1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Шаъбон ойи рўзаси

08:30 / 15.03.2021 14009 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Рамазондан бошқа ойнинг рўзасини тўлиқ тутганларини кўрмадим. Шаъбонда тутганчалик кўп рўза тутганларини ҳам кўрмадим. Унинг кўп қисмида эмас, балки ҳаммасида рўза тутар эдилар (десак ҳам бўлаверади)».

Тўртовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ривоятда асосан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фақат Рамазон ойининг рўзасини тўлиқ тутганларини билиб оламиз. Чунки Аллоҳнинг амри шундай. Рамазондан кейин энг кўп рўза тутиладиган ой Шаъбон экан.

Умму Салама розияллоҳу анҳо: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Шаъбон ва Рамазондан бошқада икки ой кетма-кет рўза тутганларини кўрмадим», дедилар». 

Термизий яхши санад билан ривоят қилган.

Шарҳ: Шаъбон ва Рамазон ойлари кетма-кет келиши маълум, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шу икки ойнинг рўзасини тутган эканлар. Бундан ҳам Шаъбон ойи рўзасининг фазилатли эканлигини билиб оламиз.

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишига:

«Бу ойнинг ўртасида бирор нарса тутдингми?» дедилар. Ҳалиги киши:

«Йўқ», деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Унда Рамазондан (сўнг) оғзинг очиқ бўлганда унинг ўрнига икки кун рўза тут», дедилар».

Икки Шайх ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бошқа бир ривоятда:

«Шаъбоннинг ўртасида рўза тутдингми?» деганлар. У киши «Йўқ», деганидан кейин:

«Ундай бўлса, оғзинг очиқ бўлганида зиммангдаги ўрнига икки кун рўза тут», деганлар.

Бундан Шаъбон ойида ҳеч бўлмаса икки кун рўза тутиш кераклиги келиб чиқади.

Ўз-ўзидан «Нима учун Шаъбон ойида нафл рўза тутишга бунчалар аҳамият берилади?» деган савол пайдо бўлади.

Бу саволнинг жавобини Имом Насаий Усома розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисдан топамиз. Унда қуйидагилар айтилади:

«Эй Аллоҳнинг Расули, ойлардан ҳеч бирида Шаъбонда рўза тутганингиздек рўза тутганингизни кўрмадим», дедим. 

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бу бир ойки, одамлар ундан ғофил қолурлар. У Ражаб билан Рамазоннинг орасида. Бу бир ойки, унда амаллар Роббил оламийнга кўтарилур. Менинг амалим кўтарилаётганда рўзадор бўлишни яхши кўраман», дедилар».

Бунинг устига, рўзаси фарз қилинган Рамазон ойидан олдинги ой – Шаъбонда рўза тутишни яхшилаб машқ қилиб, Рамазонга кирилса, унинг рўзаси яна ҳам мукаммал ва бенуқсон бўлади. Бу худди фарз намоздан олдин суннат намоз ўқиб, яхшилаб тайёргарлик кўриб олишга ўхшайди.

Аввалги ўрганган ҳадисларимизда Рамазондан кейинги рўзаси энг афзал ой Муҳаррам ойи дейилган эди. Энди эса Шаъбон ҳам шу маънога даъвогар бўлиб қолмоқда. Шунинг учун ҳам баъзи уламоларимиз «Муҳаррам ойи рўзасининг афзаллиги Рамазон ва Шаъбонникидан кейин», деганлар.

Ушбу фаслда ўрганган ҳадисларимизда Шаъбон ойида иложи борича кўпроқ рўза тутишга тарғиб қилинмоқда. «Рўза тутиш ман қилинган кунлар» фаслида эса «Шаъбон ойи охиридан бир ёки икки кун рўза тутиш ҳаром», «Шаъбон ойининг ўн олтинчисидан бошлаб рўза тутиш макруҳ», дейилган эди. Шу ерда «Булар бир-бирига қарама-қарши ҳукмлар эмасми?» деган савол туғилиши табиий. Жавоб шуки, бу ерда ҳеч қандай қарама-қаршилик йўқ. Чунки ўша «Рўза тутиш ман қилинган кунлар» фаслининг ўзида ҳам «Агар рўза тутишга одатланган бўлса…», деган жумла бор. Демак, Шаъбон ойида доимо нафл рўза тутишга одатланган одам тутаверади. Аммо одатланмаган бўлса-ю, Рамазон кириб қолган бўлса, нима бўлади, деган васваса билан кишилар ўртасида ихтилоф пайдо қилиши мумкин бўлган рўзадан наҳий қилинган.

Демак, ўртада ҳеч қандай қарама-қаршилик йўқ.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Нуҳ ибн Иброҳим қизини турмушга бермоқчи бўлиб, мажусий қўшнисидан маслаҳат сўради. Қўшниси .Во ажабо Ҳамма сендан маслаҳат сўрайди, сен бўлса мендан маслаҳат давоми...

2923 07:10 / 19.07.2019
Фазилатли имом, муҳаддис, шайх Муҳаммад Аввома илм ўрганаётган талабаларга қуйидаги уч дуони ҳар куни ўқиб юришни вазифа тарзида тавсия этдилар1. Расулуллоҳ давоми...

7850 10:45 / 13.03.2020
Савол Яқинда масжид имомининг .Фатавои Оламгирия, китоби ҳанафий фиқҳининг энг мўътабар манбаларидан бири, деганини эшитиб қолдим. Бу китобнинг муаллифи ким Бир давоми...

5042 11:05 / 09.09.2020
Андалус вазирининг ўғли ҳикоя қилади .Даҳлизда ўтирган эдим. Бир китоб кўчирувчига Абулфараж Исфаҳонийнинг .Ағоний, китобини кўчиришни буюргандим. У давоми...

3715 07:10 / 09.08.2019
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021