Қуёшни тўхтатиб тур
16.06.2012 й.
Имом Шофеъий р.а. айтдилар: Мен сўфилар билан бирга юриб улардан икки сўзни истифода қилдим. Бири: “Вақт қиличдир, агар уни кесмасанг у сени кесади”. Иккинчиси эса: “Нафсингни агар ҳақ билан машғул қилмасанг, у сени ботил билан машғул қилади”, деган сўзларидир.

Инсоннинг вақти аслида унинг умри бўлиб, доимий неъматдаги абадий ҳаётининг замини, ёки аламли азобдаги танг ҳаётининг заминидир. У булутлардан ҳам тезроқ ўтиб кетади. Кимники вақти Аллоҳ учун ва Аллоҳ билан ўтган бўлса, ўша вақт унинг ҳаёти ва умридир. Ундан бошқа нарса билан ўтган вақт эса, агарчи узундан-узоқ яшаган бўлса ҳам унинг ҳаётидан ҳисобланмайди. Чунки у ҳайвонлар каби яшабди. Агар у вақтини ғафлат, шаҳват ва ботил орзулар билан ўтказган бўлса, уйқу ва бекорчиликда ўтказгани унинг учун энг яхши ўтказгани бўлади. Бундай кишининг яшашидан кўра ўлими яхшироқдир. Агар банда намозда бўлса, намоздан ҳақиқатини англаб ўқиган намозигина унинг учун намоз бўлади. Бас шундай экан Аллоҳ учун ва Аллоҳ билан ўтказган вақтигина унинг умри бўлади.

ЎТГАН СОЛИҲЛАРНИНГ ВАҚТДАН ЮТИШГА ВА УНИ ЯХШИЛИК БИЛАН ТЎЛДИРИШГА АСТОЙДИЛ ИНТИЛИШЛАРИ

Ўтган солиҳлар ва уларнинг йўлидан юрганлар вақтдан фойдаланиш ва уни яхшиликлар билан тўлдиришга инсонларнинг энг ҳарислари эдилар. Бу борада уларнинг олимлари ҳам обидлари ҳам баробар эдилар. Вақтларини қизғонганлари ҳамда унинг беҳуда ўтиб кетишидан сақланганлари учун ўтаётган ҳар соат ва ҳар лаҳзани хайрли ишларга мусобақалашиб ўтказардилар.

ҚУЁШНИ ТЎХТАТИБ ТУР, ШУНДА СЕН БИЛАН ГАПЛАШАМАН

Зоҳид тобиъинлардан бўлган Омир ибн Абду Қайсдан нақл қилинади: Бир киши унга: “Мен билан гаплашинг”, дебди. Омир ибн Абду Қайс унга: “Қуёшни тўхтатиб тур, яъни, мен учун қуёшни ҳаракатланишидан ушлаб тур, сен билан гаплашаман. Чунки вақт тўхтовсиз ўтиб кетувчидир. Ўтганидан кейин қайта келмас. Унинг зарари ўрнини тўлдириб бўлмайдиган зарардир. Чунки ҳар бир вақтда унда қилиниши лозим бўлган  амал бордир”, дебди.

АБДУЛЛОҲ ИБН МАСЪУДНИНГ УМРИДАН ЎТГАН БИР КУНИ УЧУН НАДОМАТИ

 Буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд р.а. айтдилар: Мен ажалим қисқариб, амалим кўпаймасдан қуёши ботган кунга чеккан надоматимчалик бирор нарсага надомат чекмадим.

КЕЧА ВА КУНДУЗ СЕНИНГ УСТИНГДА ИШЛАЯПТИ СЕН ҲАМ УЛАРДА ИШЛАБ ҚОЛ!

Солиҳ халифа Умар ибн Абдулазиз р.а.: “Албатта кеча ва кундуз сенинг устингда ишлаяпти, сен ҳам уларда ишлаб қолгин”, деди. (Яъни, кеча кундуз инсон вужудига лаҳзама-лаҳза таъсирларини ўтказиб унинг умридан ҳисобланиб ўтиб бораяпти.)  

ЭЙ ОДАМ БОЛАСИ, СЕН КУНЛАРДАН ИБОРАТСАН!

Ҳасан Басрий р.а. айтдилар: “Эй Одам боласи, сен кунлардан иборатсан. Бир кун ўтса, сенинг бир бўлагинг кетган бўлади.” Ва яна: “Бир қавмларни билдимки, улар вақтларига сизларнинг динору-дирҳамингизга бўлган эҳтиёткорлигингиздан кўра эҳтиёткорроқ эдилар”, деди.

ҲАММОД ИБН САЛАМА ЁКИ ҲАДИС АЙТАРДИ, Ё ҚУРЪОН ЎҚИРДИ, ЁХУД ТАСБЕҲ, Ё САЛОВАТ АЙТАРДИ

Ҳофиз Заҳабий “Тазкиратул Ҳуффоз”да, муҳаддис имом Ҳаммод ибн Салама Басрий, ал-Баззоз ал-Хироқийнинг таржимаи ҳолларида қуйидагиларни айтганлар: “Муҳаддис имом, наҳв билимдони, намунали ҳофиз, шайхул ислом бўлган бу зот ҳижрий 92 йил туғилиб, 167 йил вафот этганлар. У Ибн Абу Аруба билан бирга аввал китоб тасниф қилган кишилардандир. Араб тилининг моҳир билимдони, фақиҳ, фасоҳатли, гўзал сўзлагувчи, суннат соҳиби бўлган ушбу зот, обидлардан бир обид ҳам эдилар.”
Унинг шогирди Абдурраҳмон ибн Маҳдий айтади: Агар  Ҳаммод ибн Саламага: “Сиз эртага вафот этасиз”, дейилганида ҳам, қилаётган амалига бирор нарсани зиёда қила олмасди. (Чунки шу даражада кўп амал қилардики, буларга яна зиёда қилишнинг ҳеч имкони йўқ эди.)
Мусо ибн Исмоил Табувзакий айтади: Агар мен сизларга Ҳаммод ибн Саламани кулганини кўрмаганман десам, албатта рост айтган бўламан. У ё ҳадис айтиш, ё Қуръон ўқиш, ёхуд тасбеҳ, ё саловат айтиш билан машғул бўларди. Кунни шу нарсаларга тақсим қилганди.
Юнус ал-Муаддиб: Ҳаммод ибн Салама намозда вафот этди, унга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин, деганлар.

ХАЛИЛ ИБН АҲМАДГА ЭНГ ОҒИР ВАҚТ ТАОМЛАНИШГА КЕТГАН ВАҚТ ЭКАНИ

Абу Ҳило Аскарий ўзининг “Ал-Ҳассу ъала толабил илми ва ижтиҳоди фи жамъиҳи” китобида қуйидагиларни айтган: “Халил ибн Аҳмад Фароҳидий ал-Басрий ўта зукко олимлардан эди. Юзинчи санада туғилиб, бир юз етмишинчи (100-170 ҳ)  санада вафот этган. У зот айтардилар: “Мен учун энг оғир вақт, таом ейдиган вақтимдир.”
Аллоҳу акбар! У зот наздида илм ўрганмасдан бирор вақт ўтказиш нақадар оғир, вақтни қизғаниш бунчалар алангали!

АБУ ЮСУФ ВАФОТ ЭТАЁТГАН ВАҚТИДА ҲАМ ФИҚҲИЙ МАСАЛА ҲАҚИДА БАҲС ҚИЛГАНИ

Ушбу имом Қози Абу Юсуф роҳматуллоҳи алайҳ (Яъқуб ибн Иброҳим Ансорий Куфий сўнгра Бағдодий) 113-ҳижрий санада таваллуд топган ва 182-санада вафот этган бўлиб, Имом Абу Ҳанифанинг соҳиби, шогирди, ҳамда у зотнинг илми ва мазҳабини тарқатувчиси ҳисобланади. Бу зот Аббосий халифалардан учтасининг Маҳдий, Ҳодий, ва Рошийдларнинг даврларида қози бўлганлар. Биринчи бўлиб “Қозилар қозиси” деган номга сазовор бўлганлар. Бу зотни “Дунё қозиларининг қозиси” деб аташган. Ана шу зот жон таслим қилаётган сўнги нафасларида ҳам бирор бир ўрганувчи ё толиб илмнинг наф олишидан умидвор бўлиб, ўзларини кўргали келган зиёратчилардан бири билан фиқҳий масала тўғрисида баҳс юритган. Ҳаётининг энг охирги лаҳзасини ҳам илм музокарасисиз, фойда беришсиз ва сўрашсиз ўтказиб юбормаган.
Унинг шогирди қози Иброҳим ибн Жарроҳ Куфий сўнгра Мисрий гапириб берган: Абу Юсуф касал бўлганди. Уни кўргали келдим. Келганимда у беҳуш ётганди. Ўзига келгач менга: эй Иброҳим бир масала тўғрисида нима дейсан? деди. Мен: шундай ҳолатда-я? дедим. У: бунинг зарари йўқ дарс қилаверамиз эҳтимолки бирор киши бу дарсимиздан нажот топар? деди.
Сўнгра: эй Иброҳим тош отишда яъни ҳаж ибодатларида, пиёда юриб отган афзалми ё уловда отган афзалми? деди. Мен: уловда отган афзал дедим. У: хато қилдинг деди. Мен: пиёда юриб отган афзал дедим. У яна: хато қилдинг деди. Шунда мен: Аллоҳ сиздан рози бўсин ўзингиз айтинг дедим. У: агар ўша ерда дуо қилиш учун тўхтайдиган бўлса пиёда юриб отгани афзал, агар тўхтамайдиган бўлса уловда отгани афзал, деди. Сўнгра мен унинг ҳузуридан чиқдим. Ҳали ҳовлисининг дарвозасига ҳам етиб улгурмасдан унга йиғлашганини эшитдим. У вафот этган эди. Аллоҳ уни ўз раҳматига олган бўлсин.
Ушбулар уламолар ва машойихларнинг тутган йўлларидир. Зеро улар: “илм талаб қилиш бешикдан қабргачадир” дейдилар.       

АБУ ЮСУФНИНГ ЎҒЛИ ВАФОТ ЭТГАН ПАЙТДА ҲАМ ДАРСГА ҲОЗИР БЎЛИШ УЧУН КАФАНЛАШ ВА ДАФН ЭТИШНИ БОШҚАЛАРГА ТОПШИРГАНИ

Заковатли буюк имом, донг таратган қози Абу Юсуф доимо устози Имом Абу Ҳанифанинг ёнида бўларди. У 17 йил ё 29 йил устозининг мажлисидан ажрамаган. Бирорта ҳам бомдод намозини устозининг ёнида ўқимасдан ўтказиб юбормаган.  Касал бўлиб қолган пайтидан ташқари рамазон ва қурбон ҳайитларида ҳеч қачон ундан ажрамаган. “Муҳаммад ибн Қудома ривоят қилади: Шужоъ ибн Махладдан эшитганман, у Абу Юсуфнинг шундай деганини эшитган: ўғлим вафот этганда кафанлашга ҳам, дафн этишга ҳам бора олмаганман ва уни қўшниларим ва қариндошларимга топширганман. Чунки Абу Ҳанифадан ҳасрати мени тарк қилмайдиган бирор нарсани ўтказиб юборишдан қўрққандим.  

МУҲАММАД ИБН ҲАСАН ТУНДА ОЗГИНА УХЛАРДИ

Аллома Тошкўпирзода “Мифтаҳус саъада ва мисбаҳус сияда” номли китобларида қуйидагиларни айтганлар: “Имом, фақиҳ, мужтаҳид, муҳаддис, имом Абу Ҳанифанинг шогирди Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний Куфий Бағдодий (132- ҳижрий санада туғилиб 189-санада вафот этган) роҳматуллоҳи алайҳ тунда ухламасдилар. Олдиларига дафтарларни яъни китобларни қўйиб қўярдилар. Агар бирортасидан зериксалар бошқасига ўтардилар. Уйқуларини сув билан кетказардилар ва “уйқу ҳароратдан келади,”дердилар.  

ИСОМ БАЛХИЙНИНГ ЭШИТГАН НАРСАСИНИ ЎША ЗАҲОТИ ЁЗИБ ОЛИШИ УЧУН БИР ДИНОРГА ҚАЛАМ СОТИБ ОЛГАНИ

Аллома Тошкўпирзода қуйидагиларни айтганлар: Ҳанафий фақиҳ, Балхнинг муҳаддиси, Исом ибн Юсуф Балхий роҳматуллоҳи алайҳ (215-санада вафот этган) эшитган нарсасини ўша заҳоти ёзиб олиши учун бир динорга қалам сотиб олган. (Яъни 4,25  гр олтинга қалам сотиб олган.) Чунки умр қисқа, илм эса кўпдир. Толиби илмга вақтларини, соатларини зое қилмаслиги, кечалари-ю, бўш вақтларини ғанимат билиши, устозларини ғанимат билиб улардан фойдаланиб қолиши лозим бўлади. Зеро ўтиб кетган кетган нарса қайта топилмас!
Ўтиб кетган нарсани ҳаргиз топа олмасман
На изтироб, на кошки, ва на “эҳ, агар” билан ҳам!

Абдулфаттоҳ Абу Ғудданинг
“Уламолар наздида вақтнинг қадри”
 китобидан Сидиқметов Қудратуллоҳ
ва Пардаев Абдулқодир таржимаси