Ҳайз ва нифосли аёллар рўзани нима қилади? |
30.06.2014 й. | |
Аёллар рўзаси ҳақида, яъни ҳайз ва нифос вақтидаги рўза ҳақида тушунтириб берсангиз. Бундай вақтда тутилмаган рўзага қазо тутиладими ёки йўқми? ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм Ҳайз ёки нифос кўрган аёлга рўза тутиш вожиб эмас, балки, мумкин ҳам эмас. Чунки, нифос ёки ҳайзли бўлатуриб тутилган рўза умуман рўза бўлмайди. Аёллар Рамазонда ҳайзли ё нифосли бўлиб қолсалар, покланганларида қазосини тутиб берадилар. Муоза розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Оишадан: «Нима учун ҳайзли аёл рўзанинг қазосини тутади-ю, намознинг қазосини ўқимайди?» – деб сўрадим. «Сен Ҳарурийямисан?!», – деди. «Мен Ҳарурийя эмасман, лекин сўраяпман, холос», – дедим. «Бизга шу ҳол етганда, рўзани қазо қилишга амр этилар эдик ва намозни қазо қилишга амр қилинмас эдик», – деди». Бешовлари ривоят қилишган. Валлоҳу аълам. |