1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Нубувват хонадонида (давоми)

12:00 / 30.03.2019 3393 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳафса онамиз розияллоҳу анҳо Қуръони каримни тўлиқ ёд олганлар ва унинг тафсирини ҳам яхши билар эдилар. У кишининг бу даражага етишларига биринчи устозлари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан олган дарслари сабаб бўлган эди. Ҳафса онамиз билмаган нарсаларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраб олишни малол кўрмас эдилар. Кези келганда эса ўз фикрларини билдиришдан ҳам тоймас эдилар.

Муслим, Абу Довуд ва Термизий раҳматуллоҳи алайҳим қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳафсанинг олдида:

«Иншааллоҳ, дарахт соҳибларидан биттаси ҳам дўзахга кирмайди», дедилар.

«Йўғ-е, эй Аллоҳнинг Расули», деди у.

У зот уни зажр қилдилар. Шунда у:

«Аллоҳ таоло «Сиздан унга яқинлашувчи бўлмаган ҳеч ким йўқ», деган-ку?» деди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ундан кейин Аллоҳ таоло «‎Сўнгра тақво қилганларга нажот берамиз ва ‎золимларни унда тиз чўккан ҳолларида қолдирамиз‎», деган-ку», дедилар».

Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Ҳафса онамиз ораларидаги далил суриштириш васф қилинмоқда.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳафсанинг олдида:

«Иншааллоҳ, дарахт соҳибларидан биттаси ҳам дўзахга кирмайди», дедилар».

«Дарахт соҳиблари» Ҳудайбия ҳодисасида иштирок қилган саҳобаи киромлар бўлиб, улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга дарахт остида байъат қилишган. Ўша машҳур байъатнинг номларидан бири «дарахт байъати» бўлиб қолган. У байъатда иштирок этганлар эса «дарахт соҳиблари» деб номланадилар.

Аллоҳ таоло Ўз каломида улар ҳақида:

«Батаҳқиқ, Аллоҳ мўминлардан дарахт остида ‎сенга байъат қилаётганларида рози бўлди. Бас, ‎уларнинг қалбларидагини билди, уларга ‎сокинликни туширди ва яқин фатҳ ила ‎мукофотлади‎», деган (Фатҳ сураси, 18-оят).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ана ўша зотлардан бирортасининг ҳам дўзахга тушмасликларини таъкидлаб айтганларида олдиларида Ҳафса онамиз ҳам бор эканлар. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гапларини эшитишлари билан:

«Йўғ-е, эй Аллоҳнинг Расули», деди».

Қизиқ гап бўлди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир гапни айтсалар, завжаи мутоҳҳараларидан бирлари бошқача гап қилиб турибдилар.

«У зот уни зажр қилдилар».

Ҳалиги айтган гаплари учун Ҳафса онамизга танбеҳ бердилар. Аммо Ҳафса онамиз ҳам ўзларича кўнгилларига келган гапни айтмаган эканлар. У кишининг ҳам далиллари бор экан. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга жавобан ўша далилни айтдилар:

«Аллоҳ таоло «Сиздан унга яқинлашувчи бўлмаган ҳеч ким йўқ», деган-ку?» деди».

Яъни «Аллоҳ таоло Қуръони каримда «Сиздан у дўзахга яқинлашмайдиган – кирмайдиган киши йўқ» деган. Бу «Албатта, ҳамманинг ҳам дўзахга бир кириши бор», деганидир. Шундай бўлгач, дарахт эгалари ҳам киришлари бор бўлади», дедилар.

Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳафса онамизга масаланинг ҳақиқатини англатдилар.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ундан кейин Аллоҳ таоло «Сўнгра тақво қилганларга нажот берамиз ва ‎‎золимларни унда тиз чўккан ҳолларида қолдирамиз», деган-ку», дедилар».

Яъни «Тақво қилганлар дўзахдан нажот топурлар. Уларнинг дўзах устидаги кўприкдан ўтишлари юқоридаги оят юзасидан, дўзахга яқинлашиш ҳисобига бўлур».

Ҳафса онамизнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳбуба аёллари бўлишлари у кишининг яқинлари учун ҳам катта фахр манбаси эди. У кишининг оталари Умар розияллоҳу анҳунинг ўзларини қандай тутишларини аввал кўриб ўтдик. Ҳафса онамизнинг укалари Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг ҳам бу яқинликдан қандай фойдаланганини келгуси ривоятдан ўрганамиз.

Бухорий, Муслим ва Термизийлар Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Тушимда қўлимда бир парча шойи борлигини кўрдим. Унга жаннатнинг қаерига ишора қилсам, ўша ерга мени учириб олиб борар эди. Бас, мен уни Ҳафсага айтиб бердим. У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга айтган экан:

«Албатта, уканг солиҳ одамдир» ёки «Абдуллоҳ солиҳ одамдир», дебдилар».

Бу ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг солиҳ одам экани таъкидланмоқда. Бу эса Абдуллоҳ ибн Умар учун фазл устига фазлдир. У киши ўзларига берилган бу баҳони Ҳафса онамиз орқали билганлар. Абдуллоҳ ибн Умар ушбу гапни эшитганларидан кейин таҳажжуд намозини тарк қилмаганлар. Бунга ҳам Ҳафса онамиз сабаб бўлганлар.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.У киши Убайдуллоҳ ибн Жаҳшнинг хотини эдилар. Бас, у Ҳабашистон ерида ўлди. Шунда Нажоший уни Умму Ҳабибани давоми...

3021 15:06 / 24.06.2020
Ҳафса бинти Умар розияллоҳу анҳо қандай хонадондан эканликларини таърифлаб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак. У кишининг оталари иккинчи халифа Умар ибн Хаттоб давоми...

4814 20:10 / 06.03.2019
Аёлларнинг вакиласи Умму Салама онамиз аёлларнинг ўзларига хос ҳассослик билан масалани яна ойдинлаштиришни ирода қилиб.Ундай бўлса, оёқлари очилиб қолади,, давоми...

5244 14:20 / 18.09.2019
Дунё мўъжизаларга бой бўлиб, улардан бири она сутининг мўъжизаси энг ҳайратланарлисидир. Гўдак туғилиб чинқириб йиғлайди, она кўкрагини боланинг оғзига солиши давоми...

7571 16:12 / 08.07.2020
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021