Никоҳда тенглик: чет элликка турмушга чиқиш мумкинми?
17.04.2012 й.
Инсон ҳаёт кечирар экан, балоғатга етгандан сўнг уйланиш, турмушга чиқиш каби инсоний амалларни қилишини ҳаёт тақозо қилади. Мусулмон одам эса мусулмонга уйланиши ёки мусулмонга турмушга чиқиши шариат китобларида қатъий белгиланган. Зотан, мусулмон одам ўз эътиқодига зид эътиқоддаги одам билан яшай олмайди. Демак, бутга сиғунувчилар ёки умуман бирорта динга эътиқод қилмайдиганлар билан бирга ҳаёт кечириб бўлмайди.

Одатда аёлларнинг кўнгиллари юмшоқ бўлади. Насроний ва яҳудийларнинг дини бизнинг динимизга яқин бўлганлиги боис, эрининг мусулмонлигидан таъсирланиб, эрига эргашиб ўша аёл ҳам мусулмон бўлиб кетишининг эҳтимоли кўпроқ бўлганлиги учун шариатимиз уларга уйланишга рухсат берган. Бу бутпараст ва мушрикага уйланишга ва турмушга чиқишга умуман рухсат йўқ! Замонамизда бошқа диний таълимотларга эргашувчи аёлларга (улар ҳинд, кариес ва ҳоказо бутларга сиғинувчилар бўлиши мумкин) уйланиш асло мумкин эмас. Зеро, улар иймонни инкор қилурлар, иймонга душмандирлар. Шу боисдан у билан келишиб кетиш амри маҳол бўлгани боис у билан бирга ҳаёт кечиришни шариат манъ қилади. Насронийлик ва яҳудийликка эътиқод қилувчи аёлларга уйланиш мумкинлиги ҳақидаги фатвонинг берилишига “Қуръони карим”даги “Моида сураси”нинг бошларидаги ояти карима сабаб бўлган. (1)
Мусулмон аёлнинг ғайридин эркакка турмушга чиқиши асло мумкин эмас! Бу ҳақда “Авн ал-маъбуд шарҳи Сунан Абу Довуд” асарида қуйидаги ҳадиси шариф ривоят қилинган:
نتزوّج نساء أهل الكتاب ولا يتزوّجون نساءنا
“Аҳли китобнинг хотинларига уйланамиз, улар бизнинг хотинларимизга уйлана олмайдилар”.(2) Саҳоба Жобир ибн Абдуллоҳ (р.а.): “Аҳли китобнинг хотинлари бизга ҳалол, бизнинг аёлларимиз эса уларга ҳаромдир!” деган.(3)
Имом Абдурраззоқ эса таниқли саҳобалар Ҳазрати Умар (р.а.) ва Ибн Жарир (р.а.)дан мана бундай гапни нақл қилган: “Мусулмон насроний аёлга уйлана олади. Насроний эса муслима аёлга уйлана олмайди”.(4)
Бироқ, мусулмон эркаклар ҳам ғайридин аёлга уйланмасликлари авлодир. Чунки, ғайридинга мансублар ароқ ичадилар, чўчқа гўшти ейдилар, сигарет чекадилар, бузуқ мусиқалар эшитадилар, умуман, мусулмонлар шариатига тўғри келмайдиган ишларни оилада қилишлари ва шунинг оқибатида фарзандлар тарбиясига ёмон таъсир қилишлари мумкин. Мусулмонлар юртида яшаётган ғайридин аёлга уйланишни уламоларимиз макруҳи танзиҳий деганлар. Ўзининг юртида яшаётган ғайридин аёлга уйланишни эса макруҳи таҳримий деб қайд қилганлар. «Баҳр ур-роиқ» соҳиби иккови ҳам макруҳи танзиҳий бўлади, деган эканлар. Машҳур фиқҳий манбамиз  “Ҳидоя”нинг энг яхши шарҳларидан бири «Фатҳ ул-қадийр»да эса булар ёзилган: «Яхшиси шуки, уйланиб ўтирмасин. Сўйган гўштларидан емасин. Магар зарурат бўлиб қолса, майли. Ўз юртида яшаётган ғайридин аёлга уйланиш ижмоъ билан макруҳдир. Чунки, ўша юртда яшаганлиги учун, ўша жойларга алоқаси борлигининг имкони бўлганлиги учун фитна эшиклари очилиш эҳтимоли бор. Икковидан бўлган бола аҳли куфр ахлоқи билан хулқланишга ўтиб кетиши ҳам мумкин».(5)
Шунинг учун ҳам саҳобаи киромлар ҳатто мусулмон аёлларини бошқа дин аёллари билан бирга умумий ҳаммомга кирмасликни буюрганлар.(6)
Юқоридагилардан маълум бўладики, мусулмон эркак ва аёл чет элликлардан уйланиши ёки уларга турмушга чиқиши мумкин эмас. Агар улар мусулмон бўлган бўлсалар, унда қандай қилинади?
Ҳанафия, яъни Имоми Аъзам мазҳабида никоҳ борасида тенглик эътибор қилинади. Яъни, келин-куёв ижтимоий ҳаётда тенг бўлиши мақбул ҳисобланади. Зотан, ахир халқ орасида ҳам «Тенг тенги билан…» деган гап бор-ку! Бу ҳақда байт ҳам бор:
    Кабутар кабутар ила, ғоз билан ғоз,
    Ҳамжинс билан ҳамжинс қилар парвоз.
Ҳанафийларнинг мазкур фатвосига далилни Имом Термизий ва Байҳақий ўзларининг “Сунан”ларида ривоят қилганлар, уни Имом Ҳоким саҳиҳ деб қайд қилган. Унда Ҳазрати Али (к.в.)га Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деганлар:
يا على، ثلاث لا تؤخرها الصلاة اذا اتت والجنازة اذا حضرت والآيم اذا وجدت لها كفوا
“Эй Али, уч нарсани кечиктирмагин: Намоз вақти келганда, жаноза ҳозир бўлганда ва бокира қизга тенгги топилганда”. (7) Ибн Можжа эса Ойша онамиз (р.а.)дан ривоят қилган: “Уруғларингизга яхшилик изланг, тенгиларига никоҳланглар!”. Уни ҳам Имом Ҳоким саҳиҳ деган.(8) “Эъло ус-сунан”да бунга ўхшаш ҳадислардан ўндан ортиғи ривоят қилиниб, иснодлари борасида изоҳлар келтирилган.(9)
Ким кимнинг тенги, кимлар орасида тенглик бўлади ёки тенглик бўлмайди? Бу ҳақда машҳур фиқҳий матн китоби “Мухтасар ал-Виқоя”да ўқиймиз: “Никоҳда кафоат-тенглик насаб жиҳатдан эътиборга олинади. Бас, қурайшликлар баъзисига баъзиси тенгдир. Араблар баъзисига баъзиси тенгдир. Ажамларда эса ислом жиҳатидан тенглик эътибор қилинади. Демак, икки отаси исломда бўлган одамга бир неча оталари (аждодлари)  исломда бўлган тенгдир. Лекин икки отаси мусулмон бўлган қизга бир отаси ёки ўзи мусулмон бўлган йигит тенг эмас... Яна ажамларда диёнат юзасидан ҳам тенглик эътиборга олинади. Бас, фосиқ йигит солиҳ инсоннинг қизига (ёки солиҳа қизга) куфв (тенг) эмас...”.(10)
Имом Муҳаммад аш-Шайбоний “Китоб ул-осор”ида Абу Ҳанифа (р.а.)дан ривоят қилишича, Умар ибн Хаттоб (р.а.) бундай деган эканлар:
لأمنعن فروج ذوات الأحساب الا من الأكفاء
“Ҳасабли-насабли кимсаларнинг қизларини тенггилари топилгунча турмушга чиқишларини албатта манъ қиламан!” (11)
Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган мазкур нақлга мувофиқ обрў-эътиборли оилаларнинг қизларини тенги топилгунча турмушга бермай туришлик лозимлиги англашилади. Тўғри йўлдан борган халифаларга эргашиш ҳақидаги ҳадиси шарифлардаги буйруқларга биноан Ҳазрати Умарнинг бу хилдаги ишини ҳам саҳобаи киромлардан қолган суннат дея баҳолаш мумкин.
Имоми Аъзам мазҳабида келин ва куёв тарафнинг бир-бирларига тенг бўлиши борасидаги кўрсатмаси мазкур мазҳабнинг нақадар улуғ ва ҳақ мазҳаб экани, унинг халқчил бир мазҳаб экани ойдинлашади. Қанча-қанча оилалар орасида тенглик бўлмаганидан ажралишлар бўлаётгани сир эмас. Ўзларини олийнасабман деб юрадиганлар табиий равишда ҳеч қачон қизларини қорачаларга бермайди, ундай қизлар ҳам никоҳга рози бўлавермайди. Мабодо бўладиган бўлса ҳам қачонлардир турмуш чорраҳаларида бу нарса юзага чиқиб қолади. Ёки аждодлари мусулмон бўлмаган йигитларга бутун аждодлари мусулмон ўтган қиз турмушга чиққан пайтда ҳаётлари тотувликда ўтса, хўб-хўб. Аммо унингдек йигитлар ўз динига содиқ қолади, деб ким кафолат беради?! Ҳозирги кунда асрлар давомида ота-боболари мусулмон ўтган, ўзлари ҳам мусулмон бўлган қизларимиз ғайридин юртларда эндигина мусулмонликни қабул қилган хорижий йигитларга турмушга чиқиб кетяпти. Улар ўз юртларида янги қабул қилган динларига содиқ қолади, ўғил-қизларини шу динга муҳаббатли қилиб тарбия беради, деб ким айта олади?! Тақводор, халқ олдида ўзининг тақвоси, ибодатга бўйин сунган оилалар ўз қизларини фосиқ, гуноҳ ишлардан қайтмайдиган оилалар (нинг ароқхўр ёки банги ўғли)га турмушга узатиб, кейин афсусу надоматларга қолаётгани ҳам сир эмас. Намоз ўқиётган, қуръонхон, ҳижобда юрадиган айрим қизларимиз фосиқ йигитларга турмушга чиққандан сўнг, ҳижобни ҳам, намозни ҳам ташлаб қўйганликларига гоҳида гувоҳ бўлиб турибмиз. Ўз уйида катта-катта еб ўрганган, яхши-яхши кийиб ўрганган қизлар турмушга чиққандан кейин ниҳоятда ғариб бўлиб қолганликлари, ночор оилаларга келин бўлиб тушганликлари боис у жойга кўникиб кетишга қийналиб, баъзан яхши ниятларда қурилган оилалар бузилиб қолаётгани ҳам бор гап. Бозор-ўчарларда атр-упа сотиб юрган ёки ҳамшира, ўқитувчи бўлиб, озода кийим-кечакка ўраниб юрган қизларимиз оёқ-қўли мойдан бўшамайдиган, доим иши кир-чирдан иборат йигитларга тегиб олиб, турмуш роҳатлари, фароғатлари кўнгилдагидек бўлмаётганини ҳам эшитиб қоламиз. Ана шуларнинг ҳаммасига бизнинг халқимиз асрлар давомида тақлид қилиб келган Ҳанафия мазҳабининг никоҳдаги кафоатни – тенгликни эътиборга олиш яхшироқ эканлиги тўғрисидаги тавсияга беэътибор бўлганимиздан эмасмикин?!
Юқорида иқтибос олинган “Мухтасар ал-Виқоя”даги “Икки отаси исломда бўлган одамга бир неча оталари (аждодлари)  исломда бўлган тенгдир. Лекин икки отаси мусулмон бўлган қизга бир отаси ёки ўзи мусулмон бўлган йигит тенг эмас” деган жумла бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган. Бугунги кунда мусулмонликни имом-домланинг олдида қабул қилаётган, ёзиб берилган калимаи шаҳодатни зўрға кўр-кўрона ёдлаб олаётган йигитларга – аниқроғи карейс, хитой, немис, американ миллатига мансуб кимса минг йиллардан бери мусулмон бўлиб келган аждодларнинг қизлари эрга тегиб кетаётгани жуда ачинарлидир!
“Мухтасар ал-Виқоя”даги “икки отаси” дегани дадаси ва бобоси мусулмон бўлган, ўзи ҳам мусулмон бўлган йигит тушунилади. У аждодлари мусулмон бўлиб келган қизга тенгдир. Зотан, йигит оиласи ҳам мусулмонликка кўникиб, бутун анъаналари мусулмончиликка ўтган бўлади. Бироқ, дадаси ва буваси мусулмон бўлган мусулмон қизга фақат дадаси ҳамда ўзи мусулмон йигит тенг эмас. Ёки фақат ўзи мусулмонликни қабул қилган, ота-оналари мусулмон бўлмаган йигит аждодлари мусулмон бўлган, мусулмонлик муҳитида униб-ўсган қизнинг тенгги эмас. Зотан, ота-боболари, бутун аждодлари мусулмон қиз энди мусулмонликни қабул қилган йигитга турмушга чиқса, ўша йигит мусулмонлигига содиқ қолади, деб ким айта олади? Йигит ва қизнинг биргаликдаги ҳаёти исломий тотувликда, исломий муҳитда ўтади деб ким кафолат бера олади? Фақат ўзигина мусулмон бўлган йигитлар аждодлари мусулмон бўлган муслима қизларга уйланиб, масалан, Ўзбекистонда ёки мусулмонобод юртларда, аниқроғи қизларнинг диёрида яшамасдан, йигитлар қизларни ўз юртига олиб кетишмоқда. Бу ҳолатда аҳолисининг аксарияти мусулмон бўлмаган юртда туғилган фарзандларни эндигина мусулмон бўлган йигит, яъни оила бошлиғи мусулмонликда тарбия қила оладими? Қизларнинг ота-онаси йигитдан олган 500-1000 долларни деб мусулмонликнинг минг йиллик анъаналарини, миллий қадриятларни, халқимиз маънавиятини оёқости қилмаяптиларми?  
Зотан, Жаноби Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деганлар: “Аёлларни фақатгина тенгиларига никоҳланглар, уларни фақат валийларигина турмушга берсинлар ва ўн дирҳамдан кам маҳр йўқ”.(12)

Ҳамидуллоҳ Беруний

***

1. “Қуръони карим”: “Моида сураси”, 5-оят.
2. Шамсулҳаққ Азимободий. Авн ал-маъбуд шарҳи Сунан Аби Довуд. 8/276.
3. Ибн Абу Шайба 4/10082; Абдурраззоқ 6/10082; 7/12656, 12665.
4. Суютий “Жомеъ ал-аҳодис” 28/31538; ал-Муттақий “Канз ал-уммол” 23/44842.
5. Камол ибн Ҳумом: «Фатҳ ул-қадийр», Байрут: «Дору содир», 2-жузъ, 372-бет.
6. Байҳақий 7/13320.
7. Термизий 1/171, 3/1075; Ҳоким 3/2686;  Байҳақий “Сунан ас-суғро” 2/2519; “Сунан ал-кубро” 7/13535;  Табризий 1/605.  
8. Ибн Можжа 1/1968; Байҳақий 7/13536; Дорақутний 3/3833.
9. Зафар Аҳмад ал-Усмоний ат-Таҳонавий. Эъло ус-сунан. IX-жуз. – Байрут: Дор ал-фикр, 2002. 3732-3738 бетлар.
10. Убайдуллоҳ ибн Тож уш-шариъа. «Мухтасар ул-Виқоя», Китоб ан-никоҳ, Фасл ал-авлиё вал-акуффо. –Қозон: 1911. 52-бет.
11. Дорақутний 3/3830; Ибн Абу Шайба 4/10324, 10331.
12. Дорақутний 3/3645; Байҳақий 7/13538; “Маърифат ас-сунан ва-л-асор” 12/4540; Табароний «Мўъжам ал-авсат»  1/3; Суютий “Жомеъ ал-аҳодис” 16/17011; “Жамъ ал-жавомеъ” 1/1076; ал-Муттақий “Канз ал-уммол” 22/44690; Имом Ибн Абу Ҳотим Жобир ибн Абдуллоҳ (р.а.)дан ривоят қилган ушбу ҳадисни Имом Бағавий ҳасан деб қувватлаган.