Болажонларга мактуб
18.01.2007 й.

Ушбу саҳифа болаларни ахлоқ-одобли, илм ўрганишга рағбатли, ёмон иллатлардан қочувчи қилиб тарбиялашга хизмат қилади. Шунингдек, бу саҳифа ҳалолик, поклик, ота-онага қандай эҳтиромда бўлиш ва исломий қадриятлар ҳақида ёшларга дунёқарашига мос маълумотлар беради. Саҳифадан нусҳа олиб азиз фарзандаларингизга таълим беришингизни тавсия қиламиз.

ҚУДДУС АМАКИНИНГ БОЛАЖОНЛАРГА МАКТУБИ

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Ассалому алайкум, азиз болажонларим, кўзимнинг оқу қаролари! Сизлар телевизор орқали «Қундуз амакининг қиссалари» деган кўрсатувни кўп марта томоша қилгансиз. Аммо улар шунчаки эртак, ҳаётда бўлмаган воқеалар, холос. Бугун сиз қўлингизга олган мана бу «Қуддус амакининг сабоқлари» китобчаси сизларга жудаям зарур китоб. Ундаги сабоқлар ҳозир ҳам, келажакда ҳам ҳаётингизда кўп марта керак бўлади.
Бу сабоқлар сизларга қандай яшаш лозимлигини ўргатади. Билмаган, эшитмаган нарсаларингиз билан таништиради. Яхшилик нималигини тушунтириб, яхшилик қилишга чорлайди. Ёмонлик нималигини билдириб, ёмон ишлардан қайтаради.
Шунинг учун уларни эринмай, қунт билан, диққатни бир жойга тўплаб ўқиб чиқинг! Тушунмай қолган жойларингизни катталардан сўраб олинг. Ўқиганларингизнинг маъносини англаб, эслаб қолишга ҳаракат қилинг! Ўзингиз тўла танишиб чиққандан сўнг китобчани ака-укаларингизга, опа-сингилларингизга, дўст ва қариндошларингизга ҳам ўқигани бериб туринг! Шундай қилсангиз, савобга (Худонинг мукофотига) сазовор бўласиз, хўпми?

ҚУДДУС АМАКИНГИЗ

БИРИНЧИ САБОҚ

ПОКЛАНИШ ВА ИЛК КАЛОМЛАР

Ассалому алайкум, менинг азиз нури дийдаларим!
Қани, яхшилаб жойлашиб ўтирингчи! Бугун биринчи машғулотимизни бошлаймиз. Аммо сиз ана шу машғулотга бироз тайёрланиб олишингиз керак, Бунинг учун энг аwало таҳорат қилиб покланиб келиш зарур. Таҳорат қилиш унчалик қийин иш эмас. Қўлларингизни уч марта яхшилаб ювасиз, оғизга уч марта сув олиб чайқаб, тишларни тозалайсиз, бурунга уч бор сув юбориб поклайсиз. Кейин юзингизни уч марта яхшилаб ювасиз. Сўнгра икки қўл билакларини тирсаклар билан қўшиб ювгач, бошнинг тўртдан бир қисмини ҳўллаб маш тортасиз. Шундан сўнг оёқларни тўпиғи билан қўшиб, панжалар орасига бармоқ тиқиб яхшилаб ювасиз. Ҳаммасини қилиб бўлдингизми? Ана энди сиз покиза бўлдингиз. Мусулмон болалар доимо ана шундай пок юришлари зарур. Чунки ҳали улғайиб намоз ўқийдиган, Қуръон ўрганадиган, бошқа ибодатларни бажарадиган бўлсангиз, албатта, таҳорат керак бўлади.
Қани энди «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» деб чўкка тушиб ўтиринг-чи! Нега бундай деяпсиз, унинг маъносини биласизларми? Бунинг мазмуни шундай: «Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман». Ҳар бир мусулмон фарзанди нима иш қилса ҳам, хоҳ дарс ўқисин ё бирор ишни бошлаётган бўлсин, уйга кираётган ёки дастурхонга ўтириб овқатланаётган бўлсин, хоҳ уйқуга ётаётган ёки кийим кияётган бўлсин, албатта, ана шу сўзларни айтиши керак. «Бисмиллоҳ»сиз бошланмаган ҳеч бир иш Аллоҳга хуш келмайди. Мусулмончиликда ҳатто ана шу жумлани айтилмай сўйилган ҳайвоннинг гўштини еб ҳам бўлмайди.
Бундан ташқари сиз билиб олишингиз керак бўлган яна бир калима бор. У арабчада мана бундай ўқилади: «Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм». Маъноси: «Қувилган шайтоннинг ёвузлигидан Аллоҳнинг паноҳига, ҳимоясига қочаман» дегани. Қуръондан бир оят ўқисангиз ҳам албатта, ана шуни айтиш керак. Ҳаттоки ҳожатхонага кираётганда ҳам шундай дейилиши лозим.
Бугун сизга айтадиган гапларим шулар, холос. Янаги машғулотгача ана шу икки калимани яхшилаб ёдлаб олинг, хўпми?

ИККИНЧИ САБОҚ

МУСУЛМОНЧИЛИКНИНГ БИРИНЧИ БЕЛГИСИ

Ассаиому алайкум, суюкли фарзандларим! Сиз ўтган машғулотимизда бир неча бор «Аллоҳ» деган сўзга дуч келдингиз. Хўш, у қандай зот экан? Ана шу саволга жавоб беришдан олдин сизга ислом динидаги энг муҳим, энг табаррук бир калимани ўргатиб қўяман, хўпми? Яхшилаб қулоқ солинг: «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур расулуллоҳ». Қани, овоз чиқариб сиз ҳам бир қайтаринг-чи! Баракалло! Энди унинг ўзбекча маъносини ҳам билиб олинг: «Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад унинг расулидир».
Ана шу жумланинг биринчи қисми ҳақида гаплашамиз. Иккинчисини эса кейинги дарсларга қолдирамиз. Демак, «Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ». Хўш, нега бундай дейилган? Нега бутун дунёдаги миллионлаб мусулмонлар бу сўзни кунига юзлаб марта қайтаришади? Нега ана шу сўзни айтган кишиларгина мусулмон бўла олишади? Ҳозир ана шу саволларга жавоб беришга ҳаракат қиламиз.
Атрофингизга яхшилаб бир қаранг-а! Нималарни кўряпсиз? Ҳа, яшанг! Гуллаб, барг ёзиб, мева тугаётган дарахтларни. Ҳар хил овозда сайраётган, чирқиллаётган, қичқираётган, ку-кулаётган қушларни, осмонда чарақлаб нур сочиб турган қуёшни. Кечаси бўлганда ҳаммаёқни ёритиб турган ойни ва юлдузларни. Яна-чи? Яна баланд-баланд тоғларни, катта дарёларни! Иннайкейин, кўчаларни тўлдириб юрган одамларни.
Хўш, ана шу нарсаларнинг ҳаммаси қаёқдан келиб қолган?
Дарахтлами одамлар эккан, десангиз одамларнинг ўзлари қандай пайдо бўлишган? Оналари туққан, десангиз ўша оналар қаёқдан келишган? Саволлар ана шунақа кетма-кет пайдо бўлаверади, уларнинг сон-саноғи бўлмайди. Аммо ҳамма саволга битта жавоб бор: «Буларнинг барчасини Аллоҳ яратган» деймиз.
У шунақанги улуғ, шунақанги қудратлики, Унга ҳеч нарса тенг келолмайди. У эрни ва осмонларни ҳам, ой-қуёш ва юлдузларни ҳам, тоғ ва денгизларни ҳам, ҳайвон ва қушларни ҳам, дарахт ва гулларни ҳам, жин- шайтон ва одамларни ҳам, хулласи калом ер устида ва ер остида, осмонда нимаики нарса бўлса, ҳамма-ҳаммасини яратган. У биттагина «Бўл!» деган сўзни айтиши билан ҳамма нарса яралиб пайдо бўлаверади. Ҳатто одамлар ҳам Унинг хоҳиши ва амри билан туғилади, яшайди ва бир куни ўлади.
Аллоҳ одамларни ерда яшаб, яхши ишлар қилишсин, Менинг айтганларимни бажариб, нариги дунёда катта мукофотларимни олишсин ва «Жаннат» деган гўзал боғимда яшаб юришсин, деб яратган. Унинг буюрганларини бажармаган одамларни эса олов ёниб турадиган «Дўзах» деган жойга ташлаб, жазолашини ҳам айтган. Аллоҳ ҳамма нарсани яратган, ҳамма нарса унга бўйсунган бўлса, демак, ундан бошқа ҳеч қандай қудратли, кучли зот бўлмайди-да! Адашибми ёки кимларнингдир гапидан қўрқибми, Аллоҳдан бошқа нарсаларга, масалан, қуёшга, ҳайкалларга, ҳайвонларга, суратларга сиғиниб қўйса ёки ана шу нарсалардан қўрқиб ёки бирор нарсани илтимос қилиб сўраса, Аллоҳга уларни шерик қииган бўлади. Бу Ислом динида энг оғир гуноҳ (ёмон иш) ҳисобланади. Бу одам ўлдиришдан ҳам, ота-онага қўл кўтаришдан ҳам, ўғирликдан ҳам, ароқ ичишдан ҳам, хуллас, ҳамма ёмон ишлардан ҳам оғир, жуда қаттиқ гуноҳдир. Кўрдингизми, Аллоҳ жуда улуғ, қудратли, ҳамма нарсанинг хўжаси экан. Шунинг учун Аллоҳ номининг ёнига улуғланган «Таоло» сўзини қўшиб айтамиз, Аллоҳ номини эшитган заҳотингиз «Жалла Жалал ла ҳу» деб уни мақтаймиз. Шундай бўлгач, ҳар бирингиз «Ла илаҳа иллоллоҳ» деган калимани ёдлаб олинг, уни ҳар куни, юрганда ҳам, бекор турганда ҳам, уйқуга ётаётганда ва тураётганда ҳам — доимо қайтариб туринг. Фақат ўзингиз ёдлаб қолмай, уни бошқа билмаганларга ҳам ўргатинг. Чунки буни билмаганлар мусулмон бўлмайди. Жаннатга ҳам кирмайди. Келгуси машғулотда «Ла илаҳа иллоллоҳу Муҳаммадур расулуллоҳ» калимасини, албатта, ёдлаб берасиз, келишдикми?

УЧИНЧИ САБОҚ

ФАРИШТАЛАР ҲАҚИДА

Ассалому алайкум, шириндан-шакар дилбандларим! Ўтган машғулотда берилган калимани ёдлаб бўлдингизми? Қани, айтиб беринг-чи! Баракалло! Жуда яхши ёдлабсиз.
Энди сизга Аллоҳнинг фаришталари ҳақида гапириб бераман. Эҳтимол, бобо ёки бувингиздан, ота-онангиздан «фаришта» сўзини эшитгандирсиз? Уларни «малаклар» ҳам дейишади.
Фаришталар ер устида, осмонда ва еру осмон оралиғида убиб юришади. Унда нега бизга кўринмайди деяпсизми? Бунга ҳайрон бўлманг. Масалан, биз ҳаводан (кислороддан) нафас оламиз, лекин уни кўрмаймиз-ку! Электр қувватидан уйдаги лампочкалар ёнади, аммо электрни кўрмаймиз-ку! Радио тўлқини антенна орқали келиб гапиради, бироқ уни ҳам кўрмаймиз-ку! Шунга ўхшаб фаришталар ҳам нурдан яралгани учун кўзимизга кўринишмайди. Лекин биз уларни кўрмасак ҳам борлигига ишонамиз.
Фаришталар Аллоҳнинг буйруқларини бажаришади. Улар овқат ҳам емайди, ухламайди, сўзлашмайди. Ёмон ишларни қилишмайди. Доимо Аллоҳга ибодат (хизмат) қилишади. Уларнинг сони шунақанги кўп-ки, буни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким айтиб беролмайди. Фаришталарнинг энг улуғлари тўртта: Жаброил, Азроил, Микоил, Исрофил, Жаброил Аллоҳнинг буйруқларини пайғамбарларга этказади. Азроил одамларнинг жонини олади. Микоил Аллоҳ берган ризқни одамларга тақсимлайди. Исрофил қиёмат бўлганини ҳаммага маълум қилади.
Ҳар бир одамнинг атрофида тўрттадан фаришта юради. Иккитаси унинг олди ва кетида юриб, турли фалокатлардан, гуноҳ ишлардан қайтариб туради. Иккитаси эса одамнинг яхши ишларини ҳам, ёмон ишларини ҳам ҳеч қолдирмай ёзиб юради. Кейин ана шу ёзувларга қараб қиёмат куни ўша одамга ё мукофот, ёки жазо берилади.
Аллоҳниог фаришталарига ишониш мусулмон фарзандининг иккинчи вазифаси. Шундагина у иймонли бўлади. Сиз ҳам буни доимо йодда тутинг. Фаришталар ёзиб қўймаслиги учун асло ёмон ишларни қила кўрманг, хўпми?

ТЎРТИНЧИ САБОҚ

КИТОБЛАР ҲАҚИДА

Ассалому алайкум, менинг асал-қанд фарзандларим! Бугун сизларга Аллоҳнинг китоблари ҳақида сўзлаб бераман. Диққат билан қулоқ солинг.
Сизлар доим китоб ўқийсиз ва унда айтилган гапларга риоя қиласиз. Чунки у ҳамиша яхшиликка чорлайди. Ёмонликдан қайтаради. Китоб — энг яхши устоз, билим хазинаси дейишади.
Шунга ўхшаб Аллоҳ таоло ҳам инсонлар яхши яшасин, савобли ишлар қилиб жаннатга кирсин, ёмонликларга, гуноҳларга йўл қўйиб дўзахга тушиб қолмасин, деб огоҳлантириш учун уларнинг йўлбошчи раҳбарлари бўлган пайғамбарларга доимо ўз китобларини юбориб турган.
Аввалги китоблар 10-50 саҳифа кўринишида бўлган. Кейинчалик Мусо пайғамбарга «Таврот» деган, Довуд пайғамбарга «Забур», Исо пайғамбарга «Инжил» деган китоб юборилган. Одамлар уларни ўзгартириб, унинг буйруқларига бўйсунмай қўйгандан кейин Аллоҳ ўзининг энг охирги китоби — Қуръони каримни пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга юборган. У киши эса бу китобни бутун халқларга ўргатиб, ана шунга бўйсуниб яшашни тайинлаб кетганлар. Бу китоб қиёматгача ўзгармайди, ҳамма унга амал қилиб яшайди.
Пайғамбаримиз ўқиш-ёзишни билмасдилар. Шунинг учун Аллоҳ таоло Жаброил фаришта орқали 23 йил ичида Қуръонни озгина-озгинадан у кишига етказган ва Пайғамбаримиз ҳаммасини ёдлаб олаверганлар. У кишидан бошқа сафдошлари, яъни саҳобалар ёдлашни ўрганишган. Шунақа қилиб, Қуръони каримнинг оятларини ҳамма ёдлаб олган. Маъносини ўрганиб, унга амал қила бошлаган. Қуръон тушиб бўлгандан кейин одамлар жуда кўп ёмон ишлардан воз кечиб, ибратли, савобли ишларни қила бошлашган. Чунки Қуръон уларни Аллоҳнинг мукофотини олишга, жазосидан қўрқишга ўргатганди-да!
Қуръоннинг бир жумла гапи «оят» дейилади. 3 оятдан 286 оятгача бўлган алоҳида боби «Сура» дейилади. Қуръон араб тилидадир, шунинг учун уни ўқиб, маъносини билиб оламан деган болалар араб тилини ўрганишади. Яқинда намоз ўқишни бошлайдиган бўлсангиз, сизлар ҳам Қуръондан бир неча сураларни катталар ўргатгандай қилиб ёдлаб олишингиз керак бўлади. Чунки намозда тик турганда Қуръон сураларини ўқийсиз. Қуръоннинг маъноси бошқа тиллар қатори ўзбек тилига ҳам таржима қилинган.
Қуръон Аллоҳнинг китоби бўлгани учун у жуда ҳам табаррук саналади. Шунинг учун унинг номига «Карим», «Мажид» деган сўзларни қўшиб айтасиз. Уни таҳоратсиз ушламайсиз. Ҳамиша токчаларда, жавонларда сақлайсиз. Устига бошқа китобларни қўймайсиз. Қуръони карим турган томонга оёқ узатиб ётмайсиз. Уни йиртмай, варақларини букламай, авайлаб ишлатасиз. Агар бирор варағи ёки парчаси ерга тушиб кетган бўлса, авайлаб оласиз, ўпиб китоб ичига жойлаб қўясиз.
Қуръони мажидни ўқиган ва ўргатганлар энг яхши мусулмонлардир. Чунки бошқа китобларни ўқисангиз фақат ўзингизга фойда! Қуръони каримни ўқисангиз ҳам сизга фойда, ҳам бу Аллоҳга ибодат (хизмат) қилганга тенглашгани учун Ундан мукофот оласиз. Сиздан бир илтимосим бор, азиз болажонларим: Сизлар ҳам Қуръонни ўрганинглар, доимо ўқиб юринглар, бошқаларга ҳам ўргатинглар. Янги машғулотимизга Қуръони каримнинг биринчи - «Фотиҳа» сурасини яхши ўрганиб келсангиз, Қуддус амакингизни роса хурсанд қилган бўлардингиз.

БЕШИНЧИ САБОҚ

ПАЙҒАМБАРЛАР ТЎҒРИСИДА

Ассалому алайкум, жаннат боғининг райҳонлари бўлмиш жажжи ўғил -қизларим! Хўш, ўтган машғулотда берилган уй вазифасини бажариб келдингизми? Қани, Қуръони каримнинг «Фотиҳа» сурасини шошилмай ўқиб беринг-чи! Иэ, «Аузу биллаҳи» ва «Бисмиллоҳ» ни эсдан чиқариб қўйдингизми? Ҳа яшанг, Қуръони карим сураларини ўқишни доимо шундай бошланг!
Энди, болажонларим, бугун мен сизларга Аллоҳнинг пайғамбарлари ҳақида айтиб бераман. «Пайғамбар» деган сўзни кўп эшитгансиз, аммо ким эканлигини билмагансиз, тўғрими? "Пайғамбар" («расул», «набий» ҳам дейилади) нинг ўзбекча маъноси элчи, Аллоҳнинг буйруқларини одамларга етказувчи дегани. Мана, масалан боғчангизнинг мудири бор. Унинг нима гапи, топшириғи бўлса, тарбиячиларга айтади. Улар эса сизга етказишади. Ёки мактабингиз директори ҳамма гапини муаллим, устозларингизга айтади. Улар шу асосда сизга тарбия -таълим беришади. Худди шунга ўхшаб энг катта подшоҳимиз Аллоҳ таоло ўзининг амр-фармонларини, кўрсатмаларини ўз пайғамбарлари орқали одамларга етказган. Пайғамбарлар ҳаммани Аллоҳ таоло буюрганидай яшашга ўргатишган, ўзлари ҳам бу соҳада ҳаммага ибрат бўлишган.
Одамзод яратилгандан буён Аллоҳ таоло инсонлар орасидан минг-минглаб пайғамбарларни, яъни раҳбар йўлбошчи, устоларни тайинлаган. Шулардан 25 нафарининг тарихи Қуръони каримда батафсил келтирилган. Ҳали Қуръон ўқиш ва тушунишни ўрганиб олсангиз, уларнинг нима иш қилганини билиб оласиз. Ҳозирча уларнинг номларини эслаб қолинг: Одам, Идрис, Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Иброҳим, Лут, Исмоил, Ишоқ, Мусо, Хорун, Довуд, Сулаймон, Илёс, Аляса, Юнус, Зулкифл, Закариё, Ёқуб, Юсуф, Айюб, Шуайб, Яҳё, Исо, Муҳаммад алайҳиссаломлардир.
Пайғамбарларнинг ҳаммалари билим ва ахлоқда ягона кишилар бўлишган. Гуноҳ ишларни қилишмаган. Ақлли, ҳусбёр, юксак фазилатли бўлишган. Одамларни ҳам шундай бўлишга чақиришган. Уларнинг энг охиргиси, энг улуғи жаноби пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдирлар. Бошқа пайғамбарлар бир даврда, бирорта халққа ёки миллатга пайғамбар бўлса, Муҳаммад алайҳиссалом қиёматгача бутун дунёдаги ҳамма халқлар ва миллатиарга пайғамбардирлар. Келгуси машғулотимизда у киши ҳақларида бафуржа гаплашамиз, хўпми, болажонларим?!

ОЛТИНЧИ САБОҚ

ПАЙҒАМБАРИМИЗ МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМ

Ассалому алайкум, менинг шириндан-шакар болажонларим! Иккинчи машғулотимизда сизларга «Ла илаҳа иллоллоҳу Муҳаммадур расулуллоҳ» деган калимани ўргатиб, унинг иккинчи қисмини кейинги дарсларда тушунтириб бераман, дегандим. Эсингиздами? «Ла илаҳа иллоллоҳу» дегани «Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ» деган маънони англатишини билиб олгансиз, тўғрими? «Муҳаммадур расулуллоҳ» дегани эса «Муҳаммад — Аллоҳнинг расули, элчиси» маъносидадир. Бешинчи дарсда айтганимдек, Муҳаммад алайҳиссалом — Аллоҳнинг охирги пайғамбари. У кишидан кейин ҳеч ким пайғамбар бўлмайди. Бу киши ер юзидаги ҳамма халқларга пайғамбар ҳисобланадилар. У кишининг насиҳат ва айтганларини одамлар қиёмат бўлгунча бажаришлари шарт. Юқоридаги калимани айтиш мусулмончиликнинг энг биринчи, энг зарур шарти деган эдик, тўғрими? Демак, Пайғамбаримизнинг ҳамма айтган гапларини, ўргатган ишларини қилиш, қайтарган ёмон ишларидан қочиш мусуимонларнинг энг зарур вазифалари ҳам бўлади.
Пайғамбаримиз инсонларнинг энг олийси, энг ҳурматлиси, энг одоблиси, энг суюклиси бўлганлари учун у кишини жуда ҳурмат қилишимиз, номлари олдига «Ҳазрати» сўзларини қўшиб, номларидан кейин эса «алайҳиссалом», «соллаллоҳу алайҳи васалаам» деган шарафлар билан ҳамиша бут қилиб айтишимиз керак. Номларини тоқ айтиш у кишига нисбатан жуда ҳурматсизлик бўлади, Бу гапим доимо эсингизда турсин, хўпми, ширинтойларим!
Энди сизларга Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳаётларидан озгина гапириб берай! Севимли пайғамбаримиз милодий 571 йили Маккада туғилганлар. Оталарининг исми Абдуллоҳ, оналариники Омина эди. Ота-оналари Маккадаги обрўли оилалардан бўлганлар. Туғилмасларидан икки ой аввал оталаридан, олти ёшларида оналаридан этим қолдилар. Саккиз ёшгача боболари Абдулмутталиб, кейин эса амакилари Абу Толиб тарбия қилишди.
Муҳаммад алайҳиссалом ёшликдан жуда ҳалол, тўғри сўз, покиза инсон бўлганлар. Бирор марта ёлғон сўзламаганлар. Бировни сўкиб-урмаганлар, қаттиқ гапирмаганлар. Бошқаларни алдамаганлар. Ҳатто ёш болаларга ҳам биринчи бўлиб салом берганлар. Бировнинг бир сўм пулига ё молига хиёнат қилмаганлар. Ана шундай яхши фазилатли инсон бўлганлари учун у зотга қирқ ёшга етганларида Аллоҳ томонидан пайғамбарлик берилди. Жаброил фаришта Аллоҳ томонидан етказиб келган ваҳий (амр-фармонлар)ни Жаноби Пайғамбарииниз барча одамларга етказиб, уларни тўғри йўлга, Аллоҳнинг буйруқларини бажаришга чақира бошладилар. Ана шу тўғри йўлга чорлаш, Аллоҳни танитиш «дин» дейилади. Бизнинг динимиз эса «Ислом дини» деб аталади. Ислом динидаги кишилар мусулмон дейилади.
Аммо ёмон, гуноҳ ишларга ўрганиб қолган, ҳасад ва очкўзликка ботиб кетган, Ислом динининг тарқалишига қарши бўлган Маккадаги Ислом душманлари Ҳазрат Пайғамбаримизнинг айтганларига кўнишмади. Аксинча, ўн уч йил мобайнида у кишига очиқдан-очиқ душманлик қилишди. Мусулмонлар бошига ҳеч ким кўрмаган азоб-уқубатларни солишди. Ҳатто у зотни ўлдиришга ҳам уриниб кўришди.
Ниҳоят Аллоҳнинг амри билан мусулмонлар, яъни Ислом динига кирганлар Макка шаҳридан Мадина шаҳрига кўчишди, Бу кўчиш арабчада «Ҳижрат» дейилади. Мусулмонларнинг ҳижрий йил дегани ана шу воқеадан олинган. Жаноби Пайғамбаримиз Мадинада ҳам ўн йил тинмай ишладилар. Аллоҳнинг буйруқларини ёйиб, Унга хизмат қилдилар, одамларни ҳақорат, зулм, нодонлик, ҳақсизлик, ахлоқсизликлардан қайтардилар. Дунёга илм, адолат, саодат нурларини тарқатдилар. 63 ёшларида бетобланиб Мадина шаҳрида вафот этдилар. Ҳозир қабрлари ўша ерда, ўзлари қурдирган масжид ичига жойлашган.
Бизнинг Ҳазрати Пайғамбаримиз ана шундай ажойиб инсон бўлганлар. Шунинг учун биз доимо у кишига ҳурмат-эҳтиром кўрсатамиз. Айтган ҳамма буйруқларини бажаришга ҳаракат қиламиз. «Бу ишни қилманг» деган бўлсалар, асло яқин йўламаймиз. Ана шу ҳаракатларимиз Пайғамбаримиз суннатларига риоя этганимиз бўлади. Келинг, қўлларимизни очиб бир дуо қилайлик: «Ҳамамизга Муҳаммад алайҳиссалом суннатларига, яъни кўрсатмаларига риоя этиш насиб этсин, Аллоҳ таоло ўзининг тўғри йўлидан адаштирмасин!»

ЕТТИНЧИ САБОҚ

УЧТА ЭНГ МУҲИМ НАРСА

Ассалому алайкум, менинг ҳамма нарсадан азиз болажонларим! Бугун сизларга ҳақиқий мусулмон бўлишингиз учун зарур бўлган яна уч нарсани маълум қилиб қўймоқчиман. Шунинг учун диққат билан қулоқ солинг. Ҳа, айтгандай, дарсга келишдан олдин таҳорат қилиб покланиб олдингизми?
Яхши, кўп яшанг!
Ота-оналарингиз кўпинча «бу дунёда», «у дунёда», «охиратда» деган сўзларни ишлатишади. Улар нимани англатишини билмасангиз керак, тўғрими? Мана, сиз неча ёшга кирдингиз? Бешгами, еттигами? Демак, бу дунёда сиз шунча йил яшабсиз. Чунки чақалоқ туғилиши билан унинг бу дунёдаги умри, ҳаёти бошланади. Кейин мактабда ўқийсиз, уни битириб институтгами, мадрасагами ёки ҳунар мактабига кириб билим оласиз ёки касб-ҳунарли бўласиз. Тўй бўлади, Аллоҳ насиб этса фарзандларингиз туғилади. Ана шу яшашни бу дунё ҳаёти дейилади. Бу дунёда овқатланасиз, ишлайсиз, уйлар қурасиз, дам оласиз. Аллоҳга ёқадиган яхши ишларни, ибодатларни қиласиз. Гоҳо билибми ёки билмайми гуноҳ ишларни ҳам қилиб қўясиз. Шу аҳволда бир куни 70-80 йил ёки ундан ҳам кўпроқ яшаб қарийсиз ва вафот этасиз. Энди сизнинг ана шу ҳамма ишларингизни ўғил-қизларингиз давом эттиришади. Улар кексайиб бир куни вафот этишгач, бу ишлар энди невара-чевараларингизга қолади. Шунақа қилиб, бу дунёдаги ҳаёт давом этаверади. Бу қиёмат кунигача давом этади («Қиёмат» дегани ер юзидаги ҳаёт тугаб, ҳамма ўладиган ва қайта тирилиб Аллоҳга қилган ишлари тўғрисида имтиҳон топширишни бошлайдиган кун).
Инсон ўлгандан кейин унинг жасади қабрга қўйилади. У Аллоҳ таоло қиёматда қайта тирилтиргунча ўша ерда кутиб ётади. Кейин қиёматда ҳаммага яна жон киритилади. Қиёматдан кейинги ҳаёт «у дунё ҳаёти», «охират ҳаёти» дейилади. Ҳамма одам Аллоҳ таолонинг олдида ҳисоб беради. Бу дунёда яхши, савобли ишларни қилганлар, Аллоҳга бўйсуниб яшаганлар у дунёда, «Жаннат» деган жуда чиройли соя-салқин боғларда хилма-хил ширин мева ва овқатларни еб мазза қилиб юришади. Бу дунёда ёмон, гуноҳ ишни қилганлар, Аллоҳ таолонинг ғазабига учраганлар «Дўзах» деган ёмон жойга ташланиб, роса иссиқ оловда куйдирилади. Уларни илон-чаёнлар тинмай чақиб туради. Чанқаб сув сўрашса заҳарли дарахтнинг суви ичирилади. Доим шунақа азоблар остида қийнайаверишади.
Ана шу қиёмат кунига, ўлгандан кейин тирилишга, охират дунёсида одамларнинг яхши ва ёмон ишларига, савоб ва гуноҳларига қараб жаннат ёки дўзахга тушишига ишониш мусулмонлар билиши ва амал қилиши зарур бўлган икки муҳим вазифадир.
Энди учинчи «тақдир» деган нарсани тушунтириб берай. Тақдир («қадар» ҳам дейишади) — дунёдаги ҳамма яхшию ёмон воқеа-ҳодисалар Аллоҳнинг буйруғи билан, Унинг хоҳишига кўра бўлади дегани. Масалан, бизнинг туғилишимиздан то ўлишимизгача, ҳаётда қандай яшашимиздан то қандай касал бўлишимизгача, дарахтнинг мева тугишидан тортиб дарёнинг то тошиб кетишигача, қушларнинг учишидан ер қимирлашигача — ҳаммаси Аллоҳ олдиндан белгилаб қўйганидек бўлади. Инсон нимани хоҳласа, Аллоҳ уни қилишга ижозат беради. Бирор ишни бажарадиган бўлсак, Аллоҳнинг ўзига таваккал қиламиз.
Аллоҳ ҳаммасини олдиндан белгилаб қўйган экан-ку, деб барча ишларни ўз ҳолига ташлаб қўйиш ёки гуноҳ ишларни қилиш мусалмон одамга тўғри келмайди. Демак, охират дунёсига, ўлгандан кейин қайта тирилишга, ҳамма яхши-ёмон ишлар Аллоҳнинг тақдирига боғлиқ эканлигига ишонишимиз керак. Шунда ҳақиқий мусулмон бўламиз. Бу гаплар хийла мураккаброқ. Агар бирор нарсани тушунолмай қолган бўлсангиз, катталардан сўраб, аниқлаб олинг, бўптими?

САККИЗИНЧИ САБОҚ

ИЙМОН НИМА ДЕГАНИ

Ассалому алайкум, кўрар кўзларнинг нури бўлган дилбандларим! Бугун мен сизларга Ислом динининг бешта устунидан биринчиси бўлган иймон ҳақида гапириб бераман. Иймон дегани Аллоҳ таолонинг яккаю ягоналигига ҳамда Жаноби Пайғамбаримиз Аллоҳ таоло тарафидан нима келтирган бўлсалар, ўшанга тил билан иқрор бўлиш ва дил билан тасдиқлашдир. Шунга Иймон келтирган кишилиар «мўмин» дейилади ва улар чин мусулмонлардир,
Мўмин кишилар еру осмондаги ҳамма нарсаларнинг, ҳатто ой, қуёш, юлдузларнинг, ўсимлик ва ҳайвонларнинг ҳаммасининг хўжайини, эгаси битта — яккаю ягона Аллоҳ таоло эканига ишонадилар. Улар Аллоҳ таолонинг фаришталарига, Пайғамбарларига, китобларига, охират кунига, ўлгандан кейин қайта тирилишга ва қадарга ишонадилар.
Мўмин кишилар ўзларининг қаердан келганларини, нега келганларини ва қаёққа кетишларини тушуниб оладилар. Дунёдаги ҳамма нарса фақат Аллоҳнинг истаги-хоҳиши билангина рўй беришини, барча одамлар Аллоҳ таолонинг олдида жавобгар эканини биладилар. Шунинг учун улар Аллоҳ таоло буюрган яхши, савобли ишларни қилишади. Яъни намоз ўқиб, рўза тутиб ибодатда бўлишади. Ҳалол меҳнат қилишади. Уйлар қуришади, ариқлар кавлаб, йўллар очишади. Фарзандларини яхши тарбиялаб, билим беришади. Бир-бирларига ёрдамлашишади, яхши муомала қилишади. Ана шулар чин иймонли кишилардир. Улар жаннатга киришдай катта мукофот олишади.
Иймонсиз кишилар эса Аллоҳдан эмас, қандайдир ваҳимали воқеалардан ёки одамлардан қўрқишади. Пайғамбар алайҳиссаломнинг айтганларини бажаришмайди. Одамларни алдашади. Ёлғон гапиришади. Уруш-жанжал кўтаришади. Намоз ўқишдан ор қилишади. Ислом динига душманлик кўрсатиб, ўзларини яхшиликка чақирганларни хўрлашади. Шундай одамлар дўзах азоблари билан жазоланишади.
Иймоннинг энг асосий шартлари — Аллоҳ таолони таниш ва ҳамиша Унга бўйсуниш, Ундан қўрқишдир. Аллоҳни таниш қандай бўлади? Ҳамма нарсани Аллоҳ яратган. У нимани хоҳласа қила олади, йўқни бор, борни йўқ қилади. У аввалдан бор бўлган ва мангу бор бўлади. У якка-ёлғиз. Унинг шериги ҳам, тенги ҳам, ўхшаши ҳам йўқ. У ҳеч нарсага ўхшамайди, У ҳамма нарсани, ҳатто кечаси одамлар уйларининг ичида намоз ўқиётганини ҳам кўриб туради. У ҳамма нарсани, ҳатто «Аллоҳим, мени кечиргин!» деб ичингизда айтсангиз ҳам эшитади. У ҳатто хаёлингизда «Бугун онамга бир яхшилик қилайин» деб ўйласангиз ҳам билиб туради. Унинг амрига ҳеч ким қарши бўла олмайди. Ҳар қандай қудратли, кучли нарса ҳам Аллоҳнинг куч-қудратига тенг келолмайди. Шунинг учун ҳамма мусулмонлар ҳар куни беш марта намоз ўқиётганда бор овоз билан «Аллоҳу акбар» («Аллоҳ улуғдир, буюкдир!») деб қайтаришади. Ана шуларни тушуниб етиш бизнинг Аллоҳни танишимиз бўлади.
Аллоҳга бўйсуниб, иймон келтириш қандай бўлади? Аллоҳ буюрган ишларни қилиш, «қилманглар» деганини қилмаслик Аллоҳга бўйсуниш бўлади. Ҳар бир ишда, ҳамма жойда, ҳамма вақт «Аллоҳ кўриб-билиб турган-ку!» деб қўрқиш — Аллоҳга бўйсуниш бўлади. Аллоҳнинг аввалги дарсларда санаб ўтилган барча сифатларига ишониш, Унинг буйруқларини бажариш, Ундан ҳамиша қўрқиб туриш Аллоҳ таолога иймон келтириш бўлади.
Аллоҳ таолога иймон келтирдингизми? Энди Уни хурсанд қилиш учун ибодат қилинг! Уни доимо эслаб туринг, «Субҳоноллоҳ» деб мақтовлар айтиб туринг. «Алҳамдулииллаҳ» деган сўзни ўрганиб олсангиз, Аллоҳ таолога шукр айтган бўласиз. Ахир бизларни ёруғ дунёга келтириб, нафас олсак ҳавони, чанқасак тоза сут ва сувларни, қорнимиз очса минг хил лаззатли овқатларни бериб қўйган, яланғоч юрмасин деб кийимларгача таъминлаган бунақа меҳрибон зотни мақтамай, унга шукр айтмай бўладими?
Мана, иймон нима эканини оз-моз тушуниб олдингиз. Иймонли бўлиш учун нималар қилиш кераклигини ҳам билдингиз. Келаси машғулотимизга «Субҳоноллоҳ», «Алҳамдуллиллаҳ», «Аллоҳу акбар» деган сўзларни ёдлаб келасиз ва маъносини тушунтириб берасиз. Келишдикми?

ТЎҚҚИЗИНЧИ САБОҚ

НАМОЗ НЕГА ЎҚИЛАДИ

Ассалому алайкум, менинг жажжи кичкинтойларим! Бугун сизларга қизиқ бир савол бермоқчиман. Диққат билан қулоқ солиб туринг. Аллоҳ ўзи яратган ер юзидаги жамики ҳайвонлар ва қушларга, ҳашаротлар ва денгиздаги жонворларга, одамлар ва жинларга, хуллас, барча махлуқларга ризқ, яъни овқат-емишлар бериб қўйган. Бирор махлуқни оч қўймаган. Улар ҳам Аллоҳ таолонинг ана шу берган неъматларига жавобан ўз меваларини Аллоҳ буюрганидай ўзлари емай, инсонга тақдим қилишади. Масалан, сигир кўкат ва емларни еб, эвазига сут беради, ундан қатиқ, қаймоқлар, сариёғ ва пишлоқлар олинади. Товуқ тухум беради, асалари асал, қўй-эчкилар сут, жун, гўшт, пилла қурти ипак, денгизлар балиқ беради. Ҳатто дарахтлар ҳам Аллоҳ ёғдирган ёмғирдан, нур сочиб турган қуёшдан озиқланиб, эвазига шириндан-шакар мевалар тортиқ қилади.
Ана шу сут-қатиқларни ичиб, гўштларни еб, ипак ва жундан тўқилган кийимларни кийиб, тухум ва асални мазза қилиб истеъмол қилиб, меваларнинг энг сархилларини тановул қилиб юрадиган инсонлар бунинг эвазига нима беришади? Нима қилишса ана шу берган неъматлари учун Аллоҳ таолони мамнун, хурсанд қилишади? Ахир бирорта одам бошқа бировга шунча овқат-неъматларни текинга бериб қўймайди. Инсон ана шу қарзни қандай қилиб узиши мумкин?
Ана шу саволларни сизларга бермоқчи эдим. Жавоб топишга қийналяпсизми? Майли, жавобини ўзим айтиб қўяқолай, Аллоҳ таолонинг барча берган неъматлари учун, бизни соғ-саломат, хотиржам, бахтли қилиб қўйгани учун фақат бир нарса билан — ибодат, яъни намоз ўқиш, рўза тутиш билан Аллоҳга миннатдорчилик билдириш мумкин, Аллоҳга хизмат қилиш билан Уни рози қилиш, мамнун этиш мумкин. Қолаверса, Аллоҳ таолонинг сиз билан бизларни яратишдан, инсонларга барча жонзотларни, ой-қуёшларни хизмат қилдириб қўйишдан мақсади ҳам бизнинг ибодат қилишимизни кўриш эди, холос. Биз Аллоҳга қанчалик ибодат қилишни кўпайтирсак, У ҳам биздан шунчалик хурсанд бўлаверади. Охират дунёсидаги мукофотларимизни кўпайтириб қўяверади. Ана шу ибодатларнинг энг улуғи эса — намоз ўқиш!
Намоз шунақанги зарур, муҳим ибодатки, агар намоз ўқимасангиз, ҳеч ким сизни чин мусулмон демайди. Сигир қанча серқаймоқ сутлар бермасин, асалари қанча тоза асалларни бермасин, ипак қурти қанча кўп ипак бермасин, барибир, улар ақлсиз ҳайвон. Аллоҳ охиратда уларга жаннат ҳам ваъда қилмаган, тирилтирмайди ҳам. Беақл бўлгани учун улардан ҳеч нарсанинг ҳисобини сўрамайди ҳам. Инсонга ақл берилгани учун у энди барча еган-ичганлари, қилган ишлари учун охиратда Аллоҳнинг олдида имтиҳон топширади. Синовдан яхши ўтса жаннатга кириб роҳат-фароғатда бўлади. Ўтолмаса, дўзахга тушиб, қийноқ-азобларга дучор бўлади.
Инсон ҳам ҳайвонларга ўхшаб индамай Аллоҳ берган тоза овқатларни тўйиб есаю, эвазига ҳеч нарса бермай еб-ичиб, ухлаб, ўйнаб-кулиб юраверса, унинг ҳам ҳайвондан фарқи қолмайди-да, тўғрими?! У ошхона билан ҳожатхона орасида чопаверадиган бир машинага айланиб қолади-да! Шундай бўлиб қолмаслик учун нима қилиш керак экан? Ҳа, яшанг, барча неъматлари ва берган умри учун Аллоҳга миннатдорчилик билдириши, унга шукр дейиш керак. Қайси йўл билан шукр айтилади? Ибодат билан, намоз ўқиш билан!

ЎНИНЧИ САБОҚ

НАМОЗ ЎҚИШНИ ЎРГАНИНГ

Ассалому алайкум, менинг суюкли тойчоқларим!
Бугун сизларга намоз ўқишни ўргатиб қўяман, деб ваъда берувдим. Ваъдани, албатта, бажарамиз. Тайёрмисизлар? Таҳорат қилиб келдингларми? Баракаллоҳ Чунки намозни таҳоратсиз ўқиб бўлмайди. Мусулмон киши бир кунда беш маҳал намоз ўқийди.
Тонг оқарган пайт (субҳ) дан то қуёш бош кўтаргунча ўқиладиган намоз «бомдод» дейилади. Қуёш тиккага келиб қибла томонга мойил бўлган пайтдан нарсаларнинг сояси ўзига нисбатан икки баравар катталашгунча ўқиладиган намоз «Пешин» дейилади. Пешин вақти тугагандан токи кун ботгунча ўқиладиган намоз «Аср» дейилади. Кун ботгандан кун ботиш томондаги шафақ (қизғиш нурлардан кейин пайдо бўладиган оқиш нурлар) йўқолгунча ўқиладиган намоз «Шом» ҳамда шафақ тамоман йўқолиб, қоронғи бўлгач ўқиладиган намоз «Хуфтон» дейилади. Кун чиқаётганда, кун тиккага келганда ва кун ботиш чоғида намоз ўқиш мумкин эмас, аммо аср намози кун ботаётганда ҳам ўқилаверади,
Намозда тик туриш «Қиём» дейилади. Шунда Қуръони каримдан бирор сура ёки учдан ортиқ оят ўқиш «Қироат» дейилади. Икки тиззанинг кўзини ушлаб эгилиш «Рукуъ» дейилади. Кейин чўккалаб икки бора жойнамозга бош теккизиш «Сажда» дейилади. Ана шу ҳаракатларнинг ҳаммаси биргаликда «Ракат» дейилади. Намоз ана шу ракатлардан ташкил топади. Бу айтганларимни яхшилаб эслаб қолинглар, кичкинтойларим! Ҳали намоз ўқишга киришганимизда керак бўлади.
Аллоҳнинг қатъий амри билан мусулмонлар зиммасига мажбурий қилиб қўйилган намоз ракатлари «Фарз» дейилади. Пайғамбар алайҳиссалом ўзлари ўқиб, умматларига ҳам тавсия қилган намоз ракатлари «Суннат» бўлади. Хуфтондан сўнг 3 ракатли витр намози ўқилиши вожиб ҳисобланади.
Намозларнинг тартиби қуйидагича:
1. Бомдод намози — 2 ракат суннат, 2 ракат фарз.
2. Пешин намози — 4 ракат суннат, 4 ракат фарз, 2 ракат суннат.
3. Аср намози — 4 ракат фарз.
4. Шом намози —3 ракат фарз, 2 ракат суннат.
5. Хуфтон намози — 4 ракат фарз, 2 ракат суннат, 3 ракат витр.
Энди намознинг фарзлари, яъни мажбурий талабларини ўргатиб қўяй. Намоз фарзлари 12 та. Бундан олтитаси намоз ташқарисидаги ишлар. Уларни «Намознинг шартлари» дейилади. Олтитаси эса намознинг ичида бўлиб, уларни «Намознинг рукнлари» дейилади. Агар ана шу 12 нарсадан биронтасини бажармай қўйсангиз, намозингиз бузилади.
Болажонларим, мана булар намознинг шартлари ҳисобланади:
1. Таҳорат олиш (аввалги дарсда ўргатганман).
2. Нажосатдан покланмоқ. Бу — намозхоннинг бадани, уст-боши тоза, пок бўлиши, ўғил-болаларнинг кийимлари киндикдан тиззагача, қиз болаларнинг эса юз, кафт ва оёқ учидан бошқа ҳамма аъзоларини ёпиб туриши керак, дегани.
3. Намоз ўқиладиган жой пок, тоза бўлиши керак.
4. Намозни қиблага (Макка шаҳридаги Каъба турган томонга) қараб ўқиш даркор.
5. Намозни ўз вақтида ўқиш зарур (вақтларини олдинроқ айтиб берганман).
6. Қайси намоз ўқиётганини тил билан айтиб ният қилиш.
Намознинг рукнлари эса мана булар:
1. Намозни «Аллоҳу акбар» деб бошлаш («Такбир таҳрима»).
2. Намозда тик туриш («Қиём»).
3. Қиёмда турганда барча ракатларда «Фотиҳа» сурасини ва барча суннат намозларида ҳамда фарз намозларининг аввали икки ракатида бирорта бошқа сурани
қўшиб ўқиш («Қироат»).
4. Қўлларни тиззага қўйиб эгилиш («Рукуъ»).
5. Бурун, пешона, қўл, тизза ва оёқларни ерга теккизиш («Сажда»).
6. Намоз охирида «Ташаҳҳуд» ўқиб ўтириш («Қаъдаи охир»).
Энди, болажонларим, сизларга намоз ўқишнинг тартибини тушунтириб қўяй. Таҳорат олиб келиб, жойнамоз тепасида қиблага юзланиб, масалан, Бомдод намозини ўқимоқчи бўлсангиз, мана бундай ният қиласиз:
«Бомдод намозининг икки ракатли суннатини (ёки фарзини) қиблам бўлмиш муқаддас Каъбага юзланиб, ўз вақтида, холис Аллоҳ таоло учун ўқишни ният қилдим».
Сўнгра икки қўлни кўтариб, бош бармоқлар учини иккала қулоқнинг юмшоқ жойига теккизиб: «Аллоҳу акбар», дейилади. Кейин қўлни қовуштирган ҳолда туриб, мана бу «Сано» ўқилади:
«Субҳонакаллоҳумма ва биҳамдик ва табарокасмук ва таъала жаддук ва ла илаҳа ғайрук!»
Кейин: «Аъузу биллаҳи мин ашшайтонир рожийм, бисмиллаҳир роҳманир роҳийм», деб Фотиҳа сураси ўқилади. Кейин кичикроқ суралардан бири ўқилади:
Суралардан бири ўқилгандан сўнг «Аллоҳу акбар» деб рукуъ қилинади, яъни икки тиззанинг кўзини ушлаган ҳолда бош билан белни бир текис қилиб энгашилади ва уч марта «Субҳана роббиял ъазийм» дейилади.
Сўнг: «Самиъ Аллоҳу лиман ҳамидаҳ, роббана лакалҳамд» деб тик бўлинади. Кейин яна «Аллоҳу акбар» деб саждага борилади.
Саждада уч марта: «Субҳана роббиялъ аъла» дейилади, кейин яна «Аллоҳу акбар», деб ўтирилади, сўнг «Аллоҳу акбар» деб иккинчи бор сажда қилинади. Саждадан «Аллоҳу акбар» деб тик турилади. Қўл қовуштириб, «Фотиҳа» сураси ўқилади, кетидан суралардан бирини ўқиб, рукуъ ва икки бор сажда қилинади. Кейин чап оёқни ерга ётқизиб, устига чўккалаб ўтирилади, ўнг оёқ бармоқлари учида тикка туради. Қўл бармоқлари эса тизза устида бўлади. Қаъда, яъни ўтиришда Ташаҳҳуд («Аттаҳиёт») ўқилади. Кейин Саловот ўқилади.
Сўнг ўнг ва чап елкага ўгирилиб: «Ассалому алайкмн ва раҳраатуллоҳ», деб салом берилади. Шу билан намоз тугайди.
Бомдоднинг кейинги икки ракат фарзи ҳам, барча икки ракатли суннатлари ҳам шу тарзда ўқилади.
Пешиннинг тўрт ракатли суннатида, юқорида айтилганидек, икки ракат ўқиб, қаъдада «Ташаҳҳуд»ни «ва Расувлуҳ»гача ўқиб, «Аллоҳу акбар» деб ўрнидан туриб, яна юқоридаги тартибда икки ракат ўқилади, қаъдада Ташаҳҳуд, Саловот ва дуо ўқиб салом бериб, намоз тугатилади.
Тўрт ракатли фарзларда ҳам аввалги икки ракатини ва «Расувлуҳ» гача ўқиб, «Аллоҳу акбар» деб ўриндан турасиз ва кейинги икки ракатда фақат «Фотиҳа» сурасининг ўзини ўқийсиз, қаъдада Ташаҳҳуд, Саловот ва дуо ўқиб салом бериб намозни тугатасиз.
Азиз дилбандларим, намоз ўқиш ҳақида сизга айтмоқчи бўлган гапларим ҳозирча шу. Намоз ўқишни бошлаб юборганингиздан сўнг билмаган жойларингизни ота-онангиздан, агар улар билишмаса, бошқа устозлардан сўраб оласиз. Иннайкейин, намоз тўғрисида жуда кўп китоблар чиққан. Китоб сотадиган амакиларингиздан сўрасангиз кўрсатишади. Уларни ҳам ўқиб, билмаган, тушунмаган жойларингизни ўрганасиз. Бўптими, асал-қандларим!

ЎН БИРИНЧИ САБОҚ

РЎЗА, ЗАКОТ, ҲАЖ ҲАҚИДА

Ассалому алайкум, эркатойларим, қўзичоқларим!
Чин мусулмон бўлишимиз учун нима қилишимиз керак? Ийи, ийи дарров эсдан чиқариб қўйдингизми? Эсладингизми, ҳа яшанг! Бунинг учун аввало иймонли бўлиш, кейин яна намоз ўқиш керак экан. Буни ҳеч эсдан чиқарманг, хўпми?
Бугунги машғулотимизда Ислом динининг қолган учта устуни — рўза, закот, ҳаж нима эканини тушунтириб бераман. Аввал рўзадан бошлаймиз.
Рўза — рамазон ойида 30 кун эрта тонгдан шом бўлгунча овқат емаслик, ичимлик ичмаслик, кейин катталарга тааллуқли айрим ишларни қилмаслик керак, дегани. Рамазон ойи ойлар ичида энг улуғи, табарруги. Шунинг учун Аллоҳ таоло шу ойда бандаларига (яъни сиз билан бизга ўхшаган барча одамларга) рўза тутишни буюрган. Шундоқ улуғ Подшоҳимиз ана шундай улуғ ойда рўза тутишни буюрган бўлса, бизлар нима қиламиз? Жон-жон деб бажарамиз, тўғрими асал-қандларим?! Сизлар ҳам ота-оналарингизга қўшилиб рўза тутишни ўрганиб турсангиз, Аллоҳ таолога жудаям ёқиб қолардингиз-да!
Шуни ёдингизда сақлангки, Рамазон ойида жуда одобли бола бўлиб юрилади. Ёлғон гапирилмайди, уришиб-сўкишилмайди, катталарни хафа қилинмайди. Бу ёмон ишларни бошқа вақтда ҳам қилиш яхши эмас. Аммо Рамазон ойида қилсангиз жуда уят бўлади. Бу ойда рўза тутишдан ташқари, Қуръони каримни ўқишни ўргана бошласангиз, сураларни жуда тез ва чиройли ёдлайдиган бўласиз. Кечқурунлари «Таровиҳ» намозлари ўқилади. Масжидларга бориб, ана шу намозда кучингиз етганича қатнашсангиз, Пайғамбаримизни севинтирган бўласиз.
Ислом динининг тўртинчи устуни «Закот» дейилади. Пули кўп, бой одамлар бойликларининг қирқдан бир бўлагини камбағал, яшашда қийналиб қолган қариндошларига ёки қўшинларга бериб, уларни хурсанд қилиши закот бўлади. Чунки Аллоҳ таоло шунга буюрган. Аллоҳ буюрган экан, демак, ҳамма қулоқ қоқмай бажариши керак, тўғрими?
Аллоҳ таоло бой одамларни бекорга закот беришга буюрмаган. Мана, ўзингиз ўйлаб кўринг. Сизларникида овқат, кийим жуда кўп. Дадангизнинг пуллари ҳам кўп. Хоҳласалар сизга бир эмас, иккита велосипед олиб беришлари мумкин. Лекин холангизникида ёки қўшни амакиникида кўпинча овқатларига гўшт ҳам солинмайди. Уларнинг болалари мактабга йиртиқ поябзалда келади. Ҳатто дафтар ручка сотиб ҳам ололмайди. Шундоқ бўлгач, дадангиз ўша қийналиб қолган қариндош ёки қўшнига ёрдам берсалар, улар ҳам хурсанд бўлишадими? Болалари севиниб кетадими? Бунга сиз ҳам қувонасизми? Аллоҳ таоло закот беришни буюриб, адолатли иш қилибдими? Ана кўрдингизми Аллоҳ таоло қанақанги одил, меҳрибон зот экан!
Динимизнинг охирги бешинчи устуни — «Ҳаж» дейилади. Ҳаж — йўлкирага пул топган, уйида ҳамма зарур нарсаси этарли ёши катта амакиларингизнинг Арабистондаги Макка шаҳарига бориб, ўша ердаги Ҳарам деган россаям катта масжиднинг ўртасидаги Аллоҳнинг уйи — Каъбани етти марта тавоф — зиёрат қилишларидир.
Улар Арофат деган тоққа чиқиб, гуноҳларини кечиришни сўраб Аллоҳга ёлворадилар, дуо қиладилар. Кейин Сафо ва Марва деган икки тоғ орасиъда эттжъмарта уёқдан-буёққа бориб келишади. Замзам булоғидан шифобахш сув ичишади. Шайтонга тош одшади. Шу амалларни бажариб, гуноҳларидан халос бўлиб қайтишади. Ҳаж қилган амакилар «Ҳожи» деб аталадиган бўлади. Ҳаж қилшни ҳам Аллоҳ таоло имконияти бор ҳамма одамларга буюрган. Шундай қилиб, менинг жажжи ширинтойларим, Ислом динимизнинг бешта устунини ҳам билиб олдик. Улар қайсилар экан? Ҳа, баракалло! Иймон, намоз ўқиш, рўза тутиш, закот бериш, ҳаж қилиш динимизнинг устунлари, арконлари экан. Булар асло эсингиздан чиқиб қолмасин, хўпми, қўзичоқларим?! Кейинги машғулотларда сизларга мусулмон болаларнинг қандай бўлишлари кераклиги тўғрисида гапириб бераман. Маъқулми?!

ЎН ИККИНЧИ САБОҚ

ИЛМ ЎРГАНИШ — ФАРЗ

Ассалому алайкум, менинг суюкли дўмбоқчаларим!
Бугундан бошлаб машғулотларимизда сизларга мусулмон болаларнинг бурчлари, ахлоқ-одоблари ҳақидаги сабоқларни ўргатаман. Қани, чўккалаб яхшилаб жойлашиб олинглар, дарсимизни бошладик.
Бугун илм олиш зарурлиги ҳақида гаплашамиз. Пайғамбар алайҳиссалом «Илм олиш — ҳар бир мусулмон эркак-аёлга фарз (мажбурий)» деганлар. Яна у зот «Ҳатто Хитойда бўлса ҳам бориб илм ўрганиб келинглар» деб насиҳат қилганлар. Чунки илм излаш, эгаллаш — Ислом динининг энг асбсий талаби, Аллоҳ таоло бандаларига буюрган иш. Қуръони каримнинг Ҳазрати Пайғамбаримизга тушган биринчи ояти «Ўқи» деб бошланган эди. Қуръони каримда «Илм» сўзи турли ҳолларда 765 жойда такрорланиб келади. Пайғамбар алайҳиссалом урушда асир тушган одамга озод бўлиш учун 10 та мусулмонга ўқиш, ёзишни ўргатишни шарт қилиб қўйганлар. Ана шуларнинг ўзиёқ динимизда илм олишга жудаям кўп аҳамият берилганини билдириб турибди.
Бизнинг юртимизда аввалда ҳам, ҳозирда ҳам илм тарқатиш, ўрганишга катта эътибор берилган. Имом Бухорий, Замахшарий, Термизий, Насафий, Қаффол Шоший, Ибн Сино, Беруний, Фаробий, ал-Хоразмий, ал-Фарғоний, Улуғбек, Навоий каби улуғ олим боболарингизнинг илм соҳасидаги ишларини бутун дунё тан олган.
Ислом динимиз илм олиш деганда ҳам дунёвий, ҳам диний илм олишни назарда тутади. Бунинг маъносини соддароқ қилиб тушунтириб берадиган бўлсам, сизлар мактабда ўқийдиган математика, физика, кимё, жуғрофия, тарих каби фанларни ўрганиш ҳам илм. Яна Қуръони карим сураларини ва маъносини, Пайғамбаримизнинг гапларини ва ишларини (бу «Ҳадис» дейилади) ўрганиш ҳам илм. Шунингдек, ибодат қилиш усулларини, мусулмонликнинг тартиб-қоидаларини ўргатадиган «фиқҳ» ни ўрганиш ҳам илм. Демак, чин мусулмон одам ҳамма илмларни ўрганиши керак экан. Масалан, Улуғбек бобонгиз фалакиёт фанини ҳам, диннинг асосларини ҳам бирдай мукаммал билганлар. Ибн Сино бобонгиз эса табобат илми билан ҳам, диний илмлар билан ҳам баравар шуғулланганлар. Навоий бобонгиз эса жуда кўп ғазал-достонлар билан бирга Пайғамбарлар тарихига, Аллоҳни танишга доир китоблар ёзганлар. Яқинда тўйлари ўтказилган Имом Бухорий бобонгиз эса сизнинг ёшингизда, яъни олти ёшга кирганларида Қуръони каримни тўла ёд олганлар. Ўн бир ёшларида устозларининг хатосини тузатганлар. Ўн тўрт ёшларида Пайғамбар алайҳиссаломнинг 70 минг ҳадисларини ёддан айтиб берганлар.
Илм олиш яхшию, аммо унга амал қилиш ҳам керак. Амал дегани ўша олган илмингизни бошқаларга ўргатиш дегани. Яна уни қўллаб, одамларга фойда келтириш дегани. Яна ана шу илм орқали Аллоҳни таниш дегани. Чунки катта олим боболарингиздан Имом Ғаззолий шундай деганлар: «Юз йил илм ўрганиб, мингта китобни ўқисангу амал қилмасанг Аллоҳнинг раҳматига умидвор бўлишга ҳаққинг йўқ». Яъни у илминг фойдасиз, Аллоҳдан ҳеч қандай мукофот кутма, деяптилар.
Илм олсаю, аммо Аллоҳга бўйсунмаса, Унинг айтганларини бажариб, ибодатлар қилмаса, бундай одамнинг илми ҳам фойдасиз. Чунки юқорида айтилганидай, динимиз талабига кўра илм ўрганишдан мақсад Аллоҳ таолони яхшироқ таниш, унга кўпроқ бўйсунишдир.
Менинг шириндан-шакар болажонларим! Илм олишнинг фойдаси ҳақида айтган гапларимни яхшилаб миянгизга жойлаб олдингизми? Чунки илм олишни Аллоҳ буюрган. Аллоҳнинг буйруқларини биз — мусулмонлар ҳеч сўзсиз бажаришимиз керак. Аллоҳ илм олишни бекорга буюрмаган. Чунки илмсиз кишилар жоҳил, нодон бўлиб қолишади. Шундай одамларни ҳеч ким ҳурмат қилмайди. Уларни Аллоҳ таоло ҳам яхши кўрмайди. Шунинг учун илм ўрганишга астойдил киришинг! Устозларнинг айтган гапларини яхшилаб эшитиб эслаб қолишга ҳаракат қилинг!
Илм кони бўлган китобни севинг! Кўп китоб ўқинг! Ҳозир дўкон ва бозорларда диний китоблар ҳам сотиляпти. Дадаларингиз, акаларингиздан ўшандай китоблардан келтириб беришни илтимос қилинг!
Келишдикми, дўмбоқчаларим?!

ЎН УЧИНЧИ САБОҚ

ОТА-ОНАНГИЗНИ ҲУРМАТ ҚИЛИНГ

Ассалому алайкум, менинг жажжи мусулмон биродарларим!
Ўтган машғулотларда топширган сабоқларимни эсдан чиқариб қўймаяпсизларми? Энг аввал қайси калималарни ўрганган эдик? Тўғри «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм». Ундан кейин-чи? «Ла илаҳа иллоллоҳу Муҳаммадур расулуллоҳ». Баракалло! Ана шу калиманинг маъноси қандай эди? «Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад (а.с.) Унинг элчиси, расулидир». Тўппа-тўғри!
Бугун сизларга ота-онани ҳурматлаш ҳақида гапириб бераман. Ҳаммамизнинг ота-онамиз бор. Нега уларни ҳурмат қилишимиз керак, биласизларми? Шунинг учунки, Аллоҳ таоло бизга уларни ҳурмат қилишни буюрган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ота-онасини рози қилмаган, уларни хафа қилган одам жаннатга кирмайди, деганлар.
. Мана, ўзингиз ўйлаб кўринг. Онангиз янги туғилган укангизни кўтариб юрибди. Уни туққунча росаям қийналган. Туққандан кейин ҳам сира ундан бўшамайди. Ҳар бир-икки соатда эмизиб овқатлантиради. Тагини ҳўллаб қўйса, кийимларини янгилайди. Терлаб қолса ҳам кийимини алмаштиради. Уйқуси келса, бешикка белайди. Тебратиб, алла айтади. Уйғонса, эчиб олади. Соғлом, бақувват ўссин деб баданини уқалайди. Тез-тез чўмилтиради. Сал тоби қочса-ку, қўяверинг. Овқат, уйқу, дам олиш — ҳаммаси эсдан чиқади. Тузатиб олгунча бутунлай ороми йўқолади. Сал катта бўлса, гапиришга ўргатади, ҳарф танитади. Мана шундай машаққат, азоблар билан умрининг охиригача «болам, болам» деб ўтади. Бизга шунчалик меҳр кўрсатиб, ҳамма нарсасини бериб, катта қилган онамизни ҳурматламай бўладими?
Бир доно бободан бир киши шундай деб сўраган экан:
«Мен онамни овқатлантираман, кийинтираман. Опичлаб таҳоратга олиб чиқаман. Нима десалар бажараман. Ҳатто елкамда кўтариб Маккага обориб ҳаж қилдириб келдим. Ана шу билан онамни ризо қилдимми?» Шунда бояги доно бобонгиз шундай жавоб қайтарибдилар: «Йўқ, шунча хизматинг билан бир кеча оромини бузганининг ҳаққини адо қилибсан». Кўрдингизми, дўмбоқчаларим, оналар қандоқ улуғ бўлишаркан, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Жаннат — оналарнинг оёғи остидадур, деб бекорга айтмаганлар. Демак, жаннатга кираман деган одам онасини рози қлиши, дуосини олиши керак экан.
Худди шунингдай сизни туғилиб, вояга етишингизда отангизнинг ҳам хизмати катта. У сиз туғилишингиз билан яхши исм қўяди. Қўй сўйиб ақиқа тўйи қилиб беради. Сиз едиган ҳамма овқатларни топиб келади. Сут дейсизми, печение дейсизми, шоколаду мевалар дейсизми — ҳамма нарсани муҳайё қилади. Қандай кийим ёки ўйинчоқни хоҳласангиз, бозордан олиб келади. Сизга тарбия, илм ҳунар ўргатади. Аввал мактабга, кейин олий мактабга ўқишга беради. Хулласи бир умр сизнинг бахту камолингиз деб ҳаракат қилади. Оталар ана шундай ғамхўр, сахий, меҳрибон бўлишади. Шунинг учун уларни доимо ҳурмат қиламиз. Дилларини оғритмаймиз. Чунки отанинг ғазабига учраган одам Аллоҳнинг ғазабига учрайди.
Ота-оналаримиз ана шундай ҳурматга сазовор одамлар. Шунинг учун уларни доимо эъзозлашимиз керак. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шуни буюриб қўйган. Пайғамбаримиз ота-онани ҳурматлаш ҳақида жуда кўп ҳадислар (насиҳатлар) айтиб қолдирганлар.
Хўш, ота-онани қандоқ қилиб ҳурматлаймиз? Бу тўғрида Ислом динимиз қандай йўл кўрсатган? Энди, азиз ширинтойларим, сизларга ана шуни тушунтириб бераман, хўпми?
Энг аввало уларга ширинсўз бўлиб, айтганларини дарров қилишингиз керак. Бирор иш буюришса, асло «Уф» деманг, гап қайтарманг, Улардан рухсат сўрамай, ҳеч қаерга борманг. Ҳатто ўйнагани кўчага чиқсангиз ҳам ижозат олинг. Уларнинг насиҳатига қулоқ солинг. Бирор ишни «қилма» дейишса, асло қилманг. Чунки улар бунинг ёмонлигига ақллари етиб туради. Уларни кўрганда дарров ўрнингиздан туринг. Олдиларига кирганда салом билан киринг. Кўчада кетаётганда доимо улардан орқада юринг. Уйда улардан пастда ўтиринг. Олдиларида оёғингизни узатиб ўтирманг ёки ётманг. Уларнинг номини атаб чақирманг. Ҳазил-мазах қилманг. Уларга хўмрайиб қараманг. Чақиришса «Лаббай» деб дарров боринг. Уларга юмшоқ гапиринг, овозингизни кўтарманг. Асло сўка кўрманг, чунки бундай қилсангиз, албатта, дўзахга тушасиз.
Катта бўлиб ишга кирганингизда биринчи маошингизни ота-онангизга олиб келиб беринг. Кейин ҳам уларнинг кўнгли хоҳлаган нарсаларни сотиб олиб беринг. Чунки Аллоҳ таолонинг буйруғига кўра бола нима мол-давлат топса, ўша ота-онаники ҳам бўлади. Чунки улар ҳам сизни катта қилиш, тарбиялаш учун ҳамма топганларини сарфлашган-да, тўғрими?!
Юқоридаги топшириқларим кўзингизга жуда кўп кўриниб кетмасин. Биринчидан, булар унчалик қийин ишлар эмас. Иккинчидан, ота-онангиз шунақанги азиз, табаррук инсонларки, улар учун бу хизматларингиз жуда арзимас нарсалар. Учинчидан, сиз ёш, куч-қувватингиз жойида бўлади. Улар эса кун сайин кексайиб, кучлари камайиб, сизга муҳтож бўлиб боришади. Ана шунинг учун уларнинг хизматларини қилиб, рози этишга, хурсанд қилиб, дуоларини олишга сира-сира эринманг!
Гапларимни яхшииаб уқиб, бугунданоқ уларни мамнун қилишга шошилинг! Агар бирор гапингиз ёки ишингиз билан ранжитиб қўйган бўлсангиз, дарров кечирим сўранг. Бўйниларидан қучоқлаб, юзларидан ўпиб энди сира хафа қилмасликка сўз беринг. Чунки Аллоҳ ота-онасини рози қилмай, уларни ранжитган болани асло яхши кўрмайди. Жаннатга ҳам киргизмайди.
Ана энди нега ота-онамизни ҳурмат қилишимиз кераклигини тушуниб олдингизми, менинг ширинтойларим?!

ЎН ТЎРТИНЧИ САБОҚ

ҲАЛОЛ, ПОК БЎЛИНГ

Ассалому алайкум, кўзимнинг нури, қалбимнинг сурури азиз болакайларим! Бугунги дарсимиз ҳалол, пок бўлиш ҳақида. «Ҳалол» дегани ўзи нима? Мусулмонларга ейишга ижозат берилган озиқ-овқатларни «Ҳалол» деб атаймиз. Масалан, одам ишлаб, меҳнат қилиб пул топса, шунга овқат, кийим, китоб сотиб олса, шу ҳалол бўлади. Бировни алдаб, қўрқитиб пулини тортиб олиб ишлатса, бу ҳаром, яъни фойдаланишга ярамайдиган бўлади. Чунки Аллоҳ таоло биз— мусулмонларга ҳалол ризқ берган. Шунинг учун доим ҳалол нарсаларни истеъмол қилишимиз керак. Ҳазрати Пайғамбаримиз ҳам ҳалол меҳнат қилиб, шунинг орқасидан оила боқишга буюрганлар. Хўш, мусулмон кишилар учун нима нарсалар ҳаром (яроқсиз) ҳисобланади? Ислом дини шариати йиртқич ёввойи ҳайвонлар ва паррандалар гўштини, ҳалол ҳайвонларнинг қонини, баъзи бир яроқсиз аъзоларини ўлиб, қолган ҳайвонлар гўштини, чўчқа-тўнғиз гўштини, Аллоҳнинг номини айтмай сўйилган ҳайвон гўштини, динсиз одамлар сўйган ҳайвон гўштини ейишни таъқиқлаган.
Яна динимиз ароқ-вино каби маст қиладиган ичимликларни ичиш, гиёҳвандлик (наша), қиморбозлик, бузуқлик каби ишларни ҳам ҳаром деб ҳисоблайди. Бу ишларни қилганлар қаттиқ гуноҳкор бўлишади. Мусулмон болалар, айниқса, ичкилик ва нашавандлик балосидан эҳтиёт бўлишлари керак. Булар соғлиққа, оилага, жамиятга жуда катта зарар етказади. Ҳаттоки, бошқалар шундай ишлар билан шуғулланаётган жойга яқин ҳам борманглар, хўпми дўмбоқчаларим?!
Юқорида ҳалол ва ҳаром нима эканлигини тушуниб олдик. Энди поклик нима эканлигини айтиб берайин. Динимиз талабига кўра мусулмон болалари ҳамиша тоза ювилган, тоза кийинган, покиза бўлишлари керак. Чунки пок одамдан ёмонлик чиқмайди. Покиза юрсангиз табиатингиз ҳам равшан бўлади. Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг «Поклик — иймон белгиси» деган гаплари бор. Поклик яна намоз учун ҳам керак. Намоз ўқишдан олдин ўзингиз таҳорат олиб покланган бўлишингиз, кийим-бошларингиз, жойнамозингиз тоза бўлиши керак.
Покиза бўлиш учун нима қилиш керак? Аввало ҳожатхона одобларини билиб олинг. У ерга кирганда қиблага қараб ёки орқа қилиб ўтирилмайди. У жойда гапирилмайди, бирор нарса ўқилмайди. Бош яланг, оёқ яланг кирилмайди. Дуч келган жойларга, яъни ариқ атрофига, ахлатхона, қабристонларга ҳожат ушатиб бўлмайди. Ҳожатхонадан чиқаётганда булғанч жойларни чап қўл билан ювиб тозалайсиз.
Мусулмон болалар мисвок (тиш чўткаси) билан ҳар куни эрталаб ва кечқурун тишларини ювадилар. Таҳорат қилганда қўл ва оёқ бармоқлари орасини, бурунни, айниқса, яхшилаб; тозалайдилар. Ҳар жума куни баданининг ҳамма ерига сув етказиб покланадилар. Буни «Ғусл” дейилади. Қулоғингизга яна бир гапни айтиб қўяй: яқинда улғайиб, йигитча бўлиб қолганингизда уйқудан турганда ёки кўча-кўйларда булғаниб қолишингиз мумкин. Буни катталар «Эҳтилом» дейишади. Шунақа пайтда ҳам дарров ғусл қилиб олинг, хўпми?! Ўша катта бўлган пайтингизда қўлтиқда ва киндик остида мўйлар пайдо бўлади. Уларни ҳам худди катталар соқол олгандай олиб, тозалаб турасиз. Яна сал ўсиши билан оёқ-қўл тирноқларини олиб турасиз. Қизчаларга қандай покланишни оналари тушунтириб беришади. Юқоридаги вазифаларнинг ҳаммаси пок бўлишнинг белгиси. Уларни доимо бажаришни Пайғамбаримиз ҳаммамизга буюрганлар. Шунинг учун у кишини хурсанд қилмоқчи бўлсак, айтганларини сўзсиз бажариб юришимиз керак. Ҳалол, пок бўлиб, у кишини мамнун қилишга интилинг, хўпми, ширинтойларим?!

ЎН БЕШИНЧИ САБОҚ

ХУШ ХУЛҚҚА НЕ ЕТСИН

Ассалому алайкум, жажжи набираларим, қанду асалларим!
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом қандай одам эдилар? Жудаям яхши хулқли, уятчан, камтар, ширинсўз, одобли, ёқимтой, юмшоқ кўнгил, меҳрибон киши бўлганлар. Биз ҳам у кишининг йўлларидан юрмоқчи бўлсак, хулқимиз ана шундай ҳамма ҳавас қиладиган бўтиши керак.
«Хулқ» ўзи нима? Хулқ кишининг феъл-атвори, юриш-туриши, сўзлаши, муомаласи, маданиятини ўз ичига олган хислатларидир. Пайғамбаримиз «Жаннатга тушишга сабаб бўладиган нарса нима?» деб сўраганлар ва ўзлари «Аллоҳдан қўрқиш ва яхши хулқли бўлиш», деб жавоб берганлар.
Яхши хулқли бўлиш қийинми? Йўқ, фақат сиз бунга астойдил ҳаракат қилсангизбўлди! Бунинг учун нималар қилиш керак? Энг аввало ота-онангизни, устозларингизни, ўзингиздан катталарни ҳурмат қилинг. Кичикларни авайланг. Ҳаммага яхши гапиринг. Каттаю кичикка салом беринг. Аллоҳ таоло ва Пайғамбар алайҳиссалом буюрган ибодатларни қолдирмай бажаринг. Ҳар ишда камтар бўлинг, чунки Аллоҳ кибрли, керилган одамларни жуда ёмон кўради. Нима айб, гуноҳ қилсангиз, даров кечирим сўрашга одатланинг! Кўча-кўйда, кўпчилик ичида, оилада ўзингизни одобли, яхши муомалали, ширин сўзли тутинг.
Катталар юввош, мулойим, кўп гапирмайдиган, табассумли болаларни яхши кўришади.
Айниқса, саломлашиш одобларини яхши билиб олинг. Биров билан кўришганда, бирор жойга кирганда “Ассалому алайкум” деб салом берасиз. Бунинг маъноси «Сизга тинчлик-хотиржамлик тилайман» дегани. Агар бошқа одам салом берса, албатта, «Ваалайкум ассалом» деб тўлиқ жавоб қайтаринг, алик олиш жуда зарур иш. Пайғамбаримиз ҳаммадан олдин, ҳатто сиздек ёш болаларга ҳам салом берганлар. Машина, велосипед, отдаги одам пийодага, пийода киши ўтирган кишига, озчилик кўпчликка, кичиклар катталарга салом беради. Аммо намоз ўқиётган, Қуръон тиловат қилаётган кишига, масжидда гапираётган имомга салом берилмайди.
Кийиниш, овқатланиш, кўчада юриш, ухлаш одобларини билиш ҳам яхши хулққа киради. Кийимни одамнинг уят жойларини, баданини бекитиб туриш учун кийилади. Кир кийимларни албатта, ювдириб кийиш керак, йиртиқларини тиктириб олинг. Ўғил болалар ипакли кийимлар, қизил, сариқ рангли ёки қизларникига ўхшаш кийимларни, одам, ҳайвон сурати солинган кийимларни киймаслик керак. Қизчаларимиз улғайганда баданлари кўринадиган, калта, ёқаси катта кўйлаклар киймаганлари маъқул.
Овқатланишнинг ҳам ўзига яраша одоблари бор. Мусулмон болалар овқатланишдан олдин ва кейин қўлларини ювадилар. Дастурхонга келиб, «Бисмиллаҳ»ни айтиб тановулга киришадилар. Овқатни ўнг қўлда, ўз олдиларидан ейдилар. Овқатни пуфламай, хўриллатмай, устида нафас олмай ейиш лозим. Иссиқ овқат совигунича сабр қилинг. Чунки иссиқ таомда барака бўлмайди. Овқатланиб бўлгач, «Алҳамдулиллаҳ» деб Аллоҳга ҳамд айтинг. Чунки шундоқ ширин овқатларни бизга Аллоҳ таоло берган-да!
Исломий одобга кўра овқатни тез-тез ейилмайди. Кетма-кет оғизга луқма ташланмайди. Катта-катта қилиб чайнамай ютилмайди. Овқатланаётган кишига қаралмайди. Таом ва нонлар исроф қилинмайди. Овқатланиб бўлгач, қўлни ва ёғли идишларни ялаб, сўнг қўл артилади. Тўкилган увоқлар териб ейилади. Кейин Аллоҳга шукр айтиб, дастурхонга дуо ўқиб турилади.
Сув, чой ичишинг тартиблари мана бундай: Пайғамбаримиз сувни уч бора нафас олиб, бўлиб-бўлиб, ўтирган ҳолда ичишни тавсия қилганлар. Фақат зам-зам суви тик турган ҳолда ичилади. Сув ҳам «Бисмиллоҳ»ни айтиб ичилади, ичиб бўлингач, «Алҳамдулиллаҳ» дейилади.
Кўча-кўйда юришнинг ҳам маълум тартиблари бор. Кўчада шошлиб юрилмайди. Икки киши, хусусан икки аёл ўртасидан кесиб ўтилмайди. Кўчада уёқ-буёққа анқайиб юриш, туфлаш, писта чақиб, таом ёки музқаймоқ еб юриш исломий таълимга тўғри келмайди. Йўлда одамларга халал берадиган тош, шох-шабба, сим, тикан, пўчоқ каби нарсалар ётган бўлса, бир четга олиб ташланади. Танишми-нотанишми кўринган кишиларга салом берилади. Кўча-кўйларда беҳуда ўтириш ёки бекор анграйиб туриш, шовқин солиш одобимизга тўғри келмайди.
Болажонларим, энди ухлашнинг қоидаларини ўргатиб қўяй. Уйқуга ётиш олдидан таҳорат олиб, тишларни мисвок (тиш чўтаси) билан яхшилаб тозаланг. Ўринга ётганда қибла тарафга ёки муқаддас китоблар турган тарафга оёқ узатилмайди. Юзтубан, чалқанча ётманг, кечаси ёмон тушлар кўриб чиқасиз. Энг яхшиси, ўнг томонга ёнбошлаб, қўл кафтини юз остига қўйиб ухлашдир. Жаноби Пайғамбаримиз «Қўлларида овқат ёғи билан ётиб ухлаган одамга бирор касаллик ёпишса, ўзидан кўрсин» деганлар.
Уйқу олдидан икки бор «Қул аъузу» сурасини ўқиб, калимангизни айтиб ётсангиз, жуда яхши бўлади. Кўп ухламанг, сизнинг ёшингизда, узоғи билан тўққиз соат ухланса кифоя, кўп ухлаш одамни ланж, касал қилади. Асло қуёш чиққунча ухламанг, чунки бу динимизда қораланган.
Мана асал-қандларим, яхши бола бўлишнинг, хуш хулқли бўлишнинг қоидаларини билиб олдингиз. Энди нима қилишимиз керак? Ҳа, баракалло, уларни эслаб қолиб, доимо амал қилиб юришимиз зарур. Ана шундай қилсак, Аллоҳ таолога, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ёқадиган болалар бўламиз. Агар Аллоҳ ва Пайғамбарга ёқсак, албатта, жаннатга кирамиз. Жаннатга кирсак, ҳеч қийналмаймиз, доимо мазза қиламиз. Шундайми, ширинтойларим?!

ЎН ОЛТИНЧИ САБОҚ

ЁМОНЛИКДАН ҚОЧИНГ

Ассалому алайкум, менинг жажжи эркатойларим! Ўтган дарсимизда яхши бола, ҳақиқий мусулмон бола қандай бўлиши кераклигини сизларга тушунтириб бергандим. Бугунги машғулотимизда сизлар билан ёмон ишлар нималар, улардан қандай қилиб узоқда юриш мумкмлиги ҳақида гаплашамиз, хўпми? Дунёда яхши ишлар бўлгандан кейин ёмон ишлар ҳам бўлади, тўғрими? Мусулмон фарзандлар ана шу ёмон ишларни қилиб қўймаслик учун уларни билиб олишлари керак. Улардан доимо қочишлари зарур, Мабодо бирортасини билмасдан ёки ўртоқларминг сўзига кириб қилиб қўйишса, дарров Аллоҳ таолодан кечирим сўрашлари карак. Кечирим сўрашни биласизми? «Астағфируллоҳ» дейсиз ёки «Эй Аллоҳим, мана шу« қилган гуноҳимни кечиргин» дейсиз.
Ёмон ишларнинг энг каттаси, гуноҳларнинг энг оғири — Аллоҳга ширк келтириш. Бу ҳақда дастлабки машғулотларда айтиб бергандим. Яна қайтараман: бу -ишдами, ибодатдами, қаерда бўлсин Аллоҳга бирор нарсани шерик қилиб қўйиш. Чунки Аллоҳ — ягона, битта! Унинг ҳеч қандай шериги, тенги, ўхшаши йўқ. У бермаса, ҳеч ким ризқ бермайди, ёрдам беролмайди, бирор нарсадан қутқаролмайди. Аллоҳга ширк келтиришдан, ана шу ёмон ишдан сақланинг! Акс ҳолда, албатта, дўзахга тушасиз.
Яна ёмон ишларга бировни ноҳақ ўлдириш, намоз ўқимаслик, ота-онани оғринтириб, уларга осий бўлишлик, рўзани сабабсиз очиб юбориш, Пайғамбаримизга туҳмат қилиш, маст қиладиган ичимлик ичиш, бировнинг нарсасини ноҳақ тортиб олиш каби ишлар ҳам киради.
Мусулмон болалар, айниқса, ёлғон гапириш, ваъда бериб бажармаслик, бировнинг нарсасини ўғирлаш, алдамчилик, қимор ўйнаш, ўтган дарсларда айтилган ҳаром нарсаларни ейиш, чақимчилик, керилиб, мақтаниш, оч кўзлик, ёлғон гувоҳлик бериш, бузуқлик каби оғир гуноҳ бўладиган ёмон ишлардан эҳтиёт бўлишлари керак. Чунки одам яхши бўлса Аллоҳни таниб, намозларни ўқиб, рўзаларни тутиб юрсаю юқоридаги гуноҳларни қилса, савоблари ўчиб кетади. Жаннатга кириши қийинлашади. Шунинг учун бунақа ёмон ишларни асло қилмасликка ҳаракат қилинг.
Бордию бирорта ошнангиз ёки катта болалар ана шундай ишларга бошласа, сира кўнманг. «Қуддус амаким айтганлар, бу ишлар гуноҳ бўлади», деб уларни ҳам қайтаринг. Шунда сизнинг савобингиз икки баравар кўпайиб кетади. Аллоҳ таоло ва Ҳазрати Пайғамбаримизга суюкли, ёқадиган исломий фарзанд бўласиз. Гапимни яхшилаб эслаб, унга доим амал қилиб юринг, хўпми, дўмбоқчаларим?!

ДУО ҚИЛАЙЛИК

Мана, азиз ва севимли дилбандларим, Қуддус амакингизнинг сабоқлари ҳам ҳозирча ниҳоясига етди. Энди сизлар билан вақтинча хайрлашамиз. Фақат сизларга битта илтимосим бор: юқорида айтиб берган ҳамма гапларимни доимо қулогинзда тутинг. Эсдан чиқиб қолмаслиги учун қайта-қайта ўқиб юринг. Ўзингиз билиб олгандан кейин бошқаларга ҳам айтиб беринг! Энг асосий гапим шуки, ана шу ўрганган нарсаларингизга ҳамиша амал қилиб, бажаришга урининг, ҳаракат қилинг. Фақат яхши ишларни қилиб, ёмонидан қочинг. Шунда чин мусулмон бўласиз. Аллоҳ таоло ва Пайғамбар алайҳиссаломга севимли банда ва уммат бўласиз. Аллаҳ таоло ваъда қилган гўзал ва сўлим жаннат сизники бўлади. Бу гапларим ҳеч қачон ёдингиздан чиқмасин, ширинтойларим!
Ҳа, айтгандай, ҳар гал дуога қўл очганда Қуддус амакингизни ҳам бир эслаб қўйинглар, хўпми, асалларим! Қани энди, ҳаммамиз қўлларимизни кўтариб, Аллоҳга чин дилдан ёлвориб бир дуо қилайлик-чи: «Эй, бутун дунёларнинг эгаси, ҳаммамизни яратган Парвардигоримиз! Бизларни яхши, солиҳ бандаларингдан қилгин! Ёмон ишлардан, турли фалокатлардан Ўзинг асрагин! Иймонли, Ўзингдан қўрқадиган, Ўзингга бўйсунадиган, айтганларингни бажарадиган кишилар қилиб тарбия қилгин! Омин, ё Роббиал Оламийн!»