1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Куёвлари билан шарафланган аёл

20:01 / 14.08.2019 3565 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тарихда ўтган шундай аёллар борки, уларнинг баъзилари эрлари билан, баъзилари фарзандлари билан ва яна бошқалари оталари билан машҳур бўлишган. Аммо сиз ҳеч куёвлари билан машҳур бўлган аёл ҳақида эшитганмисиз?! Ушбу мақола айнан куёвлари билан шарафланган аёл - Ҳинд бинту Авф ҳақидадир.

Маккалик саҳобия Ҳинд бинту Авф ибн Зуҳайр бир неча бор турмуш қурган эди. У Ҳорис ибн Ҳазандан Лубоба Кубро, Осма, Азза, Лубоба Суғро ва Барра (Маймуна онамиз)ларни,  Умайс ибн Маъддан Асмо, Салма ва Саламаларни, Хузайма ибн Ҳорисдан эса Зайнабни дунёга келтирган. Ҳинд бинту Авфнинг Хузайма исмли эридан дунёга келган қизи Зайнаб бинту Хузайма розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга турмушга чиққан эдилар. Шу тариқа Ҳинд бинту Авф Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қайнона бўлиш бахтига муяссар бўлган эди.

Аммо ҳижрий 3-йили Зайнаб бинту Хузайма онамиз вафот этдилар. Орадан 3-4-йил ўтиб, ҳижрий 7-йилда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳинд бинту Авфнинг Ҳорис ибн Ҳазандан бўлган яна бир қизи - Маймуна бинту Ҳорис розияллоҳу анҳога уйланадилар. Натижада Ҳинд бинту Авф Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга икки марта қайнона бўлган тарихдаги ягона аёл кишига айланди.

Бундан ташқари Ҳинд бинту Авф Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки амакилари - Аббос ва Ҳамзаларнинг ҳам қайнонаси бўлади: Аббос розияллоҳу анҳу Ҳинднинг Ҳорисдан бўлган қизи Лубоба Кубро бинту Ҳорисга уйланганлар ва ундан Фазл исмли фарзандни кўрганлар. Ҳамза розияллоҳу анҳу эса Ҳинднинг Умайс ибн Маъддан бўлган қизи Салма бинту Умайсга уйланганлар.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ҳинд бинту Авфнинг қолган қизлари ҳам обрўли кишиларга хотин бўлишган:

Лубоба Суғро бинту Ҳорис Қурайшнинг саййидларидан бўлган Валид ибн Муғийрага турмушга чиқди ва ундан “Сайфуллоҳ“ (Аллоҳнинг қиличи) лақабини олган Холид ибн Валидни дунёга келтирди.

Ҳинднинг яна бир қизи Асмо бинту Умайс эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиваччалари, “Зул жаноҳайн“ (икки қанот эгаси) номи билан машҳур бўлган саҳоба Жаъфар ибн Абу Толибга турмушга чиқади. Эри билан биргаликда “Дорул Арқам“да ҳали яширин даъват бошланмасдан илгари Исломга киришади. Муъта жангида Жаъфар ибн Абу Толиб шаҳид бўлганларидан сўнг бир неча йил ўтиб Асмо бинту Умайс Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга турмушга чиқадилар. Абу Бакр Сиддиқ вафотидан кейин эса Асмони Али ибн Абу Толиб ўз никоҳларига оладилар. Асмо бинту Умайс Жаъфар ибн Абу Толибдан Абдуллоҳ, Абу Бакр Сиддиқдан Муҳаммад, Али ибн Абу Толибдан Яҳё ва Авн исмли фарзандларни дунёга келтирганлар.

Эътибор беринг-а, Ҳинд бинту Авф кимларга қайнона бўлди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Аббос ибн Абдулмутталиб, Ҳамза ибн Абдулмутталиб, Жаъфар ибн Абу Толиб, Абу Бакр Сиддиқ, Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳум ажмаъийн.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга икки маротаба қайнона бўлганининг ўзи Ҳинд бинту Авф розияллоҳу анҳонинг дунёдаги энг бахтли қайнона эканлигига кифоя қилади!

Шамсиддин Садриддин

Мавзуга оид мақолалар
СаволНамоз ўқишни ва рўза тутишни 21 ёшимда бошлаганман. 12 ёшдан 21 ёшгача намоз ўқимаганман, рўзани эса баъзан тутиб турардим. Шу қолган намоз ва рўзаларнинг давоми...

3674 16:05 / 15.09.2020
Ширк ndash кечирилмас гуноҳМуҳтарам азизлар Бугунги мавзумиз ҳар бир мусулмон киши учун ўта муҳим бўлиб, мўмин киши эътиқодининг асоси бўлмиш имоннинг кушандаси давоми...

5475 11:51 / 12.10.2018
Тўйлардаги дабдавозлик айни исрофдир Динимизда исрофгарлик қаттиқ қораланган бўлиб, исроф қилиш ҳаромдир.Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган давоми...

2924 17:30 / 11.10.2019
Вақт шунчалик қиммат ва бебаҳо бўлишига қарамай, кўпчилик инсонлар унинг бу қийматини ҳис этмайдилар, натижада ундан фойдаланиб қолиш учун эмас, балки уни зое давоми...

4300 09:03 / 24.05.2021
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021