ИЛМ НИМА? (Сунний ақийдалар китобидан)
19.03.2008 й.

Сунний а›ийдалар китоби
Сунний а›ийдалар китоби
...Исломдан бошқа баъзи динларнинг арбоблари илҳомни ақийда қилиб олиш мумкин бўлган илмнинг манбаси деб қабул қилганлар. Мисол учун Инжилларни ёзган кишилар ёлғиз ҳолларида ўтириб ўзларига илҳом қилинган нарсани ёзганлари даъво қилинади. Шунингдек, баъзи суфийлар бу масалада ҳадларидан ошиб ўзлари залолатга кетганлар ва бошқаларнинг ҳам залолатга кетишига сабаб бўлганлар...

Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, ақийда ўта ишончли илмга асосланган бўлиши керак. Хурофот, хаёл, илҳом, оддий шаклдаги илм билан исломий ақийда собит бўлмайди.
Ақийда ўта ишончли илмга асосланган бўлиши керак бўлса, илм ўзи нима, деган савол пайдо бўлади. Келинг, илм нима эканлиги ҳақида биргаликда фикр юритайлик.
Ҳозирги кунимизда одамлар тилида энг кўп такрорланадиган сўзлардан бири илм десак муболаға қилмаган бўламиз. Аммо қизиғи шулки, мен кўпчиликка, илм нима, деган саволни бериб ҳозиргача қониқарли жавоб олмадим. Кўпчилик, илм-билим, дейишдан нарига ўта олмади.
Албатта, илмнинг таърифида айтилган барча фикрлар билан танишиб чиқдим, деган даъводан тамоман йироқман. Аммо мусулмон уламолардан бошқалар илмнинг таъриф қилганмикан ёки йўқми, деган шубҳада эканим аниқ.
Мусулмон уламолар «ҳақиқатни худди воқеъликдагидек идрок қилиш илмдир», деб таърифлайдилар.
Исломда ҳар бир нарсанинг илмий асосда бўлиши таъкидланган. Ислом илм динидир. Исломнинг ҳар бир нарсанинг илмий асосда бўлиши зарурлигини таъкидлашининг бош сабабчиси диний ақийдадир. Агар диний ақийда бўлмаганда мусулмонлар илмга бунчалар аҳамият бермаган бўлардилар.
Мазкур диний омил Қуръони Каримнинг кўпгина оятларида яққол намоён бўлади.
Аллоҳ таоло «Исро» сурасида қуйидагиларни айтади:

«Ўзинг билмаган нарсага эргашма! Албатта, қулоқ, кўз ва дил - ана ўшалар, масъулдирлар» (36-оят).
Ҳа, Ислом ҳар бир нарсани илмий асосда олиб боришга даъват қилади. Билмаган нарсадан четда бўлишга чақиради.
«Ўзинг билмаган нарсага эргашма!»
Ҳар бир нарсани очиқ-ойдин ва аниқ билиб олгачгина унга ишониш ва у ҳақда ҳукм чиқариш керак. Гумон билан, бировнинг гапига ишониб, турли ноаниқ ишораларга суяниб ҳукм чиқариш мусулмонларга хос эмас. Билган нарсасини борича етказиш ҳам омонатдир. Қулоқ нима гапни эшитса, хиёнат қилмай, ўша гапни аниқ етказиш керак. Кўз бир нарсани кўрса, ўша кўриб-билган нарсага хиёнат қилмай, у ҳақда очиқ-ойдин маълумот бериши керак.
Шунингдек, дил нимани идрок этса, ўша нарсани аниқлик билан етказмоғи зарур. Бу аъзоларнинг билган, идрок этган ҳар бир нарсаси илмий омонат саналади. Омонатга хиёнат қилмаслик катта масъулият ҳисобланади. Кўз ҳам, қулоқ ҳам, дил ҳам ҳар бир нарсадан масъулдир. Бу дунёда бўлмаса, у дунёда, албатта, масъулдир. Айниқса, ана ўша охиратдаги масъулият мусулмонларни илмий омонатга ҳеч хиёнат қилмасликка ундаган. Улар доимо билгани ҳақида тўғри маълумотлар берганлар. Ушбу ояти каримага ўхшаш оятлар, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари уларни доимо илмий омонатга хиёнат қилмай тўғри маълумотлар беришга чорлаб келган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бир ҳадисларида:
«Гумондан эҳтиёт бўлинглар, чунки гумон энг ёлғон сўздир», деганлар.
Қуръони Карим нозил бўлаётган пайт ва жойдаги муш-рикларнинг ҳоли «Юнус» сурасида қуйидагича васф қилинади:

Юнус-36
Юнус-36
«Уларнинг кўплари гумонга эргашадилар, холос. Албатта, гумон ҳақ ўрнида ҳеч нарса бўла олмас. Албат-та, Аллоҳ нима қилаётганларини билгувчи зотдир» (36-оят).
Аллоҳнинг йўлида юрмаганларнинг кўплари, балки ҳаммалари гумон ва тахминга эргашадилар. Улардан, нима учун бу ишни қилмоқдасан, нима учун бу йўлга юрмоқдасан, деб сўралса, берадиган жавоблари фақат гу-мондан иборат бўлади. Ҳа,
«Уларнинг кўплари гумонга эргашадилар, холос».
Қадимда бутпарастлар, ота-бобомиз шундай қилган, биз ҳам қилмоқдамиз, деб жавоб беришган. Ҳозирда ҳам фалончи айтгани учун, пистончи қилгани учун, дейишади.
«Албатта, гумон ҳақ ўрнида ҳеч нарса бўла олмас. Албатта, Аллоҳ нима қилаётганларини билгувчи зотдир».
Шунинг учун мусулмонлар ҳеч қачон гумонга эргашмайдилар.
Шунинг учун ҳам ақийда бўйича мутахассис уламоларимиз иймоннинг тўғри ва соғлом бўлиши учун ишончли ва таъкидланган илмни асосий шарт қилиб қўйганлар ва бировларга тақлид қилиб келтирилган иймон ҳақиқий бўлмайди, деганлар.
Исломда илмий ҳақиқат фикрий қадриятларнинг манбаси ва чўққиси ҳисобланади.
Ақийда илмга асосланган бўлгани учун ҳам, ақийда бўйича мутахассис бўлган мусулмон уламолар ўзларининг шу мавзудаги китобларини айнан илм ҳақида баҳс юритишдан бошлаганлар.
Мисол учун машҳур уламоларимиздан Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг шуҳрат қозонган китоблари «Ақоидун Насафия»ининг аввалида жумладан қуйидагиларни айтганлар:
«Аҳли ҳақнинг айтишича, нарсаларнинг ҳақиқатлари собитдир. Уларни илм ила билиш, суфистоийларга хилоф ўлароқ, муҳаққақдир».
Суфистоийлар юнон файласуфларидан бир мазҳабга эргашганларининг номидир. Улар нарсаларнинг ҳақиқатини билиш муҳаққақ эмас, деган фикрда бўлганлар. Мусулмон уламолар эса уларга муқобил фикрда бўлганлар. Қадимда юнон файласуфларининг китоблари мусулмонлар томонидан таржима қилиб ўрганилгани учун улар мазкур томоннинг фалсафасидан бохабар бўлганлар ва ўз илмий баҳсларида уларга нисбатан фикрларини билдириб юрган-лар.
Илмнинг ҳақ эканини исбот қилганидан кейин Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ унинг воситалари ҳақида сўз юритади:
«Халойиқ учун илмнинг воситалари учтадир. Соғлом ҳис қилиш аъзолари, содиқ хабар ва ақл.
Соғлом ҳис қилиш аъзолари бештадир; эшитиш, кўриш, ҳидлаш, татиш ва ушлаш. Ҳар бир ҳис қилиш аъзоси ила унга хос бўлган нарса билинади».
Аллоҳ инсонга қўшиб яратган туйғулар инсонга унинг дунёга келиши билан дастлабки илм олишга восита бўлади. Мисол учун, чақалоқнинг биров ўргатмаса ҳам онасини эмиши, хавф яқинлашганда кўзини юмиши, қорни очганда йиғлаши ва ҳоказолар ана шундай илм олишлар жумласига киради. Буни илмий тилда, туғма инстинкт, дейилади. Лекин бу тоифадаги илм инсоннинг барча талабларини қондира олмайди. Улар фақатгина баъзи бир эҳтиёжларни қондириши мумкин, холос.
Инсон катта бўлганидан кейин у ўзининг ҳис қилиш аъзолари орқали маълум бир нарсалар ҳақида илм ҳосил қилади. Ушбу ҳис қилиш аъзолари орқали идрок қилинган нарсаларни инсон илми ила иҳота қилади, яъни, кўрган, эшитган, ҳидлаган, татиган ва ушлаган нарсаларини таҳлил қилиб, ўрганиб хусусиятларини ажратиб боради. Инсоннинг мазкур ҳис қилиш аъзоларидан бошқа нарсалар билан бирор нарсани билиши қийин.
Мисол учун кўзи ожиз ҳолда туғилган одамга, у қанчалар закий ва доно бўлса ҳам, рангларни васф қилиб тушунтириб бўлмайди.
Шунингдек, кар ҳолда туғилган одамга, у қанчалар закий ва доно бўлса ҳам, овозларни васф қилиб тушунтириб бўлмайди.
Барча инсонлар ўзлари татиб кўрмагунларича таъмлардан бирини тўлиқ билишлари қийин иш.
Лекин ҳис қилиш аъзолари ҳам тўла илм олиш учун кифоя қилмайди. Бу нарсаларнинг ҳаммаси маълум бир чегарагача илм олиш учун ярайди, холос.
Мисол учун кўз маълум узоқликдаги ва маълум катталикдаги нарсаларнигина кўра олади. Кўзга кўринган нарса ундан узоқлашган сари кичкина бўлиб боради ва охири кўринмай қолади. Бунинг устига кўз ила кўриш учун ёруғлик ҳам керак. Агар қоронғу тушиб қолса кўзнинг кўриш қобилияти ҳам ишламай қолади.
Қулоқ ҳам маълум даражадаги товушларни эшитади. У товушдан узоқлашган сари ёки товуш кучи озайган сари уни эшитиш сусайиб боради ва охири эшитмай қолади.
Ушлаб билиш қобилияти эса яна ҳам шарти кўп нарсадир. У билан бирор нарсани билмоқ учун, албатта, ўша нарсага баданнинг маълум қисмини текказиб кўрмоқ керак.
Баъзи бир ақлини пешлай олмаган зотлар, дунёда ҳис қилиш аъзолари воситасида билинадиган нарсалардан бошқа нарса йўқлигини таъкидлайдилар. Уларнинг ақли қосирларича кўз билан кўриб, қўл билан ушлаб, қулоқ билан эшитилмадими, демак ўша нарсалар дунёда мавжуд эмас эмиш. Дунёда фақат инсон кўз билан кўриб, қўл билан ушлаб, қулоқ билан эшитган нарсаларгина мавжуд эмиш. Улар мана шундай ноқис ақллари билан Аллоҳни ҳам инкор қиладилар.
Ҳозирги замон илми дунёда одам боласи ҳис қилиш аъзолари билан била олмайдиган, жумладан, оддий кўз би-лан кўра олмайдиган, оддий қулоқ билан эшита олмайдиган кўпгина нарсалар борлигини кашф этди.
Баъзида эса ҳис қилиш аъзолари хато қилиши ҳам мумкин. Мисол учун катта тезликда кетаётган кишига қизил чироқ яшил бўлиб кўриниши ҳаммага маълум.
Бу каби нуқсонларни инсон ақл ёрдамида топган илми ила тузатади. Ақл илм ҳосил бўлиши учун ишлатиладиган муҳим воситадир.
Ақлнинг илмга алоқасини Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ қуйидагича таърифлайди:
«Ақл ҳам илмнинг воситасидир. Унда ўз-ўзидан пайдо бўлган илм зарурийдир. Ҳар бир нарса ўзининг бўлагидан катта эканлиги ҳақидаги илм каби. Ақлнинг мушоҳадаси орқали собит бўлган илм касбийдир. Аҳли ҳақ наздида илҳом бир нарсанинг тўғрилиги ҳақидаги маърифат учун восита эмас».
Инсоннинг ақли илм ҳосил қилиш учун энг муҳим омилдир. Ақл воситаси ила ҳосил бўладиган илм иккига бўлинади.
Биринчиси, таҳлил ва мушоҳадасиз, бир кўргандаёқ ўз-ўзидан пайдо бўладиган илм. Ҳар бир нарса ўзининг бир парчасидан кўра катта эканини бир кўришда ўз-ўзидан билинади. Буни зарурий илм деб аталади.
Иккинчиси, ақлни ишга солиб таҳлил ва мушоҳада воситаси ила ҳосил бўладиган илм. Уни касб қилиб топилган илм дейилади.
Ақл ила ҳосил бўладиган илм ҳис қилиш аъзолари воситасида ҳосил бўладиган илмдан кучлидир. Ақл воситаси ила ҳис қилиш аъзолари йўл қўйган хатоларни ҳам тузатилади.
Масалан, сувда бирор нарсанинг аксини синган ҳолатда кўриш мумкин, бу кўзнинг хабари ва нотўғри хабар. Лекин ақл акси сувда шундай кўринаётган нарсанинг аслида бутун, тўғрилиги ҳақида илм беради. Касал одамга ширин таом ҳам нордон туюлиши мумкин, лекин ақл у таом аслида ширин эканини билдиради.
Ақлнинг асосий вазифаси ҳис қилиш аъзолари нақл қилган маълумотлардан таҳлил, қиёслаш, мушоҳада қилиш, фарқлаш, турли қоидалар ишлаб чиқариш орқали илм ҳосил қилишдир. Шунинг учун ҳам ақлнинг хизмат доираси ҳис қилиниши мумкин бўлган олам билан чегаралангандир.
Бинобарин, ғайбий – метафизик нарсаларнинг илми ақл доирасида эмас. Бу нарсаларни ақл билан аниқ билиб бўлмайди. Чунки бу нарсаларни ҳис қилиш, тажрибага бўйсундириш мумкин эмас.
Инсоннинг ҳис қилиш доирасидан ташқарида бўлган ғайбий – метофизик нарсалар ҳақида ақл юритилса гумон-дан, хаёл ва тахминдан бошқа нарса бўла олмайди. Гумон, хаёл ва тахмин зинҳор илмнинг ўрнини боса олмайди.
Шунингдек, мазкур нарсаларни илҳом йўли билан ҳам билиб бўлмайди. Мусулмон кишининг қалбига ғайбий масдардан тушган, илм берувчи, йўлловчи, эслатувчи нарса илҳом дейилади. У ҳақиқий нарса бўлади. Аллоҳнинг фазли ила баъзи мўмин-мусулмонларга илҳом берилиши бор гап.
Агар тақводор кишига илҳом инъом этилса, бу унинг маълум даражага етганининг аломати ва хурсанд бўлиш ба-шорати, холос. Илҳом зинҳор илм манбаси бўла олмайди. Буни қадимги ақоид илм уламолари бир овоздан таъкидла-ганлар. Жумладан, Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ бу ҳақда:
«Аҳли ҳақ наздида илҳом бир нарсанинг тўғрилиги ҳақидаги маърифат учун восита эмас», деган.
Бу гап билан ўша вақтдаги икки тоифага раддия берилган. Баъзи бир Исломдан бошқа динларга ва баъзи бир ўзидан кетган мутасаввуфларга.
Дарҳақиқат, Исломдан бошқа баъзи динларнинг арбоблари илҳомни ақийда қилиб олиш мумкин бўлган илмнинг манбаси деб қабул қилганлар. Мисол учун Инжилларни ёзган кишилар ёлғиз ҳолларида ўтириб ўзларига илҳом қилинган нарсани ёзганлари даъво қилинади.
Шунингдек, баъзи суфийлар бу масалада ҳадларидан ошиб ўзлари залолатга кетганлар ва бошқаларнинг ҳам залолатга кетишига сабаб бўлганлар.
Улардан баъзилари илҳом билан кифояланиб Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларни ўрганмаса ҳам бўлаверади, ақоид ҳамда фиқҳ ва бошқа илмларни ўрганишнинг ҳожати йўқ, деган ботил фикрларни айтганлар.
Бошқа бирлари эса кашф, илҳом туфайли шайхларнинг қалби исмат даражасига етади. Ўшандоқ қалбларга тушган нарса ваҳий ўрнига ўтади дейишгача бориб етганлар. Улар-нинг фикрича, авлиёларнинг қалблари анбиёларнинг қалблари каби эмиш. Аслида бу куфр ва залолатдан бошқа эмас, дейдилар муҳаққиқ уламоларимиз.

ҲИС ДОИРАСИДАН ТАШҚАРИ ИЛМ

Модомики, ақл ҳис қилиш доирасидаги илм билан чегараланар экан, ўша доирадан ташқари олам - ғайбий оламнинг маълумотлари ҳақидаги илмни қандай қилиб оламиз, деган савол пайдо бўлиши турган гап.
Бу саволга икки хил жавоб бўлади.
Биринчи жавоб Ислом оламидан ташқаридан келади.
Иккинчи жавоб мусулмонлардан келади.
Ҳис этиш оламида, моддаларнинг хусусиятларини аниқлаш каби нарсани тажриба ўтказиш йўли билан ҳал этилади.
Бу соҳада ҳозирда ғарблик олимлар етакчилик қилмоқдалар. Улар бу ишни барча табиий ва тажрибий илм-ларни яхши йўлга қўйиб, катта муваффақиятларга эришди-лар ва эришмоқдалар.
Аммо бу нарсани ҳис этиш оламидан бошқа нарсаларга ишлатиб бўлмайди. Аммо ўша моддий тажрибага бўйсунмайдиган нарсаларни инкор ҳам қилиб бўлмайди.
Одам боласи кўп нарсаларни ўзига етиб келган хабар ва нақллар орқали ўрганади. Ҳар бир одам дунёдаги барча нарсанинг гувоҳи ёки ҳодисаларнинг шахсан иштирокчиси бўлиши мумкин эмас. Одатда ўша ўзи гувоҳ ёки иштирок-чи бўлмаган нарса ва ҳодисаларни уларни кўрган ва эшитганлардан нақл қилинган хабарлардан ўрганади.
Албатта, ўрганилаётган нарсанинг мақомига қараб ха-бар ва нақлнинг аҳамияти ортиб боради.

ХАБАРЛАР ВА НАҚЛЛАРНИ ТЕКШИРИШ

Ўзи кўрмаган ва эшитмаган нарсалар ҳақидаги хабар ҳамда нақлларни бошқалардан эшитиш, одам учун ўзига нисбатан ғайб бўлган нарсани билишдир. Ўзи гувоҳи бўлмаган нарсалар ҳақида маълумот олиш ҳам шу доирага киради. Ўтмишни ўрганишда мусулмонлардан бошқалар асосан ўша даврга оид осори атиқалар, хабарлар ва ҳужжатларни ўрганган боҳис-мутахассисларнинг хулосасига суянадилар.
Мисол учун бошқалар орасида қадимда фалон жой-нинг аҳолиси қайси динда бўлган, деган савол кўндаланг қўйилди. Бу саволга қандай йўл билан жавоб берилади?
Бунинг учун ўша жойдаги қадимги топилмаларни ўрганган олим, бу ердан фалон диндаги кишиларнинг ди-ний анжоми топилди, демак бу ернинг аҳолиси ўша динда бўлган, деган илмий кашфиётни қилади. Мазкур кашфиёт кўпчиликка илмий ҳақиқат сифатида тақдим қилинади. Бу кашфиётга ишонмаганлар илм душмани деб эълон қилинади.
Бир неча йиллардан кейин худди ўша топилмаларни бошқа бир боҳис ўрганади. У ҳалиги диний анжомлар ўтроқ одамларга тегишли эмас, балки кўчманчиларники эканлигини кашф қилади. Ерли аҳолининг дини эса бошқа дин бўлганлигини эълон қилади. Бу олим ҳам ўзининг ўтимишдоши каби илмий унвон олади. Мазкур кашфиёт кўпчиликка илмий ҳақиқат сифатида тақдим қилинади. Бу кашфиётга ишонмаганлар илм душмани деб эълон қилинади.
Ўтмишдан етиб келган оғзаки хабарларни ўрганиш ҳам юқоридагига ўхшаш бўлади. Хабарнинг ўзини олиб таҳлил қилинаверади. Мазкур хабардан турли фикр ва мулоҳазалар ҳамда илмий хулосалар чиқарилади. Ўша ишни қилган одам олим ҳисобланади, илмий унвонлар олади. Аммо ҳеч ким бу хабар кимлар орқали, қандай йўл билан олимга етиб келганини суриштирмайди ҳам. Тўғри, мазкур хабарни олим қишлоқ ёки шаҳарнинг қариясидан эшитгани, қария эса ёшлик чоғида катталардан эшитгани илмий омонат юзасидан зикр қилинади. Аммо қариянинг илмий омонати ёки катталарнинг хабар, нақл қилишга бўлган салоҳиятлари ҳақида ҳеч нарса айтилмайди.
Энди ўтмиш ҳақида ёки бошқа бирор маълумот ҳақидаги ҳужжатларни ўрганишга келайлик. Мусулмонлардан бошқаларда фалон жойда қўлёзма топилади. Мутахассислар унинг қоғозини текшириб кўриб фалон асрга оид эканини аниқлайдилар. Қўлёзмадаги маълумотлар катта илмий кашфиёт бўлади. Уларни ўрганиш орқали инсониятнинг фалон соҳадаги илми яна ҳам бойийдиган бўлади ва ҳоказо.
Қарабсизки, қўлёзмани ўрганган олим илмий унвонларга сазовор бўлади. Илмий асарлар ёзилади. Маърузалар ўқилади. Анжуманлар ўтказилади ва ҳоказолар.
Аммо ҳеч ким қўлёзманинг олимнинг қўлига етиб кел-гунча босиб ўтган йўли, у кимларнинг қўлига тушгани, улар ким эканлиги ҳақида бир оғиз ҳам гапирмайди.

ОҒЗАКИ МАЪЛУМОТНИ ТЕКШИРИШ

Энди худди шу соҳада мусулмонлар нима қилишини ўрганиб чиқайлик.
Аввало мусулмонлар «агар хабар нақл қиладиган бўлсанг, у тўғри бўлсин» деган қоидани ишга солганлар. Буни ақийда илми уламолари «содиқ хабар» дейдилар.
Ақоид илмининг машҳур намоёндаларидан бўлган улуғ ватандошимиз Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг «Ақоиди Насафия» номли китобининг мақаддимасида қуйидагиларни ёзади:
«Содиқ хабар икки турли бўлади. Биринчиси, ёлғонга келишиб олишлари тасаввур қилиб бўлмайдиган кўп одамлар тилидан собит бўлган хабар. Бу эса зарурий илмни вожиб қилади. Бунга ўтган замонларда ва узоқ юртларда ўтган подшоҳлар ҳақидаги илм киради.
Иккинчиси, пайғамбарнинг мўъжиза билан қўлланган хабари. Ўз навбатида бу нарса далилли илмни вожиб қилади. У билан собит бўлган илм ўта ишончлиликда ва собитликда зурурат ила собит бўлган илмга тенг келади».
Шунинг учун ҳам мусулмонлар ўзларига етиб келган ҳар бир хабарнинг содиқ бўлишини текшириб кўриш учун инсоният тарихида мисли кўрилмаган дақиқ қоидаларни ишлаб чиққанлар ва уларга оғишмай амал қилганлар.
Бу гапнинг тасдиғи учун мисол тариқасида Қуръондан кейинги энг саҳиҳ китобнинг муаллифи, ҳадисда мўминларнинг амири, Имом Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий ўзларининг машҳур «Жомиъ ус-Саҳиҳ» китобларида келтирган биринчи ҳадисни олайлик.
У киши қуйидагича баён қиладилар:
«Бизга ал-Ҳумайдий Абдуллоҳ ибн аз-Зубайр ушбу ҳадисни айтди. У Суфёндан эшитган экан. Суфён Яҳё ибн Саъид ал-Ансорийдан эшитган. У, Муҳаммад ибн Иброҳим ат-Таймий менга хабар берди, деган. У эса Алқама ибн Ваққос ал-Лайсийдан эшитган. Ал-Лайсий айтадики, У Умар ибн Хаттобдан эшитган экан. Ҳазрати Умар ибн Хаттоб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидагини эшитдим деди:
«Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир. Ҳар бир одамга ният қилгани бўлади. Кимки дунё учун ҳижрат қилса, унга эришади. Хотин учун бўлса уни никоҳлаб олади. Бас, унинг ҳижрати нима учун ҳижрат қилса шу-нинг учун бўлади».
Демак, ушбу ҳадиси шариф Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлиб, олти кишидан ўтгач Имом Бухорийга етиб келган. Имом Бухорий ўз шайхлари Абдуллоҳ ибн Зубайр ал-Ҳумайдийдан бу ҳадисни эшитишлари билан дарҳол китобларига ёзиб қўймайдилар.
Балки ҳадисни ҳар томонлама текширишни бошлайдилар. Аввало, ҳадисни иккига «Санад» ва «Матн»га, бўладилар.
Ҳумайдийдан бошлаб ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳугача бўлган ровийлар силсиласи «санад» дейилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган гаплари эса «матн» бўлади.
«Санад» сўзи араб тилида «суянчиқ» маъносини англа-тади. Муҳаддислар истилоҳида эса ҳадис матнига олиб борувчи суянчиқ-йўлга санад дейилади. Ҳар бир хабарни санадга-ишончли суянчиққа суяниб қабул қилиш мусулмон умматининг ўзига хос хусусиятидир. Мусулмонлардан бошқалар бу нарсага эътибор бермаганлар. Шунинг учун ҳам уларнинг пайғамбарлари айтган гаплари, қилган ишлари у ёқда турсин, муқаддас китобларига ҳам ёлғон аралашиб, ҳатто ёлғон ростдан устун бўлиб кетган.
Яна Имом Бухорий мисолида муҳаддисларнинг қилган ишлари билан танишишни давом эттирайлик. У киши ҳадис санадида келган ровийларни текширишни бошлайдилар.
Энг аввал ал-Ҳумайдий Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг ҳаёт йўллари, насл-насаблари, иймон-эътиқоди, Исломга нечоғли амал қилиши, адолатлими-йўқми, зеҳни-идрок даражаси ва бошқа кўплаб сифатларини пухта ўрганиб чиқадилар.
Мазкур ровийда мавжуд бўлиши шарт қилинган нарса-лардан иккитасини алоҳида кўриб чиқайлик:
I - Ровийнинг ҳадиси қабул этилиши учун, у адолатли бўлиши керак.
«Адолат» луғатда тўғрилик, мустақимлик ва одилликни ифода этади. Уламолар истилоҳида эса «Адолат – инсон нафсидаги уни гуноҳлардан ва мубоҳ пасткашликлардан қайтарадиган малакасидир».
Ровийда адолат мавжуд бўлишлиги учун унда қуйидаги тўртта шартнинг бўлишлиги талаб этилади:
1. Исломда бўлишлиги.
2. Балоғатга етган бўлиши. Балоғатга етмаганларнинг ривояти қабул қилинмайди.
3. Ақлли, яъни, соғлом ақлли бўлиши керак. Ақлида камчилик бўлган одамнинг ривояти зинҳор қабул қилинмайди.
4. Тақводорлиги. Гуноҳ қилган, рухсат берилган бўлса ҳам, мурувватсизлик, бепарволик ҳисобланадиган ишларга йўл қўйган одамларнинг ривояти ҳам қабул қилинмайди.
Бу тоифага гуноҳи кабира қилганлар, динда бидъат чиқарганлар ва ҳадисдаги хизмати учун ҳақ олганлар ҳам киради.
Мурувватсизлик ва бепарволикка эса кўча-кўйда таом емоқ, кўп ҳазил қилмоқ, беодоб кишиларга ҳамсуҳбат бўлмоқ каби нарсалар киради.
Ривоятда келишича, Имом Бухорий бир кишида ҳадис борлигини эшитиб узоқ йўл юриб, уни топиб борганлар. Қарасалар, у киши қочиб кетган ҳайвонни тутиб олиш учун кийимининг этагини кўтариб, ҳайвонга унда ем бор қилиб кўрсатиб турган экан. Имом Бухорий «ҳайвонни алдашга журъат қилган одамдан ҳадис қабул қилиб бўлмайди», деб ортларига қайтган эканлар.
II – Ровийнинг ҳадиси қабул бўлиши учун у забтли бўлиши лозим.
«Забт» сўзи луғатда бир нарсани маҳкам ушлаб қолишни ифода этади.
Уламолар истилоҳида эса:
«Ровий ўзи ривоят қилган ҳадисни ғоят маҳкам ушла-ши лозим».
Бу эса икки йўл билан ҳосил бўлади.
Биринчиси: хоҳлаган вақтда ҳадисни аниқ ва равшан, бир хилда айтиб бера олиши керак.
Иккинчиси: Ҳадисни турли камчиликлардан сақлаган бўлиши керак.
Агар ровий бироз эҳтиётсизликка, бепарволикка йўл қўйган бўлса, ривояти қабул қилинмайди. Шунингдек, эътимодли, тузатилган аслга суяниб ривоят қилаётган бўлса ҳам ривояти тарк этилади. Айтган гаплари бошқа ишончли ровийлар гапига тўғри келмаса ҳам қабул қилинмайди. Баъзи вақт ва маконларда бўшроқ гапирган бўлса ҳам қабул қилинмайди. Баъзан устозидан кучли, баъзан кучсиз ривоят қилган бўлса ҳам қабул қилинмайди.
Бир нарсани ёд олишда, ёд олган нарсасини ўзгартирмай олиб юришда мусулмонларга тенг келадиган умматни дунё кўрмаган. Бу уммат Аллоҳнинг каломи Қуръони Каримни ўн беш асрдан буён бир нуқтасини ҳам ўзгартирмай ёд олиб, сақлаб келмоқда. Қорилар ҳузурида ҳозиргача ўзи мусҳаф юзидан Қуръонни ўқиб олган одам қори ҳисобланмайди, аксинча устознинг оғзидан эшитиб, унга ўзига ўхшатиб ўқиб бериб, изн олган шахсгина қори ҳисобланади.
Ҳадислар ҳам ҳозиргача ёд олиб келинмоқда. Умуман Ислом шариатининг ҳамма асллари ёд олиш орқали қабул қилинган. Ҳамма нарсада асосий эътибор ёд олишга қаратилган. Ҳатто баъзи ёзишни биладиган кишилар айрим нарсаларни ёзсалар ҳам ёд олиш учун ёзганлар. Ёд олиб бўлган нарсаларини ўчириб ташлаганлар. Аллоҳ таоло ўзининг охирги динига ёзишга эмас, ёд олишга суянган халқни, ана шунга одатланган пайғамбарни ихтиёр қилиши ҳам бежиз эмас.
Тарих китобларида ва илмий ривоятларда муҳаддисларнинг ёд олиш қобилиятлари ҳақида нодир маълумотлар жуда ҳам кўп. Халифа Ҳишом ибн Абдул Малик Имом Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрийдан ўз болаларидан бирига бирор нарса имло қилиб беришни илтимос қилибди.
Имом аз-Зуҳрий болага тўрт юз ҳадис имло қилибди. Сўнгра ташқарига чиқиб «Эй,, ҳадис эгалари!» деб чақирибдилар. Тўпланган одамларга айнан ўша тўрт юз ҳадисни айтиб берибдилар. Бир ойдан кейин Ҳишом ибн Абдул Малик Имом аз-Зуҳрийни кўриб «Ҳалиги китоб йўқолиб қолди. Яна бошқатдан имло қилиб берсангиз» деганида, Имом аз-Зуҳрий ўша тўрт юз ҳадисни бошидан охиригача санадлари билан айтиб берган. Кейин биринчи китоб билан солиштириб кўриб бирор ҳарф ҳам алмашмаганини кўришган.
Исҳоқ ибн Роҳавайҳ ал-Марвазийнинг шогирдларидан Абу Довуд ал-Ҳаффоф:
«Исҳоқ бизларга ёддан ўн бир минг ҳадисни имло қилиб берди. Сўнгра ёзган китобидан ўқиб солиштириб чиқиб, бирор ҳарф ортиқ ёки кам эмаслигини аниқладик», деган.
Имом Бухорийнинг мирзалари Муҳаммад ибн Абу Ҳотим айтадики, Ҳошим ибн Исмоил ва унинг шеригидан қуйидагиларни эшитдим:
«Бухорий болалик чоғида биз билан дарсга қатнашар эди. Бир неча кунлар ўтиб кетса ҳам ҳеч нарса ёзмас эди. Биз унга бу ҳақда гапирган эдик. У «Икковингиз менга жуда кўп гапирдингиз. Ёзган нарсаларингизни кўрсатинг-чи», деди.
Биз ёзган нарсаларимизни олиб келувдик, ўн беш мингдан ортиқ ҳадис чиқди. Ўша ҳадисларнинг ҳаммасини у бизга ёддан ўқиб берди. Ҳаттоки, баъзи хатоларимизни унинг ёдлаб олган нарсасига эътимод қилиб тузатдик.
Шунда у:
«Сизлар мени беҳудага келиб, кунларини зое қилмоқда, деб ўйловдингизми?» деди.
Ана ўшанда биз унинг олдига биров туша олмаслиги-ни билган эдик».
Шундоқ бўлса ҳам, муҳаддис ҳужжат учун ҳар бир ро-вийни яхшилаб ўрганиб чиқади.
Имом Бухорийга қайтадиган бўлсак, у киши ўз шайхла-ри ал-Ҳумайдий Абдуллоҳ ибн Зубайрни ўрганиб, ишончли ровий эканига қаноат ҳосил қилганларидан кей-ин, ал-Ҳумайдийнинг шайхи Суфённи ўрганишга киришадилар. Суфёнда ҳам ҳадиси қабул бўлиши учун зарур ҳамма шартларни топганларидан кейин икковлари қаерда, қачон, қандоқ учрашганлари ҳақида ҳужжат ва далил ахтарадилар. У ҳам собит бўлганидан кейингина учинчи ровийни ўрганишга киришадилар. Шундоқ қилиб ҳар бир ҳадисни неча киши ривоят қилган бўлса ҳаммасини қабул қилса бўлар экан, деган хулосага келинади.
Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, муҳаддисларнинг ушбу ишлари, инсоний илмларга асос бўлди. Чунки улар ҳадис ривоятига мансуб ўн минглаб одамларнинг таржимаи ҳолларини, омонатли, ишончли, адолатли, забтли, тақволи, зеҳн ҳолатлари қандоқ бўлгани каби ҳолларини ёки аксин-ча ёлғончи, ғофил, унутувчи, фосиқлик йўқлигини ўрганиб чиқиш орқали бу илмни йўлга қўйдилар. Унинг қонун-қоидаларини ишлаб чиқдилар. Бу ҳақда жилд-жилд китоблар ёздилар.
Ровийларнинг аҳволи ҳақидаги китобларни, китоби «Журҳ ва таъдил» яъни, «Ровийларнинг жароҳатлилиги ёки адолатлилиги ҳақидаги китоблар» деб номланади. Бу бутун бошли бир илмдир. Инсоният тарихида ҳеч ким бу ишни қилган эмас, ҳозирда ҳам қила олмаяпти кейинчалик ҳам қила олмайди.
Яна Имом Бухорийга қайтамиз. У киши юқоридаги ҳадис санадидаги олти ровийни, уларнинг бир-бирларидан ҳадисни қандоқ олганларини ўрганиб бўлиб, булардан ҳадис олса бўлар экан, деган хулосага келдилар. Аммо ҳадисни олишга шошилмадилар. Энди, улар ривоят қилган ҳадиснинг матнини текширишга бошлайдилар. Бу ҳам алоҳида катта бир илм. Бу илм бўйича ҳам қанчадан-қанча китоблар ёзилган ва ёзилмоқда. Биз эса имкониятга қараб қисқа ишора қилиб ўтамиз.
Муҳаддис аввало матннинг лафзига ва маъносига қараб айнан шу лафз ва маъно Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган бўлиши мумкинми, деган саволга жавоб ахтаради. Бунинг эса ўзига яраша аломатлари бор. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гаплари ҳаловат, гўзаллик, пурмаънолик жиҳатидан Қуръондан кей-инги иккинчи ўринда туради. Ўн минглаб ҳадисларни ёд билган муҳаддис матнга назар солиши билан унинг илк лафзлариданоқ нима эканини билиб олади. Шу билан бирга Қуръони Каримга ҳам солиштириб кўради. Чунки ҳадис ҳеч қачон Қуръонга зид бўлмайди. Борди-ю шунга ўхшаш кўпгина аломатлардан бирор нуқсон ҳадиснинг матнида топилса, унинг сохталиги билиниб, тарк қилинади.
Шу билан бирга муҳаддис сохталик аломати бўлмаган ҳадисни ҳам дарров қабул қилавермайди. Бошқа томонларини ҳам текшириб кўради.
Мисол учун, айнан шу ҳадисни бошқалар ривоят қилганми-йўқми?
Агар ривоят қилган бўлса бир-бирига мос тушадими?
Агар мос келмаса ва бунда бошқа ровий кучли бўлса, унга хилоф қилган ровийнинг ҳадиси олинмайди. Баъзида бир ривоятда иккинчисида йўқ сўзлар, ортиқча маъно бўлиши мумкин, бу ҳам текшириб чиқилади.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гаплари орасига ровийнинг тушунтириш гаплари киритилганми, йўқми?
Шунга ўхшаш кўпгина саволларга жавоб олингандан кейин ва матннинг ҳам саломат эканига ишонч ҳосил қилингандагина, муҳаддис уни қабул этишга қарор қилади.
Сўнгра ўша қабул қилинган ҳадис китобга ёзилади ва кишиларга ўргатилади. Шу тариқа ҳадислар ҳам ёзилиб, ҳам ёдланиб боради. Агар бирор сўз қўшилиб ёки олинадиган бўлса, дарҳол бу соҳанинг мутахассислари ҳаммага ўша хатони эълон қиладилар. Хатога йўл қўйган одамни эса ишончсиз киши сифатида унга ўхшаган кишилар рўйхатига қўшилади ва барча ривоятлари рад қилинади.
«Илмул журҳ ва таъдийл» ривоят қилувчи шахсларни ўрганиб, уларнинг қай бири ишонч юзасидан мажруҳ, қай-си бири адолатли эканини аниқлашга боғлиқ бу илм ҳам ўзида кўплаб нарсаларни мужассам қилган алоҳида бир илмга айланди. У инсоний илмларга асос бўлганини ҳам айтиб ўтдик. Ушбу илмга қўл урган уламолар ўн минглаб одамларни атрофлича ўрганиб чиқиб, китоблар ёзиб кет-ганлар.
Аслида бировнинг айбини айтиш Исломда ғийбат, гуноҳ ҳисобланади. Аммо ҳадис диннинг асоси эканлигидан, унинг соф қолиши лозим бўлганидан, бу ишга аралашганларнинг айбини баён қилиш зарур бўлган. Имом Бухорийга, «Одамлар сизнинг Тарих (одамлар тарихи) китобингиз учун аччиқлари чиқмоқда, унда бошқаларнинг ғийбати бор деб ҳисоблашмоқда», дейишган экан. Ана шунда Имом Бухорий «Биз буни ривоят қилдик, ўзимиздан айтганимиз йўқ. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам «Бу одам, ўз уруғининг қандоқ ҳам ёмон одами», деганлар», деб жавоб берган эканлар.
Аввал бошда ровийлар шахси ҳақида, уларнинг ишончли ёки ишончсиз эканликлари тўғрисида оғзаки маълумотлар нақл қилиб юрилди. Бу ишда кичик саҳобийлардан Абдуллоҳ ибн Аббос, Убода ибн Сомит ва Анас ибн Молик розияллоҳу анҳумлар машҳур бўлганлар. Тобеъинлардан эса Саъид ибн Мусаййиб, Шаъбий, Ибн Сийрийн, Шўъба ва бошқалар кўзга кўринганлар.
Бу бобда энг аввал китоб ёзганлар ичида эса Яҳъё ибн Маъийн, Аҳмад ибн Ҳанбал, Муҳаммад ибн Саъд, Али ибн ал-Маданийлар машҳур бўлганлар. Кейинроқ Имом Бухорий, Имом Муслим, Абу Заръа, Имом Абу Довудлар ўз ки-тобларини ёзганлар.
Сохта ҳадислар ва уларни тўқиганлар ҳақидаги илм ҳам ривоятларни текширишда нималар қилиниши лозимлиги ҳақидаги алоҳида бир илмга асос бўлди.
Бу бобда ҳам кўплаб китоблар ёзилган. Ҳофиз Абул Фа-раж ал-Жавзий, Абу Амр ибн Бадр ал-Мусилий, Ибн Тоҳир ал-Мақдийсий, Имом ас-Суютий, Али Қори ал-Ҳанафий ва бошқа кўплаб уламоларимизнинг китоблари бунга мисол бўла олади».
(Ҳадисни текшириш ҳақидаги мақола муаллифнинг Ҳадис ва Ҳаёт номли китобининг биринчи жузидан олин-ди).
Эслатма;
Биз мусулмонларда оғзаки ва ёзма маълумотларни тек-шириш борасида сўз юритар эканмиз биринчи манбамиз бўлган Қуръони Карим ҳақида сўз юритмадик. Чунки Қуръони Каримнинг Аллоҳ таолодан қандай тушган бўлса шундай ҳолда бирор ҳарфи ҳам ўзгармай сақланиб келаётгани ҳаммага маълум. Бу улкан ҳақиқат нафақат мусулмонларга, балки ғайримусулмонларга ҳам аён бўлгандир. Бу фикрнинг далили учун иккита кўзга кўринган ғайри мусулмон олимининг эътирофини келтирамиз.
Жаноб Эрнест Ренан қуйидагиларни айтади:
«Қуръон ҳеч қандай алмаштириш ёки бузилишга учра-маган. Унинг оятларига қулоқ осганингда сени ажабланиш ва муҳаббат қамраб олади».
Америкалик олим Майкл Ҳарт Қуръони Карим ҳақида қуйидагиларни ёзади:
«Пайғамбарликлар тарихида барча ҳарфлари ила комил қолган, ўзгармаган биргина китоб Муҳаммад нақл қилган Қуръондир».
Ҳа, Қуръони Каримнинг Аллоҳ таолодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тушаётганини дўсту душман барча баробарига кўриб, эшитиб турган. Бу илоҳий мўъжиза китобни сонсиз саноқсиз кишилар Пайғамбар алайҳиссаломдан ёд олганлар ва ҳозиргача авлоддан ав-лодга нақл қилиб келмоқдалар.
Биз оғзаки ва ёзма маълумотларни нақл қилиш, тўғрилигини аниқлашда мусулмонларнинг иккинчи манбаси бўлган ҳадиси шарифни мисол қилиб келтирмоқдамиз.

ЁЗМА МАЪЛУМОТНИ ТЕКШИРИШ

Қўлёзмаларга илм манбаси сифатида қарашда ҳам му-сулмонларга тенг келадигани йўқ. Ҳар бир қўлёзма қачон, ким тарафидан ва қаерда ёзилгани аниқ бўлиши лозим. Қўлёзмани кўчириб олган киши, қўлёзма эгасидаги асл нусхага уни солиштириб гувоҳлар олдида тасдиқлатиб олмаса, қўлёзмасига ҳеч қандай ишонч бўлмайди.
Қўлёзма асарни ва ҳужжатларни сақлаш ва улардан нусха кўчириш алоҳида илм сифатида шаклланган. Буни батафсил ўрганиб чиқишимиз керак.
Яна мисол тариқасида имом Бухорийни оламиз. У киши ўзларининг Ислом уммати томонидан Аллоҳ таолонинг китобидан кейинги энг тўғри китоб деб эътироф қилинган китоблари «Саҳиҳи Бухорий»ни бегона қўл ва кўзлардан асраб сақлайдилар.
Кези келганда ўз шогирдларига ул китобни имло қилиб берадилар. Бунда ўзига яраша қоидаларга риоя қилиш ло-зим бўлади. Ҳатто «Одобул имло ва истимло» - имло қилиш ва имлони ёзиб олиш одоблари деган махсус китоблар ҳам таълиф этилган. Мазкур китобларда бу муҳим ишни олиб боришда лозим бўлган барча одоблар батафсил баён қилинган.
Биз шахсга оид одоблардан мисол келтирмасак ҳам ёзувга боғлиқ шартлардан баъзиларини тушунча ҳосил қилиш учун эслаб ўтишга журъат қилдик.
Ёзувни ингичка қилмаслик лозим. Йўғон ҳарфлар ила аниқ қилиб ёзиш керак.
Араб ҳарфига хос бўлган ҳарфларни ости ёки устига нуқта қўйиш ҳоллари бўлса, кейинчалик нуқта сабабидан адашув бўлмаслиги учун уларни ҳарф билан ёзилади. Ми-сол учун «устида икки нуқта билан ифода қилинадиган то ҳарфи» деб.
Ёзувчи хаттот ўзидан бошқа фаҳмламайдиган ишора ва аломатларни қўймаслиги шарт. Чунки бошқа одам ўқиганда тушунмай қийналади ёки нотўғри талқин қилади.
Ҳар бир ҳадис тугаганда доира шаклини қўйиб унинг келаси ҳадисдан ажраб туришини таъминлаш лозим.
Толиби илм устозидан эшитган ҳадисни ёзишни бошламоқчи бўлиб «Бисмиллаҳир раҳмонир роҳийм» ёзга-нидан сўнг шайхнинг исмини, кунясини ва насабини ёзади. Шунингдек ўзи билан бирга бўлган шерикларининг номларини, ўша иш бўлган кун тарихини ҳам ёзиб қўяди.
Шогирдларидан бирортаси ўзининг қўлёзмаси тўлақонли нусха бўлишини хоҳласа, уни имом Бухорий тасдиқлашлари ва ижозат беришлари керак бўлади. Устоз-нинг ҳузурида ёзилган нарса ижозатсиз ҳеч нарсага арзимайди.
Бунинг учун имом шогирднинг нусхасини қўлга олади. Шогирд эса имомнинг асл нусхаларини қўлга олиб бир четдан ўқишни бошлайди. Икки нусха ҳарфма ҳарф солиштириб чиқилади. Агар бирор ҳарф бошқача бўлиб қолса, ўша ҳарф бор сўзнинг тагига чизилиб тўғри сўз ҳошияга ёзилади. Аввалги хато сўз ўчирилмайди. Нимада хато бўлганлиги ҳам кўриниб туриши керак. Агар ўша хато ҳарфи бор сўзнинг устидан чизиб ташланган бўлса, қўлёзма ишончсиз ҳолга келади.
Қўлёзмалар охиригача солиштириб чиқилганидан кей-ин имом гувоҳларнинг олдида шогирднинг кўчирган нусхаси тўғрилиги ҳақида ҳужжат бериб, имзо ёки муҳр қўяди. Ўша кўчирилган нусханинг ўзига бу маълумотлар битилади.
Мазкур шогирд ўз шогирдига нусха кўчиришга изн бе-радиган бўлса худди аввалгидек ишни у ҳам такрор қилади.
Учинчи қўлёзмада имомнинг, у киши шогирдининг нусхалари силсиласи эканлиги ҳақида ёзувлар пайдо бўла-ди ва шу тариқа давом этаверади.
Кейинчалик бу қўлёзмани тадқиқ қилмоқчи бўлган боҳис аввало унинг санадини яхшилаб ўрганиб чиқади. Агар санад талабларга жавоб берадиган бўлсагина қўлёзманинг ичидаги матнни ўқишни бошлайди.
Тасаввур ҳосил қилиш учун имом Бухорийнинг «Саҳиҳ Бухорий»ларининг энг машҳур шарҳчиларидан бири Ҳанафий мазҳабининг машҳур намояндаларидан бири Бадриддин Айний раҳматуллоҳи алайҳнинг санадларини ўрганиб чиқайлик. У киши ўзларининг «Саҳиҳ Бухорий»га ёзган «Умдатул Қорий» номли шарҳларининг аввалида қуйидагиларни ёзадилар:
«Менинг ушбу китобдаги Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳгача бўлган иснодим икки катта муҳаддис орқали икки йўл ила бўлган.
Биринчилари имом Зайниддин Абдурраҳийм ибн Абул Маҳосин Ҳусайн ибн АбдурРаҳмон ал-Ироқий аш-Шофеъий. У киши саккиз юз олтинчи йили, Шаъбон ойи-нинг саккизинчисида, чоршанба кечаси Қоҳирада вафот этган. Мен у зотдан мазкур китобни аввалидан охиригача бир неча мажлисларда эшитганман. Охиргиси етти юз саксон саккизинчи йили, улуғ Рамазон ойининг охирида Қоҳиранинг ташқарисидаги қалъанинг жомеъ масжидида бўлган.
У киши шайх Шиҳобиддин Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Мансур ал-Ашмуний ал-Ҳанафий раҳматуллоҳи алайҳдан ўқиган.
У киши Абу Али Абдурроҳийм ибн Абдуллоҳ ибн Юсуф ал-Ансорийдан ва қозиюл қузот Аловуддин Али ибн Усмон ибн Мустафо ибн ат-Туркмонийлардан ўқиган.
Иккисидан биринчиси, бизга Абул Аббос Аҳмад ибн Али ибн Юсуф Димашқий, Абу Амр Усмон ибн АбдурРаҳмон ибн Рошийқ ар-Рибъийлар хабар берган, деганлар.
Улар эса бизга Ноҳибатуллоҳ ибн Али ибн Масъуд ал-Бусирий ва Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳомид ал-Артоҳий хабар берган, деган.
Ал-Бусирий, бизга Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Баракот ас-Саъдий хабар берган, деган.
Ал-Артоҳий, бизга Али ибн Умар ал-Фарроо хабар бер-ган, деган.
Икковлари, бизга Карима бинти Аҳмад ал-Марвазия хабар берган, деган.
У эса бизга Абулҳайсам Муҳаммад ибн Маккий ал-Кашмийҳиний хабар берган, деган.
Иккинчилари, бизга бир қанча жамоа, жумладан, Абулҳасан Али ибн Муҳаммад ибн Ҳорун ал-Қорий, хабар берган, деган.
У эса бизга Абдуллоҳ ал-Ҳусайн ибн ал-Муборак ал-Зубайдий, хабар берган, деган.
У эса бизга Абулвақт Абдулаввал ибн Ийсо ас-Сажзий хабар берган, деган.
У эса бизга АбдурРаҳмон ибн Муҳаммад ибн ал-Музаффар ад-Довудий хабар берган, деган.
У эса бизга Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Ҳумавайҳ хабар берган, деган.
У ва ал-Кашмийҳиний, бизга Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф ибн Мотар ал-Фирабрий хабар берган, деган.
У эса бизга имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ хабар берган, деган».
(Умдатул Қорий китобидан лақаб, васф ва баъзи ибора-ларни қисқартирилиб таржима қилинди).
Шу тарзда ҳар бир қўлёзмани ўз муаллифига нисбат бе-риш йўллари тартибга солинди. Ислом уммати ҳадисларни ёдида сақлаш билан бирга уларни ёзувда сақлашни ҳам шараф билан бажарди.
Юқорида зикр қилинган узоқ ва машаққатли изланиш ва текширувлардан кейин тўғрилигига заррача ҳам шубҳа қолмаган хабар қабул этилади. Аммо шу билан иш битди, ўша хабарни хоҳлаган соҳада ва хоҳлаган ерда ишлатилаверади дейилмайди. Балки ўша тўғрилигига заррача ҳам шубҳа қолмаган хабар ровийларининг сонига қараб учга бўлинади:
1. «Мутавотир».
Бу сўз луғавий жиҳатдан «кўплик» маъносини англата-ди. Уламолар истилоҳида эса бундай ҳадисларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган биринчи, иккинчи ва учинчи ҳалқа одамларининг адади ёлғонга келишувга имкон бермайдиган даражада кўп бўлиши керак. Мисол учун, бир ҳадисни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўттиз киши ривоят қилган. Худди шу ҳадисни мазкур ўттиз саҳобийдан шу қадар ёки ундан ҳам кўп ададдаги Тобеъинлар, улардан эса худди шун-ча табаъа Тобеъинлар ривоят қилганлар. Ана ўша ҳадис му-тавотир ҳадис, дейилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таҳорат қилишлари, намоз ўқишлари, рўза тутиб, ҳаж қилишлари, жумада хутба ўқишлари, азон, иқомат каби нарсалар кўп марта, кўпчилик ҳузурида бўлгани учун ҳаддан ташқари кўп одамлар ривоят қилган. Мана шу масалаларга тегишли ҳадислар мутавотир ҳисобланади.
Шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг:
«Ким менинг номимдан қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдан жойини олаверсин» деган ҳадислари ва шунга ўхшаш кўпгина ҳадислар мутавотир ҳисобланади.
Мутавотир ҳадис ила собит бўлган ҳукмни инкор қилган киши кофир, бундай ҳукмни эътироф этса ҳам лекин унга амал қилмаган одам эса гуноҳкори азим бўлади.
2. «Машҳур».
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан мута-вотир даражасига етмайдиган саҳобий ёки саҳобалар ри-воят қилиб, улардан кўпчилик ривоят қилиб шуҳрат топган ҳадисни «машҳур» дейилади.
«Машҳур» ҳадиснинг «Мутавотир»дан фарқи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилувчи саҳобаларнинг сони озлигида, холос. «Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир», «Ислом беш нарсага бино қилингандир» каби ҳадислар «машҳур» ҳадислардир.
Ким машҳур ҳадис орқали собит бўлган ҳукмни инкор қилса, фосиқ бўлади. Унга амал қилмаса гуноҳкор бўлади.
3. «Оҳод».
Бу сўз луғатда «озчилик кишилар» маъносини билдиради. Уламолар истилоҳида эса дастлабки уч асрда ровийларнинг сони мутавотир даражасига етмаган ҳадисга айтилади. Оҳод ҳадис билан собит бўлган ҳукмга амал қилиш вожибдир. Унга амал қилмаган одам тарки вожиб ила гуноҳкор бўлади. Ақийда масалаларида эса оҳод ҳадисда келган хабарга ишонмаган киши Ислом доирасидан чиқмайди, аммо фосиқ бўлади.
Ислом умматининг содиқ хабарга молик бўлган иккита асосий масдари бор.
Биринчиси Қуръони Карим.
Иккинчиси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари.
Бошқа масдарлар ҳам ушбу икки масдарга тобеъ бўлади.

ДАЪВО ЁКИ ФАРАЗНИ АНИҚЛАШ

Даъво ва фаразлар турлича бўлади. Уларни турига қараб ҳар хил услублар ила текширилади.
Агар даъво моддий нарсаларнинг хусусиятига оид бўлса, уни тажриба ўтказиш йўли билан аниқланади. Мисол учун, темир ўтда куймайди, деган даъвони қилган одам уни ўтга солиб куймаётганини кўрсатади.
Агар даъво одамларнинг ҳақ-ҳуқуқларига оид бўлса, ҳужжат ва далил келтириш билан исбот қилинади ва ҳоказо.

БОШҚАЛАРДА

Энди даъво ва фаразларни текшириш иши бошқаларда қандай йўлга қўйилганини ўрганиб чиқайлик.
Улар бирор даъво ёки фаразнинг тўғри ёки нотўғрилигини текшириш учун нима қиладилар?
Агар бу масала моддий нарсаларга, табиий илмларга те-гишли бўлса, бошқалар тажриба ва мушоҳада йўли орқали қойил қилиб жавоб топадилар. Уларнинг бу соҳадаги мувофақиятлари ҳамманинг таҳсинига сазовор.
Аммо масала ғайбий, ғайри моддий нарсаларга оид бўлсачи? Бу масалани ҳал қилиш учун бошқалар ўзларига хос йўл топганлар. Улар ўзларига маъқул келган бир назария ёки фаразни олиб, ҳар ким ўзига ёққан тарзда, атроф-муҳит, жамият, одамларнинг савияси каби омилларнинг эътибори ила, ўшаларга мос хаёлларига келган ечимларни тақдим эта бошлайдилар.
Бошқача қилиб айтганда юқоридаги услубнинг ярмини ишга соладилар. Чунки ғайри моддий нарсаларни тажриба жиҳозларига солиб таҳлил қилиб бўлмайди. Шунинг учун бошқалар уларни кўзлари ўнгида турган нарсалардан мушоҳада орқали топмоқчи бўладилар.
Чарлъз Дарвин деб номланадиган бир жаноб одам билан маймуннинг ташқи кўринишидаги ўхшашликни мушоҳада қилиб қолди. Бу унда, одам маймундан пайдо бўлган бўлса керак, деган фикрни туғдирди. Кейин у шу фикрнинг тасдиғи учун далил ахтаришга тушди ва бутун дунёда шуҳрат қозонган назариясини ишлаб чиқди.
Ўша вақтда одамнинг асли келиб чиқиши ҳақида унинг фикридан кўра яхшироқ фикрлар ҳам бор эди. Аммо кимларгадир керак бўлиб, айни дарвинизм пуфлаб шиширилди ва ҳаммага ўзининг маймундан бўлганлиги уқтирилди. Ҳеч ким Дарвин дегани ким ўзи, деб сўраб ҳам қўймади. Нима учун унинг гапини ўйламай-нетмай қабул қилишимиз керак деган савол ҳам бўлмади. Жаноб Дарвиннинг таржимаи ҳоли, шахсий сифатлари ва ҳаёти билан ҳеч ким қизиқмади. У инсониятга отанг маймун бўлган деган гапдан бошқа нима тақдим қилгани ҳақида биров ўйлаб ҳам кўрмади. Унинг мазкур гапини муноқаша қилишга нима сабабдан ҳеч кимнинг ҳақи йўқлигини ҳам биров сўрамади.
Мусулмонлардан бошқалар ўзининг маймундан тарқаганидан фахрланиб юрди. Бу фикр дарс қилиб ўқитилди. Унга қарши чиққанлар ақли пастликда айбланди, танқид қилинди.
Карл Маркс деган яна биттаси чиқди. Дунё тузумини ўзгартирмоқчи бўлди. Бу мақсадига етиши учун ўзига дин тўсиқ бўлиши мумкиндек кўринди. Дин қаердан келиб чиққанлигини одамларга тушунтирмоқчи бўлди. Динни одамлар устидан ўзининг ҳукмини ўтказмоқчи бўлган уддабуронлар ўйлаб чиққан деган фаразни ўртага қўйди. Бу фаразни исботлаш учун хаёлига эрк бериб, астойдил ўйлади.
Аввалги одамлар илмсиз, жоҳил бўлганлар. Улар момақалдироқ, чақмоқ, довул каби табиатдаги ҳодисаларнинг асл моҳиятини англаб етмаганлар. Бу нарсаларни қандайдир олий куч қилаётган бўлса керак деган хаёлга борганлар. Кейинроқ ўша олий кучга худо деган ном қўйганлар. Уни ҳаммадан кучли ва билағон деб ўйлаганлар. Кейин одамлар ичидан баъзи эпчил ва уддабуронлари, Худо менга хабар юборди, деб, бошқа одамларни алдаб ўзини пайғамбар қилиб олган. Худонинг номидан гапириб одамларни ўзига қарам қилган. Бундан кишиларни эзувчи синфлар унумли фойдаланганлар ва одамларни эксплуатасия қилишда динни ўзларига қурол қилиб олганлар. Нима бўлса Худодан деб одамларни сабрга чақирганлар. Шундоқ бўлиб, дин одамлар учун афюнга айланган.
Карл Маркс ва унинг ҳамфикрларининг бу илмий кашфиёти дунёнинг бир қисмига тарқатилди. Ўша вақтда диннинг асли ҳақида унинг фикридан кўра яхшироқ фикрлар ҳам бор эди. Аммо кимларгадир керак бўлиб, айни марксизм пуфлаб шиширилди ва ҳаммага ўзининг қадимги одамлар ақли ожизлигидан ўйлаб чиқарилган афсонага тобеъ бўлганлиги уқтирилди.
Ҳеч ким Маркс дегани ким ўзи, деб сўраб ҳам қўймади. Нима учун унинг гапини ўйламай нетмай қабул қилишимиз керак деган савол ҳам бўлмади. Ўртоқ Маркснинг таржимаи ҳоли, шахсий сифатлари ва ҳаёти билан ҳеч ким қизиқмади. У инсониятга дин афюндир деган гапдан бошқа нима тақдим қилгани ҳақида биров ўйлаб ҳам кўрмади. Унинг мазкур гапини муноқаша қилишга нима сабабдан ҳеч кимнинг ҳақи йўқлигии ҳам биров сўрамади.
Бу фикр дарс қилиб ўқитилди. Унга қарши чиққанлар ақли пастликда айбланди, танқид қилинди.

МУСУЛМОНЛАРДА

Моддалар оламидаги даъволарни тажриба ва мушоҳада йўли билан исботлашни бошқалар мусулмонлардан ўрганган. Ўрта асрларда ғайбиёт олами ҳақида фалсафий тортишувлар авж олди. Бу тортишувларда ҳамма, жумладан, мусулмонлар ҳам иштирок этдилар.
Аммо айни мусулмонлар ичидан мазкур тортишувлардан одамларга ҳеч қандай наф йўқлигини англаб етганлар ҳам чиқди. Ўшалардан бири ҳужжатул Ислом Абу Ҳомид Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ эдилар. Имом Ғаззолий фалсафани чуқур ўрганган зот эдилар. Ўзларининг ҳақиқатни излаш йўлида олиб борган изланишлари давомида ҳақиқат фалсафада бўлса, ажаб эмас, деган фикрга ҳам борган эдилар. Аммо фалсафа у киши ахтараётган ҳақиқатни бера олмаслигини тушундилар. Шу билан бирга фалсафанинг заиф жойларини чуқур англаб етдилар.
Имом Ғаззолий фалсафанинг энг катта хатоларидан бири ғайб олами – метафизика ҳақидаги тортишувлар эканини очиқ - ойдин айтдилар. Бу фикрнинг тўғрилигини ис-ботлаш учун файласуфларнинг метафизикага оид торти-шувларидан бир нечасини олдилар. Мисол учун оламнинг азалийлиги ёки кейин пайдо бўлганлиги ҳақидаги масала.
Қадимдан файласуфлар бу масалада иккига бўлиниб олиб тортишиб келганлар. Баъзилари олам азалий деса, бошқалари олам ҳодис – кейин пайдо бўлган, деган.
Икки тараф ҳам ўзининг гапи тўғрилигига ақлий да-лил олиб келади. Иккисининг далили ҳам ўзига тўғри кўринади. Иккиси ҳам қарши тарафга бир хил муваффақият билан раддия қилади. Қадимдан шундай бўлиб келмоқда.
Бу тортишув бундан кейин қиёматгача ҳам давом этаверади, дейдилар Имом Ғаззолий. Аммо ундан одамларга заррача фойда бўлмайди.
Имом Ғаззолийнинг фикрларича, файласуфларнинг мазкур тортишувлари охирига етиши мумкин ҳам эмас. Чунки улар ўзларидан мутлақ ғайбдаги нарса ҳақида тортишмоқдалар. Ўзлари ичида турган оламнинг асли ҳақида тортишувни уларга ким қўйибди. Бирор нарса ҳақида баҳо бериш учун унинг ташқарисида бўлиш керак. Оламнинг ичида турган одам унинг азалий ёки янги пайдо бўлганини қаердан билсин?!
Унинг ўрнига инсон қўл остида турган нарсаларни ўрганишга ҳаракат қилиши керак, дейдилар Имом Ғаззолий. Мисол учун нима учун темирни оловга тутса куймайди-ю, пахтани тутса куяди? Мана шу масалани ўйлаб кўриш керак. Пахта ўзида куйишга қобилияти борлиги учун куймоқдами ёки оловдаги куйдириш қобилияти ила куймоқдами?
Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳнинг бу фикрлари мусулмонларда тажрибий илмларнинг келиб чиқишига са-баб бўлди. Ўрта асрларда Ислом оламида табиий илмлар кенг ривож топти. Улардан аста – секин оврополикларга ўтди ва улар бу илмларни яна ҳам ривожлантириб катта муваффақиятларга эришдилар.
Имом Ғаззолий ва бошқа мусулмонлар инсонга ўзидаги ақл ва заковатни ўзининг имкони даражасида, ўзига фойда берадиган тарзда ишлатишни таклиф қиладилар.
Инсоннинг ақл доирасидан ташқарида, минг тортишса ҳам фойда бермайдиган ғайбий олам – метафизикага оид маълумотларни эса тайёр ишончли манбадан, яъни, Аллоҳ таолонинг Ўзи динлар орқали берган хабарлардан олишни таклиф қиладилар. Диний ақийдаларга оид маълумотлар айнан ғайбиёт олами – метафизикага оиддир.
Энди юқорида бошқалар томонидан муолажа қилинган икки масала: инсоннинг пайдо бўлиши ва динларнинг пайдо бўлиши ҳақидаги масалани мусулмонлар қандай муолажа қилганларини ўрганиб чиқайлик.
Мусулмонлар бунга ўхшаш масалаларни қандайдир хаёлпарастнинг хаёлидан олмайдилар. Улар бунга ўхшаш ақийдага асос бўладиган маъноларни Аллоҳ таолонинг ваҳийсидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга юборилган оятлар ва у зотдан келган ҳадиси шарифлардан оладилар.
Гапнинг чўзилиб кетишидан четланиш учун бу сафар бир - иккита оят билан кифояланамиз.
Гапни одамнинг пайдо бўлишидан бошлайлик.
Аллоҳ таоло «Ҳижр» сурасида:

Іижр-26
Іижр-26
«Батаҳқиқ, Биз инсонни қуруқ лойдан, ўзгартирилган қора балчиқдан яратдик», деган (26-оят).
Яна ўша сурада:

Іижр-28,29
Іижр-28,29
«Сен Роббингнинг фаришталарга: «Албатта, мен қуруқ лойдан, ўзгартирилган қора балчиқдан башар яратгувчидирман. Бас, қачонки уни тўғрилаб бўлганимда ва ичига Ўз руҳимдан пуфлаганимда, унга сажда қилган ҳолингизда йиқилинг», деганини эсла», деган (28-29- оятлар).
Ушбу оятларда инсон аслида лойдан яратилганига да-лил келмоқда. Демак, Аллоҳ таоло инсоннинг асли бўлмиш, Одам Атони яратишдан олдин фаришталарга ўша ниятини айтган. Шу билан бирга, уни яратиб, мукаммал қилиб бўлганидан кейин, ичига Ўз руҳидан пуфлаб, жон киритган.
Инсоннинг асли арзимаган қора балчиқ - лойдан иборат эди. Аммо уни Аллоҳ қудрат қўли ила инсон шаклига келтирди. Бироқ шунда ҳам лойлигича қолаверди. Аллоҳ таоло унинг ичига Ўз руҳидан пуфлагандан кейингина инсонга айланди. Қадр-қиймат топди. Фаришталар унга Аллоҳнинг амри ила сажда қиладиган даражадаги олий мақомга эришди. Демак, инсоннинг қадр-қиймати руҳ билан боғлиқ. Инсон қанча руҳоний бўлса, шунча қиймати ортади.
Одамни Аллоҳ таоло тупроқдан яратганлиги ва сўнг-ра унга Ўз руҳидан жон пуфлаганлиги ҳақидаги ҳақиқатни ақлнинг мушоҳадаси йўли билан ҳам тасдиқлаш мумкинлигини мусулмонлар қуйидагича шарҳ қиладилар:
«Бунинг учун одамнинг яратилиш босқичларига ва унинг охират дунёсига қайтиш босқичларига назар солиб, мушоҳада қилиш керак.
Аллоҳ таоло тупроқдан лой қилган. Лойдан сополга ўхшаш жасад қилган. Сўнгра ўша жасадга жон киритган.
Одам ўлганда биринчи жони чиқади ва яна сополга ўхшаб қотиб қолади. Ер остига кўмилгандан кейин танаси шишиб ёрилиб, лойга ўхшайди. Охири тупроққа қўшилиб кетади».
Илм янги ривожланиб келаётган пайтда, одам пайдо бўлиши ҳақидаги Исломий назарияни пуч хаёлдан бошқа нарса эмас, дедилар. Аммо илм ривожланган сари ғайри муслим олимларнинг бошқа нарсалар қатори бу борада ҳам Исломий ҳақиқатларни тасдиқлашдан бошқа иложлари қолмади.
Аввал илм инсон жисмидаги барча моддалар тупроқда ҳам борлигини кашф қилиб унинг тупроқдан яралганини таҳлиллар орқали тасдиқлади.
Кейинроқ илм яна ҳам ривожлангандан кейин, одам танасидаги моддалар тупроқда ҳам борлигидан ташқари уларнинг нисбати ҳам бир хил эканини тасдиқлади. Мисол учун одам танасида неча фоиз фосфор моддаси бўлса, тупроқда ҳам шунча фоиз борлиги кашф этилди.
Шу ерда адолат юзасидан илм ривожлангани сари Дарвин ва унинг сафдошларининг назарияси сув устидаги пу-факдек йўққа чиққанлигини ҳам айтиб ўтишимиз лозим. Охири келиб, Дарвин инсониятга душман унсур сифатида маҳкамага тортилиб, айбдор деб топилганини ҳам айтиб ўтишимиз шарт.
Мана шунинг ўзи ҳам ғайбий нарсалар ҳақида илм ҳосил қилишда кимнинг томони ҳақ эканига ёрқин далилдир.
Энди динлар ва пайғамбарларнинг пайдо бўлиши ҳақидаги масалага қайтайлик.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида:

Нисо-165
Нисо-165
«Башорат берувчи ва огоҳлантирувчи Пайғамбарларни Аллоҳ ҳузурида одамларга Пайғамбарлардан сўнг ҳужжат бўлмаслиги учун юбордик», деган (165-оят).
Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибон зот, шунинг учун ҳам уларга осон бўлсин деб бандаларга жаннат башоратини берувчи ва дўзахдан огоҳлантирувчи Пайғамбарларни юборди.
Пайғамбарлар юборилганидан кейин одамларда ҳеч қандай узр қолмайди. Пайғамбар юборганингда, унга эргашиб, сенга иймон келтирар эдик, ибодатингни қилар эдик, деб ҳеч ким ҳужжат келтира олмайди.
Исломда ақийда қилиб олинадиган тушунчалар Қуръони Карим ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўта ишончли ҳадиси шарифларидан олинади. Ҳар бир оят ва ҳадисни ўта ишончли, эътиқодли, адолатли, содиқ, хотираси кучли, тақводор одамлардан ёлғонга келишиб олишлари мумкин бўлмаган даражада кўп сонли кишилар ривоят қилади.
Қуръони Каримда ҳам, ҳадиси шарифда ҳам силсиланинг учи Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга бориб тақалади. У зот дунёдаги энг ишончли, ростгўй, адолатли, тақводор, хотиралари кучли ва барча гўзал ахлоқлар соҳиби эканликларини дўст ҳам, душман ҳам бир овоздан тан олган.
Шунингдек, у зотнинг ўта содиқ хабарларни, оят ва ҳадисларни Аллоҳ таолодан фаришта орқали қабул қилиб олаётганларига ҳам минглаб дўсту душманлар шоҳид бўлиб турган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буюк ҳаётларининг бирор лаҳзаси ҳам дўсту душманнинг эътиборидан четда қолган эмас. У зотнинг инсониятга қилган буюк хизматларини дўсту душман тан олган. Шунинг учун ҳам у зотдан нақл қилинган хабарларда заррача шак ёки шубҳа бўлиши мумкин эмас.
Ислом дини ва унинг пайғамбарини Аллоҳ таолонинг Ўзи юборганини ва Қуръони Каримни ҳам Ўзи нозил қилганини аста-секин ҳозирги замон илми ҳам тасдиқлаб келмоқда. Энг муҳими, ҳозирги замон илми қанчалар уринса ҳам Ислом ақийдасида келган собит ҳақиқатларнинг бирортасини ҳам инкор қилиб, унинг ўрнига бошқа бир ҳақиқатни тақдим қила олгани йўқ.
Кун сайин ҳозирги замон илми Қуръони Карим ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларида баён этилган ҳақиқатларни кетма-кет тасдиқламоқда.
Ҳозирда Маккаи Мукаррамадаги Ислом Олами Робитаси ташкилоти қошида Қуръони Карим ва Суннати набавиядаги илмий мўъжизалар муассасаси ишлаб турибди. Унда ҳозирги замон илмидаги ояти карималар ва ҳадисларда келган маълумотларни тасдиқлаб қилинган кашфиётлар жамланмоқда. Илмий муассасаларга уларда келган баъзи ҳақиқатларни текшириб кўриш ҳақида буюртмалар ҳам берилмоқда.
Шу ерда адолат юзасидан илм ривожлангани сари Маркс ва унинг сафдошларининг назарияси сув устидаги пуфакдек йўққа чиққанлигини ҳам айтиб ўтишимиз лозим. Охири келиб, Маркс инсониятга душман унсур сифатида маҳкамага тортилиб айбдор деб топиладиган кун ҳам яқинлигини айтиб ўтишимиз шарт.

ИСЛОМ ИЛМ ДИНИ

Юқорида зикр қилинган далил ва ҳужжатлардан Ислом фақатгина илмга тарғиб қилиб қолмай, ўзи ҳам айни илмий асосда эканини билиб оламиз. Исломнинг дин сифатида борлигининг ўзи, илмий хақиқатнинг айни ўзи эканини англаб етамиз. Исломнинг ҳамма таълимотлари илмий доирада эканини билиб оламиз.
Айниқса, ақийда масаласида келган исломий таълимотларнинг илмийлиги оддий равишда бўлмай, бу борада фақатгина ўта ишончли содиқ хабарларгина ҳужжат ва далил бўла олиши шарт қилиб қўйилганини тушуниб етамиз.
Шунинг учун ғайбий нарсалар – метафизикага ҳужжат сифатида мутавотир – ўта ишончли хабарларга асосланган ҳолда ёндошилади. Мазкур ғайбий нарсаларга эътиқод қилишда асосан Қуръони Карим оятлари ва ҳадиси шариф-ларда келган хабарларга эътимод қилинади.

БОШҚАЛАРДА ДИН ВА ИЛМ

Ўрта асрлардаги ҳаммага маълум ҳодисалардан кейин мусулмонлардан таъсирланган бошқаларда табиий илмлар ривожлана бошлади. Бошқалар ўз динларига исён қилган ҳолда илмни ривожлантирдилар. Шу сабабдан ҳам уларда илм билан дин бир - бирига зид нарсалар каби тасаввур пайдо бўлган эди.
Бундай ҳолатнинг пайдо бўлишига асосан улардаги бузуқ диний эътиқод сабаб бўлган эди. Улар учун муқаддас саналган Тавротда Одам Атога ейиши ман қилинган дарахт илм ва маърифат дарахти эди. Аллоҳ инсонга илму маърифатни раво кўрмагани учун уни мазкур дарахт мевасидан емоқни ман қилган эди. Одам Аллоҳ таолога исён қилиб маърифат дарахти мевасидан еди ва илми зиёда бўлди. Шу сабабдан у Аллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлди ва даргоҳидан қувилди.
Зулм ва жабр тариқасида илоҳий таълимотнинг бу шак-лда бузилиши оқибатида улар мусулмон юртларда равнақ топган илмларни икки аср давомида қабул қилмай туриб қолдилар. Чунки черков намояндалари мазкур илмларни биринчи маъсиятнинг айни ўзи деб ҳукм чиқарган эдилар.
Аста-секин мусулмонлардан таъсирланган илм тарафдорларининг ҳаракати кучайиб борди. Улар черков тарафидан олиб борилган шафқатсиз чораларга, ўтда ёқиш, жодуда қиймалаш кабиларга ҳам қарамасдан ўз курашларини давом эттирдилар. Охир - оқибат илм тарафдорлари ғолиб келдилар ва ифодали қилиб айтадиган бўлсак, динни черков биносига қамаб қўйдилар.
Кейинчалик уларда илм дину диёнат ва ақийда ўрнида қабул қилинадиган бўлиб қолди. Улар илм тасдиқлаган нарсага ишонишар, бошқасини рад этишар эди. Бошқалар назарида диний ақийдалар фикри ожиз кишилар томонидан тўқилган афсоналар каби тушунилар эди. Уларда бундай тушунчанинг келиб чиқишига динларидаги ақийдалари са-баб бўлган бўлса бордир. Лекин улар ўзларининг мазкур тушунчаларини ҳамма динларга умумлаштириб юбордилар.
Вақт ўтиши билан бошқаларда илм билан дин орасида бироз ярашув ҳолати юзага келди. Дин черков тамсилчилигида ўзига қарши исён қилган илмни ўрта асрлардаги каби қувғин қилмасликка, китоб ва олимларни ўтда куйдириб, жодудан ўтказмасликка ваъда берди. Илм эса Худони бутун-лай инкор қилмасликка ва ҳар ҳафта бир марта черковга бориб туришга ваъда берди. Икки тараф бир - бирининг ишига аралашмасликка ва бир - бирини ҳурмат қилишга ҳам келишиб олди.
Бу келишувнинг самараси ўлароқ дунёга икки хил қараш юзага келди. Диний қараш ва илмий қараш. Бу қарашлар бир - бирига тамоман зид бўлиши ҳам мумкин эди. Аммо бир - бирини ҳурмат қилар эди. Одамларга бирор диний қараш айтилса, бу диний қараш, мен уни диндор сифатида ҳурмат қиламан. Аммо илм бунинг тескарисини айтмоқда, мен шунга ишонаман, дейдиган бўлиб қолдилар.
Мисол учун дорулфунун професори диннинг келиб чиқиши ҳақида Карл Маркснинг сафсатасини дарс қилиб ўтганда, талаба унга диннинг келиб чиқиши ҳақидаги черковнинг гапини айтса, бу сенинг диний эътиқодинг, мен илмий гапни гапирмоқдаман, деган жавобни эшитадиган бўлди.
Бошқа масалаларда ҳам бу диннинг айтгани, бу илмнинг айтгани, дейдиган бўлишди.

ИЛМ ИСЛОМ ТАРАФИДА

Аммо Исломда ҳаммаси бошқача бўлиб чиқди. Аввал-бошда бошқалар Исломни ҳам бошқа динлар каби илмга қарши қўйдилар. Лекин илм ривожланиб борган сари Исломда келган маълумотларнинг тасдиғи кучайиб борди. Аста-секин Ислом ақийдасида келган нарсаларнинг тўғрилигига илмий кашфиётларни далил сифатида келтириш йўлга қўйилди. Бу иш ҳозир ҳам давом этмоқда. Шу тариқа Исломдаги ақийдавий масалаларга илмий далил келтириш юзага чиқди.
Охири келиб Ислом ақийдаларининг далиллари - Қуръони Карим ва ҳадиси шарифлар ақл ҳамда илм асосига айланди.

Давоми "Сунний ақидалар" китобида