ЛИБОСНИНГ ОДОБЛАРИ ҲАҚИДА
21.04.2007 й.

Инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган аломатлардан бири либосдир. Одам авратини-айбини беркитиб туриш учун Аллоҳ таоло унга либос ато қилган. Либоснинг зарури авратни пинҳон тутадиганидир. Лекин Аллоҳ инсоннинг авратдан бошқа аъзоларини ҳам тўсиш эҳтиёжи борлигини инобатга олиб, либосни зийнат тарзида нозил қилди. Худди шундай, либосни ўз ўрнида, яъни, шариатга мувофиқ истеъмол қилган инсон зийнатли ҳисобланади. Аммо энг асосий либос-тақво либоси. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло оятда: «Тақво либоси, ана ўша яхшидир», демоқда.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким манманликлик ила кийимини судраб юрса, қиёмат куни Аллоҳ унга назар солмас», дедилар.
«Эй, Аллоҳнинг Расули, албатта, менинг изоримнинг бир тарафи уни ушлаб юрмасам тушиб қоладир?» деди Абу Бакр.
«Сен манманлик ила қиладиганлардан эмассан», дедилар». Бешовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Қадимда ҳам, ҳозирда ҳам баъзи одамлар манманлик, гердайиш, мутакаббирлик ва бошқаларни камситиш учун турли йўлларни қўллаб келишган ва келмоқдалар. Ана ўша номаъқул йўллардан бири кийим-бош ила манманлик қилишдир. Ислом манманлик ва мутакаббирликнинг барча турларини ҳаром қилгани ҳаммага маълум. Ана ўшалар қаторида Аллоҳнинг охирги ва мукаммал дини Ислом кийим-кечак ила манманлик қилиш, гердайишни ҳам ҳаром қилгандир. Ҳаром қилганда ҳам, қаттиқ лаҳжада ҳаром қилганлигини ушбу ҳадиси шарифдан билмоқдамиз.
«Ким манманликлик ила кийимини судраб юрса, қиёмат куни Аллоҳ унга назар солмас»
Ўша пайтда, арабистон шароитида кийим билан мутакаббирлик қилиш, кийимни керагидан узун қилиб олиб, бошқаларни писанд қилмай, узун кийимни ерга судраб юриш билан ифода қилинар эди. Бу ҳадиси шариф ким ўша ишни қилса Аллоҳ таоло қиёмат куни унга қарамаслиги, ундоқ нобакор банда ўз Роббисининг назаридан қолиши ҳақида сўз юритмоқда. Қиёмат куни бундоқ ҳолга дучор бўлиши банда учун чексиз мусибатдир. Шунинг учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу гапни эшитиш билан ҳассос инсон Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу дарҳол ларзага тушдилар.
«Эй, Аллоҳнинг Расули, албатта, менинг изоримнинг бир тарафи уни ушлаб юрмасам тушиб қоладир?» деди Абу Бакр».
Изор тикилмайдиган, инсон киндигидан пастига тутиб оладиган кийим эканини аввал ўргаган эдик. Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг изорлари қўл билан ушлаб юрилмаса бир тарафи ерга тушиб қоладиган экан. Ўша ҳолат ҳам қиёмат куни мазкур бахтсизликка сабаб бўладими, деган савол беришларидан у кишининг ўзлари ҳақида қайғураётганлари кўриниб турибди. Ҳақиқатдан ҳам шундоқ бўлиши мумкинми? Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу саволга қуйидаги жавобни бердилар.
«Сен манманлик ила қиладиганлардан эмассан», дедилар».
Демак, асосий иллат манманликда экан. Айниқса Абу Бакр розияллоҳу анҳуга ўхшаш етук инсонлардан манманлик содир бўлиш эҳтимолдан узоқ. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гувоҳликлари ўзи етарли.
Мусулмон инсон манманлик, мутакаббирликнинг турли кўринишларидан доимо узоқда бўлиши керак. Жумладан, ушбу бобда ўрганганимиз кийим бош билан кеккайишга ҳеч йўл қўймаслиги керак. Бунинг эҳтиёт чораси ўлароқ манманликка олиб борадиган кийимларга яқинлашишдан сақланмоқ маслаҳат берилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир киши ўзининг соч шокиласига ва кийимига махлиё бўлиб юриб бораётганда, бирдан уни ер ютиб юборди. Энди у қиёмат қоим бўлгинча пастга тушиб бораверади», дедилар». Икки шайх ривоят қилган.
Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтган умматлардан бир киши ўзининг чиройига, кийимига зеб бериб мутакаббирик қилгани қандоқ оқибат ила тугаганини ажойиб васф қилиб бериш ила сиз билан биз мусулмонларни ўша шахсга ўхшашликдан қайтармоқдалар.
Мазкур бадбахтликка гирифтор бўлган одам сочини ҳавас билан ўстирган экан. Унинг сочи елкасига тушиб турар экан. Кийимни ҳам бошқаларга кўз-кўз қилиш учун танлаб кийган экан. У кунлардан бир кун,
«…ўзининг соч шокиласига ва кийимига махлиё бўлиб юриб бораётганда, бирдан уни ер ютиб юборди».
Бунга ўхшаш нобакорларни, ўзини ўзгалардан арзимаган нарса ила устун қўядиганларни, кийими ила манманлик ва мутакаббирлик қиладиганларни ер ҳам ўз устида олиб турмай ютиб юборишга тайёр экан. Аммо ер уни ютиши билан иш битиб қолмайди. Балки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисда айтганларидек,
«Энди у қиёмат қоим бўлгинча пастга тушиб бораверади».
Яъни, у қиёматгача ер ютиш азобини чекиб, қийланиб туради. Қиёмат куни эса, унинг абадий ҳоли қандоқ бўлишини Аллоҳ таолонинг Ўзи белгилайди.
Ким ана ўшандоқ ҳолга учирамай деса, зинҳор ба зинҳор кийими ила манманлик қилмасин.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «У киши изорини ерга судраб кетаётган бир одамни кўриб қолиб, оёғи билан ерни тепиб, ўшанда у Баҳрайннинг амири эди, қуйидагиларни айтди: «Амир келди, амир келди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, «ким изорини мутакаббирлик ила судраса, албатта, Аллоҳ унга назар солмайди», деганлар», деди». Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиснинг ривоятчиси, улуғ саҳобий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Баҳрайнга амир бўлганлар. Ўша амирлик пайтларида бир одамнинг изорини ерга судраб кетаётганини кўриб қолиб, аччиқланиб, ер тепиб:
«Амир келди, амир келди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, «ким изорини мутакаббирлик ила судраса, албатта, Аллоҳ унга назар солмайди», деганлар», деди».
Бу ривоят ҳам олдингисини таъкидлаб келмоқда. Унда саҳобаи киромлардан бирининг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълимотларига одамларнинг амал қилишига қанчалик ҳарислик қилганлари ёрқин намоён бўлмоқда.
Бу ривоятдан кийинишнинг Исломий маданиятига амал қилишда билган кишилар билмаганларга ёрдам беришлари, билмаганларини ўргатиб қўйишлари ҳақида ҳам маълумот олмоқдамиз.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ қиёмат куни учтага гапирмайдир; берган ҳар бир нарсасини миннат қиладиган миннатчига, савдо молини ёлғон қасам билан ўтказувчига ва изорини судраб юрувчига», дедилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Аллоҳ таоло қиёмат куни бирор бандага гапирмай қўйиши ўша банда учун энг улкан азобдир. Бундоқ ноқулай ҳолатга тушувчилар ичида ушбу ҳадиси шарифда зикрлари келаётган уч тоифа одамлар ҳам бор экан:
1. «…берган ҳар бир нарсасини миннат қиладиган миннатчи».
Миннатчилик Исломда қаттиқ қораланишини жуда яхши биламиз. Бу ҳақда авваллари ҳам кўп гапириб ўтилган.
2. «савдо молини ёлғон қасам билан ўтказувчи»
Бундоқ кишилар ҳаридорга, ижарачига ва бошқа турли йўллар билан улардан бирор нарса оладиган кишиларга ўз молларини ўтказиш учун ёлғондан қасам ичадилар. Бу масала савдо китобида керагича баён қилинган.
3. «изорини судраб юрувчи»
Кийимини ерга судраб юрувчи одам ҳам олдинги икки турдаги гуноҳларни қилганлар билан бир қаторга қўйилмоқда. Шунинг ўзи ҳам бу масалага алоҳида эътибор бермоқ лозимлигини кўрсатади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Енглар, ичинглар, кийинглар ва садақа қилинглар исроф ва мутакаббирлик бўлмаса бўлди», дедилар».
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шариф инсон ҳаётидан ҳар куни, ҳар доим такрорланиб турадиган ҳолатлардаги умумий Исломий қоидани баён қилмоқда.
Бошқа динлар, тузумлар ва халқларнинг ушбу борадаги тасарруфларига қарасак, Исломдаги каби мўътадилликни кўрмаймиз. Улар ёки у тарафга, ёки бу тарафга оғиб кетган бўладилар.
Қайси бирлари еб-ичиш, кийиш ва садақа ишларида тарки дунё йўлини тутиб, имкони бор нарсани қилмай ўзини ўзи қийнайди. Албатта, ҳозирда бу тоифадагилар оз.
Кимдир ҳаётни еб-ичиш, кийишу ўйин-кулгудан иборат деб хаёл қилади. Бутун имкониятларини мазкур нарсаларга сарфлайди. Еб-ичишда ҳам кийинишда ҳам, садақа қилишда ҳам доимий ва чегарасиз равишда исрофга йўл қўядилар. Энг ёмони, бу масалада дунёқарашлари нотўғри бўлганидан еядиган таомлари, ичадиган ичимликлари, киядиган кийимлари ва қиладиган садақалари ила манманлик, мутакаббирлик қиладилар. Ҳозирда худди шу тоифа кўпчиликни ташкил қилади.
Чексиз афсуслар бўлсинким, баъзи мусулмонлик даъвосини қилиб юрганлар ҳам Ислом таълимотларидан узоқлашиш, уларга амал қилмаслик оқибатида бу масалада хатога йўл қўядилар. Оқибатда турли-туман муаммолар келиб чиқади.
Ушбу ҳадиси шарифни яхшилар ўзлаштириб олиб, ҳаётимизга татбиқ қилсак, ўша муаммолардан фориғ бўлишимиз турган гап. Аллоҳ таоло ато қилган неъматлардан меъёрида фойдаланиб, исрофга ва такаббурга йўл қўймасак, икки дунё саодатига эришишимиз турган гап.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: «Модомики сенда икки нарса; исроф ва манманлик бўлмаса, хоҳлаганингни е, хоҳлаганингни кий». Иккисини Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Машҳур саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббоснинг бу ҳикматли гаплари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълимотларини У зотдан эшитган кишининг ўз иборалари билан айтиши, десак хато бўлмас. Яна шуни таъкидлашимиз лозимки, ушбу ривоятларда Аллоҳ ҳалол қилган, ҳалол-пок йўл бидан топилган неъматлар ҳақида сўз кетмоқда.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Осилтириш изорда, кўйлакда ва саллададир. Ким ўша нарсалардан бирортасини манманлик ила осилтириб юрса, Аллоҳ қиёмат куни унга назар солмас», дедилар». Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Биз «осилтириш» деб таржима қилган ибора арабчада «исбол» дейилади ва кийим бошга тегишли гапларда такаббур ва мақтанчоқлик учун мазкур кийимларни керагидан ортиқ узайтириб олишни англатади.
«Изор» кишининг белидан пастига тутиладиган лунгисифат кийим эканлиги аввалда бир неча бор такрорланди.
Албатта, инсоннинг белидан пастини тўсиш учун кийиладиган бошқа номдаги либослар ҳам шу маънога қўшилади.
«Кўйлак» арабчада «қомийс» дейилиб ўзларининг одатларидаги кўйлакни англатса ҳам бошқа унга ўхшаш кийимларни ҳам ўз ичига олади. Кўйлакни осилтиришга унинг енгини керагидан ортиқ равишда манманлик учун узайтириб олиш ҳам киради, деганлар уламоларимиз.
«Салла» маълум бош кийими. Уни шариатга номувофиқ осилтириш бир учини такаббур ила ҳаддан ташқари узун ташлаб юришдир.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Изоримда бир оз узунлик бор ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан ўтувдим, у зот: «Эй, Абдуллоҳ, изорингни кўтар!» дедилар. Бас, мен уни кўтардим. Сўнг e зот, зиёда қил, дедилар. Мен яна зиёда равишда кўтардим. Шундан буён ўша ҳолатни лозим тутадиган бўлдим». Қавмдан баъзиси:
«Қаергача?» деди.
«Икки болдирнинг яримигача» деди у».
Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ривоят учун изоҳнинг ҳожати йўқ. Ҳамма нарса ўзи изоҳдан иборат бўлиб турибди. Изор ва у каби эркаклар танасининг паст қисмиги киядиган кийимларнинг узунлиги болдирнинг яримигача бўлиши кераклиги ҳақида сўз кетмоқда.

Ҳузайфа розияллоҳу анҳу айтдилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг болдиримнинг ёки ўзларининг болдирларининг гўштли жойидан тутдиларда: «Бу изорнинг жойидир. Агар кўнмасанг, яна пастроқда. Агар кўнмасанг, изор учун икки тўпиқда ҳақ йўқдир», дедилар». Термизий ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда изор ва унинг қабилидаги кийимларни болдирнинг яримидан пастга, тўпиққача тушириб юриш мумкинлиги, лекин тўпиқнинг ўзини тўсмаслиги лозимлиги ҳақида сўз кетмоқда.

Абдурраҳмон розияллоҳу анҳу айтди: «Абу Саъиддан изор ҳақида сўрадим. Бас, у: «Хабардорини топдинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдиларки, мусулмоннинг изор тутиши икки болдиргачадир. Ундан икки тўпиққача танглик ёки гуноҳ йўқ. Икки тўпиқдан пастга тушган нарса дўзахдадир». Абу Довуд Бухорий ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ривоят соҳиблари Абдурраҳмон розияллоҳу анҳунинг улкан саҳобий Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан изорнинг узунлигини қанча бўлиши ҳақида сўрашларидан ўша вақтларда ҳам бу масалада баъзи бир тушунмовчилик ва хилофлар чиқиб туриши чиқади.
Ушбу масала ҳақида бир неча ривоятни ўрганган бўлсак, энди, биринчи марта, мана шу ривоятда изорнинг тўпиқдан пастга тушган қисми дўзахда куйиши ҳақида сўз кетмоқда.

Жобир ибн Сулайм розияллоҳу анҳу айтади: «Одамлар гапини тўхтовсиз қабул қилаётган бир кишини кўрдим. У нима айтса ҳам, улар сўзсиз қабул қилишар эди.
«Бу ким?» дедим.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам», дейишди.
«Алайкассаламу, яа, Расулуллоҳ!» деб икки марта айтдим.
«Алайкассаламу» дема, бу ўликларга айтилади. Ассаламу алайкум, дегин», дедилар у зот.
«Сиз Аллоҳнинг Расулимисиз?» дедим.
«Ҳа, мен сенга зарар етганда Унга дуо қилсанг кушойиш берадиган, сенга қурғоқчилик йили етганда Унга дуо қилсанг, сенга набототларни ўстириб қўядиган, бепоён жойда туриб маркабинингни йўқотиб қўйиб Унга дуо қилсанг, уни сенга қайтариб берадиган Аллоҳнинг Расулиман» дедилар.
«Эй, Аллоҳнинг Расули, менга тавсия айтинг» дедим.
«Зинҳор ва зинҳор бирортани сўкма» дедилар.
Бас, шундан кейин ҳурни ҳам, қулни ҳам, туяни ҳам, қўйни ҳам ҳеч-ҳеч сўкмадим. Яна у зот:
«Яхшиликдан ҳеч бир нарсани зинҳор ҳақир санама. Биродарингга очиқ юз билан гапиришинг ҳам яхшиликдандир. Изорингни болдирнинг яримигача кўтар. Агар кўнмасанг икки тўпиққача. Изорни осилтириб юришдан сақлан. Чунки, бу иш такаббурликдандир. Албатта, Аллоҳ такаббурликни суймас. Агар биров сени ўзи сенда борлигини билган нарса ила сўкса ёки айбласа, сен унда борлигини билган нарсанг ила уни айблама. Шунда ўшанинг ёмонлиги унга бўлади», дедилар».
Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Гапнинг сиёқидан кўриниб турибдики, Жобир ибн Сулайм розияллоҳу анҳу ушбу ўзлари ривоят қилиб бераётган ҳодисадан олдин ўзлари мусулмон бўлсалар ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрмаган эканлар.
«Одамлар гапини тўхтовсиз қабул қилаётган бир кишини кўрдим. У нима айтса ҳам, улар сўзсиз қабул қилишар эди».
Бу ҳолат Жобир ибн Сулайм розияллоҳу анҳу қизиқтириб қолди. Чунки бир гап бўлмаса, ўша пайтда, у ернинг одамлари бир кишига бунчалик бўйинсунадиган эмас эдилар. Гап ҳамманинг ҳурмат эътиборига сазовор бўлган шахсда эди. Келинг кейин нима бўлганини Жобир ибн Сулайм розияллоҳу анҳунинг ўзидан нақл қилайлик.
«Бу ким?» дедим.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам», дейишди».
Бу жавобни эшитгандан кейин Жобир ибн Сулайм розияллоҳу анҳу дарҳол ўзига келди. Хабарларини эшитиб ўзларини кўришни орзу қилиб юрган зотнинг учратиб қолганидан беҳад хурсанд бўлди-да:
«Алайкассаламу, яа Расулуллоҳ!» деб икки марта» айтди.
Эҳтимол, шошилиб қолганидан икки марта салом бергандир. Эҳтимол, шошилиб қолганидан саломни нотўғри бергандир. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг хатосини тўғрилаб:
«Алайкассаламу» дема, бу ўликларга айтилади. Ассаламу алайкум, дегин», дедилар».
Демак, салом беришда ҳам эҳтиёт бўлиб, тўғри талаффуз қилиш керак экан. Жобир ибн Сулайм розияллоҳу анҳу бу танбиҳни эшитиб, ундан тегишли хулоса чиқариб олгандан кейин, асосий мақсадга ўтди.
«Сиз Аллоҳнинг Расулимисиз?» дедим».
У киши бу савол билан одамлардан эшитган гапни тасдиқлаб олмоқчи бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фурсатдан фойдаланиб ўзлари қондоқ зотнинг Расули эканликларини батафсилроқ баён этдилар.
«Ҳа, мен сенга зарар етганда Унга дуо қилсанг кушойиш берадиган, сенга қурғоқчилик йили етганда Унга дуо қилсанг, сенга набототларни ўстириб қўядиган, бепоён жойда туриб маркабинингни йўқотиб қўйиб Унга дуо қилсанг, уни сенга қайтариб берадиган Аллоҳнинг Расулиман» дедилар».
Кўриниб турибдики, ортиқча гапга ўрин қўймайдиган жавоб бўлди. Шунинг учун Жобир ибн Сулайм розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан фойдаланиб қолиш йўлига ўтди.
«Эй, Аллоҳнинг Расули, менга тавсия айтинг», дедим».
Ўзини билган ҳар бир одам улуғ зотларини кўрганда улардан ўзлари учун бир умрга етадиган панд-насиҳат эшитиб қолишга уринадилар. Жобир ибн Сулайм розияллоҳу анҳу ҳам худди шуни хоҳлаган эди ва мақсадига эришди ҳам.
«Зинҳор ва зинҳор бирортани сўкма» дедилар. Бас, шундан кейин ҳурни ҳам, қулни ҳам, туяни ҳам, қўйни ҳам ҳеч-ҳеч сўкмадим».
Жобир ибн Сулайм розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг берган биринчи тавсияларига қандоқ амал қилганларини ҳам қўшиб зикр қилмоқдалар.
Албатта, сўкиш ёмон нарса, унинг шахсга ва жамиятга етказадиган зарарлари чексиз. Бу ноқулай одатнинг мазамматида кўплаб ҳадиси шарифлар келган. Ислом дини мусулмонларни сўкишдан йироқда бўлишларини таъминлаш учун алоҳида тарбиявий ишларни йўлга қўйган. Бу борада кези келганда, инша Аллоҳ, батафсил сўз юритилади.
Жобир ибн Сулайм розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўкиш ҳақида олган насиҳатларига умр бўйи оғишмай амал қилганлари ила фахрланмоқдалар. Дарҳақиқат бу ҳар қанча мақтовга сазовор иш. Қаран-га, у киши ҳатто ҳайвонларни ҳам сўкмаптилар!
«Яхшиликдан ҳеч бир нарсани зинҳор ҳақир санама».
Яъни, бу арзимаган ишку, деб яхшиликни қилмай қўйма. Кичик, арзимаган бўлса ҳам яхшиликни ҳеч қолдирмай қилишга урин.
«Биродарингга очиқ юз билан гапиришинг ҳам яхшиликдандир».
Шунинг учун биродарингга очиқ юз билан боқишни зинҳор канда қилма.
«Изорингни болдирнинг яримигача кўтар. Агар кўнмасанг икки тўпиққача. Изорни осилтириб юришдан сақлан. Чунки, бу иш такаббурликдандир. Албатта, Аллоҳ такаббурликни суймас».
Ушбу ҳадиси шарифни манашу бобда зикр қилинишига айнан шу иқтибос сабаб бўлган. Бу ривоятда ҳам олдинги ривоятларда келган маъно таъкидланмоқда. Кийимни узун қилиб судраб юриш қораланмоқда.
«Агар биров сени ўзи сенда борлигини билган нарса ила сўкса ёки айбласа, сен унда борлигини билган нарсанг ила уни айблама. Шунда ўшанинг ёмонлиги унга бўлади», дедилар».
Ҳа, бир томон бир оғиз гапдан қолса, олам гулистон. Агар икки томон ҳам бир-биридан қолишмай ўз шеригини сўкаверса, айблайверса иш мадда олиб кетиб, оқибати ёмонлик билан тугаши турган гап.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзлари чуну-чаросиз қабул бўладиган зот бўлганлари.
2. Саҳобаи киромлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилишда олий даражали намуна бўлганлари.
3. «Алайкассаламу» ибораси ўликларга бериладиган салом экани.
4. Тирик одамга салом бериш «Ассаламу алайкум» лафзи ила бўлиши.
5. Улуғ одамларни кўрганда улардан панд-насиҳат, кўрсатмалар сўраб қолиш кераклиги.
6. Сўкиш ёмон нарса экани.
7. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига ихлос ила амал қилиш кераклиги.
8. Яхшилик ишнинг энг кичигини ҳам ҳақир санамаслик кераклиги.
9. Кийимни узун қилиб судраб юриш жоиз эмаслиги.
10. Икки мусулмон орасида бир-бирини сўкиш, айблаш хавфи туғииб қолганда ўзини тийгани саломат қолиб, сўкканга ёмонлик уриши.

Шу билан изорни ва унинг ўрнини босадиган кийимни осилтириб юриш ҳақидаги ҳадислар охирига етди. Кези келганда худди шу масала кўплаб ихтилофларга сабаб бўлгани ва бўлаётганини ҳам таъкидлаб ўтишимиз лозим.
Аниқроқ қилиб айтсак бу масаланинг бир жойигина ихтилофларга сабаб бўлади. Кийимни манманлик ила осилтириб юриш ҳаром эканлигида ҳеч ким хилоф қилмайди. Хилоф изор ва унинг ўрнини босадиган шим, шалвор каби кийимларни манманликсиз тўпиққа тушириб юрилса нима бўлади? деган савол жавобида.
Бу саволга баъзилар, қаттиқ гапларни айтади.
Бошқалар эса, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ҳадисларини далил қилиб, манманлик учун бўлмаса, унча қаттиқ гапга ўрин йўқ, дейдилар.
Имом Санъоний ўзларининг «Субулис Салом» номли китобларида изорни манманликсиз тўпиқдан пастга тушириб юришни Нававий ва бошқалар макруҳ, дейишган, деган гапни келтирганлар.

Асммаа бинти Язийд розияллоҳу анҳо айтадилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг енгилари русғ(билак билан кафтни боғловчи бўғин)гача эди».
Шарҳ: Енгни бундан узун қилиб юбориш ҳам яхши эмас. Эҳтимол ўша вақтларда енгни узун қилиш ҳам такаббурликнинг бир кўриниши бўлгандир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон кийим кийсангиз ва қачон таҳорат қилсангиз ўнг томонингиздан бошланг», дедилар». Иккисини сунан эгалари ривоят қилган.
Шарҳ: Исломий кийиниш маданиятининг энг машҳур кўринишларидан бири шулдир. Қайси кийимни кийилса ўнг томонидан бошлаш керак. Кўйлак бўлса олдин ўнг енги, оёқ кийими бўлса олдин ўнг томони кийилади ва ҳакозо…
Таҳоратда ҳам худди шундоқ олдин ўнг қўл ювилади ва ҳакозо…
Исломий маданиятдан хабардор киши бошқаларни шунга ўхшаш ҳоллардаги ўзини тутишидан дарҳол ким эканини билиб олади. Шунинг учун мусулмонлик даъвоси бор киши бундоқ нарсаларни яхши ўзлаштириб олмоғи лозим. Аввало, энг муҳими суннатга амал қилади. Қолаверса, ўзининг асл маданият соҳиби эканини кўрсатади.

Муовия ибн Қурра розияллоҳу анҳудан, у кишининг отсидан ривоят қилинади: «Музайна гуруҳи ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келдим. Бас, биз у зотга байъат қилдик. У зотнинг кўйлакларининг тугмаси бўшатилган эди. Бас, мен ҳам у зотга байаът қилдим. Сўнгра қўлимни кўйлаклари ёқасидан киритиб муҳрларини силаб кўрдим. Урва айтадики, Муовияни ҳам, ўғлини ҳам қачон кўрсам, кўйлакларининг тугмаси ечилган ҳолда кўрдим. Қишда бўлса ҳам, ёзда бўлса ҳам». Абу Довуд, Термизий ва Баззор ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифнинг ровийси Муовия ибн Қурра розияллоҳу анҳунинг оталари Қурра ибн Ийас розияллоҳу анҳу ўз қабиласининг гуруҳига аъзо бўлиб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борган эканлар. Исломнинг қуввати ўсиб, хабари ҳамма томон тарқалиб, Мадинаи Мунавварадаги Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ Ислом давлатини мушриклар тан олганидан кейин атроф жавонибдаги қабилалар ўз ҳайъатларини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига юборишни бошлаган. Ана ўшанда Музайна қабиласи ҳам ўз ҳайъатини юборган. Ўша ҳайъат аъзолари ичида Қурра ибн Ийас розияллоҳу анҳу ҳам бўлган.
Ҳайъат аъзолари музокаралардан кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам байъат қилиб, қўл берганлар. Жумладан, Қурра ибн Ийас ҳам баъат қилган. У киши розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўйлаклари тугмасига алоҳида эътибор берган эканлар. Одатда, улуғ кишилар билан учрашаган одамлар шунга ўхшаш ҳар бир нарсага синчковлик билан қарашга интилади.
«У зотнинг кўйлакларининг тугмаси бўшатилган эди», дейди Қурра ибн Ийас розияллоҳу анҳу.
Албатта, тугма деганда ўша вақтнинг тугма ўрнида ишлатиладиган нарсаси кўзда тутилган. Эҳтимол, кўйлак ёқаси икки тарафини бир-бирига боғлаб турадига ип бўлгандир, эҳтимол бошқа нарса бўлгандир. Нима учун Қурра ибн Ийас розияллоҳу анҳу айнан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёқалариги, ундаги тугмаларига эътибор берганини келаси жумладан билиб оламиз.
«Бас, мен ҳам у зотга байаът қилдим. Сўнгра қўлимни кўйлаклари ёқасидан киритиб муҳрларини силаб кўрдим».
Ҳа, гап бу ёқда экан. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки кураклари орасида «Хотами нубувва»-пайғамбарлик муҳри борлиги машҳур эди. Яъни, У зотнинг ҳақ Пайғамбар эканликларининг далили сифатида икки кураклари ўртасида тухум сифат шиш бор эди.
Кўпчилик ана ўша нарсадан У зотни ҳақ Пайғамбар эканликларини билиб олар эди. Салмони Форсий розияллоҳу анҳу ҳам аввалги динлар вакилларидан шу ҳақда хабарни эшитган бўлиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биринчи кўрганларида муҳри нубуввага эътибор берганлар. Қурра ибн Ийас розияллоҳу анҳу ҳам ана ўша нарсадан хабардор бўлса керак, дарҳол Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёқаларидан қўлини суқиб муҳри нубуввани силаб кўрибдилар.
Урва айтадики, «Муовияни ҳам, ўғлини ҳам қачон кўрсам, кўйлакларининг тугмаси ечилган ҳолда кўрдим. Қишда бўлса ҳам, ёзда бўлса ҳам».
Урва ушбу ҳадиси шарифнинг ровийларидан бири бўлиб, воқеъа қаҳрамонининг ўғли Мувоия ва Қурра ибн Ийас розияллоҳу анҳунинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кийимларида кўрган нарсага, тугмани бўш қўйиб юришга доимий эргашганларини эслатиб қўймоқда. Албатта, бу иш уларнинг шахсий ижтиҳодлари. Ўзларича муҳаббат билан қилганлар. Аммо Исломнинг буюруғи, ҳамма мусулмонлар амал қилиши зарур бўлган иш эмас. Агар лозиму лобуд иш бўлганида мазкур икки кишидан бошқа саҳобалар ҳам қилган бўлар эди.
Кийим тўғрисидаги бошқа масалалар ҳам шунга ўхшаш. Ҳеч ким, ҳар бир мусулмон, албатта, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кийимларига ўхшаш кийим киийиши фарз ёки вожиб, деган эмас.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ҳам ҳамма ўзи топган кийимни кийиб юраверган. Шариатга тўғри келмайдиган жойи бўлса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар. Мисол учун шойи-ипак кийимлари эркаклар учун ҳаромлигини, манманлик ила кийимни осилтириб юриш ҳаромлигини. Қолган нарсаларда эса, «Модомики сенда икки нарса; исроф ва манманлик бўлмаса, хоҳлаганингни е, хоҳлаганингни кий», қоидасига амал қилинган.
Агар кийимнинг ҳар бир нарсасида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшаш фарз ёки вожиб бўлганида, ҳамма бир хил кийиниб юрган бўлар эди. Ислом давлати бир хил кийимли кишилар давлатига айланар эди. Бундоқ нарса ҳеч қачон, ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган.
Фуқаҳоларимиз, барчаларига Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлсин, бу масала бўйича келган барча ҳужжат ва далилларни ўрганиб чиққанлардан кейин қуйидаги хулосани чиқариб барчага айтиб кетганлар:

«Кийимнинг ҳукми бир нечадир

1. Фарз.
Бу авратни беркитадиган ва иссиқ-совуқни қайтарадиган кийимдир. У пахта ёки канопдан. Ўта нафис билан ўта ёмоннинг ўртасида бўлиши керак.
(Албатта, қадимги фақиҳларимиз бу гапларни ўз шароитларидан келиб чиқиб айтганлар.)
2. Мустаҳаб.
Бу авратни тўсиб, зийнатни зоҳир қиладиган кийимдир.
3. Мубоҳ.
Бу жума, ҳайит ва одамлар жамланадиган кунлари ясаниш учун кийиладиган чиройли кийимлардир.
4. Макруҳ.
Бу такаббур ва манманлик учун кийиладиган кийим.
Бизга қолса бешинчи қисимни ҳам зиёда қилиб,
5. Ҳаром.
Бу авратни тўсмайдиган кийим. Ҳамда эркаклар учун шойи-ипак кийим, деган бўлар эдик.
Либосни шариатга киритилиши ҳикмати.
Жоҳилият даврида бошқалар ҳузурида авратни кўрсатиб юриш инсон эҳтиромга ва жамоатчилик одобига зид бўлган ишлардан бири эди. Бу иш ахлоқсизлик бўлиб, жамият аъзолари ичида фасод тарқалишига сабаб бўларди.
Ислом инсонни мукаррам қилиш бўйича кўрган чоралар ичида либос масаласи ҳам бор эди. Бу масалада инсон кийиниш маданиятига риоя қилиш ўзи учун обрў ва мартаба экани, гўзаллик ва зийнат экани тушунтирилди.
Аллоҳ таоло «Аъроф» сурасида: «Эй, Одам болалари, батаҳқиқ, сизларга авратингизни тўсадиган либос ва зийнат либосини нозил қилдик. Тақво либоси, ана ўша яхшидир. Ана ўшалар Аллоҳнинг оят-белгиларидандир. Шоядки эсласалар» (26-оят).
Инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган аломатлардан бири либосдир. Одам авратини-айбини беркитиб туриш учун Аллоҳ таоло унга либос ато қилган. Либоснинг зарури авратни пинҳон тутадиганидир. Лекин Аллоҳ инсоннинг авратдан бошқа аъзоларини ҳам тўсиш эҳтиёжи борлигини инобатга олиб, либосни зийнат тарзида нозил қилди. Худди шундай, либосни ўз ўрнида, яъни, шариатга мувофиқ истеъмол қилган инсон зийнатли ҳисобланади. Аммо энг асосий либос-тақво либоси. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло оятда: «Тақво либоси, ана ўша яхшидир», демоқда.
Агар оддий либос бадан авратларини тўсиб, жисмни зийнатласа, тақво либоси маънавий авратларни тўсиб, инсон қалбини зийнатлайди. Агар инсоннинг кийим-боши жисмидаги авратларини пинҳон тутиб, унга зийнат бағишласа-ю, тақво либоси йиртилиб, маънавий авратлари сочилиб турса, бундан ҳеч қандай маъно йўқ. Ҳозирги кунда кўплар ўзининг тақво либоси башанглигини даъво қилиб, устки авратларининг очилиб қолганига эътибор бермасликка чақиради. Бу жоҳилликдан ўзга нарса эмас. Агар кимнинг тақво либоси ўрнида бўлса, албатта, жисмоний либоси ҳам дуруст бўлади. Зеро, ҳар икки либосни–ҳам ҳиссий авратни тўсадиган либосни, ҳам тақво либосини нозил қилиш:
«Ана ўшалар Аллоҳнинг оят-белгиларидандир».
Яъни, кийим-бош, молу мулк ҳам ўрни келганда Аллоҳнинг оят-белгиси ҳисобланади. Ундан ибрат олиш шарт. Шунинг учун Аллоҳ таоло оятнинг сўнгида:
«Шоядки эсласалар», демоқда.
Одам алайҳиссалом қиссаси тугагандан сўнг, ул зотнинг зурриётларини олий фазилатларга чақириб келган ушбу ояти каримадаги:
«Эй, Одам болалари!» деган хитоб шу каби тўрт нидонинг аввалидир. Бу дастлабки нидо кийим-бошга боғлиқ. Юқорида айтганимиздек, Аллоҳ таоло кийим-бошни инсонга авратини тўссин, ўзини тузатсин, деб берган. Аммо барча соҳада ҳаддида турмаган одам бу ўринда ҳам турли бузуқликларга йўл қўйди. Баъзилари кийим-бошни фахр ва ғурур воситаси, иккинчилари уни ҳаётдаги асосий мақсад қилиб олди. Қадр-қийматни ҳам кийим-бош билан ўлчай бошлади. Учинчилари кийимни тор ва юпқа кийиб, ундан кўзланган асосий мақсадни суистеъмол қилишга киришди. Хусусан, тарбиясиз аёллар либосни айни авратни бўрттириб кўрсатиш учунгина кийдилар. Бу ҳол юксак инсоний шарафни ерга уради.
Шунинг учун ҳам Ислом бу ишларда ўз таълимотларини жорий қилди.

Либосга оид ҳукмлар.

1. Либос учун ишлатилган мато ипакка ўхшаб шариатда ҳаром қилинган бўлмаса ҳалолдир.
2. Шаръий йўл билан сўйилмаган, ўзи ўлиб қолган ҳайвонларнинг терисини ошлаб кийим қилиб кийса бўлади.
3. Гўшти ҳалол ҳайвонларнинг жуни, қили ва пухидан қилинган кийимлар покдир. Уни тирик ёки ўлик ҳайвондан олингани фарқ қилмайди.
4. Жумҳури фуқаҳолар йиртқич ҳайвонларнинг терисини ошлаб кийим қилса жоиздир, деганлар.
5. Мадомики ҳаром нарсадан бўлмаса, чиройли кийимларни киймоқ мубоҳдир.
6. Жума, ийд ва одамлар жамланадиган йиғинлар учун манманлик ва кибрдан узоқ бўлган ҳолда ясаниш мустаҳабдир.
7. Ким имкони бўлиб туриб, мазкур ясанишни қассдан тарк қилса, хато қилган бўлади.
8. Оқ рангли кийим мустаҳабдир.
9. Қип – қизил рангли кийим эркакларга макруҳдир.
10. Қора рангли кийим жоиздир.
11. Яшил рангли кийим аҳли жаннатнинг кийими бўлгани учун мутаҳабдир.
12. Турли рангли чизиқлардан иборат матодан бўлган кийим жоиздир.
13. Ҳайвонлар суврати солинган кийим эркак ва аёллар учун ҳаромдир.
14. Хоч суврати бор кийим кийиш ҳам ҳаром.
15. Жонли бўлмаган нарсаларнинг суврати бор кийимнинг ҳечқиси йўқ.
16. Терининг рангини билдирадиган даражада шаффоф кийим кийиш жоиз эмас.
Имом Байҳақий Алқамадан қилган ривоятда айтилишича Ҳафса бинти Абдурроҳман Оиша розияллоҳу анҳонинг олдиларига шаффоф рўмол ўраб кирганида Оиша оанамиз йиртиб ташлаб, қалин рўмол ўратиб қўйган эканлар.
17. Одамларнинг одатига хилоф кийим ҳам макруҳдир. Одатда бу каби кийимлар шуҳрат учун кийилади. Бу каби кийим кийганларни бошқалар ғийбат қилади ва гуноҳларига у ҳам шерику бўлади.
Имом Байҳақий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам икки шуҳратдан наҳий қилдилар.
«Эй, Аллоҳнинг Расули! Икки шуҳрат нима?» дейилди.
«Кийимнинг юпқалиги ёки қалинлиги, юмшоқлиги ва қаттиқлиги, узунлиги ва қисқалиги. Бас, ўшанинг ўртачаси ва тежамлиги бўлсин», дедилар.
18. Абулфараж қуйидагиларни айтади:
«Салафи солиҳлар ўртача кийим кияр эдилар. Жуда юқорисини ҳам эмас, жуда пастини ҳам эмас. Кийимнинг яхшисини жума, икки ийд ва биродарлар билан учрашувги ихтиёр қилар эдилар. Уларнинг одати бўйича яхши кийим танлаш қабиҳ эмас эди».
19. Имкони бўлиб туриб қасддан зоҳидликни ва тақвони кўрсатиш учун хароб кийимларни кийиш мумкин эмас.
20. Ҳанафий ва Шофеъий уламолар олим кишиларнинг кийими жуда яхши бўлиши мандубдир, деганлар. Шу билан бирга улар кенг ва кўзга ташланадиган кийимларни киймоқлари лозим. Бу ила илмнинг мақоми зоҳир бўлади. Одамлар уларни дарҳол таниб саволларини берадилар.
21. Мусулмон киши қай бир кийимни кийса ҳам унг томонидан бошламоғи суннатдир. Ечишдан чап томонидан ечади.
22. Кийимни кийишда «бисмиллаҳ» айтилади ва дуолари ўқилади.