"Соф табиат дини" китоби |
26.12.2012 й. | |
Саййид Мубашшир Тарозийнинг «Соф табиат дини» номли китоблари нашрдан чиқди. Бундан юз йилча муқаддам ёзилган ушбу ихчам рисола Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан, иймонини советлар тузуми тазйиқидан сақлаб қолиш мақсадида кўп йиллар муҳожирликда яшаган улуғ олим ва адиб Саййид Мубашшир Тарозий қаламига мансуб. Ислом динига доир элликка яқин китоб муаллифи ўзининг бу асарида китобхонга Аллоҳнинг тавҳидини, инсониятнинг руҳий-маънавий табиблари бўлмиш пайғамбарлар рисолатини, ҳақ ва ботил орасидаги фарқни таништиради, қатор диний, ижтимоий ва сиёсий муаммоларга дучор бўлиб, боши берк кўчага кириб қолган Ғарб оламини «ҳақиқий абадий дин» бўлмиш Исломга ва унинг ҳикматли таълимотларига чорлайди. Пайғамбарлар келтирган шариатлар ва Аллоҳ таоло ваҳий қилган қонун-қоидаларсиз башариятнинг бахтли ҳаёт кечириши асло мумкин эмаслигини ишончли далил-ҳужжатлар ёрдамида исботлаб беради.
МУАЛЛИФ ҲАҚИДА Абу Наср Саййид Мубашшир ибн Муҳаммад Тарозий Мовароуннаҳрнинг таниқли уламоларидан ва адибларидан эди. У милодий 1890 йили Туркистоннинг Авлиё ота шаҳрида (эски Тарозда) туғилган. Отаси, замонасининг етук фақиҳи Саййид Муҳаммадхон тўра ўғлини олдин Тароздаги таниқли олимларга шогирд қилиб берди. Сўнг у Тошкентдаги Абулқосим ва Бухородаги Мир Араб мадрасаларида таҳсил олди. Таниқли аллома Муҳаммад ал-Асалий (Шомий) домладан сабоқ ўқиди, Қуръони каримни тўла ёд олди, нақшбандия таълимотини ўрганди. Унинг «Қуръон ва нубувват» номли китоби ўша пайтлардаёқ совет ҳукумати томонидан мусодара қилинган эди. У Тароз шаҳрида диний идора очди, мактаблар ташкил этди, юртни босқинчи болшавойлар истилосидан халос этиш ҳаракатларида фаол қатнашди. Таъқиб кучайгач, 1930 йили ватанини тарк этиб, олдин Афғонистон, Ҳиндистонда, 1945 йилдан бошлаб Мисрда муҳожирликда яшади. Олим узоқ йиллар Миср кутубхоналари бош идораси «Дорул-кутубия Мисрия»да туркий китоблар бўлими мудири бўлиб ишлади. Олимнинг қаламига мансуб Қуръон илми, Ислом фиқҳи ва тарихига оид элликка яқин асарлар, кўплаб ғазал ва маснавийлар, мақола ва рисолалар бир қанча Ислом ўлкаларида чоп этилди. Саййид Мубашшир ибн Муҳаммад Тарозий 1977 йили Қоҳирада вафот этди. Олимнинг ушбу «Соф табиат дини» номли асари Афғонистон пойтахти Кобулда ёзилган эди.
ИСЛОМГА МАРҲАБО! БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ. «Ва уни икки йўлга йўллаб қўймадикми?» дея инсонга икки йўл фарқини ажратувчи ақл берган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Инсон ақл билан яхши йўлни танийди ва ундан юради, ёмон йўлнинг фарқига боради ва ундан узоқлашади. Шу орқали у инсоний ҳаётга мос бўлган йўлга кириб, абадий саодатга юзланади. Ниҳоят, у бу дунёда шарафли ва пок ҳаёт кечиради, охиратда абадий туганмас неъматга сазовор бўлади.
Муаллиф: Саййид Мубашшир Тарозий (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф таржимаси) Нархи: 3 400 сўм Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг тавсияси ила чоп этилган Мурожаат учун телефонлар: Тошкент шаҳри: (+998 71) 216 29 27
Муаллиф ҳақида |