1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Муте аёлнинг фазилати

09:40 / 27.03.2019 5788 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таолодан қўрқувчи аёл Аллоҳга ва эрига астойдил итоат қилиши, розилигини қозонишга жидду жаҳд билан ҳаракат қилиши лозим. Зеро, эр аёлнинг жаннати ёки дўзахидир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларки: «Қайси аёл вафот этса-ю, эри ундан рози бўлса, жаннатга киради» (Термизий, Ҳоким ривояти).

Бошқа бир ҳадиси шарифда: «Агар аёл беш вақт намозини ўқиса, фаржини – иффатини сақласа ва эрига итоат қилса, жаннатнинг истаган эшигидан киради», дейилган (Ибн Ҳиббон ривояти).

Ривоят қилинадики, эрига итоаткор аёл ҳақига, модомики эри ундан рози бўлар экан, ҳаводаги қушлар, сувдаги балиқлар, осмондаги фаришталар ҳамда қуёш ва ой истиғфор айтади.

Қайси бир аёл эрига осийлик қилса, унга Аллоҳнинг, фаришталар ва барча инсонларнинг лаънати ёғилади.

Қайси бир аёл эрининг юзига хўмрайиб қараса, то эрига табассум қилиб, кўнглини олмагунича, Аллоҳ ундан норози бўлади.

Қайси бир аёл уйидан эрининг рухсатисиз чиқса, то қайтгунича, унга фаришталар лаънат айтишади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларки: «Дўзахга боқиб, унинг кўпчилик аҳли аёллар эканини кўрдим».

Бунинг сабаби аёллар Аллоҳ ва Расулига ҳамда эрларига кам итоат қилиб, кўп ясан-тусан қилишларидир. Яъни, улар кўчага чиққанларида пардоз-андоз қилиб, ўзларига зеб бериб, чиройли, ялтир-юлтир кийимларини кийиб, бегона эркакларни фитнага солиб юрадилар. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёл киши авратдир. Агар у уйидан чиқса, шайтон унга кўз тикади», деганлар (Табароний ривояти).

Аёл қанчалик уйида муқим бўлса, шунчалик Аллоҳга яқин бўлади.

Бошқа бир ҳадиси шарифда шундай дейилган: «Аёллар авратдир. Бир аёл уйидан чиқади ва унинг хаёлида ёмонлик бўлмайди. Бироқ шайтон унга кўз тикади ва: «Сен қайси эркакнинг олдидан ўтсанг, уни ажаблантирдинг», дейди. Аниқки, бир аёл кийимларини кийиб олади. Унга: «Қаёққа кетяпсан?» дейилса, у: «Касални кўриб келаман» ёки «Жанозага қатнашаман» ва ё «Масжидда намоз ўқийман», дейди. Ҳолбуки, ҳеч бир аёл Раббига уйда ибодат қилганидек ибодат қилган эмас» (Табароний ривояти).

Шайтон аёлнинг елкасига миниб олишининг сабаби – у уйидан ташқарига чиққан ва шайтон ўзига ҳоким бўлиб олишига йўл очиб берган. Ҳеч бир аёл Раббига ибодат қилиб, эрига итоат қилиб, уйида ўтирганичалик, Аллоҳ розилигини қозонишга интилмаган.

Али розияллоҳу анҳу аёллари Фотимадан: «Эй Фотима, аёл киши учун энг яхши нарса нима?» деб сўраганларида, у зоти шарифа: «У (бегона) эркакларни кўрмаслиги ва (бегона) эркаклар уни кўрмаслиги», дея жавоб берганлар.

Али розияллоҳу анҳу: «Уялмайсизларми? Рашкингиз келмайдими?! Хотинингиз эркаклар орасига чиқиб юришига имкон берасизлар-да, яна у уларга қарайди, улар унга қарайди, дейсизлар», дер эдилар.

Умму Салама розияллоҳу анҳо айтадилар: «Маймуна иккимиз (булар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллардир) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида эдик. Бир пайт Ибн Умму Мактум кела бошлади. Бу воқеа ҳижобга буюрилганимиздан кейин бўлаётган эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ундан ҳижобланинглар (ўзингизни парда ортига олинглар)» дедилар. Биз: «Ё Расулуллоҳ, у киши кўр эмасми? Бизни кўрмайдилар-ку», деган эдик, у зот: «Нима, сизлар ҳам кўрмайсизларми? Уни кўрмаяпсизларми?» дедилар» (Абу Довуд, Термизий ривояти).

Эркаклар номаҳрам аёллардан кўзларини тийишга буюрилганларидек, аёллар ҳам номаҳрам эркаклардан кўзларини тийишга буюрилганлар.

Мабодо, аёл киши ота-онасини ёки қариндошларини зиёрат қилиш, ҳаммомга бориш каби зарурий ишлар учун ташқарига чиқишга мажбур бўлса, ясан-тусан қилмасдан, ўзига оро бермасдан, кенг, қалин кийим кийиб, эрининг рухсати билан чиқсин. Йўлда кетаётганида у ёқ-бу ёққа алангламасдан, ерга қараб, йўл четидан юриши лозим. Илло, осий бўлади.

Ҳикоя қилишларича, бир аёл уйидан ташқарига чиққанда ясан-тусан қилиб юрар эди. У вафот этгач, қариндошларидан бири тушида уни кўрибди. У Аллоҳ азза ва жалла ҳузурига юпқа кийимда борибди. Шу пайт бирдан шамол эсиб, аёл очилиб қолибди. Аллоҳ таоло ундан юз ўгирибди-да: «Уни чап томонидан ушлаб дўзахга ташланглар. У дунёда ясан-тусан қилувчилардан эди», дебди.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Биронта аёл дунёда эрига озор берса, у (киши)нинг ҳурул ийнлардан бўлган хотини: «Аллоҳ ҳалок қилгур, унга озор берма. У сенинг олдингда вақтинча меҳмон холос. У яқинда сендан ажраб, бизга келади», дейди» (Термизий ривояти).

«Гуноҳи кабиралар» китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қози Абу Бакр ибн Абдулбоқий Баззор Ансорий Бағдодийдан ҳижрий 535 санада вафот этган ривоят қилинади .Макканинг яқинида яшар эдим. Бир куни жуда оч қолдим, аммо давоми...

3455 08:00 / 25.11.2020
Абдурраҳмон ибн Зайд айтади .Бир куни Абу Ҳозимга шундай дедим .Мени бир нарса хафа қилади,. .Эй биродаримнинг ўғли, нима экан у, деб сўради Абу Ҳозим. .Дунёга давоми...

3240 07:30 / 11.04.2019
Аллоҳнинг пайғамбарларига иймон келтириш ҳам ғоятда пурҳикмат ишдир. Аллоҳ таоло инсонлар ичидан Ўзига пайғамбар танлаб олишининг ўзи инсоният учун улкан давоми...

2669 18:30 / 07.04.2020
Баъзи араб луғати олимлари дуч келган уламолар билан сабабли .Музокара, деб лақабланганлар. Ҳофиз Ибн Ҳажар .Нузҳатул албаб фил алқоб, да айтади .Музокара деб давоми...

2760 15:50 / 01.02.2020
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021