1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Энг жоҳил жамият

13:00 / 18.08.2019 2962 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таолонинг инояти ва ёрдами билан мусулмон уммати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётларининг ҳар бир лаҳзасини катта аниқлик ва эътибор билан ўрганиб, авлоддан авлодга нақл қилиб келди. Муҳаддис уламоларимиз бу ривоятларни аниқ илмий йўл билан тад­қиқ қилиб, китобларга битдилар. Улар ҳақида китобимизнинг аввалида, тарих илмининг ёзилиши ҳақидаги мавзуда сўз юритдик.

Юқорида ўтган маълумотлардан Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг энг афзал бандаси ва пайғамбари эканларини ўргандик. Бу улкан ҳақиқатда заррача ҳам шубҳа йўқ. Шундай бўлганидан кейин ана ўша энг афзал зотнинг дунёга келишларига Аллоҳ таоло энг муносиб жамият, энг афзал макон ва замонни танлашида ҳам заррача шубҳа бўлмаслиги керак.

Аллоҳ таоло Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёга келишлари учун араб жамиятини энг муносиб деб топди. Бу жамият ўша вақтдаги энг жоҳил жамият эди, чунки бу жамият асрлар давомида ўқиш-ёзиш, фан-маданият, илм-маърифат, дину диёнат, қонун-қоида, тартиб-интизом деган нарсаларни билган эмас.

Агар мазкур омилларни ўзида мужассам қилган халқ ичидан охирги замон пайғамбарини танлаб олинганида, одамлар «Бу халқ эскитдан ҳамма нарсани билиб келган, бу динни ҳам ўзлари ўйлаб, жорий қилишган», дейишлари мумкин эди. Бу нарсалардан холи бўлган араблардан ўзларига ўхшаган уммий шахснинг пайғамбар бўлиши ва у зотнинг раҳбарликларида қисқа муддатда бутун дунёнинг жаҳолат ботқоғидан Ислом нурига олиб чиқилиши эса илоҳий мўъжиза бўлар эди.

Арабларнинг сиртдан нуқсон бўлиб кўринган мазкур сифатлари Аллоҳ таолонинг иродаси билан Ислом хизмати йўлида фазилатга айланди, чунки мазкур омиллар туфайли уларнинг фикрига бирор мафкура чуқур ўрнашмаган эди. Бу эса арабларнинг бутун вужудига Ислом таълимотларининг таг-туби ила ўрнашиб кетишига ёрдам берарди. Уларнинг ҳеч кимга бўйсунмаганлари Аллоҳдан ўзгага ибодат қилмаслик ишида ёрдамчи бўлар, қолаверса, ана шундай жоҳил халқнинг қисқа муддат ичида инсониятга ҳидоят маёғи бўлиб қолишининг ўзи илоҳий мўъжизага айланарди.

Аллоҳ таоло Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёга келишлари учун дунё­нинг энг муносиб ўлкаси – Арабистон яриморолини танлади. Бу ўлка қадимий пайғамбарлардан кўпларига ватан бўлган ўлка эди. Идрис, Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Исмоил алайҳиссаломлар мана шу ўлкада яшаб ўтган, Иброҳим алайҳиссалом мана шу ўлкага Байтуллоҳни қурган эдилар. Мусо алайҳиссаломга мана шу ўлканинг Мадян ном­ли жойида пайғамбарлик берилган эди. Фиръавн ва унинг қавмининг тазйиқига учраган яҳудийлар мана шу ўлкадан паноҳ топишганди. Шунингдек, румликларнинг душманлигига дучор бўлган насронийлар ҳам мана шу ўлканинг Нажрон номли жойидан (Яман билан Ҳижоз оралиғи) паноҳ топишди. Аллоҳ таоло бу ўлканинг табиий, жуғрофий ва сиёсий ҳолатларини ана шундай ишлар учун жуда ҳам қулай қилиб қўйган эди.

Аллоҳ таоло Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёга келишлари учун дунёнинг энг афзал нуқтаси – Маккаи мукаррамани ихтиёр қилди. Аввало, бу муқаддас шаҳар ер шаридаги қуруқликнинг қоқ киндигида жойлашган эди. Дунёдаги энг охирги, энг мукаммал, ҳамма замон ва маконлар, ҳамма халқлар учун кўзланган шариатнинг маркази айнан ана шундай жойда бўлиши матлуб эди.

Энг муҳими, бу шаҳарнинг бағридан пайғамбарларнинг отаси бўлмиш Иброҳим алайҳиссалом ўғиллари Исмоил алайҳиссаломнинг ёрдамида Аллоҳ таолонинг амри ила қурган Каъбаи муаззама жой олган эди. Ўз нав­батида, Байтуллоҳни ҳамма араблар муқаддас ҳисоблашар эди. Иброҳим алайҳиссаломнинг даврларидан буён одамлар у ерга ҳаж қилишарди. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ислом динини жорий қилиш учун бундан кўра афзалроқ макон бўлиши ҳам мумкин эмас эди.

Замонга келадиган бўлсак, Аллоҳ таоло Ўзининг чексиз ҳикмати ила Ислом пайғамбари Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёга келишлари учун энг муносиб пайтни ихтиёр қилди.

«Ислом тарихи» биринчи китоб

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сабаъ Арабистон яриморолининг жанубида, Яманда жойлашган бир мамлакат эди. Ҳудҳуд ана ўша ердан ўта муҳим ndash ҳам пайғамбар, ҳам подшоҳ, ҳам инсу жин ва қушлардан давоми...

7549 15:00 / 07.04.2019
нубувватнинг 4йили иккинчи ярми милодий 613 йилЯширин даъватдан ошкорага ўтиш ҳам Аллоҳ таолонинг амри ила бўлди. У Зот Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи давоми...

3187 18:05 / 18.12.2019
Ташаббускор ва масъулиятни чуқур ҳис қиладиган инсон Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу кечалари ҳеч кимга билдирмай, одамларнинг ҳолларидан хабар олишни ҳам давоми...

1995 12:25 / 24.08.2024
1194 йил 4 мартда Масжидул Ақсони озод қилган баҳодир, Ҳиттин жанги қаҳрамони султон Салоҳиддин Айюбий вафот этди. Дунё фақатгина сабаблар билан бирга бўлганида давоми...

3142 16:00 / 10.03.2023
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021