Қуръони Каримда ман қилинган саломлашиш
11.06.2012 й.
Исломда мусулмонни таниган ва танимаган кишига салом бериши суннат амалларидан бири ҳамда мусулмоннинг мусулмондаги вожиб ҳақлардан биридир. Зеро, саломлашиш билан инсон бошқа бир инсонга саломатлик тилайди, унинг сабабидан уларнинг ўртасида дўстлик, муҳаббат пайдо бўлади. Саломлашишнинг замирида эса, инсон бир инсон учун Аллоҳ таолодан тинчлик-хотиржамликни, нуқсонлардан саломат бўлишини сўрашлик бор. Ушбу ҳолат динимизнинг нақадар соф ва тинчликпарвар дин эканлигини кўрсатади. Шундай экан, ҳар бир мусулмон саломлашиш лафзларини ва одобларини билмоғи даркор. Унга оид ҳукмларни  билиб амал қилиши лозимдир.
       
Халқ орасида шундай саломлашиш лафзлари борки, унда ўзлари билмаган ҳолда бошқа кишига саломатлик тилаш ўрнига унинг аксини, яъни ўлим тилаш ҳолати бўлиб қолади.
Аллоҳ таоло Мужодала сурасининг 8-оятида ман қилинган саломлашиш ҳақида шундай марҳамат қилади:
وَإِذَا جَاؤُوكَ حَيَّوْكَ بِمَا لَمْ يُحَيِّكَ بِهِ اللَّهُ وَيَقُولُونَ فِي أَنفُسِهِمْ لَوْلَا يُعَذِّبُنَا اللَّهُ بِمَا نَقُولُ حَسْبُهُمْ جَهَنَّمُ يَصْلَوْنَهَا فَبِئْسَ الْمَصِيرُ ( سورة المجادلة آية-٨)
    
Ва ҳузурингга келсалар, сен билан Аллоҳ ўргатмаган тарзда сўрашурлар. Ва ичларида, шу гапимиз учун Аллоҳ бизни азобламаса эди, дерлар. Уларга жаҳаннам кифоядир, унга кирурлар. У қандоқ ҳам ёмон жой!  (Мужодала сураси 8-оят)
Аллоҳ таоло бу оятда яҳудийларнинг ҳийлаларини фош этиб, уларни мусулмонларга нисбатан муносабатлари қандай эканлигини ошкор қилган.
Яҳудийларнинг Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига келганларида у зот билан Аллоҳ ўргатмаган тарзда сўрашишлари қандоқ бўлганини қуйидаги ривоятлардан билиб олишимиз мумкин бўлади.
     Муҳаддислардан Ибни Аби Ҳотим Оиша разияллоҳу анҳо онамиздан бундай ривоят қиладилар:
«Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига яҳудийлар кириб келиб:
«ас-Сому алайка эй Абул Қосим!» (яъни, сенга ўлим бўлсин эй Абул Қосим), дедилар. Оиша онамиз уларга:
«Ва алайкум ас-Сому»,(сизларга ҳам ўлим бўлсин) дедилар. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом:
«Ҳой Оиша! Аллоҳ таоло фаҳш сўзларни хуш кўрмайди», дедилар. Оиша онамиз:
«Уларнинг “ас-Сому алайка” (сенга ўлим бўлсин) деганини эшитмадингизми?» деб сўраганларида, Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи ва саллам бундай жавоб қилдилар:
«Менинг «ва алайкум» (сизларга ҳам), деганимни эшитмадингми?»
     Яҳудийлар ҳар бир нарсада ҳийла ишлатиб, Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи ва саллам ва мусулмонларга ёмонлик қилишнинг пайида бўлардилар. Ҳаттоки улар саломлашиш пайтида ҳам «Ас-Салому алайкум» (сизга тинчлик бўлсин)» дейиш ўрнига тилларини буриб, «Ас-Сому алайкум (сизга ўлим бўлсин)» деб сезилмайдиган қилиб айтишарди.
      Анас ибни Моликдан ривоят қилинади:
      “Кунларнинг бирида Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари билан ўтирган эдилар. Яҳудийлардан бири келиб уларга салом берди. Унинг саломига жавоб беришди. Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига “у нима деганини билдиларингизми?” дедилар. Улар “салом берди ё Росулуллоҳ” дедилар. У “сизларга “Саму алайкум” деди” дедилар. Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига “унга жавоб беринглар” дедилар ва улар жавоб беришди. Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи ва саллам яҳудийга “сен “Саму алайкум” демадингми?” дедилар.  У  “ҳа” деб жавоб қилди. Пайғамбаримиз с.а.в. асҳобларига “агар сизларга аҳли китоблардан бири салом берса, уларга “сенга ҳам” яъни “айтган нарсанг ўзинга ҳам бўлсин” деб айтинглар” дедилар.     
     Улар ўз қилмишларининг нотўғри эканини яхши билишарди. Шунинг учун ҳам ичларида «шу гапимиз учун Аллоҳ бизни азобламаса эди», деб қўяр эдилар.
Оят сўнгида Аллоҳ таоло яҳудийлар дилидан қандай сўзни ўтказишган бўлса, шу ҳолда яна ўзларига эшиттириш учун нозил қилди:
    «...Ва ичларида, шу гапимиз учун Аллоҳ бизни азобламаса эди, дерлар».
Яҳудийларнинг бу қилмишлари, албатта ўз баҳосини топади.
«Уларга жаҳаннам кифоядир, унга кирурлар. У қандоқ ҳам ёмон жой!»
          Демак, ислом динидаги салом лафзи “сийн”, “лом” ва “мим” ҳарфларидан ташкил топиб, натижада “салима, саломатун” сўзи тузилиб “соғ-саломат бўлмоқ, нуқсонлардан омонда бўлмоқ ҳамда тинчлик-хотиржамлик” деган маънони беради. Агар ушбу калимадаги “лом” ҳарфи тушиб қолса “самун” яни “ўлим” деган маънони беради. Бу саломлашиш тури эса шариъати исломияда ман қилингандир. Чунки саломлашишнинг ушбу кўриниши инсонга саломатлик тилаш эмас, балки ўлим тилашдир.
 Тааассуфким, бизнинг юртимизнинг баъзи жойларида ҳам яҳудийларнинг ушбу сўрашишига ўхшаш саломлашиш бор. Мисол учун: “Сомайкум” лафзи билан сўрашиш.  Аммо, уларнинг саломи билан яҳудийларнинг сўрашишининг фарқи шундаки, яҳудийлардек ёмон мақсадни ният қилмаслигидадир.
Бу дегани нияти яҳудийларнинг нияти каби бўлмаса ушбу салом лафзини ишлатаверсинлар дегани эмас. Балки, буни билганларидан кейин, саломлашиш лафзини тўғрилаб,  Қуръон ва суннатга мос равишда саломлашишсинлар демоқчимиз.
Шунинг билан бир қаторда юртимизда турли хил шеваларда саломлашишни ҳам кузатишимиз мумкин. Мисол учун: “ас-Салом”, “салом” ва “саломалайкум” каби салом лафзлари бор. Буларнинг барчаси маъноси тўлиқ бўлмаган, лафзи хадисда айтилганидек бўлмаганлиги учун биз уларни хадисдагидек “ас-салому алайкум” ёки “ас-салому алайкум ва раҳматуллоҳ” ёки “ас-салому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ” деб салом беришларини истардик. Бу одобни нафақат диний мутахассис олимлар, балки мактабгача бўлган тарбия масканларида, ўрта мактабларида ахлоқ ва одоб дарсларида таълим берилиши, хусусан ҳар бир ота-она ўз фарзандларига ўргатиб боришлари зарурдир.    

Яҳё Абдурраҳмон