1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савдо, тижорат

ШУФЪА

05:00 / 17.02.2017 5084 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ШУФЪА

«Шуфъа» луғатда, қўшиш маъносини англатади. Шариатда эса эски шерикка шериклик нарсани сотиб олиш имтиёзи мажбуран берилишини, англатади. Яхшироқ тушуниб олиш учун мисол келтирайлик: Икки киши шерик бўлиб бир ҳовли олишган. Вақт ўтиб, бирлари ўз ҳиссасини сотмоқчи бўлса, ўша сотиладиган қисмини олиш имтиёзи эски шеригига берилади. У хоҳласа, биров қарши чиқа олмайди, ҳатто сотаётган шериги ҳам, сендан бошқага сотаман, дея олмайди.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир тақсимланмаган нарсада шуфъага ҳукм қилдилар. Бас, қачон чегаралар воқе бўлса ва йўллар очилса шуфъа йўқдир». Бешовлари ривоят қилган.
Муслимнинг лафзида: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тақсимланмаган ҳар бир шериклик нарсада: уй ёки боғга ўхшаш, шуфъага ҳукм қилдилар. Унга шеригининг изнини олгунча сотиш ҳалол бўлмайди. Агар хоҳласа, олади, хоҳласа, тарк қилади. Бас, қачонки ундан изн сўрамай сотса, у ўша нарсага ҳақли бўлади», дейилган.
Шарҳ: Ҳадиси шарифда «Ҳар бир тақсимланмаган нарсада» дейилганидан шуфъа кўчмас мулкда жоиз эканлигини кўрсатади, дейди баъзи уламолар.
Лекин, ҳовлига шериклар томонидан ҳар ким ўз чегарасини қуриб олган бўлса, ўзига алоҳида эшик очиб олган бўлса шуфъа ҳақи қолмайди.
Шериклик нарсанинг ўзига тегишли қисмини сотмоқчи бўлган одам аввало ўз шеригидан изн олиши керак экан. У хоҳласа ўзи олсин. Бу унинг ҳақи. Ўзи олишни хоҳламаса, бошқага сотишга изн берсин. Аммо, шерикдан изн сўрамай сотиш ҳаром. Агар шеригидан изн олмай сотиб юборса, бу савдонинг ўтиш - ўтмаслиги шерикка боғлиқ бўлади. У рози бўлса ўтади. Рози бўлмаса, ўзим оламан, деса ҳақи бор.

Абу Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Қўшни яқинлиги сабабидан ҳақлироқдир» деяётганларини эшитдим». Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.
Насафийнинг лафзида: «Бир одам келиб: «Эй, Аллоҳнинг Расули, еримда бировнинг шериклиги йўқ, тақсим қилиш ҳам йўқ. Магар қўшнилик бор», деди.
«Қўшни яқинлиги сабабидан ҳақлироқдир», дедилар».
Шарҳ: Ушбу ҳадисга биноан Ҳанафий мазҳаби уламолари қўшнининг ҳам «шуфъа» ҳақи бор, деганлар.
Бир одам ўз ҳовлиси, уйини сотмоқчи бўлганда олдин қўшнисига маслаҳат қилиши, у олмаса, бошқага сотиши керак. Бошқа мазҳаблар эса бу ҳадисдаги қўшнидан мурод, шерик, шунинг учун қўшнининг шуфъа ҳақи йўқ, дейдилар.

Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳовли қўшни қўшнисининг ҳовлисига ва ерига ҳақлироқдир», дедилар».
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ҳам Ҳанафий мазҳаби уламоларининг қўшнининг шуфъага ҳақи бор, деган ҳукмларига асос бўлган далиллардан бири.
Ҳанафий уламолар биринчи ҳадисда келган, «Бас, қачон чегаралар воқе бўлса ва йўллар очилса шуфъа йўқдир» деган жумла Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гаплари эмас, балки ровий қўшган гапдир, дейдилар.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қўшни ўз қўшнисининг шуфъасига ҳақлидир. Агар йўллари битта бўлса, у ғоиб бўлса кутиб турилади», дедилар». Иккисини Сунан эгалари ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадис ҳам қўшнининг шуфъа ҳақи борлигини таъкидламоқда.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қўшни ўз қўшнисининг деворига ёғочини ўрнатишидан ман қилмас», дедилар. Сўнгра Абу Ҳурайра:
«Не бўлдиким, мен сизни бундан юз ўгирганингизни кўрмоқдаман. Аллоҳга қамаски, мен у билан сизнинг елкаларингизга ураман», деди».
Учовлари ривоят қилган. Аллоҳу аълам.
Шарҳ: Қўшнининг қўшнида ҳақи борлигидан унинг деворига ёғочини ўрнатишидан ман қила олмас экан. Бу маънони ўша пайтда ҳам баъзи кишилар унута бошлаганидан улуғ саҳобий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу қасам ичиб таъкидлаган эканлар.
Ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган нарсага амал қилишга ҳарис бўлишимиз керак. Ҳеч қачон ўз қўшиниларимиз ҳақларини поймол қилмаслигимиз лозим.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Турли сабабларга кўра ночор ҳолатга тушиб, қарздор бўлиб қолган одамга ёрдам бериш шариат таълимотларида турлича йўллар билан жорий қилинган. Жумладан, давоми...

7449 17:15 / 16.10.2018
Таърифи Жуола деб луғатда кишининг қилган иши эвазига бериладиган ҳаққа айтилади. Жуолага ижозат берган фуқаҳолар унинг таърифида шундай дейдилар Ишчининг давоми...

3809 05:00 / 17.02.2017
Бу мавзуда жуда кўп гапирилди, китобу мақолалар эълон қилинди. Биз ҳам маърифат излаган дилларга айрим нарсаларнигина эслатиб ўтишни мақсад қилиб олдик. Бу ерда давоми...

4806 05:00 / 17.02.2017
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким сути елинида тўпланган совлиқ сотиб олса, у одам уни соққанидан кейин икки давоми...

3679 05:00 / 17.02.2017
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021