1447 йил 18 Рамазон | 2026 йил 07 март, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Бутпарастликнинг шармандаси чиқиб, ҳеч ким унга эътибор бермай қўйган давр

20:00 / 24.08.2019 2582 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Замонга келадиган бўлсак, ўша пайт бутун дунёга, барча инсониятга аталган, барча замон ва маконларга салоҳияти бор, барчага қиёматгача икки дунёнинг бахтини таъмин эта оладиган дин жорий қилинишининг айни замони эди.

Анчадан буён самовий дин юборилмаётган, Аллоҳ таоло тарафидан юборилган самовий динларнинг барчаси одамлар томонидан бузилиб, ўз кучи ва таъсирини мутлақо йўқотган эди.

Бутпарастликнинг ҳам шармандаси чиқиб, ҳеч ким унга эътибор бермай қўйган эди. Унга фақат мутаассиблик учунгина ота-боболардан қолган мерос сифатида қараларди. Турли бутпараст халқларнинг раҳбарлари ўз имтиёзларини сақлаш учун халқларни мажбурлаб, бутпарастликда ушлаб туришарди.

Мажусийлик ҳукм сурган Форс, Хуросон ва уларга яқин бўлган ўлкаларда ҳаётнинг барча соҳаларида бебошлик ҳукм сурар, уларда подшоҳ ва ҳукмдорлар халқнинг қонини ичишар эди. Мажусийликнинг зардуштийлик, монавийлик (монийлик) ва маздакийлик оқимлари инсоннинг инсонийлигини йўқотиши учун барча шароитларни таъминлаб берган эди. Уларда эр кишининг ўз онасига, синглисига ёки қизига уйланиши мақтовга сазовор иш ҳисобланарди. Шунинг учун насл-насабдан асар ҳам қолмаган, бундай тузум ва таълимотларнинг инсониятга бирор эзгулик ато қилиши ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас эди.

Ўша пайтдаги кенг тарқалган таълимотлардан бири – ҳиндуийликка келсак, аҳвол аввалгилардан ҳам баттар эди. Бу таълимотга биноан, кишилар турли табақаларга бўлинарди. Бир табақа шоҳ, бошқаси гадо бўлиб яшаши муқаррар эди. Ибодат борасида эса ақл бовар қилмайдиган ишлар қилинарди. Ҳиндистондаги баъзи тоифалар орасида ҳаттоки эркак ва аёл кишиларнинг жинсий аъзоларига ибодат қилиш йўлга қўйилган эди. Бундай нарсалар инсонга нима тақдим қила олиши мумкин?! Бундай нарсалар инсоният пешонасидаги ор эмасми?!

Арабистон яриморолидаги ширк ва зулму аҳмоқгарчиликлар ҳақида гапириб ўтирмасак ҳам бўлади. Бошқалар қатори, бу ерда ҳам пасткашлик ва разолат ўзининг энг авж нуқтасига чиққан, ҳаромхўрлик, зинокорлик, ароқхўрлик, зўравонлик, ўғрилик, қароқчилик ва бошқа разилликлар кенг тар­қалган эди.

Одамлар нимани кўрсалар, нимани топсалар – ҳайвон сўйилганида оққан қонми, ҳаром ўлган ҳайвоннинг гўштими ёки ундан ҳам баттарроқ нарсами, зўр иштаҳа билан ер эдилар.

Зинокорлик қилмаган одам аҳмоқ ҳисобланар эди. Зинонинг турли-туман услублари кенг тарқалган, эр ўз хотинини аслзода ҳисобланган бош­қа бир эркакнинг олдига олиб бориб: «Сиздан болали бўлиши учун хотиним билан алоқа қилинг», деб илтимос қилиши эса мардлик ҳисобланар эди.

Ароқхўрлик фахрланишга арзигулик иш эди. Мардлик ва шижоати билан ном қозонган бирон киши ароқ ичиб ўтирганида, отасининг ўлдирилгани ҳақида хабар келиб қолса, «Бугун хамр – эртага амр», деб, ароғини ичишда давом этаверарди.

Жоҳилият даврида арабларнинг ўз оиласида туғилган қиз болани тириклай кўмиб юбориши, бир қабиланинг шу қабиладаги кампирнинг хаста туясини ўлдириб қўйган бошқа қабила ила юз йил уруш қилиши, ўз «худо»сини уйида унутиб қолдирганда, тўрвасидаги хурмо мевасини бир-бирига ёпиштириб «худо» ясаб олиши ва унга ибодат қилиши, қорни очганда эса ўша «худо»ни еб қўйиши оддий бир ҳолат эди.

Гапнинг қисқасини айтадиган бўлсак, милодий VII асрнинг бошига келиб, дунё жаҳолат ботқоғига тўла ботган, у шу ботқоқдан чиқишга жуда муҳтож эди.

Дунё турли тузум ва динларнинг зулмати ичида қолган бўлиб, у мазкур зулматлардан нурга чиқишга талпинарди.

Дунё кенг тарқалган зулм ва истибдоддан инграб, адолат нашъасини суришга орзиқарди.

Дунё бандаларнинг бандаларга ёки ўзлари қилиб олган сохта худоларга ибодати билан тўлганди. Мазкур ҳолатдан қутулишнинг вақти келган, барча халқ, барча уммат ягона Роббга ибодат қилишга жуда-жуда муҳтож эди.

«Ислом тарихи» биринчи китоб

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Инсоният рисолаи Муҳаммадиядан аввал ўз мақсадини аниқ билмас эди. Қай тарафга юзланишни идрок эта олмасди. Борар жойи қаерлигини ҳам англамас эди. У ўз давоми...

2096 16:07 / 14.11.2023
Фотиҳларнинг Испания аҳолисига бўлган муносабати барча фатҳ этилган мамлакатларнинг халқларига бўлган муносабат каби одилона эди. Мусулмонлар маҳаллий аҳолига давоми...

1150 15:29 / 20.08.2025
Вақт ўтиши билан аббосийларнинг фаолияти, уларнинг даъватлари тобора кучая борди. Улар ҳижрий 129, милодий 746 йилда очиқ даъватлар билан чиқишди. Марвон ибн давоми...

1232 14:15 / 24.10.2025
ҳижратдан аввалги 13 йил Рамазон ойи, душанбага ўтар кечаси милодий 610 йил, августОиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга давоми...

3046 10:30 / 26.11.2019
Аудиолар

232683 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151184 14:35 / 11.08.2021