Ғийбат
28.01.2017 й.
Image
 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ҳасан Басрий айтадилар: «Аллоҳга қасамки, кишининг динини ғийбатдан кўра тезроқ ейдиган нарса йўқдир».

Ғийбат қийналиб ҳосил қилинган яхшиликларни ейди. Яхшиликлар энди тўпланганида уларни сочиб юборади. Кунлар давомида машаққат ила қилинган ибодатларни тил вайрон қилади. Тил тана аъзоларидан фарқли бўлиб, қийналмасдан амал қилади. Ғийбат қабр азобига сабабчи бўлади.

 

Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам иккита қабр олдидан ўтиб қолдилар. У зот бу қабрдаги ётган одамларнинг азобланаётганини айтдилар. У зот бунинг сабаби гуноҳи кабира эмаслигини айтдилар. Уларнинг бири пешобидан сақланмас экан, иккинчи эса ғийбат, чақимчилик қилар экан («Саҳиҳи Бухорий», 1378).

Қатода айтади: «Бизга қабр азобининг учта сабаби айтилди: ғийбат, чақимчилик ва пешоб(дан сақланмаслик)».

 

Ғийбат судхўрликдан ҳам оғирроқ гуноҳдир. Ўзини назорат қила олмайдиган, ҳаром амаллардан эҳтиёт бўлмайдиган одам тилидаги хатоларни арзимас санаб, ғийбатга енгил қарайди. Аслида ҳар бир гуноҳи кабирадан четланиш шарт, чунки бир гуноҳи кабира яна кўплаб бошқа гуноҳи кабираларни келтириб чиқаради. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Рибо етмиш икки бобдир. Унинг энг кичиги онага яқинлик қилиш бўлса, энг каттаси биродарининг обрўсини тўкиб, унга такаббурлик қилишдир» (Ибн Можа, Аҳмад, Табароний ва бошқалар ривояти).

Ғаззолий айтади: «Ғийбат тоат-ибодатларни ҳалок қиладиган чақмоқ кабидир. Ғийбат қилган одам тўп отган одамга ўхшайди. У ўқотар тўпни баландликка ўрнатади-да, ундан яхшиликларини шарқу ғарбга – ўнг ва чапга отади».

 

Ғийбатдан огоҳ этадиган ҳадислар

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Сафиянинг сифатлари мана булар, деб санадим. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Денгиз сувига қўшса, уни ҳам бузадиган сўз айтдинг», дедилар (Абу Довуд ривояти).

Бунинг маъноси қуйидагича: ғийбат шу қадар ифлос нарсаки, уни солса, ҳатто денгизнинг ҳам ҳиди ва таъмини бузиб юборади. Биргина ғийбат сўз улкан денгизга шунча таъсир қилса, бир кунда такрор-такрор айтилаётган ғийбатларнинг таъсири қандай бўларкин?

Нававий айтади: «Бу ҳадис ғийбатдан қайтарадиган энг улуғ ҳадисдир. Бу ҳақда етиб келган ҳадислар орасида бундан улуғроғини билмайман».

Биз одатда кўп намоз ўқийдиган, кўп рўза тутадиган одамларни мақтаймиз, аммо тили иффатли одамларни камдан-кам мақтаймиз. Тилни тийиш улкан хайру барака бўлиш билан бирга бениҳоя савобли амалдир, чунки тилни тийиш жуда кўп ёмон ишларга киришишдан тўсадиган ибодатдир.

 

Нафснинг айблардан ғофил эканининг аломати

Робиъа ибн Ҳайсамга: «Сиз нега одамларни айбламайсиз?» дейишди. У шундай деди: «Аллоҳга қасам. Чунки мен ҳали ўзимдан рози эмасман. Одамлар ўзининг гуноҳлари учун Аллоҳдан қўрқса, Аллоҳ уларга ўша гуноҳлардан омонлик беради».

Робиъа ибн Ҳайсам тўғри айтадилар. Дарҳақиқат, кўпинча бир-биримизга «Фалончига Аллоҳнинг азоби келишидан қўрқаман», деб қўямиз. Лекин ўзимиз бирор ишимиз ёки сўзимиз оқибатида Аллоҳнинг азобига йўлиқишдан қўрқмаймиз.

Авн ибн Абдуллоҳ айтади: «Хато-айблардан холи инсонлар бор деб ўйламайман. Ғафлати туфайли айбини сезмайдиган инсонлар бор, холос».

Муҳаммад ибн Сирин дейди: «Бировнинг хатосини гапирдиганларни одамларнинг энг хатоси кўпи деб ўйлаймиз».

Молик ибн Динор айтади: «Одамлар орасида ўтириб, бир солиҳ одамнинг обрўсини тўкиш гуноҳкор бўлиш учун кифоя қилади».

Умар ибн Абдулазизга: «Аҳли Сиффин ҳақида нима дейсиз?» дейишди. У киши шундай жавоб бердилар: «Бу қондир. Аллоҳ менинг қўлимни ундан пок қилди. Энди  ўша қон билан тилимни бўяшни хоҳламайман».

 

Шеър:

Бани Умайяни қўйиб,

Ўз гуноҳимни ўйлайин.

Ҳисоблари Аллоҳда,

Бунинг илми ҳам Унда.

Ислоҳ қилсам ўз ишим,

Зарар бермас ҳеч киши.

 

Саҳобаларнинг ғийбатдан огоҳ этиши

Ғийбат қилиш – ўша ғийбат қилинган кишининг гўштини ейишдир.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: «Инсон поклаши керак бўлган энг ҳақли нарса – унинг тилидир. Одамларни тил офатларидан огоҳ қилинглар».

Динимиз бизни ҳақиқий покликка чақиради. Ёмон гап айтишни оғзимизга ахлат тўплашдек ҳис қила олганимизда эди, ахлатдан жирканганимиз каби ғийбатдан ҳам жирканган бўлардик.

Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: «Таомланишдан олдин қўлни ювиб, кирдан эҳтиёт бўламиз, аммо биродаримиз ҳақида ёмон сўз айтишдан эҳтиёт бўла олмаймиз».

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу дейдилар: «Яхши таом учун покланганимдан кўра ёмон сўздан покланиш мен учун суюклироқдир».

Саҳобаларнинг барчалари ёмон гапларнинг (шу жумладан ғийбатнинг ҳам) хатарли эканига иттифоқ қилганлар. Шунинг учун гапирганда ғийбатдан эҳтиёт бўлишимиз, агар ғийбат сўз айтиб қўйсак, тавба қилиб, ўзимизни поклашимиз лозим.

 

Ғийбат – яширин кибрдир

Авзоъий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Бир киши бировни ғийбат қилаётганини эшитсанг, билгинки, мен ундан яхшиман, деяётган бўлади».

Ғийбат – эртага албатта тўланадиган қарздир.

Имом Авзоъий айтадилар: «Менга етиб келдики, Қиёмат куни бандага: «Тур, фалончидан ҳаққингни ол», дейилар экан. У: «Менинг унда ҳаққим йўқ», дер экан. Шунда: «Йўқ, ҳаққинг бор. У фалон куни сени мана бундай, мана бундай деб гапирган», дейилар экан».

 

Ғийбатнинг каффорати

Ғийбатнинг қанчалик оғир гуноҳ эканига яна бир далил шуки, уни қилган одам иккита ҳаққа: Аллоҳнинг ҳаққига ва одамийлик ҳаққига тажовуз қилган бўлади. Билиб-билмай қилинган ғийбатларни тавба ва истиғфор поклайди.

Бу икки ҳақ орасида адоват-ғазаб, яқинлардан узилиш, надомат юради. Ғийбатнинг каффорати катта экани баён қилинади: «Ғийбат қилган жойида ўша ўзи ёмонлаган кишини қандай ёмонлаган бўлса, унинг яхшиликларини ҳам худди шундай гапириб, мақтайди. Жирканч гапларини унинг иффати ва омонатдорлиги ҳақидаги гапларга алмаштиради ва уни ёмонлаб айтган сўзлар миқдорича истиғфор айтади».

Мужоҳид айтади: «Биродарингнинг гўштини еган бўлсанг, бунинг тўлови – уни мақташинг, унинг учун яхшилик сўраб, ҳаққига дуо қилишингдир».

Ғийбат – гуноҳи кабирадир. Унинг каффорати (тўлови) фақат тавбадир. Бирор кишини ғийбат қилсанг, сенинг каффоратинг – тавба қилишинг ва ғийбат қилган кишингни мақташингдир.

 

Ғийбат касаллигининг шифоси

Фузайл айтади: «Кимки ғийбатдан саломат бўлишни ҳоҳласа, гумонлар эшигини ёпсин. Ким гумондан саломат бўлса, жосусликдан саломат бўлади. Ким жосусликдан саломат бўлса, ғийбатдан саломат бўлади».

Кўпинча ишчилар бошлиқларини, кичиклар катталарни, талабалар устозларини ғийбат қиладилар.

 

Ғийбатни эшитган кишига вожиб бўладиган иш

Нававий айтади: «Мусулмон кишининг ғийбатини эшитган кишига уни тўхтатиш, ғийбатчидан юз ўгириш керак бўлади. Сўз билан қайтара олмаса, қўли билан қайтарсин. Қўли билан ҳам, тили билан ҳам қайтара олмаса, бу мажлисдан кетсин. Киши устозини ёки ўзида ҳаққи бўлган бирор кишини ёки фазл аҳлидан бўлган солиҳларнинг ғийбатини эшитса, яна ҳам эътиборли бўлиши керак».  

Кимки ўзининг ғийбат касалига Аллоҳ шифо беришини хоҳласа, заифлик қилмасдан ғийбат қилаётганларни тўхтатиши лозим. Бунда Саид ибн Жубайр ёки Муҳаммад ибн Сириндан ўрнак олсин. Саид ибн Жубайр ҳузурида бирорта одамни ғийбат қилинишига йўл қўймас эди. Муҳаммад ибн Сириннинг олдида бирор одамни ёмонлаб гапиришса, ўша одамнинг яхши томонларини гапирарди.

Биз ана шу зотларнинг йўлидан боришимиз керак. Бу икки йўл бизни шифо водийсига олиб боради. Мажлисларида бирор кишини ғийбат қилмаслик салафларнинг қонунларидан эди.

Салаф солиҳлар ўзларини ғийбатдан қаттиқ тийишарди. Улардан бири Иброҳим ибн Адҳамдир. Иброҳим ибн Адҳам бир валиймага чақирилди. У ерга келмаган бир киши ҳақида: «Ўзи у тўладан келган, оғиркарвон одам-да», дейишди. Иброҳим ибн Адҳам: «Одамлар ғийбат қиладиган жойда бўлгунча, ўз нафсим билан машғул бўламан», деди-да, чиқиб кетди ва уч кун таом емади.

 

ҲУМАЙРО тайёрлади