1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Гуноҳи кабиралар

Етимнинг молини ейиш ва унга зулм қилиш

14:00 / 14.02.2019 5206 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло айтади:

«Етимларнинг молларини зулм йўли билан ейдиган кимсалар ҳеч шак-шубҳасиз, қоринларига оловни еган бўлурлар. Ва, албатта, дўзахга киражаклар!» (Нисо сураси, 10-оят).

Етимларнинг молларини ноҳақ ейдиган кимсалар аслида олов еган бўлиб, қиёмат куни қоринларида алангаланиб туради.

Суддий раҳматуллоҳи алайҳ айтганлар: «Етимнинг молини зулм йўли билан ейдиган кимса қиёмат кунида қайта тирилганида, олов алангаси унинг оғзи, бурни, қулоқ ва кўзларидан чиқиб туради. Уни кўрган ҳар бир одам у етим молини еганини дарҳол билиб олади».

Аллоҳ таоло етим моли ҳақида:

«У молларни исроф қилиб ва (эгалари) катта бўлиб қолмасин, деб шошилиб еб қўйманглар. (Етимни ўз қарамоғига олган) киши агар бой бўлса, (етимнинг молидан) парҳез қилсин, камбағал бўлса, яхшилик билан (яъни, қилган хизматига яраша) олиб есин» (Нисо сураси, 6-оят).

Уламолар: «Яхшиликдан ортиқчасини ейиш ҳаром бўлади», дейишган. Ибн Жавзий ўз тафсирларида яхшилик билан ейиш ҳақидаги тўрт хил қарашни келтирганлар:

1. Қарз ҳисобида олиш.

2. Исроф қилмасдан эҳтиёжига яраша олиб ейиш.

3. Етим учун қилган хизматига яраша олиш.

4. Зарур бўлиб қолганда олиб, имкони бўлганда қайтариш, агар имкони бўлмаса қайтармай қўяверади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Етимни қарамоғига олган одам мен билан жаннатда мана бундаймиз» дедилар-да, кўрсаткич ва ўрта бармоқларига ишора қилиб, орасини сал очиб қўйдилар» (Бухорий ривояти).

Етимни қарамоғига олиш дегани уни тарбиялаш, едириб-ичириш, кийдириш ва агар мол-мулки бўлса, уни кўпайтиришдир. Борди-ю, мол-мулки бўлмаса, унга Аллоҳ таолонинг розилигини истаб инфоқ-эҳсон қилинади.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимда ким мусулмонлар орасидаги етимни ўз таоми ва ичимлигига (яъни, ўз қарамоғига) олса, мабодо кечирилмайдиган гуноҳ (яъни, ширк) қилмас экан, Аллоҳ уни жаннатга, албатта, киритади» (Термизий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мен жаннат эшигини биринчи бўлиб очувчи шахсман. Фақат бир аёл мендан илдамроқ эканини кўраман. Ундан: «Сен кимсан?» деб сўрайман. У: «Мен етимларимга қараб ўтирган аёлман», дейди» (Абу Яъло ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қалби қаттиқлигидан шикоят қилди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Етимнинг бошини сила ва мискинга таом бер», дедилар» (Аҳмад ривояти, саҳиҳ ҳадис).

«Гуноҳи кабиралар» китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло айтади.Ораларингиздаги саволжавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош уруғларингиз билан ажралиб кетишдан сақланингиз, давоми...

7774 18:30 / 11.04.2019
Сен бир кишини ғийбат қиласан, қайсидир маънода у ҳақда суҳбатдошлар ичида салбий тушунча уйғотасан ва буни арзимас санайсан. Ҳолбуки, ғийбат улкан гуноҳлардан ва давоми...

2002 09:06 / 21.08.2025
Беодоб эркак ва аёллар билан дўстлашиш ҳам зинога олиб борувчи йўллардандир. Бундай инсонлар билан муносабат қуриш, улар билан дўст бўлиш гуноҳ ишларга давоми...

5223 18:24 / 11.07.2020
Аллоҳ таоло айтади.Аҳдга вафо қилинглар Зеро, аҳдпаймон Қиёмат куни масъул бўлинадиган ишдир, АлИсро сураси, 34.Зажжож айтадилар .Аллоҳ буюрган ва қайтарган барча давоми...

7513 16:00 / 10.12.2018
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021