Одамийлик мулки
30.12.2014 й.

Аллоҳ таоло инсониятни яратиб, унинг бахту-саодатда яшашу учун Ўзининг шариатини туширди. Пайғамбарлар юборди. Китоблар нозил қилди.  Дунёда эзгуликнинг синоними  ёвузлик Одам Ато фарзандлари Қобил ва Ҳобилларнинг можаросидан кейин пайдо бўлдимикин...
Эзгулик ва ёвузлик.  Эзгуликка-ку Хақ таоло дават этди. Ёвузликнинг хизматкорлари қандай бу йўлга кирдилар? Унинг ҳам малайлари инсон-ку. “Аллоҳнинг амридан чиқиб ёвуз ният билан дунёларни бузаётган, инсоният қонларини дарё қилиб оқизганлар ҳам, одам фарзандларими?”, деб хайратланаман. Балки уларнинг жирканч, чиркин ишлари ўзлари учун одил ҳаракат бўлиб туюлар. Балки улар ҳам ўзларини “эзгу ишлар учун курашмоқдамиз”, деб ўйлар. Бу икки куч орасидаги кураш наҳот қиёматгача қадар давом этади... Ҳўш, ақл эгаси қилиб яратилган инсон бу икки эшик олдида турса, қай бирига кириш унинг нимасига боғлиқ? У нимага асосланиб оқ-қора эшикдан бирини очади? Аллоҳ таоло жаннатнинг атрофини тиконлар билан безаган. Эзгулик эшигини очган одам боласи тиконзорларни кўриб эшикни шарт ёпиб қўйса, у кимнинг айби? Ёвузлик эшигини очиб, унда гулзору-боғларни кўрса, унинг орқасида эса, шиддатли азобхоналар борлигини билмасдан, нафс кўйида ўша эшикдан кириб кетса, бунга энди ким айбдор? Кирдими, энди унинг қалб кўзларининг бори ҳам ёпилди. У энди нафси ҳаввоси кўйида ўша “гулзор”да юраверади. У ерда у ёлғиз эмас ўзига ўхшаган тоифалар бисёр. Улардан таълим олади, ўсади, улғаяди. Ишлари қабоҳат бўлса-да, улар ҳам тилларида Аллоҳдан гапиради. Унинг шариатидан гапиради. Мусулмонларни куфрда айблайди. Зурриёдидан, ота-онасидан кечади. Мўлтираб турган норасида фарзандларининг уволи унга ҳеч нарса эмас. Ахир, унинг миясига “Аллоҳ йўлида жондан ҳам, бола-чақадан ҳам кечамиз”, деган бузуқ ақидани қозиқ каби қоқиб қўйганлар-да. Энди у разил на ватанни билсин, на-да бегуноҳ одамларни. Киндик қони тўкилган юртига, халқига, қурол ҳам ўқталаверади у. Ачинарлиси, динни ниқоб қилиб иш кўрса, Исломдан бехабарлар Ислом динини нима деб, қандай тасаввур қиладилар? Бизлар уларни қандай Исломга даъват қиламиз? Мана шу разолат-жаҳолат йўли эмасми? Мана шу ёвузлик эмасми?
Юқорида икки эшик остонасида турган одам боласини гапирдим. У нега эзгулик эшигини танламади? Нега адашди? Айбдор ким эди? Айбдор ўзимиз. Ота-она, маҳалла. Устоз ва муаллим. Аҳли илм ҳам, жамият ҳам. Сиз мулк деганда нимани тушунасиз? Моли-дунёними? дунёда не йўллар билан топилган дунё зийнатлариними? Кўзимизнинг очлиги, ниятимизнинг бузуқлиги ортида тўпланган бойликларними? Нафсимизни тўйдирамиз деб шунчалар югурамиз, иймонимиз оч қолиб йиғласа ҳам эшитмаймиз. Қалбларни моғор босиб кетса ҳам, бехабар юраверамиз-у, сиртимизни нафснинг хоҳишига қараб безайверамиз. У нафс роҳатланса бўлди. Ҳалол-харомни унга фарқи йўқ. Маишатларга ботамиз, неъматларни исрофини билмаймиз. Унинг шукри ҳам зарурлиги ёдимизда ҳам йўқ.
Қиммат маркабларда юрамиз-у, пиёда кетаётган ҳалол камбағал қўшнимизни йўл-йўлакай олиб кетишни  ор биламиз. Дастурҳонимизда турли хил неъматлар, қўшнимизнинг фарзандлари оч қолиб кетаётганлигини эшитиб қолсак ҳам пинагимизни бузмаймиз. Ҳар йили ҳажга боргимиз келади, гўёки тақводордек, лекин қариндошимизнинг қийин аҳволи бизни ташвишга солмайди. Одамлар масжидга отлансалар, йўлларидан чиқиб қолсак, даъват этсалар уларни ёмон кўрамиз. Фарзандимизни чўнтагига каша-каша пул солиб қўямиз. Зориқмасин дейсиз-да. Лекин фарзандингизга эътибор бермайсиз, ўша пулларни нимага сарф қилмоқда, унинг эвазига вақтини қаерларда ўтказяпти? Қизиқиб кўрганмисиз?  Ўзингиз бирор марта китоб варақламагансиз-ку фарзандингиз ҳам энди у пулларга китоб сотиб олишига ишонасизми? Йўқ! Сиз қимматбаҳо вақтингизни совурмоқдамисиз,  хотиржам бўлаверинг ўғлингиз чойхонада карта ўйнамоқда ёки комьпютерда қимматли вақтини харом ишларга сарф қилмоқда. Дунё неъматларига кўмилиб яшаш, мол-дунёни ҳисоби йўқ бўлса, хоҳлаганингиз муҳайё бўлса, сиз учун шулар мулкдир? Сиз учун шундай ҳаёт бахтдир балки. Агар бундай бойликлар қуршовида асир бўлиб, Ҳақни танимаслик бўлса, бундай бахт мўмин учун бахтиқароликдир. Унинг неъматларига шукр қилишни билмай яшашлик нодонликдир. Бундай инсонлар кўпроқ фарзандларидан куядилар. Аслида улар, фарзанд аталмиш неъматни ҳам, бадном қилган бўладилар. Юқорида икки эшик олдида қай бирига киришни билмай турган фарзандингиз сизнинг тарбиянгиз ва сизнинг гумроҳликда ўтган ҳаётингиз натижаси ўлароқ ёвузлик эшигини очмадими? Ҳа айнан шундай. У эшикдан кирган инсон боласи энди на ота-онасини танисин, на мехр-оқибатни билсин, на-да юрт қадрини. Афсуслардан энди не фойда. Қолган умрингизни қабоҳатда ўтган ҳаётингиз учун йиғлаб ўтказсангиз арзийди.
Одам боласини разолатга бошловчи омиллардан яна бири унинг мол-дунёга ўчлиги ва унга етишиш учун хар қандай жирканч ишлардан қайтмаслигидир. Озгина мўминлик сифатига эга инсон бўлганда ҳам тийилар эди. Сабр қилар ва ўзининг ризқини кенглигини Раззоқ сифатли Аллоҳдан тилаб, кўрган кунига шукр қилар эди. Ўз Расулининг неча кунлаб оч-наҳор қолганликларини эслаб тафаккур қилар эди. Тафаккурсиз, онгиз-фаросатсиз инсонгина мол-дунё кўйида ёвузлик эшигини очади.
Ўзларини “Ислом давлати” деб атаган манқурт тоифа бугун ана ўшандай қора эшикдан кирганларни қучоқ очиб кутиб олмоқда. Эндигина Исломга муҳаббат қўйиб, уни қабул қилишга шайланган инсонларни қанчаси аҳдидан қайтди экан...? Разолат ботқоғига ботганларнинг вахшийликларини кўриб, калима келтираман деб турганларнинг қанчаси “шаҳодат калимаси” ўрнига “Ислом фақат урушдан, одам ўлдиришдан иборат эканда?”—деган гапларни гапирди экан. Улар динни ҳам ёмон отлиқ қилмоқда. Эй сен, уларга қўшилсаммикин деб турган одам боласи, нодон бўлма! Аҳмоқлар ишини қилма! Сен у гумроҳларга дунё уламолари йўллаган “очиқ хат”ни бир ўқиб кўргин олдин! Уларнинг ваҳшийликлари бўғзиларигача ифлос балчиққа ботиб кетганларини англайсан. Шундан кейин ҳам ўзингни жаҳолат ботқоғигага урсанг, сенда одамийликдан нишон ҳам йўқ экан.
“Очиқ хат” аслида насиҳат, дарс, нафақат у бетавфиқларга қаратилган, қолаверса сен каби ёвузлик эшиги олдида турганларга ҳам тегишли. Огоҳ бўл! Кўзингни оч! Бу дунёда сендан мол-дунё эмас, одамийлик қолсин. Мулк аслида шудир. Мол-дунё топаман деб ўзингни бунчалар хор этма инсон боласи. Ортингда қолган оиланг, ота-онангни бунчалар юзларини шувут қилма. Сени дунёга келтирган  онанг афсус қилмасин туққанига.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир аҳдлашган жонни ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидлай олмайди. Албатта, унинг ҳиди қирқ йиллик масофадан келиб турур”, дедилар”. (Бухорий ва Термизий ривояти.)
Уламоларимиз ушбу ҳадиснинг шарҳида, “мўмин-мусулмонлар, тинч-тотув яшаётган хар бир ғайри динни ҳам ўлдириш у ёқда турсин зинҳор ёмонлик ҳам қилмасликлари керак—дейдилар. Сен ўзингча жиҳод қилмоқчимисан? Энди  сенга Расулуллоҳнинг ҳам панд-насиҳатлари кор қилмаса, биз сенга нима ҳам дея олардик.
Одамзоднинг ахлоқ-одобига доир  минглаб китоблар бордир. Валлоҳу аълам. Ахлоқ китоблари ёзилаверган-ёзилаверган. Хозир ҳам ёзилмоқда. Бундан кейин ҳам, токи инсоният ер юзида яшар экан, бу мавзуда жилд-жилд китоблар ёзилаверади. Салафи солиҳларимиз бу китобларни олдингисини нуқсон камчиликларини топиб ёзмаганлар. “Шунча китоблар бор экан”, деб ёзмай ҳам қўймаганлар. Улар сенинг, менинг, бахту-саодатим учун ёзаверганлар. Бу “Илоҳий омонат-вазифа”, деб ёзаверганлар. Уларнинг нияти фақат одамзоднинг бахту-саодати бўлган. Сен каби икки эшик орасида келиб мияси қотганлар кўпаймасин деб ёзганлар.
Азиз биродар, бизлар  ўша китоблардан қайсиларини ўқидик? Бахтиқаролик тамғаси бугун пешонасига босилган фарзанднинг бу аҳволига энди ким жавоб беради?! Унинг умрини исрофигачи? Кошки эди, бу хатонинг зиёни ўзи билан тугаб қўя қолса эди.  Тарбиядаги хатолик, ахлоқдаги бузуқликнинг заҳри  жамиятга доғ бўлиши ҳам борда. Ватанга ташвиш, халққа уқубат бўлиши ҳам борда. Эй одам боласи, ўлмасдан олдин уйғон энди! Бу қотиб қорайиб кетган қалбларни Илоҳий нур ила мунаввар эт! Дилингни эзгулик ила покла! Ниятингни тузат! Фарзандларинга солиҳларнинг ахлоқ китоблари ила таълим бер! Харомдан хазар қил! Фақирларга меҳрибон бўл! Яхшилик қилишни олий фазилат бил, зулмни харом сана. Етим-есирни бошини сила!  Эй одам боласи, аслида Илоҳий фазилатлар шулар эмасми?! Аслида одамийлик мулки шулар эмасми?!  Одамийлик мулкига терс қараш  ҳайвоний сифат эмасми?!
Муҳтарам адибимиз Тоҳир Маликнинг “Одамийлик мулки”да шундай сатрлар бор: “..Дунё саодати яхши, хайрли инсонлар билан қоимдир. Ёмонлар дунёни одамлар учун зиндон қиладилар..”. Шундай экан бу дунёда яхши бўлайлик, яхшига қўшилайлик. Хулқимизни  чиройли қилайлик.
Аллоҳ таоло Расулимиз алайҳис саломга; “Албатта сен улуғ хулқ соҳибидирсан”- деб хитоб қилади. Расул ўзи бизга муаллим. Пайғамбаримиз алайҳис салом: “Мен гўзал хулқларни камолига етказиш учун юборилганман”, дедилар. Нажот ўшал хулқларни ўрганишимизда!
Биргина малоқада одам боласи учун зарур ахлоқлар хақида гапириш мушкул. Бунинг учун бир нечтагина китобнинг ўзи ҳам камлик қилар. Авлиё ҳам насиҳатга муҳтож. Шундай китоблар бор, уни фақат устоз ила ўқилади. Шундай китоблар бор у аҳли илмга ҳам, оммаи халққа ҳам бирдек тушунарли, зарур. Илм биринчи олинадими одобми?—деган саволга азизларимиз “одоб”—деб жавоб берганлар. Шундай экан, одоб-ахлоққа доир  мўжаз бир китобча бўлса ҳам, юксак маърифат соҳиби унга беписанд қарамайди. Энди ахлоқ ўрганувчидай варақлайди.
Атоқли адибимиз Тоҳир Маликнинг “Одамийлик мулки” китоби ахлоқ йўлида қилинган улкан иш бўлди. Бу асарни мен “халқ ва миллат мулки”, деган бўлардим. Агар бирор китобда Аллоҳнинг ояти-карималари ва Расулимиз алайҳис саломнинг муборак ҳадиси-шарифлари бўлса таҳоратсиз ушланмайди. Мен Тоҳир Маликнинг китобларида оят ва ҳадислар бўлмаган тақдирда ҳам таҳоратсиз ушламасдим. Чунки адибда мақсад ва ният буюк. Қанчалар покиза гўзал қалб. Қанчалар уйғоқ виждон. Инсоний фазилатлар гўзал гулзор бўлса, бу гулзорга кир устингиз билан кирармидингиз. Қалбида иймони борлиги сезилиб турсин инсонннинг. Виждони қийналсин бу оламда инсоннинг. Гуноҳга қолганида уятдан юзлари қизарсин инсоннинг,акс ҳолда уларни борлигига шубҳа бор.

 Мақола муаллифи: Андижон шахар “Уйғур” жоме масжиди муҳтасиби Фарходбек  Жўраев.