Иймон масаласи
07.06.2008 й.
ИЙМОН МАСАЛАСИ
***

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ иймонни таърифида «Иймон иқрор ва тасдиқдир» дейдилар. Яъни, иймон қалб билан тасдиқлаш ва тил билан иқрор бўлиб нутқ қилишдан иборат бўлади. Ислом эса «Аллоҳнинг амрларига таслим бўлиб, уларга бўйсинишдир».

Луғат жиҳитидан иймон билан ислом орасида фарқ бор. Аммо ҳақиқатда исломсиз иймон, иймонсиз ислом бўлмайди. Улар бир бирларига нисбатан худди бир нарсани ичи ва таши кабидир. Дин эса ислом, иймон ва шариат қонунларининг барчасидан иборатдир. Мазкур маънолар «ал-Фиқҳул Акбар»да ўз аксини ойиқ – ойдин иборалар билан топган. Шу билан бирга бу маъноларни Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг бошқа тарафлар билан қилган мунозаларида ҳам кўришимиз мумкин.
Маккий ўзининг «Маноқиб»ида қуйидагиларни келтиради:
«Жаҳм ибн Сафвон калом учун Абу Ҳанифани қасд қилиб келди. У кишига йўлиққанида:
«Эй Абу Ҳанифа! Олдингга сен учун тайёрлаб қўйган нарсаларим ҳақида гаплашгани келдим», деди.
«Сен билан бўладиган калом ордир. Сен ичида турган нарсага шунғиш аланганланиб турган нордир», деди Абу Ҳанифа.
«Каломимни эшитмай, мен билан учрашмай туриб меннинг ҳақимда бундай ҳукмни қандай чиқардинг?».
«Менга сенинг ҳақингда аҳли намоз одам айтмайдиган гапларни айтишинг етган».
«Менинг ҳақимда ғойибдан ҳукм чиқарасанми?»
«Бу нарса сенинг ҳақингда машҳур бўлган. Омлар ҳам, хослар ҳам гапирган. Бас, мен учун менинг ҳақингда буни таҳқиқ қилиш жоиз бўлган».
«Эй Абу Ҳанифа! Мен сендан иймондан бошқа нарса ҳақида сўрамайман».
«Ҳозирги соатгача иймонни билмайсанми? Токи менда унинг ҳақида сўрасанг!»
«Тўғри! Аммо мен унинг баъзи тури ҳақида шакка тушиб қолдим».
«Иймонда шак қилиш куфрдир».
«Сенга менинг қандай қилиб куфрга лойиқ бўлишимни баён қилиб бермаслигинг ҳеч ҳалол эмас».
«Сўра».
«Аллоҳни қалби ила таниган, Унинг бирлигини, шериги ва тенгдоши йўқлигини билган, Унинг сифатларини, Унинг ўхшаши йўқлигини билган, сўнгра тили билан сўзлашидан олдин ўлган одам ҳақида хабар бер. У мўмин ҳолида ўлдими ёки кофир ҳолида?».
«У то қалби билан таниганини тили билан гапирмагунича кофирдир. Дўзах аҳлидандир».
«Аллоҳни сифатлари билан таниганидан кейин ҳам қандай қилиб мўмин бўлмайди?»
«Агар Қуръонга иймонинг бўлса ва уни ҳужжат деб билсанг, сенга у билан гапираман. Агар унга иймон келитсангу ҳужжат деб билмасанг, худди Исломга хилоф қилган одам гапиргандек гапираман», деди Абу Ҳанифа.
«Қуръонга иймон келтираман ва уни ҳужжат деб биламан».
«Аллоҳ таборака ва таоло иймонни Ўз китобида икки аъзо: қалб ва тил билан бўлишини айтган. У зот таборака ва таоло: «Уларни Пайғамбарга нозил қилинган нарсани тинглаганларида, ҳақни билганликларидан, кўзлари ёш тўкканини кўрасан. Улар: «Эй Роббимиз, биз иймон келтирдик, бас, бизни шоҳидлар қаторига ёзгин. Нима учун Аллоҳга ва бизга келган ҳаққа иймон келтирмас эканмиз ва Роббимиз бизни ҳам солиҳ қавмлар қаторига киритишини тамаъ қилмас эканмиз?!» дерлар. Айтганларига яраша Аллоҳ уларга остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларда боқий қолишни мукофот қилиб берди. Яхшилик қилувчиларнинг мукофоти шулдир», деган (Моида: 83-85).
Бас, У зот уларни маърифат ва гапириш ила жаннатга эриштирди ва уларни икки аъзо: қалб ва тил билан мўмин қилди.
У зот таоло яна: «Айтинглар: «Аллоҳга ва бизга туширилган нарсага, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб, асботларга туширилган нарсага, Мусо ва Ийсога берилган нарсага ва Пайғамбарларга Роббиларидан берилган нарсага иймон келтирдик. Уларнинг орасидан бирортасини фарқламаймиз ва биз Унга мусулмонлармиз». Агар сиз иймон келтирганга ўхшаш иймон келтирсалар, батаҳқиқ, ҳидоят топадилар», деган (Бақара:136-137).
У зот таоло яна: «Ва уларга тақво калимасини лозим қилди», деган (Фатҳ: 26).
У зот таоло яна: «Ва улар ширин сўзга ҳидоят қилинурлар», деган (Ҳаж: 24).
У зот таоло яна: «Унга хуш каломлар юксалур», деган (Фотир: 10).
У зот таоло яна: «Аллоҳ иймон келтирганларни бу дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам собит сўз ила собитқадам қилур», деган (Иброҳим: 27).
Пайғамабар саллаллоҳу алайҳи вассалом.: «Лаа илҳа иллаллоҳу денглар, нажот топасизлар», деганлар. У зот нажот топишни сўзсиз фақатгина маърифат билан бўлишини айтмаганлар.
Пайғамабар саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Ким «лаа илаҳа иллаллоҳу»ни айтган ва қалбида фалон нарса бор одам дўзахдан чиқади», деганлар. Ким Аллоҳни таниса ва қалбида фалон нарса бор одам дўзахдан чиқади, деганлари йўқ.
Агар қавл-сўзга эҳтиёж бўлмаса ва маърифат билан кифояланадиган бўлса, Аллоҳни тили билан рад ва инкор қилган одам уни қалби ила таниса мўмин бўлиши керак бўлади. Бунда Иблис ҳам мўмин бўлади. Чунки у Роббисини танийди. У зот холиқи – яратувчиси, ўлдирувчиси ва иғвога учратувчиси эканлигини билади. «У:«Мени иғвога учирганинг сабабли, албатта, мен уларни Тўғри йўлингда тўсиб ўтираман», деган (Аъроф: 16). У яна: «Эй Роббим, мени улар қайта тириладиган кунгача қўйиб қўйгин», деди» (Ҳижр: 36). У яна: «Мени ўтдан яратдинг ва уни лойдан яратдинг», деди», (Аъроф: 12).
Бунда кофирлар Роббиларини таниганлари учун, агар тиллари билан инкор қилсалар ҳам мўмин бўлар эдилар.
Аллоҳ таоло: «Ва ўзлари аниқ билиб туриб, зулм ва кибр туфайли у(мўъжиза)ларни инкор этдилар», деган (Намл: 14).
Улар ўзлари Аллоҳнинг бирлигини аниқ билган бўлсалар ҳам тиллари билан инкор қилганлари учун уларни мўминлар демади. У зот азза ва жалла: «Улар Аллоҳнинг неъматини танирлар, кейин эса, инкор қилурлар. Уларнинг кўплари кофирлардир», деган (Наҳл: 83). У зот таоло: «Сен: «Сизларни осмонлару ерда ким ризқлантирур? Ёки қулоқ ва кўзларингизнинг эгаси ким, тирикни ўликдан, ўликни тирикдан ким чиқарур? Ишнинг тадбирини ким қиладир?» деб айт. Улар, албатта: «Аллоҳ», дерлар. Бас, сен: «Тақво қилмайсизларми?» деб айт. Бас, мана шу Аллоҳ сизнинг ҳақ Роббингиздир», деган (Юнус: 31-32). Бас, инкорлари бўлгани учун уларга маърифатлари фойда бермади. У зот таоло: «Китоб берилганлар уни худди болаларини танигандек танийдилар», деган (Бақара: 146). Уларга Уни инкор қилганлари учун маърифат фойда бермади», деди.
«Сен менинг хаёлимда бир нарсани қолдирдинг. Олдингга яна қайтиб келаман», деди Жаҳм».

ИЙМОН ТАЪРИФИ

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг таъкидлашича амал иймондан эмас. Иймон зиёда ҳам, нуқсон ҳам бўлмайди. Чунки иймоннинг асли тасдиқдан иборатдир.
Шунинг учун ҳам у кишининг осийлар ўз исёнлари сабабли кофир бўлиб қолмайдилар. Чунки иймоннинг асли уларда мавжуддир. Ал-Интиқо номли китобда Абу Муқотилдан қуйидагилар ривоят қилинган:
«Абу Ҳанифанинг қуйидагиларни айтганини эшитдим:
«Бизнинг наздимизда одамлар уч манзилададирлар. Анбиёлар аҳли жаннатдирлар. Анбиёлар кимни аҳли жаннат десалар ўша ҳам аҳли жаннатдир. Бошқа манзила мушрикларники бўлиб улар дўзах аҳли эканига гувоҳлик беради. Учинчи манзила мўминларники бўлиб, улар ҳақида тўхатаб турамиз. Улардан бирортасини аҳли жаннат ҳам демаймиз, аҳли дўзах ҳам демаймиз. Лекин уларнинг ҳақида умидворлик ва хавфда бўламиз. Худди Аллоҳ таоло айтганидек «Солиҳ амалга бошқа – ёмонини аралаштирдилар. Шояд Аллоҳ уларнинг тавбасини қабул қилса», деймиз. Аллоҳ азза ва жалланинг Ўзи уларнинг орасида ҳукм чиқаради. Биз улар ҳақида умидвор бўламиз, холос. Чунки Аллоҳ азза ва жалла «Албатта, Аллоҳ Унга ширк келтирмоқни мағфират қилмас. Ундан бошқасида кимни хоҳласа мағфират қилур» деган. Гуноҳлари ва хатолари туфайли улар ҳақида хавфда бўламиз».
Бу мусулмонлар жумҳурининг эътиқодидир. Худди шу фикрни Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ «ал-Фиқҳул Акбар»да ҳам зикр қилганлар. Аммо у кишига зулм ўлароқ баъзи ғаразгўйлар «Абу Ҳанифа муржиа мазҳабида бўлган» деган гапни айтганлар. Бу гап улуғ имомга туҳматлигига бир неча далиллар бор.

 

1. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг ўзлари «ал-Фиқҳул Акбар»да «Муржиъаларга ўхшаб, яхшиликларимиз мақбулдир, ёмонликларимиз мағфурдир, демаймиз» деган жумлани келтирганлар.
2. Муржиа мазҳабида бўлган Ғассон номли киши ўз фикрларини айтиб туриб ёлғондан «буларни Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан эшитганман, у ҳам муржиа мазҳабида эди» дер ва шу тариқа ўз обрўсини орттирмоқчи бўлар эди.
3. Мўътазилийлар қадар масаласида ўзларига хилоф қилган ҳар бир шахсни «муржиа» деб атар эдилар. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ уларга қарши чиққанларнинг катталаридан эдилар.
4. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ «амал иймоннинг аслидан эмас» деганлари учун ҳам баъзи мухолифлар у кишига муржиалик нисбати берган бўлиши мумкин. Аслида эса ундоқ эмас.
5. Ибн Абдулбарр айтганидек, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳасадгўйлари кўп эди. Улар у киши ҳақида турли бўлмағур гапларни тарқатар эдилар. Муржиалик ҳақидаги гаплар ҳам ўша ҳасадлар жумласидан бўлиши мумкин.