1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Жаннатга ҳисобсиз кирадиганлар

19:24 / 02.12.2016 7649 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Менга умматлар кўрсатилди. Бас, бир набий ўта бошлади. У билан бирга бир уммат бор эди. Бир набий ўтди. У билан нафарлар бор эди. Бир набий ўтди. У билан ўн киши бор эди. Бир набий ўтди. У билан беш киши бор эди. Бин набий бир ўзи ўтди. Назар солсам, жуда кўп қора кўринди. Шунда мен: «Эй Жиброил! Анавулар менинг умматимми?» дедим.
«Йўқ. Лекин сен уфққа назар сол!» деди.
Қарасам, жуда катта қора кўринди. Шунда у: «Ана ўшалар сенинг умматинг. Уларнинг олдиларида етмиш мингтаси бор. Улар ҳисоб ҳам, азоб ҳам қилинмаслар», деди.
«Нима учун?» дедим.
«Улар куйдириш ила даволанмас, дам солдирмас, фол очдирмас эдилар ва Роббиларига таваккал қилар эдилар», дедилар.
Шунда Укоша ибн Миҳсон туриб у зотнинг олдиларига бориб:
«Аллоҳга дуо қилинг! Мени ўшалардан қилсин!» деди.
«Эй Аллоҳим! Уни ўшалардан қилгин!» дедилар.
Кейин бошқа бир киши туриб: «Аллоҳга дуо қилинг! Мени ҳам ўшалардан қилсин!» деди.
«Унга Укоша сенда ўзиб кетди», дедилар». 
Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир оғиз бўлса ҳам сўз эшитиш, ўз илмларини ортдиришга жуда ҳам зўр иштиёқли эдилар. Бу мақсад йўлида улар турли услубларни қўллар эдилар. Аксар ҳолларда масжиди набавийда ўтириб У зотни ҳужраи саодатдан чиқишларини кутар эдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу нарсани яхши билганлари учун иложи борича саҳобаларга кўпроқ таълимотларни етказишга ҳаракат қилар эдилар.
Ушбу ҳадиси шарифда у зот қиёмат куни бўладиган баъзи бир ҳодисалар ҳақида ахборот бермоқдалар. Унда турли набийлар турли ададдаги умматлари ила ўтганлари баён қилинмоқда. Уларнинг ичида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматлари энг кўп эканлиги таъкидланмоқда. Шу билан бирга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматларида етмиш минг киши ҳисоб китобсиз ва азоб уқубатсиз тўғридан тўғри жаннатга киришлари айтилмоқда ва уларнинг бу бахтга элтувчи сифатлари ҳам зикр қилинмоқда.
«Улар куйдириш ила даволанмас, дам солдирмас, фол очдирмас эдилар ва Роббиларига таваккал қилар эдилар».
Демак, жаннатга ҳисобсиз кирадиганлардан бўлиш учун тўрт сифатга эга бўлиш керак экан;
1-«куйдириш ила даволанмаслик» 
Бунда ҳам, баъзи яраларига тамға қиздириб босиб даволаганда жоҳилиятдаги каби, тамға қиздириб босиш шифо берди деган, Аллоҳ таолога ширк келтиришдан иборат бўлган эътиқодни қилмаслик кўзда тутилган.
2-«дам солдирмаслик»
Яъни, жоҳилиятнинг ширкдан иборат дам солишини талаб қилмайдиган, Ислом ижозат берган дам солишни ўз-ўзидан шифо беради деб эътиқод қилмайдиган, балки, шифо Аллоҳ таоло томонидангина бўлади, деган эътиқодда бўладиган.
3-«фол очдирмаслик»
Яъни, фалон нарса бўлди, энди ёмонлик етса керак. Пистон нарса кўринди, у шумқадам эди, энди ишлар чатоқ, каби эътиқодларни қилишдан йироқ бўлиш керак. Бу дунёдаги барча яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам фақатгина Аллоҳ таолонинг иродаси ила бўлади, деган қатъий ишонч билан яшаш керак.
4-«Роббиларига таваккал қиладиган»
Ҳамма нарсада фақат Аллоҳ таологагина суянадиган.
Ана ўша тўрт сифатни ўзида мужассам қилган киши жаннатга ҳисобсиз кирадиган етмиш минг киши ичида бўлар экан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу улкан башоратни эшитгандан кейин ҳамма ўзи ҳам ўша саодатманд кишилар ичида бўлишини орзу қилиб қолди ва…
«Шунда Укоша ибн Миҳсон туриб у зотнинг олдиларига бориб:
«Аллоҳга дуо қилинг! Мени ўшалардан қилсин!» деди.
Яъни, мен ҳам ўша жаннатга ҳисобсиз кирадиган етмиш минг киши бўлайин.

«Эй Аллоҳим! Уни ўшалардан қилгин!» дедилар.
Кейин бошқа бир киши туриб: «Аллоҳга дуо қилинг! Мени ҳам ўшалардан қилсин!» деди.
«Унга Укоша сенда ўзиб кетди», дедилар».
Яъни Укоша розияллоҳу анҳу ўзининг ўша етмиш минг киши қаторида бўлишини тилаб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан дуо сўраган. У зот дуо қилганлар. Ижобат соати бўлгани учун дуолари дарҳол қабул бўлган. Кейинги сўраган одам ўша соатдан кеч қолгани учун унга дуо қилмаганлар.
Ривоятларда бу одам ким эканлиги ҳақида маълумот йўқ. Эҳтимол, сўрови мувофақиятсиз чиққанидан хижолат бўлмасин деб номи зикр қилинмаган бўлса керак.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Мўъжиза, сўзи луғатда .ожиз қолдирувчи, деган маънони англатади. Яъни, мўъжиза нарсани бошқалар қилишдан ожиз қоладилар. Истилоҳда эса, Аллоҳ таолонинг изни ила давоми...

5465 22:51 / 02.12.2016
Қуёшнинг ўзининг одатда ботадиган томонидан чиқиши ҳам қиёматдан олдин бўладиган катта аломатлардан биридир. Бу ҳақда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан давоми...

5685 19:00 / 19.03.2023
АлБасит ndash руҳларни кенгликка қўйиб юборувчи, хоҳлаганига ризқни кенг қилиб қўювчи, қалбларни кенг қилувчи Зот демакдир...Ҳобил деди .Қасамки, сен мени ўлдириш давоми...

18320 16:26 / 09.11.2017
Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай марҳамат қилади .Эсла, фаришталарга .Одамга сажда қилинглар, дедик, бас, сажда қилдилар, фақат иблисгина бош тортди, давоми...

5631 19:00 / 01.08.2022
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151234 14:35 / 11.08.2021