1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Аллоҳдан ва одамлардан ҳазир бўлиш

05:00 / 01.03.2017 4177 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло: «Аллоҳ сизларни Ўз (азоб)идан огоҳ қиладир. Аллоҳ бандаларига меҳрибон Зотдир», деган (Оли Имрон, 30).

Шарҳ: Ҳазир бўлиш - келажакда бўладиган ишларда ҳушёр ва эҳтиёт бўлиш.

Ушбу оятда Аллоҳ таоло бандаларга Ўзидан ҳазир бўлиб, эҳтиётлик ва ҳушёрлик билан иш тутишга амр қилмоқда. Банда доимо Аллоҳ таолога гуноҳкор бўлиб қолмаслик учун ҳазир бўлмоғи зарур.


Аллоҳ таоло яна: «Ва билингки, албатта, Аллоҳ ичингиздагини билади. Бас, Ундан огоҳ бўлинг. Ва билингки, албатта, Аллоҳ мағфиратли ва ҳалимдир», деган (Бақара, 235).

Шаръий ҳукмларнинг кўпи қалбга, ҳис-туйғуга бевосита боғлиқ ишлардир. Бунда доимо Аллоҳнинг чизган чизиғидан юришга ҳаракат қилиш керак. Аллоҳ таоло банданинг ичида нималар кечаётганини ҳам билади. Одам боласи бундан ғофил бўлмасин. Ҳеч ким билмаса ҳам, Аллоҳ билади, Ундан огоҳ бўлсин.

Айни чоғда, авваллари билмасдан баъзи бир ишларни қилиб қўйган бўлса, умидсиз бўлмасин. Чунки Аллоҳ таолонинг Ўзи ушбу оятнинг охирида:

«Ва билингки, албатта, Аллоҳ мағфиратли ва ҳалимдир», демоқда.

Аллоҳ таоло Моида сурасида:

«Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига итоат қилинг ва ҳазир бўлинг! Агар юз ўгирадиган бўлсангиз, билингки, Пайғамбаримиз вазифаси аниқ етказиш, холос», деган (92-оят).

Мусулмон киши тушуниб, ўзига яхшилаб сингдириб олиши лозим бўлган қоидадир бу. Ҳар бир ишда фақат Аллоҳга ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилмоқ керак. Шунда одам икки дунё саодатига эришади. Бу итоатдан фақат банданинг ўзигина фойда топади. Пайғамбарнинг вазифаси - Аллоҳдан келган нарсани очиқ баён қилиб бериш, холос. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу вазифани мукаммал адо этдилар. Энди умматлар қиёматгача итоатда бўлишлари керак.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида:

«Аллоҳ сизларни Ўзидан огоҳ қиладир. Ва қайтиб бориш Аллоҳнинг Ўзигадир», деган (28-оят).

Бутун масала аён бўлди. Яратгувчи - ягона Аллоҳнинг Ўзи. Ҳамма иш ягона Аллоҳнинг қўлида. Мулк берувчи ҳам ягона Аллоҳ. Ризқ берувчи ҳам ягона Аллоҳнинг Ўзи. Бутун оламнинг тадбирига қоим бўлувчи ҳам ягона Аллоҳнинг Ўзи. Аллоҳга тақво қилганлар ва Унинг азобидан ҳазир бўлганлар доимо ютуққа эришадилар. Хусусан, Аллоҳнинг ҳузурига қайтиб борганда нажот топишлари аниқ.

Аллоҳ таоло Нисо сурасида:

«Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ҳушёр тутинг ва гуруҳ-гуруҳ бўлиб қўзғалинг ёки тўп ҳолингизда қўзғалинг!» деган (71-оят).

Бу ояти карима яна мўминларнинг мўминлик ҳис-туйғуларини қўзғатувчи сеҳрли нидо:

«Эй иймон келтирганлар!» нидоси билан бошланмоқда. Вазият жиддий, қаршида, ёнатрофда душман пайт пойлаб турибди. Буни ҳеч қачон унутманг ва

«Ўзингизни ҳушёр тутинг».

Ҳушёрлик мўминларга жуда ҳам зарур.


Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ золимга муҳлат бериб қўяди. Аммо уни бир тутганда у қочиб қутула олмайди», дедилар
».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Бошқа бир ривоятда бу ҳадиси шарифнинг давомига «ва «Роббинг золим шаҳарларни ушлаганида, ана шундай ушлайди. Албатта, Унинг ушлаши аламли ва шиддатлидир»ни қироат қилдилар», ҳам зиёда қилинган.

Аллоҳ таолонинг азобидан ҳазир бўлмаслик золим бўлишга ва золимликни давом эттиришга олиб боради. Аммо вақтинчалик азоб келмаслиги Аллоҳ таолонинг азобидан ҳазир бўлмаса бўлаверар экан, фалончи шунча зулм қилса ҳам ҳеч нарса бўлмади-ку, деган фикрга зинҳор бормаслик керак. Аллоҳ таоло муҳлат беради ва жазосиз қўймайди.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин бир уядан икки марта чақилмайди», дедилар».

Учовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдаги уядан мурод - илон, чаён каби заҳарли нарсаларнинг инидир. Бундан мўмин киши ўта ҳушёр инсон бўлиши лозимлиги чиқади. Мўмин-мусулмон банда бир марта зарар тортган еридан ва ишидан иккинчи марта тортмаслиги керак.

Ушбу ҳадиси шарифнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан айтилишига қуйидагилар сабаб бўлган.

Бадр урушида Абу Ғарра номли шоир асирга тушди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан ўзларини ҳажв қилмаслик ва ўзларига қарши одамларни тарғиб қилмаслик ҳақида аҳд олдилар. У «хўп» деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни озод қилиб юбордилар. У ўз қавмига бориб қўшилди. Сўнгра ҳажв қилишда ва қарши тарғиб қилишда давом этди. Уҳуд уруши бўлганда у яна асирга тушди. У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўзини яна қўйиб юборишни сўради. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юқоридаги ҳадиси шарифни айтдилар.


Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Одамларни юзта туянинг ичидан битта ҳам минадиганини топмагунинг ҳолида кўрасан», дедилар
».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Туя номини олган ва сиртидан туя бўлиб кўринадиган ҳайвонлар кўп. Аммо уларнинг ичидан ҳақиқий туя деса бўладигани жуда кам бўлади. Шунингдек, сиртидан одамга ўхшаб кўринадиганлар жуда ҳам кўп. Аммо ҳақиқий инсонлар жуда ҳам оз. Шунинг учун одамлар билан муомала қилишда ҳазир бўлмоқ зарур.


Амр ибн ал-Ғавфо ал-Хузоъий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени ҳузурларига чорладилар. У зот мени Абу Суфёнга мол олиб бориб беришга юбормоқчи бўлдилар. У фатҳдан кейин Маккада ўшани Қурайшга тақсимлаши лозим эди. У зот менга:
«Ўзингга соҳиб топ», дедилар.
Бас, Амр ибн Умайя аз-Зомрий олдимга келиб:
«Сен сафарга чиқиш учун соҳиб излаётганинг менга етди, ростми?» деди.
«Рост», дедим.
«Мен сенга соҳибман», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб:
«Ўзимга соҳиб топдим», дедим.
«Ким?» дедилар.
«Амр ибн Умайя аз-Зомрий», дедим.
«Қачон унинг қавми юртига тушсанг, ундан ҳазир бўл. Туғишганингдан ҳам эҳтиёт бўл, деганлар», дедилар.
Биз йўлга чиқдик. Абвога етган чоғимда у:
«Менинг Ваддондаги қавмимда бир ҳожатим бор. Сен мени шу ерда кутиб тур», деди.
«Яхши бориб кел», дедим.
У кетганидан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гаплари ёдимга тушди. Туямни шиддат билан тезлатиб, у ердан чиқдим. Асофирга етганимда қарасам, у бир тўп одамлар билан йўлимни тўсиб чиқмоқда. Мен тезлаб ўтиб кетдим. Мени қутулиб кетганимни кўрганида улар қайтиб кетди ва у олдимга келиб:
«Менинг қавмимда ҳожатим бор эди», деди.
«Яхши», дедим.
Юриб, Маккага етиб бордик ва молни Абу Суфёнга топширдим
».

Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Доимо, хусусан, сафар ва унга ўхшаш ҳолатларда эҳтиёт бўлиш, ҳушёр туриш ва одамларнинг шарридан ҳазир бўлиш лозим. Айниқса, ҳамсафарлар синалмаган одамлар бўлса, яна ҳам ҳазир бўлиш лозим.

Бу ривоятда зикр қилинган ҳодисалар Амр ибн Умайя аз-Зомрий розияллоҳу анҳу янги мусулмон бўлганларида бўлиб ўтган. Кейинчалик у киши мухлис ва улуғ саҳобийлардан бирига айланганлар.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло бандасига яхшиликни раво кўрса, уни ўз айбини ўзи кўрадиган қилиб қўяди. Айбни кўргандан кейин уни тўғрилаш осон бўлади. Ўз айбини ўзи аниқлашнинг тўрт давоми...

5568 05:00 / 28.02.2017
биринчи мақолаТасаввуфга оид бир мавзуни талқин қилишдан аввал тасаввуфrdquo нима эканлиги тўғрисида бир тушунчага, хулосага келиш лозим. Мен тасаввуф давоми...

10872 20:09 / 09.11.2018
Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтди .Қиёмат кунида ҳар бир жон қилган яхшилигининг ҳозир бўлганини билади, ОлиИмрон сураси, 30оят. Аллоҳ таоло яна бир ояти каримада давоми...

4828 05:00 / 28.02.2017
.Зуҳд, сўзи аслида .оз нарса, маъносини билдиради. Зуҳд рағбатнинг тескарисидир. У бир нарсани тарк қилиш ва ундан юз ўгиришни англатади. Уламолар истилоҳида .зуҳд, давоми...

3746 19:00 / 13.03.2023
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021