1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Қалбни гапиртириш лозим

17:00 / 10.07.2019 3160 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Юсуф Ҳамадоний қуддиса сирруҳу шундай дейдилар:

«Қалб ва зикр дарахт ва сувга ўхшайди. Қалб ва тафаккур эса дарахт билан мевага ўхшайди. Дарахтга сув бермасдан яшнашини кутиш, барг ва гул очмасдан туриб ундан мева кутиш хато бўлади. Бу пайтда хоҳласа ҳам мева беролмайди. Чунки бу давр мева берадиган вақт эмас, балки уни парвариш қиладиган вақт бўлади. Унга сув бериб, танасини зарпечак ва атрофини ҳар хил ёввой ўтлардан тозалаб турмоқлик, кейин қуёшнинг исишини ҳам кутишлик лозим бўлади. Шу ишлар қилинса дарахт яхши ва тоза бўлиб ўсади, ям-яшил япроқларга бўрканади. Дарахт худди шу ҳолга кирганидан кейингинга ундан мева кутиш тўғри бўлади. Ана энди бу вақт унинг мева берадиган вақти бўлади.» (“Рутбатул ҳаёт”, 71 бет)

Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ айтадилар:

«Ақлли кишилар ўзларини зикр орқали тафаккурга, тафаккур орқали зикрга одатлантиришга машғул бўладилар. Натижада қалбларини гапиртирадилар. Натижада қалблари ҳар доим ҳикматларни гапиришни бошлайди» (Имом Ғаззолий, “Иҳёу улимиддин», VI, 46)

Мазкур ҳикматларни Нақшбандия тариқати шайхларидан Усмон Нури Тўпбош ҳазратлари шундай шарҳлайдилар:

Зикр ва тафаккурни бир-биридан ажратмаслик керак. Зикрдаги энг муҳим жиҳат уни шуур билан, маъносини тафаккур қилиб бажармоқликдир. Буюк валийлардан Муҳаммад Просо қуддиса сирруҳу ҳазратларининг айтганларидек, калимаи тавҳид зикрида:

“Ла илаҳа” (бошқа илоҳ йўқ) деганда, барча махлуқотнинг фоний эканини ўйлаб, ҳаммасини йўқ, деб билиш ва Аллоҳдан бошқа ҳамма нарсани зеҳндан узоқлаштириб, тушунчаларни тозалаш лозим. Қалб эса Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч нарсанинг қули эмас деган шуур ва идрок билан тўлмоғи керак.

“Иллаллоҳ” (фақат Аллоҳ бордир) деганда эса Аллоҳнинг қадим борлиғи абадий эканини ва У муҳаббат билан қараш мумкин бўлган ягона борлиқ эканини чуқур ўйламоқ лозим бўлади. Шундай қилинса Аллоҳ таолонинг жамолий сифатлари қалбда жилвалашни бошлайди.

Шоҳ Баҳоуддин Нақшбанд қуддиса сирруҳу шундай марҳамат қиладилар: “Зикрдан мақсад фақатгина “Аллоҳ” ва “Ла илаҳа иллаллоҳ” демоқликдан иборат эмас. Балки сабабдан мусаббибга (сабаб бўлган асл фоилга, яъни Аллоҳга) бориш ва неъматнинг мусаббибдан келганини кўрмоқликдир”.

Улуғбек Султон тайёрлади

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Фазл ибн Абу Айёшнинг мавлоси Анбардан ривоят қилинади Ваҳб ибн Мунаббаҳнинг ҳузурида ўтирган эдим, бир киши келиб, Фалончининг олдидан ўтиб қолувдим, сизни давоми...

4082 08:16 / 17.11.2018
Амр ибн Осс розияллоҳу анҳуга ўлим онлари яқинлашганда, шундай дердилар.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра ҳеч бир киши мен учун маҳбуброқ ва менинг давоми...

1892 12:00 / 31.10.2020
I боб Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ айтадилар .Билгилки, ҳар бир муслим ва муслимага дин ишларида муҳтож бўладиган таҳорат, намоз ва шариатнинг бошқа давоми...

7911 17:35 / 06.03.2019
Савол Саҳарлик ва ифторлик вақтга қараб белгиланадими ёки қуёш ҳаракатига қарабмиЖавоб Саҳарлик ва ифторликни тайин қилиш субҳи содиқ кирганкирмагани ва давоми...

2871 20:31 / 07.05.2020
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021