1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Боланинг танглайини кўтариш

13:05 / 30.11.2019 7367 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Янги туғилган боланинг танглайини кўтариш ҳар бир ота‑онанинг бурчи ва болаларнинг ҳаққидир.

Кўпчилик саҳобалар ўзларининг янги туғилган фарзандларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб борар эдилар. Ул зот алайҳиссалом ёш болаларни кўрсалар, жуда хурсанд бўлар эдилар. Уларга исм қўйиш билан бирга, танглайларини кўтариб ҳам қўяр эдилар.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كَانَ رَسُولُ اللهِ ﷺ يُؤْتَى بِالصِّبْيَانِ فَيُحَنِّكُهُمْ وَيُبَرِّكُ عَلَيْهِمْ. رَوَاهُ أَحْمَدُ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга гўдаклар келтирилар эди. Бас, у зот уларнинг танглайларини кўтарар ва уларга барака тилаб, дуо қилар эдилар».

Аҳмад ривоят қилган.

Ёш боланинг танглайини кўтариш – катта одам бир нарсани олдин ўзи чайнаб туриб, боланинг оғзига қўли билан солиб, танглайига теккизиб қўйишидир. Бу нарса мева бўлгани афзалдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам деярли доимо болаларнинг танглайини хурмо билан кўтарганлар. Бу ҳам яхши ният аломати бўлиб, бу ишни аҳли солиҳ, фазийлатли кишилар қилишлари марғубдир.

Баъзида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари болаларни олдириб келиб, танглайини кўтариб қўйган ҳолатлари ҳам бўлган. Бунга Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан қилинган қуйидаги ривоят мисолдир.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй Анас, онангнинг олдига бориб: «Ўғлингнинг киндигини кесганингдан кейин унга ҳеч нарса татитмай туриб, менга юбор», – дедилар», дегин» – дедилар.

У(онам) болани икки қўлимга қўйди. Мен уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келтириб қўйдим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Менга учта Ажва хурмоси келтир», – дедилар.

Мен келтирдим. У зот уларнинг данагини олиб ташлаб, оғизларига солиб, чайнадилар ва боланинг оғзини очиб, солдилар, бола тамшана бошлади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ансорий-да, хурмони яхши кўради!» – дедилар. Сўнгра:

«Онангга бориб, «Аллоҳ сенга бундан барака берсин ва уни яхши ҳамда тақводор қилсин», – деб айт», – дедилар».

Аҳли солиҳ, дуогўй кишиларнинг янги туғилган болаларнинг танглайини кўтаришлари ва улар учун дуо қилишлари, айниқса, барака тилаб, дуои хайрлар қилишлари жуда ҳам яхши ишдир. Барча ота‑оналар бунга катта эътибор бермоқлари керак.

Боланинг танглайини кўтаришда ҳам гўзал рамз ва маъно бор: Бола янги туғилди. Ҳали унинг томоғидан турли озуқалар ўтгани йўқ. Унинг оғзига кирадиган ва танглайига тегадиган биринчи нарса, тақводор, ибодатли ва дуогўй одам томонидан тақдим қилинадиган ширин ва ҳалол-пок озуқа бўлсин. Токи бу бола умри бўйи ширин ва ҳалол-пок озуқаларни тановул қилиб юрсин, тақводор, ибодатли бўлсин.

«Бахтиёр оила» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Совчилик, дегани муайян бир аёл ёки қизга уйланиш истагини унинг ўзига ёки валийсига билдиришдир. Аслида, аёл кишининг ўзи ёки яқинлари томонидан куёвнинг ўзига давоми...

6273 12:00 / 12.12.2024
Боланинг отаонадаги ҳақларидан, отаонанинг фарзанд олдидаги вазифаларидан бири оиланинг янги аъзосига маънодор, чиройли исм қўйишдир. Бу ишнинг аҳамиятини давоми...

3357 18:08 / 03.11.2019
Аллоҳ таолонинг эрларга никоҳда маҳр беришни фарз қилгани ва аёлларга маҳр олишни ҳақ қилгани бежиз эмас. Бу амалнинг тўрт оят ва бир неча ҳадислар билан давоми...

7128 10:30 / 14.02.2025
Тўй тугаб, меҳмонлар тарқалиб кетгандан сўнг, одатда, куёвнинг алоҳида тайёрланган хонада кутиб ўтирган келин ҳузурига дастлаб киришига алоҳида эътибор берилиши давоми...

15048 14:10 / 19.06.2025
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021