1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Фидя

10:10 / 29.05.2019 4579 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ислом шариатида буюрилган маълум бир амал ўрнига мол сарфлаш «фидя» дейилади. Бунинг учун шариатда кўрсатилган узрли сабаблар мавжуд бўлиши лозим. Масалан, Рамазон ойи рўзасини узрли сабаблар туфайли тута олмай қолганлар бунинг учун фидя берадилар.

Исломда инсонни унинг тоқатидан ташқари ишга таклиф қилиш йўқ. Масалан, Аллоҳ таоло рўза фарз қилиниши билан бирга

«Уни қийналиб тутадиганлар зиммасида фидя – бир мискин таоми бордир» деб марҳамат қилади (Бақара сураси, 184-оят).

Ҳадиси шарифда: «Бу оят насх бўлмаган, балки қари чол ва кампир учундир. Улар рўза тутишга қодир эмаслар, шунинг учун ҳар бир кун ўрнига камбағални таомлантиришади», дейилган. Бошқа ҳадиси шарифда: «Бу рухсат фақат рўзани кўтара олмайдиган ва тузалмас касалларгагина берилади», дейилган.

Қариликлари туфайли рўза тута олмайдиганлар учун фидя беришнинг йўлга қўйилиши бежиз эмас. Унда камбағалларнинг манфаати билан бирга ўша рўза тута олмаган кишиларнинг уни адо эта олмаганлари учун афсус-надоматларини енгиллатиш ҳам бор. Қариялар рўзага кучлари етса тутишлари лозим, тута оладиган ҳолда фидя берса, дуруст бўлмайди. Юқорида келтирилган ояти каримада кўзда тутилганлар умуман рўза тутишга ярамайдиган, кундан-кунга жисмонан заифлашиб бораётган ўта қари чолу кампирлар, ўлим тўшагида ётган қариялар ва тузалишидан умид бўлмаган касаллардир. Бундай касал ўзи ёш бўлса ҳам ўлим тўшагида ётган қариялар ҳукмидадир. Бу тоифадаги кишилар рўза тутиш имконига эга бўлмаганлари учун ўрнига фидя беришлари йўлга қўйилган.

Рўза тутишда вақтинчалик қийинчиликка учраб, кейин яна рўза тутиш имконига эга бўладиган касаллар худди ҳомиладор ва эмизикли аёллар, мусофирлардек қазо рўзасини янаги Рамазон келгунча тутиб беришлари лозим.

Ҳадиси шарифда: «Ким ўлсаю унинг зиммасида ойнинг (фарз) рўзаси бўлса, унинг номидан ҳар бир кун ўрнига бир камбағалга таом берилсин», дейилади. Чунки тутилмай қолган рўза, ўқилмай қолган намозлар банданинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги қарзи ҳисобланади, уни узиш фарзандларининг (меросхўрларининг) елкасидадир. Фидя беришда марҳумдан қоладиган мероснинг учдан бир миқдоригача сарфлаш мумкин. Меросхўрлар бўлмаса, ҳаммасини сарфлаш жоиз. Мусулмон кишининг баъзи намозлари ёки рўзаси қазога қолган бўлса, киши вафот қилишидан хавфсиралган пайтда агар қоладиган ортиқча моли бўлса, ворисларига фидя беришни васият қилиши вожиб. Аммо марҳум васият қилмаган бўлса, фидя бериш ворисларига вожиб эмас.

Камбағал дейилганда кундалик ҳаёти қийинчиликда ўтаётган, кўчага чиқиб тиланчилик қилишга виждони йўл қўймаётган одам тушунилади. Фидя бир камбағалнинг бир кунлик ўртача тирикчилигини таъминлайдиган овқат миқдори бўлиб, унинг ҳажми таом ёки унга тўғри келадиган пул бирлигида белгиланади. Бунда ҳар бир жойнинг иқтисодий-маиший шарт-шароитидан келиб чиқилади. Бир кунлик рўза учун бериладиган фидя фитр садақаси (яъни икки килограмм буғдой ёки унинг нархи)дан кам бўлмаслиги лозим. Ўликни кўмгандан кейин фидя бериш жоиз бўлса ҳам, уни кўммасдан олдин бериш афзалдир.

«Мўминнинг қалқони» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон охирги ўнлик кирса, белни маҳкам боғлаб, кечани тирилтирар ва аҳлларини уйғотар давоми...

3236 17:40 / 27.05.2019
Усмон бин Савда Тафовийдан ривоят қилинишича, у кишининг онаси Роҳиба исмли обида аёллардан бўлган экан. Онаси ўлимидан олдин бошини осмонга кўтариб, .Эй менинг давоми...

3238 08:00 / 17.06.2020
Оила барпо бўлгач, шариатимиз келин ва куёвнинг зиммасига бир қанча мажбуриятларни юклаб қўйган. Икки тараф ана шу мажбуриятларни ўз ўрнида адо этса, оила тинч, давоми...

4231 15:10 / 24.03.2019
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган У Кунда кофирларга жаҳаннамни намойиш қилурмизrdquo.Яъни, улар жаҳаннамни кўришлари учун уларга жаҳаннам давоми...

5435 20:21 / 25.04.2017
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021