1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Қабрда жон жасадга қайтарилиши хусусида

17:30 / 23.04.2019 6871 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Инсон умри поёнига етиб қабрга дафн этилгач, унинг жони яна қайта жасадига киради. Бу масалада баъзи аҳли илмлар таваққуф қилиб қатъий қарорга кела олмаган бўлсалар-да, лекин аксар уламоларга кўра бу ҳақиқатдир. Аҳли суннат раиси имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ очиқ-ойдин шундай деганлар:

«Қабрда жоннинг жасадга қайта киритилиши ҳақдир!» (Ал-фиқҳ ал-акбар. Имом Абу Ҳанифа).

Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг узун бир ҳадисларида  ҳам бор:

«Бас, унинг руҳи жасадига қайтарилади…» (Имом Аҳмад ривоят қилган ва исноди саҳиҳ деган).

Бу ҳадис ва имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг шу сўзларига кўра, қабр азоби руҳгами, жасадгами ё икковигами, деб ихтилоф қилган баъзи мутааххирларнинг ихтилофига чек қўяди. Қабр азоби инсон руҳи ва жасадига биргаликда бўлади.

Шунингдек, бу масала билан жаҳмий ва мўътазилийларга ҳам раддия берилади. Чунки улар жони йўқ жасад азобланади, деб эътиқод қилиш мантиққа тўғри келмайди, деб айтишади.

Матнда имомимиз Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ «қабрда» деб айнан қабрни келтиришлари ғолибият эътибори билан. Аслида денгизда чўкиб балиқларга ем бўлганлар ҳам, йиртқич ҳайвонлар ҳужумига учраб ўлганлар ёки жасади парча-парча бўлиб йўқ бўлиб кетганлар ҳам юқоридаги масалага дохилдир. Аллоҳ ҳар қандай ҳолатдаги жасадга ҳам унинг руҳини қайтаришга қодир Зотдир!

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

«Аллоҳнинг йўлида қатл бўлганларни ўликлар деб ҳисобламанглар. Балки улар тирик, Роббилари ҳузурида ризқланмоқдалар» (Оли Имрон сураси, 169-оят).

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, Уҳуд жангида шаҳид бўлган саҳобалар Аллоҳ тарафдан анвойи неъматлар билан ризқлантирилиб, жаннатнинг роҳат-фароғатларини тотишар экан, бир-бирларига «қани энди, ортимизда тирик қолган биродарларимиз бизнинг тириклигимизни ва ризқимиз етказиб бериб турилганини билишганида эди, Аллоҳнинг йўлидаги муҳорабаларда дангасалик қилишмаган бўларди… бизнинг ҳолимизни уларга ким етказиб қўяр экан-а» – дейишар экан. Шунда Аллоҳ таоло: «Мен етказаман» – дейди ва юқоридаги оятни нозил қилади. (Тафсир билмаъсур. Жалолуддин Суютий).

Машҳур саҳоба Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг ривоят қилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Бадр жангидан уч кун ўтгач яна Бадр майдонига келадилар ва: «Эй Абу Жаҳл, эй Умайя ибн Халаф, эй Утба ибн Робиъа, эй Шайба ибн Робиъа Роббингиз ваъда қилган нарсанинг ҳақлигини билмадингмизми?! Мен Роббим ваъда қилган нарсанинг ҳақлигини билдим» – дейдилар.

Буни Умар ибн Хаттоб ҳам эшитиб турган эди. У киши: «Эй Расулуллоҳ, улар қандай эшитишади ва қандай жавоб қайтаришади, ваҳоланки ҳаммаси ўлиб бўлишган бўлса? – деб сўрайди.  Шунда Расулуллоҳ: «Жоним эгаси бўлган Зотга қасам, сизлар улардан кўра яхшироқ эшитувчи эмассиз. (Улар ҳам сизлардек эшитади) Лекин жавоб қайтара олишмайди холос», – дедилар (Имом Муслим. 2874).

Ойбек Раҳимов,

Андижон тумани “Қорабош ота” жоме масжид имом-хатиби

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бизда турли омиллар сабабли ўтган яқинларни, хусусан, отаонани йўқлаб, уларга ортларидан савоб юбориш ниятида таом пишириб, одамларни чорлаш кенг тарқалган. Ҳатто давоми...

4351 20:00 / 30.03.2019
.Риё, сўзи кўриш маъносини англатади. Шариатда эса Аллоҳ учун эмас, хўжакўрсинга амал қилиш .риё, дейилади.Аллоҳ жалла шаънуҳу.Ким Роббига рўбарў бўлишни умид давоми...

2589 09:20 / 20.08.2019
Қози Шурайҳ айтадилар .Менга битта мусибат етса, Аллоҳ азза ва жаллага тўрт маротаба ҳамд айтаманБиринчиси ndash бундан ҳам каттароқ мусибат етмагани учун ҳамд давоми...

2028 07:10 / 11.08.2019
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ ато берилмаган,, давоми...

4386 14:00 / 26.08.2022
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021