1447 йил 5 зулқаъда | 2026 йил 22 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Акса уриш ва эснашдаги ислом одоби

13:45 / 15.07.2019 3226 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ ﷺ: «إِنَّ اللهَ يُحِبُّ الْعُطَاسَ، وَيَكْرَهُ التَّثَاؤُبَ، فَإِذَا عَطَسَ فَحَمِدَ اللهَ، فَحَقٌّ عَلَى كُلِّ مُسْلِمٍ سَمِعَهُ أَنْ يُشَمِّتَهُ، وَأَمَّا التَّثَاوُبُ فَإِنَّمَا هُوَ مِنَ الشَّيْطَانِ، فَلْيَرُدَّهُ مَا اسْتَطَاعَ، فَإِذَا قَالَ: هَا، ضَحِكَ مِنْهُ الشَّيْطَانُ». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Аллоҳ акса уришни хуш кўради, эсноқни эса хуш кўрмайди. Акса уриб, Аллоҳга ҳамд айтса («Алҳамдулиллаҳ» деса), ташмит айтиш («Ярҳамукаллоҳ» дейиш) уни эшитган ҳар бир мусулмоннинг зиммасига ҳақдир. Эсноқ эса фақат шайтондандир. Киши қўлидан келганича уни қайтарсин. Қачон «Ҳооҳ», деса, шайтон унинг устидан кулади».

Бухорий ривоят қилган.

Ушбу ҳадисда ҳар бир кишида ҳар куни учраб турадиган икки ҳолатга нисбатан Ислом одоби, Ислом маданияти, Ислом ахлоқи баён қилинмоқда.

Тумовдан бошқа вақтдаги акса уриш одатда енгиллик аломати бўлади. Акса уриш яхшилик аломати бўлгани сабабли, акса урган киши Аллоҳ таолога ҳамд айтиши керак экан. Буни эшитган ҳар бир киши эса акса урган кишига «Ярҳамукаллоҳ», яъни «Аллоҳ сенга раҳм қилсин», дейиши Ислом одобларидан экан. Бунга ҳар бир мўмин-мусулмон амал қилиши лозим.

Эснаш кишининг жисми ва руҳи оғирлашгани, хиралашгани аломатидир. У ҳеч қачон яхшилик аломати бўлиши мумкин эмас. Шунинг учун мусулмон киши иложи борича ўзидан эсноқни қайтариши керак бўлади.

Эснашни ҳамма халқлар ҳам яхши нарса деб билмайдилар. Эснаш энг камида дангасаликнинг аломатидир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эса уни «шайтондандир», демоқдалар. Шунинг учун эсноқни доимо, айниқса намозда қайтаришимиз керак. Бўлар-бўлмасга эснайвериб, шайтоннинг кулгисига қолмаслигимиз лозим.

Машҳур аллома Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг Саҳиҳи Бухорийга ёзган «Фатҳул Борий фий шарҳи Саҳиҳи Бухорий» номли китобида биз ўрганаётган ҳадиси шарифнинг шарҳида Хаттобий раҳматуллоҳи алайҳидан қуйидагиларни келтиради:

«Иккисидаги (акса уриш ва эснашдаги) яхши ва ёмон кўришнинг маъноси уларнинг сабабига қайтади. Акса уриш баданнинг енгиллиги, бурун тешикларининг очиқлиги ва ҳаддан ташқари тўйиб емаганлик аломатидир. У эснашнинг тескарисидир. Чунки эснаш бадан иллатга тўлгани ва унинг оғирлашгани аломатидир. Эснаш аралаш-қуралаш қилиб кўп ейишдан келиб чиқади. Акса уриш кишини ибодатга ғайратли қилади. Эснаш эса унинг аксидир».

Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам сиз билан биз умматларига акса урган кишига Аллоҳ таолонинг раҳматини тилаб дуо қилишни ҳам ўргатганлар.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ ﷺ قَالَ: «إِذَا عَطَسَ أَحَدُكُمْ فَلْيَقُلِ: الْحَمْدُ لِلَّهِ. وَلْيَقُلْ لَهُ أَخُوهُ أَوْ صَاحِبُهُ: يَرْحَمُكَ اللهُ. فَإِذَا قَالَ لَهُ يَرْحَمُكَ اللهُ. فَلْيَقُلْ: يَهْدِيكُمُ اللهُ وَيُصْلِحُ بَالَكُمْ». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Бир киши акса урса, «Алҳамдулиллаҳ», десин. Буни эшитган биродари ёки шериги унга «Ярҳамукаллоҳ» (Аллоҳ сенга раҳм қилсин), десин. Буни эшитган акса урган киши «Яҳдийкумуллоҳу ва йуслиҳ баалакум (Аллоҳ сизни ҳидоят қилсин ва ишингизни ислоҳ қилсин)» десин».

Бухорий ривоят қилган.

Демак, акса урган ва буни эшитган икки мусулмон ўртасида ана шундай ўзаро дуо бўлиши керак. Ислом ахлоқи, суннати, маданияти ана шуни тақозо қилади. Буни ҳар бир мўмин-мусулмон билиши, билмаганларга ўргатиб бориши лозим ва лобуддир.

Ҳозирги даврдаги тиб ходимлари эснаш бош миянинг кислородга, жисмнинг ғизога ҳожати борлигининг аломатидир, дейдилар. Нафас олиш аъзолари бош мия ва жисмга кислород етказиб беришда камчиликка йўл қўйса, эснаш бошланади. Бу ҳолат кўпроқ уйқусираш, ўзидан кетиш ва ўлимдан олдин бўлади.

Эснаш оғиз орқали чуқур нафас олишнинг бир туридир. Аслида оғиз чуқур нафас олишнинг табиий йўли эмас. Чунки у бурунга ўхшаб, нафас орқали олинган ҳавони тозалаш жиҳозига эга эмас. Шунинг учун эснаш пайтида оғиз катта очилганда ва чуқур нафас олиш ила ҳаво ичга тортилганда ҳавога қўшилиб турли ғубор ва микроблар одамнинг ичига киради. Шунинг учун ҳам Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам иложи борича эснашни қайтаришга ва оғизни ўнг қўлнинг кафти ёки чап қўлнинг орти билан тўсишга иршод қилганлар.

Акса уриш эса эснашнинг аксидир. У тўсатдан келади ва кучли бўлади. Унинг сабабидан ҳаво ўпкадан бурун ва оғиз орқали куч билан чиқади. У ўзи билан бирга йўлида турган ҳаво, микроб ва бошқа нарсаларни ҳам олиб чиқади. Шунинг учун ҳам акса Роҳмандан бўлиши табиийдир, чунки унда жисм учун фойда бордир. Эснаш эса шайтондандир, чунки унда жисмга зарар бордир.

Шунинг учун ҳам акса урган одамга Аллоҳ таолога ҳамд айтиш, эснаган одамга эса шайтондан паноҳ тилаш лозим бўлади.

Қуръон ва суннатдаги илмий мўъжизаларкитобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Савол Фитр садақасини бериш кимларнинг зиммасига вожибЖавоб Мусулмон эркагу аёл, балоғатга етганетмаган, хоҳ оқил, хоҳ мажнун бўлсин, нисоб эгаси бўлса, давоми...

3252 10:00 / 28.05.2019
Балоофатлар қалбларни чиниқтиради, гуноҳларга каффорот бўлади, кибр иллатини даволайди, ғафлатни кетказиб, огоҳликка чорлайди, ўзга жонзотларга ҳам меҳрибон давоми...

3219 15:00 / 26.08.2023
Илк устозМуҳаммад Тақий Усмонийнинг исломий илмларни юксак даражада эгаллашида отаси Муҳаммад Шафийнинг улкан ҳиссаси бор.Муҳаммад Шафий ким эдиМуҳаммад Шафий давоми...

7953 15:30 / 15.04.2019
Оқилона билим мени ҳаётнинг маъносизлигини тан олишга мажбур этди, менинг ҳаётим тўхтаб қолди ва мен ўзимга суиқасд қилиш ҳаракатига тушиб қолдим. давоми...

2361 08:00 / 02.05.2021
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151234 14:35 / 11.08.2021