1447 йил 5 зулқаъда | 2026 йил 22 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Энг улуғ куёв

09:50 / 11.03.2019 4376 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

II

Ўша вақтларда уйланиш учун аёлни эр томон излар эди. Аввал аёл томондан гап чиқиши уят ҳисобланар эди. Аммо қизи бева қолган Умар ибн Хаттоб янгича йўл қўллашга ўтдилар. У кишининг ўзлари Ҳафсага муносиб киши ахтара бошладилар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу узоқ ўйладилар. Ўша пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари – Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг завжалари Руқайя розияллоҳу анҳо ҳам вафот этган эдилар.

Бир куни Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг олдиларига Умар ибн Хаттоб келиб, салом бердилар. Икковлари бир оз гаплашиб ўтиришди. Умар розияллоҳу анҳу ҳазрати Усмон ибн Аффоннинг маҳзунликларини кўтариш мақсадида:

«Агар истасанг, Ҳафсани сенга никоҳлаб берай», дедилар.

Аммо Усмон ибн Аффоннинг ҳали дардлари аригани йўқ эди. У кишининг кўнглига қил сиғмас эди. Шундай бўлса ҳам, қадрдон дўстининг кўнгли учун:

«Бир ўйлаб кўрарман», деб қўйдилар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу анча кутдилар. Аммо Усмон ибн Аффондан ҳеч гап чиқмади. Бир куни учрашиб қолганларида эса «Ҳозирда уйланишга ҳеч рағбатим йўқ», дедилар.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бир гап демасалар ҳам, кўнгиллари бир оз ранжиди. Сўнг Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдиларига бориб, у кишига ҳам арз қилдилар. Аммо Абу Бакрдан чурқ этган садо чиқмади. У киши ўзларини қўйгани жой топа олмай қолдилар.

Албатта, одатда бундай пайтларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилинарди. Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, бўлган воқеани айтиб, Усмон ва Абу Бакр розияллоҳу анҳулардан шикоят қилгандек бўлдилар.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига:

«Ҳафсага Усмондан яхши киши уйланажак, Усмон Ҳафсадан яхши кишига уйланажак», дедилар.

Имом Бухорий Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Ҳафса Хунайс ибн Ҳузофа ас-Саҳмийдан бева қолди. У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бўлиб, Мадинада вафот этган эди. Бас, Умар айтади:

«Ҳафсани Усмонга тақдим қилдим. У «Бу ишга бир қараб кўрай-чи», деди. Бир неча кеча кутдим. Сўнг у менга учрашиб, «Ҳозирги кунда уйланмай турганим маъқулга ўхшайди», деди.

Абу Бакр Сиддиққа учрадим ва «Агар хоҳласанг, сенга Ҳафсани никоҳлаб бераман», дедим. Абу Бакр индамади. Ўшанда Усмондан аччиғим чиққанидан кўра кўпроқ аччиғим чиқди.

Бир неча кундан сўнг унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам совчи бўлдилар ва мен уни у зотга никоҳлаб бердим. Сўнгра Абу Бакр менга учраб:

«Эҳтимол, Ҳафсани менга тақдим қилганингда ва мен сенга жавоб бермаганимда аччиғинг чиққан бўлса керак?» деди.

«Ҳа», дедим.

«Мени сенга жавоб беришимдан фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уни зикр қилганларини эшитганим ман қилган эди, холос. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сирларини очишим мумкин эмас эди. Агар у зот тарк қилсалар, қабул қилишим мумкин эди», деди Абу Бакр».

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудек ҳассос инсоннинг бева қолган қизлари Ҳафсага кўнгилдагидек аҳли фазл йўлдош ахтаришга ҳаракат қилганликлари очиқ-ойдин кўриниб турибди.

Баъзи кишилар бу ишни ор ҳисоблашади. «Қизи бор одам қандай қилиб ўз қизини бировга хотинликка тақдим этиши мумкин? Қизи бор одам совчи келган чоғда ҳам ноз қилиб туриши лозим», деган фикрда бўладилар. Бу урф-одатга боғлиқ нарса бўлиб, шариатга мутлақо алоқаси йўқ нарсадир.

Мана, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуни олиб кўрайлик. Шариатга энг қаттиқ амал қиладиган одамлардан бири, ҳасаб-насаблари, ижтимоий ҳолат, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинликлари, кишилар орасидаги ҳурмат-эътиборлари ҳавас қиларли даражада. У кишининг қизлари Ҳафсанинг ҳам ҳеч бир камчиликлари йўқ. Ҳазрати Умар ҳеч бир ноз қилмай, совчи кутиб ўтирмай, аҳли фазл куёв ахтарганлар.

Ҳазрати Усмонга «Менинг қизимни ол», деб илтимос қилганлар. Бир неча кун ўтиб, яна қайтиб бориб, сўраганлар. Охири рад жавобини олганлар. Шунинг ўзи ҳар қандай ота учун анчагина зарба бўлиб тушиши керак эди. Аммо Умар розияллоҳу анҳу бу билан кифояланмадилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг олдиларига бориб, Ҳафсага уйланишни таклиф қилдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўзларини ғалати тутдилар: «ҳа» ҳам демадилар, «йўқ» ҳам демадилар. Индамай кетавердилар. Бу ҳолат Умар розияллоҳу анҳунинг аччиқларини чиқарди. Лекин кўп ўтмай, энг муносиб, энг яхши, энг улуғ куёв топилди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари Ҳафсага уйланиш истагини билдирдилар ва уйландилар.

Ана шундан сўнг Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўзларининг ғалати тасарруфларининг сирини очдилар. У киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳафсага уйланиш ниятлари борлиги ҳақидаги гапларини эшитган эканлар. Буни Умар розияллоҳу анҳуга айтолмас эдилар. Чунки бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсий сирлари ҳисобланар эди.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умму Ҳабиба онамиз розияллоҳу анҳо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан 65та ҳадис ривоят қилганлар. Баъзи уламоларнинг таъкидлашларича, у киши бу борада Оиша давоми...

3492 16:12 / 22.01.2020
Золим подшоҳИброҳим алайҳиссалом, Лут ва Сора Мисрга келиб, Нилга яқин жойда маскан қилишди. Ўша вақтда бу ерда ўта золим, подшоҳ ҳукмронлик қилар эди. Аёлларни давоми...

3880 17:00 / 19.11.2020
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинлариникида навбати билан тунар эдилар. Ўшанда навбатлари Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ҳужраларида эди. Расулуллоҳ давоми...

4710 14:50 / 20.05.2024
Юсайро розияллоҳу анҳо шундай дейдиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга шундай марҳамат қилдилар .Эй, аёллар Аллоҳга тасбеҳ, таҳлил ва тақдис муқаддаслаш давоми...

5058 15:15 / 29.08.2020
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151234 14:35 / 11.08.2021