини ҳикоя қилади. Инсон эса ўзининг ақлу заковати, фаҳму идроки, куч қуввати ва бошқа имкониятларига суяниб туриб, бундай оғир масъулиятни ўз зиммасига олган.
Омонатдорликнинг маъноси киши зиммасига юкла¬тилган ҳар қандай вазифага масъулият билан ёндошиш, бу вази¬фа борасида Аллоҳнинг ҳузурида жавобгарликни ҳис этишдир. Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қуйидаги сўзлари айни шу маънони ифода этади: “Барчангиз раҳбарсиз ва барчан¬гиз ўз раъиятга (қўл остидагиларга) масъулсиз. Имом ўз қавмига масъул. Эркак киши ўз оиласига масъул. Аёл киши эрининг уйига ва фарзандларига масъул. Хизматкор хўжайинининг молига ва унга топширилган нарсаларга масъул” (Имом Бухорий).
Омонатни яхши сақлаб ўз эгасига саломат топшириш хусусида Жаноб Пайғамбаримиз (сав) ёшликларидан бошлаб барчага намуна бўлганлар. Ул зоти шариф ростгўйликлари, бировларнинг ҳаққига хиёнат қилмасликлари, ваъдаларига вафодорликлари туфайли “ал-Амин” яъни, “омонатдор, ишончли одам” деган сифатни олганлар. Ул зоти бобаракотни ёшлик даврларидан бошлаб бунчалик ишончли, вафодор, омонат ва масъулиятни чуқур ҳис этадиган қилиб қўйишлигида Ҳақ таолонинг кўп ҳикматлари бор, албатта. Улардан бири – 40 ёшга тўлишлари билан энг улуғ ва масъулиятли вазифа, яъни пайғамбарлик бурчини тўла адо этишликлари учун олдиндан бунга ҳар томонлама тайёрланган бўлишларидир. Бу зоти шарифни Аллоҳ таоло шу ўтган муддат ичида ичида шунчалик қаттиқ синов ва тажрибалар билан тарбият эттиким, пайғамбарлик вазифаси қанчалик оғир ва масъулиятли бўлишига қарамай, кейинги ташвишли ва қийин кунларда, ўзларига сабру қаноатни қалқон қилиб олган ҳолда 23 йил давомида расуллик ва набийлик вазифаларини шараф билан адо этиб ўтдилар.
Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга икки ҳадис айтдилар. Бирини кўрдим. Иккинчисига интизор бўлиб турибман. У зот бизга омонат инсон қалбининг аслида нозил бўлганини, сўнгра уни Қуръондан ва суннатдан ўрганганлари ҳақида ҳадис айтдилар. Ва у зот бизга унинг кўтарилиши ҳақида ҳадис айтиб:
“Киши бир ухласа, омонат унинг қалбидан чангаллаб олинади. Унинг изи худди қора нуқтанинг изи каби бўлиб қолади. Кейин яна бир ухласа, яна чангаллаб олинади. Унинг изи худди қавариқнинг изи каби бўлиб қолади. Сўнг оёғингга думалаб тушган чўғдан чиққан пуфакка ўхшайди. Шишиб турадию, ичида ҳеч нарса бўлмайди. Одамлар савдо-сотиқ қиладилар, аммо уларнинг ичидан омонатни адо қиладиган бирорта ҳам йўқдек. Бани Фулонда битта омонатли одам бор эмиш, дейиладиган бўлади”.
Бир киши ҳақида, қандоқ ҳам ақлли киши, қандоқ ҳам зариф киши, қандоқ ҳам кучли, чидамли киши дейилади, аммо унинг ачитқининг уруғича ҳам иймони бўлмайди”, дедилар.
Батаҳқиқ, бошимга бир замон келди. Энди мен ким билан савдо-сотиқ қилганимга аҳамият бермайман. Авваллари агар у мусулмон бўлса, уни Исломи қайтарар эди. Агар насроний ёки яҳудий бўлса, уни иккисидан бири (валийси ёки жизячиси) қайтарар эди. Аммо бугун фалончи ва фалончилар билангина савдо-сотиқ қиламан”, деди”.
Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.
Охирги фақрадаги жумлалар Ҳузайфа розияллоҳу анҳунинг гапларидир. У киши Пайғамбар алайҳиссаломдан омонат нозил бўлиши ҳақидаги биринчи ҳадиси шарифни кўриб, омонат кўтарилиши ҳақидаги иккинчи ҳадиси шарифнинг ҳам воқеъликда бўлишини кутиб турган пайтларида шуларни айтган эканлар.
Дарҳақиқат, Исломнинг аввалида ҳамма Қуръон ва Суннатга амал қилиб турган бир пайтда мусулмон уммати омонат бобида инсониятнинг хаёлига ҳам келмаган мўъжизаларни кўрсатган. Аммо минг афсуслар бўлсин, бу уммат Қуръон ва Суннатдан, шариатдан узоқлашиши оқибатида бу фазлини ҳам йўқотиб бормоқда.
Ҳар бир мусулмон, зоҳид, обид ва солик омонатга хиёнат қилишни хаёлига ҳам келтирмаслиги зарур.
Қуръони каримда Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бошқа пайғамбарлар, жумладан, Мусо (алайҳиссалом) ҳам омонатдорлик фазилатига эга эканлиги “Қасас” сурасининг 24-26-оятларида баён этилади. Демак, Аллоҳ таоло Ўзининг пайғамбарлари мақомига одамлар¬нинг табиатан шарафли, қалбан заковатли, нафсан сабрли имони бақувват ва қаттиқ омонатдор бўлганларини танлаган экан. Улар ҳолатга қараб ўзгармайдилар, Аллоҳнинг ҳам, бандаларнинг ҳам ҳуқуқларини мунтазам риоя ва ҳимоя этадилар. Ҳақиқий омонатдорликнинг асл жавҳари шудир.
Жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад (сав) марҳамат қиладиларки:
“Омонатни сақлай олмайдиган кишининг имони, аҳдига вафосизнинг эса дини йўқдир”.
Бу билан Пайғамбаримиз (сав) айтмоқчиларки, имон ҳам мўмин кишига берилган бир омонат нарса. Уни шайтонга бой бермаган ҳолда, авайлаб сақлаш керак. Топширилган омонатларни турли офатлардан сақлай олмайдиган киши ўз имонини ҳам, албатта, сақлай олмайди. Аҳду паймонига вафо қилмайдиган, ёлғончи, алдамчи кишиларда дин ҳам қарор топмайди, демоқчилар. Омонатларни яхши сақлай олмасликдан барча жиноят ва кўнгилсизликлар келиб чиқади. Инсонлар бир-бирларидаги ҳақ-ҳуқуқларни яхши билмасликлари ёки билсалар ҳам унга тўла риоя қилмасликларидан муросасизлик, уруш-жанжал ва мушкил муаммолар вужудга келади.
Масалан, бировнинг шаънига айтилган сўз. Унинг ҳақлигини билиб туриб, бирор дунёвий ғараз билан, нотўғри гувоҳлик бериш, унинг шаънига ботил бўҳтонлар тўқишлик – бу айни хиёнат ҳисобланади.
Омонатдор одам бирор кишини бир мансабга тайёр¬лашдан олдин одамларнинг энг ҳалоли ва тозасини танла¬ши лозим. Агар бу борада кибр-манманликка, порахўрликка ёки қариндош-уруғчиликка юз бурса, у Аллоҳ олдида хиё¬нат қилган бўлади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва сал¬лам) айтадилар: “Ким бир кишини одамлар орасида ундан Аллоҳ рози бўладиганроқ, лойиқроқ бошқа одам бўлатуриб, қариндошлиги учун мансабга тайинласа, у Аллоҳга, Унинг Расулига ва мўминларга хиёнат қилди” (Ҳоким).
Ёки давлат томонидан ишониб топшириб қўйилган корхона ёки ташкилотлардаги хизматларни олсак. Шахсий манфаат ва бемеҳнат даромад орттириш мақсадида баъзи ишчи ва хизматчилар ўз мансабларидан ёки қўлларидаги халқ бойлигидан нотўғри фойдаланиб, кўр-кўрона суистемолга ўтадилар. Буларнинг ҳаммаси ҳам ўз масъулиятига ва зиммасидаги омонатга хиёнат қилиш демакдир. Шунинг учун ҳам одил ҳукуматимиз, айниқса кейинги пайтларда меҳнатсиз даромад, порахўрлик, масъулиятсизлик каби иллатларга қарши чора ва тадбирларни кучайтириб бораётгани мақсадга жуда мувофиқ бир ишдир. Ислом дини таълимотида турли ботил йўллар билан бойлик орттириш қатъий ман қилинганидек, фақат ўзининг манфаатини кўзлаб, ўзгаларни унутиш, балки уларнинг ҳисобига яшаш ҳам қаттиқ қораланади. Ҳалол меҳнат, пешона тери билан касбу камолот орқасидан, ҳар ким ўз имкониятига яраша ишлаб, топган ризқу рўзисига қаноат қилиб, яшаб борилса, айни муддао бўлади.
Омонатдорликнинг омма яхши тушунадиган, бу ҳақда кўп сўраладиган тури инсонларнинг бир-бирларига мол-мулкларини вақтинча омонат қўйиши ва сўралган пайтда қайтариб беришидир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинага ҳижрат қилган вақтларида амакилари¬нинг ўғли Ҳазрат Али ибн Абу Толибни ўз ўринларига тайинлаб, ўзларига (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муш¬риклар томонидан омонат қўйилган, сақлаб юрилган буюм ва молларни эгаларига қайтариб беришни буюр¬ган эдилар. Ҳолбуки, Макка мушриклари Расулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) туғилган ерларидан чиқиб кетишга, тавҳидга чақирганлари учун ватанларини тарк этишга мажбурлаган қавм эди.
Омонатга хиёнат қилмасдан, уни ҳусни адо этишликнинг уддасидан чиқишлик – бу жуда улуғ фазилатдир. Омонатдор бўлишлик, кишиларнинг ишончларини оқлашлик нақадар қийин иш бўлганлигидан, унга бериладиган ажру савобларга молик бўлишлик ҳам шунча қийин, албатта. Чунки омонатдорлик инсон ҳаётининг барча тармоқларида мавжуд. Масалан, аввало ҳар бир инсон билан Ҳақ таоло ўртасидаги омонат, иккинчидан ўзи билан аҳлу аёл, қавму қариндошлари ўрталаридаги омонат, ўзи яшаб турган жамият олдидаги ҳамда қилаётган ибодатларидаги омонат ва ҳоказолар. Қисқа қилиб айтганда, Аллоҳ таоло ҳар бир мўмин-мусулмон зиммасига нималарни фарз ва вожиб қилган бўлса, шуларни Ўзи буюргандек адо этишлик – бу улуғ ва шарафли иш ҳисобланади. Буларга таҳорат, намоз, рўза, закот, ҳаж ва бошқа амаллардаги фарз, вожиб, суннат, мустаҳаб каби аҳкомларни беузр тарк этмаслик ёки уларни чала адо этмаслик каби ишлар киради.

Баҳодир МУҲАММАДИЕВ