Нега дуоларимиз қабул бўлмаяпти?
06.02.2013 й.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Парвардигорингиз: “Менга дуо қилингиз, Мен сизлар учун (дуоларингизни) ижобат қилай!” – деди” (Ғофир, 60) деб марҳамат қилган. Бошқа бир оятда эса “...Менга илтижо қилувчининг дуосини ижобат этурман...” (Бақара, 186) деган.

Ушбу оятларга назар солсак, Аллоҳ таоло дуо қилувчининг дуосини ижобат қилишини ваъда қилаётганига гувоҳ бўламиз. Хўш, унда нега дуоларимиз қабул бўлмаяпти? Ахир Аллоҳ азза ва жалла ваъдасига хилоф қилмайдиган зотку! Албатта, ҳамма нарсанинг ўз қонун-қоидаси бўлганидек, дуо қилишнинг ҳам ўзига яраша қоида ва шартлари мавжуд. Ўша шартларга амал қилинсагина дуолар қабул бўлади. Дуо қабул бўлишининг баъзи шартларини келтириб ўтамиз.  
1. Ихлос.
Дуонинг ибодат эканлиги ҳадисларда айтилган. Инсон дуо қилар экан, ушбу ибодатни ҳам чин ихлос билан, Аллоҳ таолога бутун қалб қўри билан юзланиб, Унинг дуоларни қабул қилувчи Зот эканига ич-ичидан ишониб, ижобатни ҳам ёлғиз Унинг Ўзидан кутса, албатта, дуолари қабул бўлади.
2. Аллоҳга муҳтожликни ҳис этиш.
Дуо қилаётган киши ўзини Аллоҳга муҳтож деб билмоғи, мусибатлардан қутқарувчи Унинг Ўзи эканлигига қалбидан ишониши керак. Ўзини Аллоҳдан беҳожат ҳисоблаб, шунчаки тил учида, наридан бери дуо қиладиганларнинг дуоси ҳеч қачон ижобат бўлмайди.
3. Ҳаром луқмадан сақланиш.
Дуо қилувчи, аввало, ҳаром луқмадан узоқ бўлиши лозим. Чунки, ҳаром луқма дуо қилаётган шахс билан ижобатнинг ўртасида тўсиқ бўлиб қолади. Қолаверса, луқманинг ҳалол бўлиши бошқа ибодатларнинг қабул бўлишида ҳам энг зарур омиллардан ҳисобланади.
Зеро, ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: “Албатта, Аллоҳ покдир. У зот фақат пок нарсани қабул қилади. Пайғамбарларини нима нарсага буюрган бўлса, мўминларни ҳам шу нарсаларга буюргандир” дедиларда, қуйидаги оятларни ўқидилар: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!”, “(Пайғамбарларимизга шундай дедик:) “Эй, пайғамбарлар! Пок (таом)лардан тановул қилингиз ва эзгу (иш) қилингиз!”. Кейин Пайғамбар алайҳиссалом узоқ сафарга чиқиб, сочлари тўзиб, уст-боши чанг бўлиб кетган бир одамни зикр қилдилар. “У одам қўлларини самога кўтариб: “Эй Роббим, эй Роббим” деб дуо қилади. Ваҳоланки унинг ейиши ҳаром, кийиши ҳаром, ўзи ҳам ҳаром билан озуқаланиб ўсган. Унинг дуоси қаердан ижобат бўлсин” дедилар.
Ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом ундай одамнинг дуоси қабул бўлмаслигини билдиряптилар. Нега унинг дуоси ижобат бўлмайди? Ахир у зоҳирий сабабларни бажардику! Яъни, икки қўлини самога кўтарди. Чунки, Аллоҳ самодаги аршдан олий бўлган зотдир. Қўлларни юқорига кўтариш ижобат сабабларидан биридир. Кейин Аллоҳга Робб исми билан дуо қилди. Зеро, Қуръонда ҳам дуолар асосан Робб исми билан бошланади.
“Эй, Раббимиз! Бу (коинот)ни беҳуда яратмагансан. Сен (айблардан) пок зотдирсан. Бас, бизни дўзах азобидан сақлагин!
Эй, Раббимиз! Кимни Сен дўзахга киргизсанг, албатта, уни хор қилган бўласан. Золимларга эса ёрдамчилар йўқдир.
Эй, Раббимиз! Биз “Раббингизга имон келтиринг!” деб, имонга чорлаган жарчини (Муҳаммадни) эшитдик ва дарҳол унга имон келтирдик.
Эй, Раббимиз! Бизнинг гуноҳларимизни кечир, хатоларимизни ўчир ва бизларни солиҳ кишилар қаторида вафот эттир!
Эй, Раббимиз! Яна бизларга (барча ўтган) пайғамбарларингга (уларнинг воситаси ила умматларига) ваъда қилган нарсаларингни (савоб ва ёрдамингни) ато эт ва бизларни қиёмат кунида шармисор қилмагин! Албатта, Сен ваъдага хилоф қилмагайсан”.
Бас, Парвардигорлари уларни (дуоларини) ижобат этиб, (деди:) “Албатта, Мен сизлардан амал қилувчининг – хоҳ эркак бўлсин ва хоҳ аёл бўлсин – амалини зое қилмасман” (Оли Имрон, 191-195).
Демак, Аллоҳнинг Робб исми васила қилинса, дуонинг ижобатига тезроқ эришилар экан.
Ҳадисдаги одам ҳам Аллоҳнинг ўша Робб исмини васила қилган эди. Қолаверса, у одам мусофир эди. Сафар ҳам ижобатнинг сабабларидан биридир. Зеро, сафардаги инсон ўзининг Аллоҳга муҳтожлигини муқим ҳолатидагидан кўра кўпроқ ҳис этади. Бундан ташқари у сочлари тўзиб, уст-бошлари чангга беланган ҳолатда эди. Бундай ҳолат ҳам дуонинг қабул бўлиш омилларидан саналади. Шунча сабабларни қилса ҳам нега унинг дуосини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қабул бўлмайди деяптилар? Чунки, унинг таоми ҳаром эди! Киядиган кийимларини ҳаромдан топган эди! Ёшлигидан ҳаром луқма еб улғайган эди! Шунинг учун Набий алайҳиссалом: “Унинг дуоси қаердан ижобат бўлсин” демоқдалар. Агар ўша одам дуо қилишнинг ҳамма шартларини адо этиш билан бир қаторда луқмаси ҳам ҳалол бўлганида эди, албатта, дуоси ижобат бўлган бўларди.
Баъзида барча шартлар топилса ҳам дуо қабул бўлмаслиги мумкин. Албатта, Роббимиз ўзи биладиган ҳикматга кўра шундай бўлади. Эҳтимол, ўша дуо ижобат бўлишдан кўра бирорта каттароқ гуноҳга каффорат бўлар. Ёки бирор ёмонлик етишининг олдини олар. Ёхуд Аллоҳ таоло унинг ижобатини қиёмат кунига захира қилиб олиб қўяр. Чунки, дуо қилиб, дуоси қабул бўлмаган кишига Аллоҳ таоло икки ҳисса ажр беради-да! Бири дуо қилгани учун, иккинчиси ижобат бўлмаганига сабр қилгани учун.
4. Дуонинг ижобатига шошилмаслик.
Инсон дуо қилар экан, дуойим қабул бўлмаяпти деб шошқалоқлик қилмаслиги керак. Бу ҳам дуонинг қабул бўлмаслигига сабаб бўлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Дуонинг ижобатида шошқалоқлик қилмасангиз, албатта, у ижобат бўлади”. Шунда саҳобалар: “Шошқалоқлик қандай бўлади, эй Аллоҳнинг Расули?” дейишди. У зот: “Дуо қилувчининг “Дуо қилдим, дуо қилдим, дуо қилдим, қабул бўлмади” дейишидир” дедилар.
Дуонинг тез ижобат бўлишини кутиш бора-бора инсонни дуо қилишдан тўхтатиб қўйиши мумкин. Ваҳоланки, дуо қабул бўлмаган тақдирда ҳам у ибодат, Аллоҳга яқинлашиш, ажрнинг кўпайиши ҳисобланади. Шунинг учун инсон дуосининг қабул бўлишини Аллоҳдан сўраши, мабодо қабул бўлмаса ҳам дуонинг ибодат, ажрнинг кўпайиши, гуноҳнинг тўкилиши ва энг асосийси Аллоҳга яқинлашиш воситаси эканини ёдда тутиб доимо дуога ҳарис бўлиши керак.    
5. Қалб ҳозир бўлиши.
Инсон дуо қилаётганда айтаётган сўзларини қалбидан ўтказиб, ҳушёр ҳолатда туриши ва ўша дуосининг қабул бўлишига ишониши лозим. Чунки, Аллоҳ таоло бепарво, ижобатига ишонмайдиган, ғафлат ҳолатидаги қалб соҳибининг дуоларини қабул қилмайди.  
6. Қиблага юзланиш.
Модомики, дуо ибодат экан, демак, у қиблага қараб адо этилмоғи лозим. Бу ҳам дуо қабул бўлишининг энг зурур омилларидан ҳисобланади.
7. Таҳоратли ҳолда бўлиш.  
Модомики, дуо ибодат экан, демак, у таҳоратли ҳолда бажарилсагина кўзланган мақсадга эришилади.
Аллоҳ барчамизни дуолари қабул бўладиган бандаларидан қилсин. Омин!

Нозимжон Ҳошимжон