ИБОДАТ ВА ДУО
27.03.2007 й.

Бу икки нарса, яъни, ибодат ва дуо қазо ва қадар, банданинг амали ихтиёрий ёки мажбурий экани, савоб ва иқоб масалалари билан боғлиқ эканини алоҳида таъкидламоғимиз лозим.
Агар баъзи тушунмаганлар ўйлаганидек, қазо ва қадар Аллоҳ таолонинг илми эмас, балки мажбурлаши бўлганида У зот биз бандаларни ибодат ва дуо қилишга амр қилмаган бўлар эди. Мабодо Ўзи мажбур қилиб туриб яна амр берадиган бўлса, мантиқсизлик бўларди. Бу эса Аллоҳ таолонинг шаънига мутлақо тўғри келмайди.
Ибодат сўзи итоат маъносини билдиради. У убудият – қуллик маъносидан кўра кучлироқдир. Чунки ибодат ўзини хору зор тутишнинг юқори чўққисидир. Бундай нарсага, яъни, маъбудликка фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина сазовордир.
«Жавҳаратут тавҳид» номли китобнинг шарҳида ибодат қуйидагича таърифланган экан:
«Ибодат Аллоҳ таоло ёқтирадиган намоз, закот, рўза, ҳаж, ростгўйлик, омонатни адо қилиш, ота-онага яхшилик қилиш, силаи раҳм қилиш, аҳдга вафо қилиш, Аллоҳ таолонинг динига ихлос қилиш, У зотнинг неъматига шукр қилиш, қазосига рози бўлиш ва шуларга ўхшаш зоҳир бўлсин, ботин бўлсин ҳар бир гап ва амални жамловчи исмдир».
Аллоҳ таолонинг Қуръони Каримда бандаларни ибодатга чақирувчи баъзи оятларини ўрганайлик.

Аллоҳ таоло «Фотиҳа» сурасида: «Фақат Сенгагина ибодат қиламиз ва фақат Сендангина ёрдам сўраймиз», деган (5- оят).
Бизда «ибодат» деганда, фақат намоз ўқиш, рўза тутиш, зикр, Қуръон қироати каби нарсалар тушуниладиган бўлиб қолган. Тўғри, булар улкан ибодатлар, лекин аслида Аллоҳга манзур бўлган ҳар бир иш ибодатдир. Демак, инсон ўз ҳаётида Аллоҳнинг айтганини қилиб юрса, ибодатда юрган бўлади. Аллоҳ ҳалол ризқ топ, деб буюрганми, демак, ҳалол ризқ топиш ҳаракатида юрганлар ибодатда бўладилар. Албатта, ҳалол ризқ топиш ибодат экан, деб бошқа нарсалар тарк қилинмайди. Масалан, намоз ва рўзани тарк қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.
Хулласи калом, «Ийяка наъбуду» «фақат Сенинг айтганингни қиламиз» маъносини англатади. Бу эса банда тарафидан Аллоҳга берилган улкан ваъдадир. Аллоҳ таоло барчамизни ушбу ваъданинг устидан чиқадиганлардан қилсин.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «Эй, одамлар, сизларни ва сиздан олдингиларни яратган Роббингизга ибодат қилинг. Шоядки тақводор бўлсангиз», деган (21-оят).
Ушбу оятда умумбашарга қарата нидо этилмоқдаки, сизларни яратган тарбиячингиз улуғ Аллоҳга ибодат қилинглар! Сизларни яратишда У ягона бўлган, энди ёлғиз Ўзига ибодат қилишингизга ҳақлидир. Ибодатдан мақсад–шоядки, тақводор бўлсаларингиз.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Ва Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани ширк келтирманглар», деган (36 - оят).

Дуо ҳақида

Аввало дуонинг маъносини билиб олайлик. Араб тилида «дуо» сўзи чақириш, сўраш маъноларини англатади.
Кўпинча дуо билан бир нарсани талаб қилиш маънолари бир-бирига аралашиб кетади.
Шунинг учун талаб нима-ю, дуо нима эканини аниқ билиб олиш алоҳида маъно касб этади.
Талаб сўровчи нутқ қиладиган лафзнинг васфидир. Менга тилаган нарсамни бергин, каби.
Дуо эса сўровчида пайдо бўладиган нафсий ҳолатдир. Мазкур нафсий ҳолат икки нарса билан; қалб ва ҳисларнинг уйғоқлиги ҳамда улар ҳар бирининг синиқлик ва хокисорлик ила Аллоҳ таолога юзланиши билан ва яна дуо қилувчининг ўзи қилган гуноҳлар учун Аллоҳ таолога сидқидилдан тавба қилишни бошлаши билан бўлади.
Ҳа, дуо қилинаётган пайтда қалб ва ҳисларнинг уйғоқлиги ҳамда улар ҳар бирининг синиқлик ва хокисорлик ила Аллоҳ таолога юзланиши бўлмаса одатга кўра икки қўлни кўтариб тилга келган талаб сўзларини такрорланаётган бўлади. Бундоқ вақтларда қалб ғофил бўлиши, тилда бир гап хаёлда бошқа гап бўлиши ҳам мумкин. Албатта, бу ҳолатни дуо деб бўлмайди.
Бас, шундоқ экан бу ишни қилаётган одамни фалончи Аллоҳ таолодан сўрамоқда дейишимиз мумкин аммо фалончи Аллоҳ таолога дуо қилмоқда дея олмаймиз.
Аллоҳ таоло «Исро» сурасида: «Аллоҳга дуо қилинглар, Раҳмонга дуо қилинглар, қайсисига дуо қилсангиз ҳам, бари бир. Гўзал исмлар Уникидир», деган (110-оят).
Ривоятларда келишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни: «Ё Аллоҳ! Ё Раҳмон!» деб дуо қилаётганларини мушриклар эшитиб қолиб, дарҳол: «Муҳаммад якка худоликка чақирар эди, ўзи бўлса иккита худога дуо қилмоқда», деб гап тарқатишибди.
Уларнинг бу жоҳилона тушунчаси ва тасарруфи жавобига ушбу оят тушган экан. Бу оятда мазкур нотўғри тушунча ва тасарруф тўғриланмоқда.
«Аллоҳга дуо қилинглар, Раҳмонга дуо қилинглар, қайсисига дуо қилсангиз ҳам, бари бир».
«Аллоҳ», «Раҳмон» исмлари икки хил бўлгани билан соҳиби бир зот. Исм кўпайса, зот ҳам кўпайиб қолмайди.
«Гўзал исмлар Уникидир», деб айт».
Аллоҳ таоло «Ғофир» сурасида: «Ва Роббингиз: «Менга дуо қилинглар, сизга ижобат қилурман», деди», деган (60 - оят).
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «Қачонки, бандаларим сендан Мен ҳақимда сўрасалар, бас, албатта, Мен яқиндирман. Дуо қилувчи дуо қилганда дуосини ижобат қилурман», деган (186-оят).
Аллоҳ таоло «Аъроф» сурасида: «Роббингизга тазарруъ ила ва махфий дуо қилинг. Зотан, У ҳаддан ошувчиларни севмас», деган (55 - оят).
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло мўмин бандаларига дуо қилиш одобларини ўргатмоқда. Дуода тазарруъ –ёлбориш ва махфийлик бўлиши зарурлигини таъкидламоқда.
Худди шу маъно Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида ҳам ифодасини топган.
Имом Бухорий ва имом Муслим Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда қуйидагилар баён қилинади: «Одамлар баланд овоз билан дуо қилган эдилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй, одамлар, ўзингизга шафқат қилинг, сизлар кар ёки ғайбга дуо қилаётганингиз йўқ. Сиз дуо қилаётган Зот энг яхши эшитгувчи ва энг яқин зотдир», дедилар».
Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Дуо ибодатдир», дедилар ва «Ва Роббингиз: «Менга дуо қилинглар, сизга ижобат қилурман. Албатта, ибодатимдан такаббурлик қиладиганлар, тезда жаҳаннамга бўйин эгган ҳолларида кирурлар»ни қироат қилдилар». Термизий ва Абу Довуд ривоят қилган.
Ушбу ривоятда келтирилган ояти каримада дуо маъноси ибодат маъноси билан бир хилда ишлатилмоқда. Шундан «дуо ибодатдир» маъноси таъкид топади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таолонинг наздида дуодан кўра мукаррамроқ нарса йўқ», дедилар». Термизий, Аҳмад ва ал-Ҳоким ривоят қилган.
Шунинг учун банда Аллоҳ таолога кўпроқ дуо қилмоғи лозим.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Дуо ибодатнинг мағизидир», дедилар».
Бундан дуосиз ибодат, мағизсиз ибодат бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким Аллоҳдан сўрамаса, У зот ундан ғазабланади», дедилар».
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимни Аллоҳ унга шиддатлар пайтида истижобат қилиши масрур қилса, оройиш пайтида дуони кўпайтирсин», дедилар».
Бу ҳақда имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи «Оройиш пайтида Аллоҳни танисанг, шиддат пайтида Аллоҳ сени танийди» деганлар.
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ер юзида қайси бир мусулмон гуноҳ аралаштирмасдан, қариндошлик алоқасини узмасдан туриб дуо қилса, албатта, Аллоҳ таоло унга ё сўраганини тезда беради, ёки ўшанинг мислича ёмонликни ундан буриб қўяди», дедилар.
Шунда одамлардан бири: «Ундоқ бўлса (дуони) кўпайтирамиз», деди.
«Аллоҳ кўпайтирувчироқдир», дедилар».
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимга дуо эшиги очилса, унга раҳмат эшиклари очилган бўлади. Аллоҳдан бериладиган нарсалар ичида энг маҳбуб бўлгани офиятни сўрашликдир», дедилар».
Шунинг учун Аллоҳ таолодан офиятни кўпроқ сўраш керак бўлади.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта, дуо нозил бўлган ва нозил бўлмаган нарсадан сақлайди. Эй, Аллоҳнинг бандалари! Ўзингизга дуони лозим тутинг!» дедилар».
Демак, ким нозил бўлган балолардан сақланай деса кўпроқ дуо қилсин. Ким нозил бўлмаган балолардан сақланай деса ҳам кўпроқ дуо қилсин.
Салмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Қазони фақатгина дуо рад қиладир. Умрни фақатгина яхшилик зиёда қиладир», дедилар».
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳдан Унинг фазлини сўранг. Албатта, Аллоҳ азза ва жалла Ундан сўралишини хуш кўрадир. Энг афзал ибодат кушойишни кутишдир», дедилар». Ушбу саккизтани Термизий ривоят қилган.
Кушойиш – нажот, енгиллик, мусибатни ариши.
Дуо масаласи қадимда ҳам тез-тез кўтарилиб турганидан унинг ҳақидаги тортишувлар ва далил келтиришлар қадимги ақоидга оид китобларимизда ҳам ўз аксини топган.
Мисол тариқасида «Шарҳи ақийдатут Таҳовия» китобидан иқтибос келтирамиз.

ДУОНИНГ ИЖОБАТ ВА ҲОЖАТНИНГ РАВО БЎЛИШИ

«Аллоҳ таоло дуоларни ижобат ва ҳожатларни раво қилади».
Шарҳ: Жумҳур мусулмонлар ва бошқа динлар аҳллари ҳам дуо манфаатни жалб ва зарарни даф қилиш учун энг кучли сабаблардан эканига ишонишади. Аллоҳ таолонинг мусулмон бўлсин, кофир бўлсин, бандасининг дуосини ижобат қилиб, унга сўраганини бериши, ризқ ва ёрдам бериши оят ва ҳадислардан маълумдир.
Имом Ибн Можа «Сунан» китобида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Аллоҳдан сўрамаса, Ул зот ундан ғазабланади», деганлар.

Аллоҳ таоло Ўзининг олти сифатига далолат қилгани сабабидан дуо қилишга амр қилгандир:

1. Вужуд (борлиги). Чунки йўққа дуо қилинмайди. Ундан бирор нарса сўралмайди.
2. Ғанийлиги (бойлиги). Чунки фақирга дуо қилинмайди. Ундан бирор нарса сўралмайди.
3. Эшитувчилиги. Чунки карга дуо қилинмайди. Ундан бирор нарса сўралмайди.
4. Карам (сахийлик). Чунки бахилга дуо қилинмайди. Ундан бирор нарса сўралмайди.
5. Раҳмат. Чунки раҳмсизга дуо қилинмайди. Ундан бирор нарса сўралмайди.
6 - Қудрат. Чунки ожизга дуо қилинмайди. Ундан бирор нарса сўралмайди.

Дуони инкор қилувчи, ушбу олти сифатни инкор қилувчидир.
Ундан ғофил бўлган, олти сифатдан ғофилдир.
Фойда: Билингки, сабабларга суяниб, дуо қилмаслик, тавҳиддаги ширкдир. Сабабларни бутунлай тан олмаслик ақлдаги нуқсондир. Сабабларни ишлатишдан юз ўгириш эса ишларни сабабларга боғлаб қўйган шариатга айб тақашдир.
Таваккул ва умидворлик тавҳид, ақл ва шариат вожиб қилган нарсалардан иборатдир. Сабабларга таваккул қилиб (суяниб) қолмайди ҳам, уларни беҳудага чиқармайди ҳам.. Балки, Аллоҳга таваккул қилган (суянган) ҳолда, сабаблар Аллоҳнинг иродаси ва изни ила натижали бўлади, деб ҳаракат қилади.

Аллоҳ таоло дуоларни ижобат қилишига далил:

1. «Ва Роббингиз: «Менга дуо қилинглар, сизга ижобат қилурман», деди» (Ғофир: 60).
2. «Қачонки, бандаларим сендан мен ҳақимда сўрасалар, бас, албатта, мен яқиндирман. Дуо қилувчи дуо қилганда дуосини ижобат қилурман» (Бақара: 186).
3. «Албатта, ибодатимдан такаббурлик қиладиганлар, тезда жаҳаннамга бўйин эгган ҳолларида кирурлар» (Ғофир: 60).

БОШҚАГА ДУО ВА САВОБНИ БАҒИШЛАШ

Бир банда бошқа банда ҳақига дуо қилса ёки ўзи қилган хайрли ишнинг савобини бағишласа бўладими деган саволга бериладиган жавоб қадимдан кўпгина тортишувларга сабаб бўлиб келган.
Бошқанинг ҳақига дуо қилиш бу ерда ўлган кишига мағфират сўраш маъносидаги гапдир. Оддий ҳолатдаги дуо ҳақида ихтилоф йўқ. Бу масалада гап асосан ўтганлар ҳақида бўлади.
Бу ҳам қадимдан ҳар замонда янгиланиб, анчагина тортишувларга сабаб бўлиб турадиган масалалардан. Кўпинча ҳар ким ўзиникини маъқуллаб гапираверади-ю, аммо масалани илмий йўл билан ҳал қилишга ўтилмайди. Натижада орада гап кўпайгани қолади, холос. Аслида эса бошқа масалалар қатори бу масалани ҳам тортишаётган тарафлар бир ерга келиб, ҳужжат – далил суриштириб ҳал қилиб олса енгил кўчади. Аҳли Сунна ва жамоа уламолари доимо шу ишнинг тарафдорлари бўлишлари лозим.. Чунки уларнинг далиллари қадимдан тайёр. Улуғ уламоларимиз бу масалаларни батафсил баён қилиб қўйганлар.
Ушбу сарлавҳа остида сўз юритмоқчи бўлган масаламизни оладиган бўлсак уни бундан етти юз йилча олдин ёзилган «Шарҳи ақийдатут таҳовия» китобидан топамиз. Топганда ҳам худди бугунги кунимизда баҳс қилинаётгандек шаклда топамиз.
Шунинг учун бу масалада ўша китобдаги маълумотларнинг ўзини тақдим қилишни афзал кўрдим. Аммо айтиш лозимки, агар менинг ихтиёримда бўлганида баъзи бир шиддатли сўз ва ибораларни ишлатмаган бўлар эдим. Аммо иқтибос олган одамнинг бундоқ қилишга ҳаққи йўқ.
Марҳамат қилиб мазкур китобдан олинган иқтибос билан танишинг.

ЎЛГАНЛАРГА ДУО ҚИЛИШ ВА УЛАРГА САВОБ АТАШ

«Тирикларнинг дуо ва садақаларидан ўлганларга манфаат бордир».
Шарҳ: Аҳли суннат ва жамоа ўлганлар тирикларнинг қилган амалидан манфаат олишларига иттифоқ қилганлар.
Мусулмонларнинг унинг ҳақига қилган дуолари, айтган истиғфорлари ва унинг номидан қилинган садақалари ва ҳажлари бунга мисолдир.
Баданий ибодатнинг савоби ўлганга етадими, йўқми, деган масалада ихтилоф бўлган.
Баданий ибодат, рўза, намоз, Қуръон қироати ва зикрга ўхшаган нарсалардан иборат.

1. Абу Ҳанифа, Аҳмад ибн Ҳанбал ва жумҳур (кўпчилик), баданий ибодат савоби ўлганга етади, деганлар.
2. Шофеъий ва Молик етмайди, дейдилар.

Ўлганга ўзидан бошқанинг амали савоби етишига далил, Қуръонда, Суннатда, Ижмоъда ва Қиёсда бордир:
1. Қуръондан далил:
«Улардан кейин келганлар: «Эй, Роббимиз, бизни ва биздан олдин иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин», дерлар» (Ҳашр сураси, 10).
Аллоҳ таоло ушбу оятда ўзларидан олдин ўтган мўминларга мағфират сўраганларни мадҳ қилмоқда. Бу эса ўлганлар тирикларнинг истиғфоридан манфаат олишига далолат қилади.
2. Суннатдан далил:
Имом Абу Довуднинг «Сунан» китобида Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадис ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлик дафн қилиб бўлингандан кейин устида туриб «Биродарингизга истиғфор айтинглар. Унга собитлик сўранглар. Чунки у ҳозир сўроқ қилинади», дер эдилар».
Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қабрларни зиёрат қилган вақтда ўлганларга дуо қилиш ҳақида ҳадислар келган.
Имом Муслимнинг «Саҳиҳ» китобларида келган ҳадис бунга мисол:
«Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
«Қабр аҳлларига истиғфор айтсангиз нима дейсиз?» деб сўрдилар.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ассалому алайкум, эй, мўмин ва мусулмонлар диёри аҳли. Аллоҳ биздан ва сиздан олдин ўтганларни-ю, кейин қолганларни раҳм қилсин. Ва албатта, биз ҳам сизларга келиб қўшиламиз», деб жавоб берганлар.
3. Ижмоъдан далил:
Ислом умматининг эътиборли асосий қисми жам бўлиб, ўлганга жаноза намозидаги дуони далил қилиб, ўлган тирикларнинг дуосидан манфаат олади, деганлар.
Жаноза намозидаги дуолар маълум ва машҳурдир. Улар ўз аҳли биландир. Ўлган эркак, аёл ва гўдаклар учун алоҳида дуолар мавжудлигининг ўзи бу дуолардан вафот этганларга манфаат борлигини кўрсатади.
4. Қиёсдан далил:
Баданий ибодат бўлмиш дуо ўлганга манфаат бергандан кейин рўза, намоз каби бошқа баданий ибодатлар ҳам манфаат бериши турган гап. Чунки орада фарқ йўқ. Бунинг устига бошқа баданий ибодатлар ҳам манфаат бериши ҳақида ҳужжат ва далиллар бор.

САДАҚАНИНГ САВОБИ ЕТИШИГА ДАЛИЛ

1. «Бир киши Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Эй, Аллоҳнинг Расули, онам тўсатдан вафот этди. Ўйлайманки, агар гапирса садақа қилар эди. Унинг номидан садақа қилсам, унга ажри-савоб бўладими?» деб сўради.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа!» деб жавоб бердилар».
Бухорий ва Муслим Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар.
2. Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Эй, Аллоҳнинг Расули, онам, менинг йўқлигимда вафот этди. У кишининг номидан садақа қилсам у кишига манфаат берадими?» деб сўраганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳа», деб жавоб бердилар.
Шунда Саъд розияллоҳу анҳу:
«Сизни гувоҳ қиламанки, ҳосилдор боғим у кишининг номидан садақа», деди». Бухорий Ибн Аббосдан ривоят қилган.
Рўзанинг савоби етишига далил: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким вафот этса-ю зиммасида рўза тутиш бўлса, унинг номидан валийси рўза тутади», деганлар. Бухорий ва Муслим ривоят қилганлар.
Ҳажнинг савоби етишига далил: Саҳиҳ Бухорийда Ибн Аббосдан ривоят қилинган ҳадисда қуйидагилар айтилади: «Жуҳайна қабиласидан бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: «Онам ҳаж қилишни назр қилган эди. Ҳаж қилмасдан вафот этиб қолди. У кишининг номидан Ҳаж қилсам бўладими?» деди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унинг номидан ҳаж қил. Айт-чи, онангнинг қарзи бўлганида адо қилармидинг? Аллоҳнинг қарзини ҳам адо қилинглар. Аллоҳ вафо қилишга ҳақлидир», дедилар».
Шунингдек, мусулмонлар, ўлган одамнинг қарзини бошқа биров, ҳатто бегона одам ҳам, тўлаб қўйса унинг зиммасидаги қарз соқит бўлишига ижмоъ қилишган.
Бунинг далили Абу Қатоданинг ҳадисидир.
Абу Қатода розияллоҳу анҳу бир ўликнинг икки динор қарзини ўз бўйнига олган. Кейин ўша икки динорни ҳақдорга берганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Энди (ўлганнинг) териси совуди», деганлар.
ал-Ҳоким ривоят қилган.
Худди рўза ва ҳажнинг савоби етганидек, ҳақ олмасдан, холисона Қуръон қироат қилиб савоби ўлганга бағишланса, унинг савоби ҳам етади.
Агар: «Бу иш ўтганлар ичида маълум бўлмаган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам буни қилишга иршод қилмаганлар-ку!» деган эътироз бўлса, жавоб шулки:
Агар эътироз қилувчи ҳаж, рўза ва дуонинг савоби етишини эътироф қиладиган бўлса, булар билан Қуръон қироати савобининг етиши орасида нима фарқ бор?
Ўтганларнинг бу ишни қилмагани савобнинг марҳумларга етмаслигига далил эмас.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқанинг номидан рўза тутиш, ҳаж ва садақа адо қилишга иршод қилганлар, қироатга эса иршод қилмаганлар, деган эътироз бўлса, унга жавобимиз қуйидагича:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сабабсиз, аввал бошдан иршод қилганларида қироатнинг савоби етмаслигига далил бўлиши мумкин эди. Ҳақиқатда эса ундоқ бўлмаган. Одамлар ўлган шахс номидан рўза тутиш, ҳаж қилиш ҳақида сўраб келишганда изн берганлар. Бу эса бошқа нарсалар ман қилинган, дегани эмас. Агар бирон киши Қуръон қироати ҳақида сўраганида изн берган бўлур эдилар».
Қироат савобини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бағишлашга келсак. Мутааххир уламолардан баъзилари бу ишни мустаҳаб деганлар, баъзилари бидъат, деганлар. Чунки саҳобалар бундоқ қилмаганлар ва ўзи шундоқ ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга у кишининг умматларидан ҳар бирининг яхши амалининг савоби, қироати Қуръонми, бошқами етиб туради. Чунки у зот умматларини яхши ишларга далолат ва иршод қилганлар.
Ўлганнинг номидан рўза тутиш, ҳаж ва садақа қилишнинг маълум шакли бўлмаганидек, Қуръон қироатининг ҳам маълум шакли ёки шарт-шароити йўқ. Ўлган одамга савоб бўлишини хоҳлаган одам ўзи тиловат қилиб, дуо ила савобини бағишлаб қўяверади.
Аммо бировни Қуръон тиловат қилиб савобини маййитга бағишлаш учун ёллаб олишни ўтган азизлардан ҳеч ким қилмаган. Уламоларимиздан бирорталари бу ишга амр қилмаганлар, рухсат ҳам бермаганлар. Савобнинг етиши, амал Аллоҳ учун холис бўлгандагина бўлади. Ажр-ҳақ олиш учун ёлланган одамнинг қироати эса холисона эмас. Ундан савоб ҳам ҳосил бўлмайдики, маййитга бағишласа.
Шунинг учун ҳам имомлардан бирорталари рўза тутиб, намоз ўқиб савобини маййитга бағишлаш учун биров ёллаб олинади демаганлар.

САВОБНИ БАFИШЛАШ ҲАҚИДА АҲЛИ БИДЪАТНИНГ МАЗҲАБИ

Баъзи бир аҳли бидъатлар, ўтган одамга дуонинг ҳам ва бошқа бирор нарсанинг ҳам савоби етмайди, деганлар. Уларнинг бу гаплари юқорида Қуръон ва суннатдан келтирилган далиллар ила мардуддир.

Аҳли бидъатнинг далиллари:

1. «Ва инсон учун фақат ўзи саъй-(ҳаракат) қилганидан бошқа нарса йўқ» (Нажм: 39).
2. «Фақатгина ўзингиз қилиб ўтган амаллар билан жазоланурсиз» (Ёсин: 54).
3. «У (жон) фойдасига касб қилган нарсаси ва У (жон) зарарига касб қилган нарсаси» (Бақара: 286).
4. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Вақтики, одам боласи ўлса, унинг уч нарсадан бошқа амали кесилади: Садақаи жория, унга дуо қиладиган солиҳ фарзанд ва ундан кейин манфаат олиниб туриладиган илм!» деганлар». Муслим ривоят қилган.

Аҳли бидъатнинг далилларига жавоб:

Биринчидан, Уларнинг «Ва инсон учун фақат ўзи саъй (ҳаракат) қилганидан бошқа нарса йўқ» (Нажм: 39) ояти ҳақида айтган гапларига жавоб шулки, аввало, инсон ўз саъйи-ҳаракати билан дўстлар орттиради, фарзанд орттиради, уйланиб хотинлик бўлади, яхшиликлар қилади. Ўшалар унинг ҳақига Аллоҳ таолодан раҳмат сўраб дуо қилсалар, бу унинг ўз саъй-ҳаракатидан бўлмай нимадан бўлади?
Иккинчидан, Қуръонда одам ўзидан бошқанинг саъйидан манфаат олмайди, дейилгани йўқ. Қуръон одам ўзидан бошқанинг саъйига эга бўлмайди, демоқда.
Бу икки иш орасида, яъни, инсоннинг ўзидан бошқанинг саъйидан манфаат олмаслиги билан эга бўлмаслиги орасидаги фарқ махфий эмас, очиқ-ойдиндир.
Аллоҳ таоло инсон фақат ўз саъйига эга эканлиги, бошқанинг саъйига, ўша бошқанинг ўзи эга бўлиши ҳақида хабар берди. Ўзи эга бўлган нарсани эса хоҳласа ўзига олиб қолади, хоҳласа бошқага беради.
Ушбу оятни ўзидан олдингиси билан боғлаш ҳам бизнинг жавобимизни қувватлайди. Чунки олдинги оятда:
«Бир жон бошқасининг оғирлигини кўтармайди», дейилган. Бу эса Аллоҳ таоло ҳеч кимни бошқа бировнинг айби туфайли иқоб қилмаслигини, бировнинг маъсияти учун бошқани жазоламаслигини тақозо қилади.
Иккинчидан, ҳар бир киши бировнинг амали билан эмас, фақат ўз амали ила нажот топишини тақозо қилади.
Шундоқ бўлгандагина инсоннинг ота - боболари, ўтганлари ва машойихлари амали ила нажот топиш ҳақидаги хом хаёли кесилади.
2. «У (жон) фойдасига касб қилган нарсаси ва У (жон) зарарига касб қилган нарсаси», (Бақара сураси, 286) оятининг маъноси ҳам аввалги оятнинг маъносига ўхшайди. Ҳар бир шахс ўз касбининг эгаси, бировнинг касби эгаси эмасдир. Ҳар бир шахс ўз маъсияти туфайли иқоб қилинур, бошқанинг маъсияти туфайли эмас.
3. Энди «Фақатгина ўзингиз қилиб ўтган амаллар билан жазоланурсиз» (Ёсин: 54) ояти сиёқига тўлиқ қарайдиган бўлсак унинг тўлиқ матнида «Бугунги кунда бирор жонга ҳеч зулм қилинмас. Фақатгина ўзингиз қилиб ўтган амаллар билан жазоланурсиз», (Ёсин: 54) дейилган.
Яъни, бир банданинг бошқа бировнинг қилган амали туфайли жазога тортилмаслиги таъкидланмоқда. Бошқанинг амалидан манфаат олиши эмас.
4. Одам боласи ўлса ундан амали кесилиш ҳақидаги ҳадисга келсак. Бу ҳадисни далил қилиб келтиришнинг ўзи нотўғридир. Чунки унда «амал кесилади» дейилган, «манфаатланиши кесилади», дейилмаган. Ҳар бир амалга уни қилувчиси эгадир. Хоҳласа ўзига олади, хоҳласа ўзгага бағишлайди». (Иқтибос тугади)

ЭСЛАТМА

Аҳли сунна ва жамоа уламолари жумҳури, маййит ўзидан бошқанинг амалидан манфаат олади, деганлар. Мўътазила мазҳабидагилар, манфаат олмайди, деганлар.
Маййитнинг ортидан қилинадиган хайр-эҳсон, дуо ва бошқа ишлар шариятнинг асосини ташкил этмайди. Булар бир қўшимча нарсалар. Асос ҳар бир одамнинг ўзи қилган амали.
Шунинг учун, ўлгандан кейин бошқанинг амалидан манфаат тегар экан, деган ўй билан бу дунёда шариатга амал қилмай юравериш мутлақо нотўғридир. Ҳатто, баъзи жойларда йилига бир марта худойи қилиб қўйишни дин деб тушунадиганлар ҳам бор.
Жумҳур уламолар, маййитга ўзганинг амали манфаат беради, деган ҳукмни ўз хаёлларидан чиқариб айтган ҳам эмаслар. Балки оят ва ҳадисларга суяниб, уларни далил-ҳужжат қилиб туриб айтганлар. Шунинг учун бу нарсани тўғри тушуниш ва унга тўғри амал қилиш керак.