1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Рўзани бузадиган ва бузмайдиган амалларга оид савол-жавоблар

09:10 / 25.03.2024 19844 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Савол: Нафас қисиш оқибатида томоғига аэрозоль сепса, рўзаси очиладими?

Жавоб: Томоқдан ичкарига ўтган ҳар бир нарса рўзани очади. Аэрозоль сепилганда ҳам дори ичкарига ўтади, шу сабабли рўза очилади. Шунинг учун бундай касалликка дучор бўлганлар қишнинг қисқа кунларида аэрозоль ишлатмасдан рўза тутишга қодир бўлишса, қазосини тутиб беришади. Агар қиш кунида ҳам аэрозоль ишлатмай тура олишмаса, рўза тутиб, эҳтиёт юзасидан ҳар кунига фитр миқдорича, яъни икки килограмм буғдойни ёки унинг қийматини фидя қилиб бериб турганлари афзал.

Савол: Милки қонаб, қони ичкарига кетиб қолган кишининг рўзаси очиладими?

Жавоб: Агар қон томоғидан ўтиб, ичкарига етса, рўза очилади. Тишлари орасидан қон чиқиб, халқумида қолса, ичкарига ўтиб кетмаса, рўза очилмайди. Агар халқумдан ичкарига кетса, қон миқдори тупукдан кўп ёки тенг бўлса ёки қоннинг таъми сезилса, рўза очилади. Қон тупукдан оз бўлса, рўза очилмайди.

Савол: Ғусл вожиб бўлган киши бурнига сув олганда сув ичкарига кетиб қолса, рўзаси очиладими?

Жавоб: Ғуслда буруннинг юмшоғигача сув етказиш фарз, қаттиқ жойига сув етказиш эса суннат. Рўзадор рўзадорлигини билатуриб оғзига ёки бурнига сув олсаю, сув ичкарига кетиб қолса, рўзаси очилади, қазо лозим бўлади. Агар рўзадорлиги эсида бўлмаса, рўзаси очилмайди.

Савол: Қулоқ ёки киндикка сув киргизилса, рўза очиладими?

Жавоб: Киндикка сув киргизиш билан рўза очилмайди. Қулоққа ғусл пайтида сув кириб кетса ҳам рўза очилмайди. Лекин қасддан киргизилса ва мия тарафга етиб борса, рўзанинг очилиш-очилмаслигида ихтилоф бор. Хулоса шуки, қулоққа дори томизилса рўза очилишига, сув кирса очилмаслигига иттифоқ қилинган.

Савол: Сигарет, нос чекиш билан рўза очиладими?

Жавоб: Сигарет чекиш, тамаки ва носга ўхшаш воситаларни истеъмол қилиш билан рўза очилади.

Савол: Рўзадор одам тиш пастаси билан тишини тозаласа бўладими?

Жавоб: Рўзадор ҳолатда тиш пастасини ишлатиш макруҳ. Лекин томоғидан ичкарига ўтиб кетмаса, рўза очилмайди.

Бирор нарсани оғзига солиб, татиб кўриш макруҳ, лекин бунда рўза очилмайди (лекин татиб кўрган нарсасини ютиб юборса рўза очилади).

Савол: Укол (инъекция) қилиш билан рўза бузиладими?

Жавоб: Уламолар мушаклар орасига, ёнбошга укол қилиш билан рўза бузилмаслигига иттифоқ қилишган. Тери орасидан ичкарига ёғ каби нарсаларнинг кириши рўзани очмайди.

Одатий йўллардан бошқа жойлар орқали терининг орасига нарса кириши, масалан, илон чақиб олиши (томирдан чақса ҳам), совуқ сувда ғусл қилиш натижасида бадан орасидан ичкарига сув ўтиши рўзани очмаслигига барча уламолар иттифоқ қилишган.

Савол: Тиш олдирса рўза очиладими?

Жавоб: Рўзанинг очилиш-очилмаслиги томоқдан бирор нарса ўтиш-ўтмаслигига боғлиқ. Тиш олдираётганда томоқдан бирор нарса ўтиб кетмаса, рўза очилмайди.

Савол: Ғарғара қилиш билан рўза очиладими?

Жавоб: Рўзадор кишининг ғарғара қилиши макруҳ. Ичкарига сув кетиб қолса, рўза очилади.

Савол: Эсдан чиқариб еб-ичган одам эсига тушгач таомланиб қўйса, рўзаси очиладими?

Жавоб:

1) Эсдан чиқариб еб-ичиш билан рўза очилмайди.

2) Эсдан чиқариб еб-ичгандан кейин «Рўзам очилди» деб ўйлаб таомланиб қўйса, қазо лозим бўлади, каффорат вожиб бўлмайди.

3) Эсдан чиқариб еб-ичиб қўйса рўза очилмаслигини билатуриб таом еб қўйса қазо ҳам, каффорат ҳам вожиб бўлади. Қайт қилишнинг ҳукми ҳам шундай: қайт қилгач, «энди рўзам очилди» деб ўйлаб, таом еб юборса, қазо лозим бўлади, каффорат эмас. Лекин бу иш рўзани очмаслигини билатуриб таомланиб юборса, каффорат ҳам вожиб бўлади.

«Мўминнинг қалқони» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳозирги кунда компьютер ўйинлари ичида DotArdquo ва мобил ўйинлар орасида Clash of Clansrdquo деб номланувчи виртуал ўйинлар, оммалашиб қолган. Ушбу ўйинлар билан алоқаси бор давоми...

5261 10:00 / 24.07.2019
Ҳар бир мўмин банда ҳаётгузаронлик қилиши учун Аллоҳ таоло яратган ҳалол нарсаларни яхшилаб ўрганиши, касбидаги, ишидаги муомалаларда, олдибердиларда, қайси давоми...

2744 21:30 / 03.08.2019
Ибн Саммок раҳматуллоҳи алайҳ айтади .Ибодатгўй бир одам ҳақида эшитиб қолиб, уни зиёрат қилишга ошиқдим. У киши .Эй Ибн Саммок, сизни бу ерга қайси шамоллар учирди, давоми...

2410 07:00 / 16.07.2019
Подшоҳ Хусрав балиқни яхши кўрар эди. Бир куни у хушманзара жойда Сийрин исмли хотини билан ўтирган эди, бир овчи қўлида катта балиқ билан келиб, уни подшоҳга ҳадя давоми...

4117 07:30 / 05.08.2019
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021