Биз рўмол ўраб юзини беркитиб юрган аёлларни руҳонийлар деб аташга ўрганиб қолганмиз.
31.01.2009 й.

САВОЛ: Биз рўмол ўраб юзини беркитиб юрган аёлларни руҳонийлар деб аташга ўрганиб қолганмиз. Эшитишимча, христианлар ҳам ўз аёлларини ёки эркакларини руҳонийлар деб чақиришади. Тўғри айтяпмизми ёки бошқачароқ айтиш керакми?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Рўмол ўраб, юзини беркитиб юрган аёлларни руҳонийлар дейиш ҳақида диний кўрсатмалар йўқ. Бу гапни мен биринчи бор сизнинг ушбу саволингиздан билиб турибман. Рўмол ўрайдиган аёллар оддий равишда рўмол ўрайдиган аёл деб аталади.
Христианлардаги сиз руҳоний деб атаган шахслар диний истилоҳда «Роҳиб» деб аталади. Улар ўз диний талимотлари асосида таркидунё қилишга қарор қилган эркак ва аёллардир.
Бизнинг динимизда бу каби роҳбанийлик йўқ. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом «Исломда роҳбанийлик йўқ», деганлар.
Муслима аёллар ўрайдиган рўмол диний таълимот бўйича тарки дунё аломати ҳисобланмайди. Балки ҳар бир муслима аёл-қиз сатри аврат учун ўрайдиган, бир жиҳатдан миллийлик аломати бор бош кийим ҳисобланади. Валлоҳу аълам.