1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

41-боб. Икки ёки бир қиз боққан киши

21:30 / 12.05.2019 3327 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ушбу бобда ота-онанинг фарзанд олдидаги бурчлари, уларнинг фарзандларига нисбатан маданияти ҳақида сўз юритилади. Албатта, болага меҳр-муҳаббат кўрсатиш, унга нисбатан ўзини масъулиятли деб билиш нафақат инсон зотига, балки барча жонзотларга Аллоҳ таоло ато қилган хислатлардан биридир. Аммо бу туғма туйғуни тўғри ривожлантириш ва ундан тўғри фойдаланиш лозим.

Ана шу масалада Ислом таълимотлари бошқалардан устун туради. Фарзандга нисбатан ота-она қилиши лозим бўлган ишлар Исломда одат мартабасидан ибодат мақомига кўтарилади.

Инсоният тарихининг Исломдан олдинги бос­қичи – жоҳилият даврида бу масала ҳам бошқалари каби, инсон зотига ор-номус бўладиган шармандали ҳолатга келиб қолган эди. Бу борада фақат биргина мисол билан кифоялансак етарли бўлар, деган умиддаман. Жоҳилият аҳли қиз фарзандни ор деб билар ва уни тириклай кўмиб юборишни ўзига эп кўрар эди.

Мазкур жоҳилий одатга қарши ўлароқ, Ислом жумладан, қуйида ўрганиладиган ривоятларда келадиган таълимотларни тақдим этди.

Турли сабабларга кўра ҳаётимизда бир оз эътиборсизликка учраган бу масалани аҳамият билан ўрганишга ҳаракат қилайлик.

76. Уқба ибн Омирдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг учта қизи бўлса, уларни сабр билан ўстирса, топганидан уларни кийинтирса, улар унинг учун дўзахдан парда бўлади», дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадисда фарзандга, айниқса қиз фарзандларга яхши қараш, уларни сабр билан ўстириш, едириб, кийинтириш катта савобга лойиқ иш эканлиги айтилмоқда. Қизлар кўп бўлса, уларни тарбиялаб, вояга етказиб, жой-жойига қўйиш қийин. Қиз болага тўғри тарбия бериш, одоб бериш, иймон-Исломни танитиш, едириш, ичириш, кийинтириш катта машаққатдир. Бунинг учун ота-онадан улкан сабр талаб қилинади.

Шунинг учун ҳадиси шарифда «уларни сабр билан ўстирса», дейиляпти. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бунга сабр қилган одамларга жаннатни ваъда қилмоқдалар.

Албатта, уч қизни туғиб, тарбиялаб, вояга етказиш осон иш эмас. Аммо бу машаққатли иш учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ваъда қилаётган мукофотлар ҳам оз эмас.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Уч қизни тарбиялаш катта савобли иш экани.

2. Қизлар тарбиясида сабр кераклиги.

3. Қизларни кийинтириш савобли иш экани.

4. Қизлар қиёмат куни уларни боқиб, катта қилган ота-оналари учун дўзах ўтидан парда бўлишлари.

77. Шураҳбийлдан ривоят қилинади:

«Ибн Аббоснинг шундай деганини эшитдим:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир мусулмон кишига иккита қиз берилган бўлса, у уларни яхши парвариш қилса, қизлари уни албатта жаннатга киритади», дедилар».

Шарҳ: Аввалги ҳадисда «учта қизни тарбияласа», дейилган эди, бу ҳадисда эса «иккита», дейиляпти. Демак, иккита қизни тарбиялаб, вояга етказиб, ўз вазифасини гўзал равишда бажарган ота-она ҳам, иншааллоҳ, жаннатий бўлар экан.

78. Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кимнинг учта қизи бўлса, уларни бошпана билан таъминласа, моддий таъминотини қилса, уларга раҳм-шафқат кўрсатса, ана шу одамга албатта жаннат вожиб бўлади», дедилар.

Шунда қавмнинг ичидан бир одам:

«Эй Аллоҳнинг Расули, иккита бўлса-чи?» деди.

«Иккита бўлса ҳам», дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадис ҳам фарзандларни, айниқса қиз фарзандларни яхши парвариш қилган, яхши тарбия берган, нафақасини ўрнига қўйган кишига жаннат ваъдаси борлигини таъкидлаб келмоқда.

Бу ҳадиси шарифда аввалги иккала ҳадисдаги маънолар бирданига таъкидланмоқда.

«Одоблар хазинаси» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. Саъд ибн Убода Зуроқий отасидан ривоят қилади .Мадинанинг масжидида Амр ибн Усмон ибн Аффон билан ўтирган эдим. давоми...

2020 15:40 / 16.02.2025
Бу мақолада қариндошлар ичида силаи раҳмга сазовор эмас, дея гумон қилинадиган тоифа ndash золим қариндош ҳақида гап боради. Оддий ҳолатларда золимга ўзига яраша давоми...

1210 10:36 / 05.11.2025
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осдан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Икки мўминнинг руҳи бир кунлик масофадан туриб ўзаро мулоқотда бўлади. Ўзлари давоми...

2609 19:00 / 19.11.2022
Бадиий китоб мутолааси ўқувчисини ўз оламига олиб кириб кетади. Бир юқори савияли асар, қаҳрамон ёки ҳодиса борасида алоҳида тасаввур ҳосил қилмаган, шу орқали давоми...

2714 18:13 / 22.09.2024
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151233 14:35 / 11.08.2021