1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Рисоладаги хотин

20:00 / 09.08.2019 4954 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Она тилимизда ҳали чуқур луғавий-илмий ишлар олиб борилмаганлигиданми, баъзи истилоҳларда ўйланиб қоладиган ҳолатлар бор. Мисол учун «Хотин» сўзи турли жойларда ишлатилади, лекин, менимча, «хотин» – эри билан оилавий ҳаёт кечириб турган «аёл», дейиш маъқул. Бошқа ҳолатларда эса, аёл зотидан бўлган шахсларга нисбатан ўзига яраша атама-номлар бор, улар барчага маълум.

Оиладаги хотин деганимизда эса, бутун бошли катта оилани эмас, балки эру хотиндан иборат оилани кўзда тутмоқчимиз. Чунки бу мақоламизда аёлнинг эрга бўладиган муносабатини, муомаласини, ўзини тутишини ва ҳоказоларни баён қиламиз.

Аввало, хотин ўзининг аёллиги билан фахрланмоғи лозим. Аллоҳ таоло бежиз уни аёл қилиб яратмаган.

Аллоҳ таоло «Аъроф» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷ ﭸ ﭹ ﭺ ﭻ

«У сизларни бир жондан яратган ва сокинлик топсин учун ундан жуфтини яратган Зотдир» (189‑оят).

Яъни «жуфт» – сокинлик, осойишталик, ором, латофат, меҳр-муҳаббат рамзидир. Буни ҳар бир аёлнинг ўзи яхши тушуниб етмоғи зарурдир.

Турмушга чиққан ҳар бир келин оилавий ҳаёт Аллоҳнинг суннати, улкан бахт эканини, бу икки шахснинг фақат жисмоний эмас, балки руҳий ҳам қўшилишлари бўлиб, мақсад ўткинчи лаззат эмас, балки башарият камолоти ва ҳаётнинг бардавомлиги эканини тушунмоғи зарур.

Рисоладаги хотин оилада катта ўрин тутади. Шунинг учун ҳам ўзбек халқи орасида «Эрни эр қиладиган ҳам хотин, ер қиладиган ҳам хотин» деган, арабларда эса «Ҳар бир улкан шахснинг ортида хотин бор» деган мақоллар бор.

Одатда янги уйланган йигитга: «Энди ола хуржун бўйнингга тушди», дейишади. Аслида хуржуннинг кўзи иккита бўлиб, бири эрга, иккинчиси хотинга аталган, яъни унинг оғирлигини эр‑хотин тенг кўтармоқлари лозим.

Оилавий ҳаётнинг бардавомлиги икковларининг бир муқаддас мақсад учун муштарак интилишларига боғлиқдир. Чунки ҳақиқий муҳаббат бир-бирининг кўзига боқишда эмас, балки икковларининг бир мақсадга интилишларида намоён бўлади. Хотиннинг эрига ёрдам бериши, ҳамдард бўлиши оилавий ҳаётнинг жамолига жамол қўшади.

Хотин оилада чиройли амалларга одатланмоғи лозим. Жумладан, Қуръон ўқиш, китоб кўриш, ахборотлардан хабардор бўлиш, ҳақиқатни ҳимоя қилиш ва ҳоказолар. Оқила ва маърифатли аёл намунавий орзуимизнинг марказидадир.

Уйнинг содда, саранжом-саришта бўлиши ҳам хотин кишига боғлиқ. Уйнинг зийнати нақш-нигору ашёларда эмас, балки меҳр-муҳаббатда эканини ҳеч қачон унутмаслик лозим.

Хотин киши ўз эрининг виждонига айланиб, уни гуноҳлардан, ёмон ишлардан қайтариб, савобли, яхши ишларга ундаб туриши лозимлигини Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ўз ҳадиси шарифларида бундай сифатлайдилар:

عَنْ أَبِي أُمَامَةَ، عَنْ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم أَنَّهُ كَانَ يَقُولُ: مَا اسْتَفَادَ الْمُؤْمِنُ بَعْدَ تَقْوَى اللهِ خَيْرًا لَهُ مِنْ زَوْجَةٍ صَالِحَةٍ، إِنْ أَمَرَهَا أَطَاعَتْهُ، وَإِنْ نَظَرَ إِلَيْهَا سَرَّتْهُ، وَإِنْ أَقْسَمَ عَلَيْهَا أَبَرَّتْهُ، وَإِنْ غَابَ عَنْهَا نَصَحَتْهُ فِي نَفْسِهَا وَمَالِهِ. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ.

Абу Умомадан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мўмин банда Аллоҳга бўлган иймондан сўнг эришган энг яхши нарса солиҳа хотин бўлиб, унга амр қилса, итоат қилади, қараса, хурсанд қилади, қасам ичса, уни оқлайди ва ғойиб бўлса, ўз нафсида ва молида унга яхшиликда бўлади», – дер эдилар».

Ибн Можа ривоят қилган.

Пайғамбаримизнинг мақтовларига сазовор бўлган бундай аёл ўз эрига осонлик пайтида ҳам, қийинчилик онларида ҳам энг яқин киши, дардкаш, маслаҳатчи бўлиб, уни сабр-чидамга даъват қилиб, тушкунликка тушмасдан, доимо олдинга интилишга ундайди. Бу ҳақда унга аввал ўтган момоларимиз ўрнак бўладилар. Хадийжа онамиз Пайғамбаримиз алайҳиссаломга нисбатан худди юқорида зикр қилинганидек хотин бўлганлар, шунинг учун вафотларидан сўнг ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини ҳурмат ва эъзоз билан эслаб, кўплаб ҳадислар айтганлар. Улардан бирини эслаб ўтсак, мақсадга мувофиқ бўлади.

قَدْ آمَنَتْ بِي إِذْ كَفَرَ بِي النَّاسُ، وَصَدَّقَتْنِي إِذْ كَذَّبَنِي النَّاسُ، وَوَاسَتْنِي بِمَالِهَا إِذْ أخَرجَنِي النَّاسُ.

«Батаҳқиқ, одамлар менга куфр келтирганда, у менга иймон келтирди, одамлар мени ёлғончи қилганда, у мени тасдиқлади, одамлар мени чиқарганларида, у менга моли ила ёрдам берди».

Аёл ўз эрининг энг яқин ёрдамчиси – ишончли кишиси бўлиб, ҳамма нарсаларини тартибга солиб, унинг қилмоқчи бўлган ишларига ҳурмат билан қараб, ваъда ва учрашувларини ўз вақтида ўказишига ёрдам бериб турса, бу ҳолат доимо эрни уйга боғлайди. Чунки у мана шу ерда роҳат топади, ҳузур кўради.

«Бахтиёр оила» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Агар совчи қўйилган аёл ёки унинг валийси томонидан мазкур совчиликка розилик жавоби берилса, унаштирилган бўлади. Унаштириш икки томондан оила қуриш учун давоми...

2505 11:49 / 04.01.2025
Азиз ўқувчилар Мазкур бўлимда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф қаламига мансуб Бахтиёр оилаrdquo асаридан туркум мақолалар чоп этиб борилади.Бу ишимизда Аллоҳ давоми...

4218 00:50 / 30.09.2018
Валийлик уч хил бўлади1. Жонга валийлик.Бунга моли йўқ ёш бола мисол бўлади. Бунда валий унга таълим беради, одоб беради ва вояга етганда никоҳлаб, оилали қилиб давоми...

3146 19:40 / 14.02.2020
Бизнинг одатимизда маҳр масаласи кўрилиб, келин ва куёвдан розиризолик сўраб бўлингандан кейинги домлаларимиз томонидан оҳанг билан ўқиладиган араб тилидаги давоми...

46738 09:15 / 19.02.2025
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021