1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Дуонинг фазли (тўртинчи ҳадис)

09:40 / 02.03.2019 3162 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кимни қийинчилик ва ғам-ғуссалар пайтида Аллоҳ уни ижобат қилиши масрур қилса, оройиш пайтида дуони кўпайтирсин», дедилар».

Шарҳ: Бу ҳақда имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи «Оройиш пайтида Аллоҳни танисанг, Аллоҳ сени шиддат пайтида танийди», деганлар.

Одатда биз – ожиз бандалар бошимизга мушкул ҳолат тушгандагина Аллоҳ таолога ёлвора бошлаймиз. Бошимизга тушган офатни тезроқ аритишини истаб қоламиз.

Аммо ишимиз ўнгланиб кетса, дуо қилиш эсимиздан чиқади. Худди ҳеч нарса бўлмагандек юраверамиз.

Мазкур нотўғри ҳолат Қуръони каримнинг «Юнус» сурасида қуйидагича васф қилинади:

«Қачонки инсонга зарар етса, ёнбошлаган, ўтирган ёки турган ҳолида Бизга дуо ‎‎қиладир. Ундан зарарини кетказсак, худди ўзига етган зарар ҳақида Бизга дуо ‎‎қилмагандек, кетаверадир. Исрофчиларга қилаётган амаллари ана шундай чиройли ‎‎кўрсатилди» (12-оят).

Инсон боласининг иши юришиб турганида, ўзи соғ-саломат, тинч-омон ва роҳат-фароғатда бўлганида ҳеч нарса билан иши йўқ, бу дунё ҳаётида мағрур бўлиб юраверади. Албатта, Аллоҳ ҳидоятга бошлаган мўмин-мусулмонлар бундан мустасно.

Аммо мағрурланиб юрган ўша инсоннинг соғлиғига, тинчлигига ёки роҳатига путур етса, бошига мусибат келса, дарҳол ёдига Аллоҳ тушади. Ҳа:

«Қачонки инсонга зарар етса, ёнбошлаган, ўтирган ёки ‎турган ҳолида Бизга дуо ‎‎қиладир».

Оғир кунда қолган инсон, ким бўлишидан қатъи назар, ёнбошлаган, ўтирган ёки тик турган ҳолида, яъни ҳар қандай ҳолатда Аллоҳга ёлворишни бошлайди. Ҳатто энг катта кофир, фосиқлар ҳаётида ҳам бундай воқеалар рўй берганига тарихда мисоллар кўп. Турли мусибатлардан кейин дин йўлига кирганларнинг кўплиги ҳам шу ҳолга далилдир. Аммо афсуски, кўпчилик бундан ўзига яраша хулоса чиқариб олмайди. Бошига мусибат тушганида Аллоҳга ёлворади-ю:

«Ундан зарарини кетказсак, худди ўзига етган зарар ‎ҳақида Бизга дуо ‎‎қилмагандек, кетаверадир».

Яна аввалгидек, бу дунё ҳаётига ўзини уради. Аллоҳни унутади. Ўзининг бандалигини унутади. Бир кун келиб, бошига яна қайта мусибат тушиши мумкинлигини ҳам унутади. Ҳеч нарсадан тап тортмай, ибрат олмай, олдинги ҳолига тушиб қолади.

Бундай кимсаларни Аллоҳ таоло оятда «исрофчилар» деб атамоқда ва бошларига мусибат тушганида Аллоҳга ёлвориб, мусибат кўтарилганида ҳеч нарса бўлмагандек кетаверишларини «исрофгарчилик» деб васф қилмоқда. Ҳамда бу ишлари ўзларига зийнатли – чиройли бўлиб кўринишини таъкидламоқда:

«Исрофчиларга қилаётган амаллари ана шундай ‎чиройли ‎‎кўрсатилди».

Аммо бунинг оқибати яхшиликка олиб бормайди. Бунга олдин ўтган исрофчиларнинг аҳволи ҳам далилдир.

Аслида эса ишимиз юришиб турган пайтда Аллоҳ таолога дуо қилиб туришимиз лозим. Ҳеч бўлмаса, юришиб турган ишимизнинг бардавом бўлишини сўраб дуо қилишимиз керак.

«Ҳаёт ва ҳадис» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳотим Розий ўзининг илм йўлидаги ҳаракати ҳақида шундай ҳикоя қилади .Басра шаҳрида саккиз ой қолдим. Ўзи у ерда бир йил қолмоқчи эдим, лекин ейишга егулигим давоми...

2336 08:00 / 06.08.2020
111. Чин дўстлар билан боғлиқ уч нарса бўлади1. Ундай дўстларни топиш қийин бўлади.2. Ундай дўстларни тарк этиш қийин бўлади.3. Ундай дўстларни унутишнинг иложи давоми...

5407 11:03 / 01.04.2017
Абу Ҳиббон Таймийдан ривоят қилинади .Мужаммиъ ибн Самғон Таймий ўғлининг жанозасида йиғлаётганини кўриб, .Нима учун йиғлаяпсиз, дедим. У .Ота боласи учун қандай давоми...

2073 08:00 / 13.11.2019
Мужолид ибн Саъиддан ривоят қилинади .Шаъбийдан .Шурайҳ тулкидан ҳам айёр, деган ибора қаердан келиб чиққан, деб сўрадим. Шаъбий шундай деди .Шурайҳ деган одам вабо давоми...

2025 08:00 / 19.11.2020
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021