1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Аллоҳга ва ота-онангга шукр қил!

18:05 / 08.12.2019 2550 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ота-онанинг ҳурмати, фарзанд устидаги ҳаққи тўғрисидаги оятлар ва ҳадислар бу борада дунё тарихида мисли кўрилмаган олиймақом таълимотлар экани маълум ва машҳур. Хусусан, уларни, илоҳий кўрсатмалар ҳамда исломий ҳикматларни ҳаётга татбиқ қилган мусулмонларнинг ота-оналарига кўрсатган юксак эҳтиромлари ва фидойиликларига тарих шоҳиддир.

Аллоҳ таоло Луқмон сурасида шундай марҳамат қилади:

ﭶ ﭷ ﭸ ﭹ ﭺ ﭻ ﭼ ﭽ ﭾ ﭿ ﮀ ﮁ ﮂ ﮃ ﮄ ﮅ ﮆ ﮇ

«Биз инсонга ота-онаси ҳақида тавсия қилдик: онаси уни заифлик устига заифлик билан кўтарди; уни сутдан ажратиш икки йил ичидадир: «Менга ва ота-онангга шукр қилгин. Ва қайтиш фақат Менгадир» (14-оят).

Ушбу оятда ота-онани ҳурмат қилиш ҳар бир фарзанд учун Аллоҳнинг амри эканлиги баён этилмоқда.

«Биз инсонга ота-онаси ҳақида тавсия қилдик…»

Оятдаги «тавсия», кўпчилик тушунганидек, ихтиёрий иш эмас, балки Аллоҳнинг амридир. Ўша амр нимадан иборат эканлигини айтишдан олдин ота-онани ҳурмат қилишнинг сабаби айтиб ўтилади.

«Онаси уни заифлик устига заифлик билан кўтарди».

Яъни ҳомиладорлик пайтида онаси уни қорнида заифҳол бўлиб кўтаради. Борган сари заифлик устига заифлик ортиб боради. Бу ҳол бола туғилгунича давом этади.

«Уни сутдан ажратиш икки йилдадир».

Яъни қорнида заифлик устига заифлик билан кўтарган она боласини кейин яна икки йил давомида эмизади.

Уламоларимиз шаръий эмизиш муддати икки йил экани ҳақидаги ҳукмни шу жумладан олганлар. Бола икки ёшга етгунича ўз онасидан бошқа бирорта аёлни эмса, сут орқали насаб собит бўлади. Ҳамда ўша эмизишга боғлиқ ҳукмлар жорий қилинади. Мисол учун, уни эмизган аёл унга сут она, унинг эри ота, болалари ака-ука, опа-сингил бўладилар. Маҳрамлик ва никоҳ масалаларидаги ҳукмлар ҳам шунга мувофиқ кучга киради.

Хуллас, она ҳам ҳомиладорлик даврида, ҳам эмизиш даврида бола туфайли катта қийинчиликларни бошидан ўтказади. Шунинг учун ҳам фарзандда онанинг ҳаққи отаникидан кўп бўлади.

Оятнинг давомида тавсиянинг нимадан иборат экани айтилади:

«Менга ва ота-онангга шукр қилгин».

Эй инсон фарзанди, аввало, Менга – яратган Роббингга, кейин ота-онангга – сенинг дунёга келишингга сабаб бўлган зотларга шукр қилгин. Бу ишлар сенинг энг олий бурчингдир.

«Ва қайтиш фақат Менгадир».

Билиб қўй, ана ўша қайтиш воқе бўлганида бу ҳақда Ўзим ҳисоб-китоб қиламан.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «لَا يَجْزِي وَلَدٌ وَالِدَهُ إِلَّا أَنْ يَجِدَهُ مَمْلُوكًا فَيَشْتَرِيَهُ فَيُعْتِقَهُ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Фарзанд ўз волидини қул ҳолида кўриб, сотиб олиб, озод қилсагина уни (ҳаққини) адо этган бўлади», дедилар».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Ота-онанинг фарзанд учун қилган меҳнатларини мукофот­лаш, уларнинг ҳаққини адо этиш жуда қийин иш эканлигини ушбу ҳадиси шарифдан билиб оламиз. Фарзанд бу дунёда ҳар қанча уринса ҳам бу ишни бажариб, охирига етказа олиши қийин.

Мабодо ота ёки она бировнинг қўлида қул ёки чўри бўлиб турган бўлса-ю, фарзанд уларни эгасидан сотиб олиб, қулликдан озод қилсагина, мазкур ҳақни адо қилди, дейиш жоиз экан.

«Кексаларни эъзозлаш» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. ,.Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бирортангиз .қулим,, .чўрим,, демасин. Мамлуклар .Роббим, ва .Роббиям,, демасин. давоми...

2151 17:00 / 02.02.2021
Ислом дини отаоналарга фарзандлар устидан ҳақ бергани каби, фарзандларга ҳам отаоналар устидан ҳақ берган. Ҳар бир отаона ўз фарзанди олдидаги бурчини адо этиши давоми...

2167 13:38 / 04.05.2025
Салама ибн Убайдуллоҳ ибн Миҳсон Ансорий отасидан ривоят қилади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким ўз оиласида омонликда, тани сихатликда, кунлик таоми бўлган давоми...

2805 09:42 / 18.02.2024
87. Абдурраҳмон ибн Жубайр ибн Нуфайр отасидан ривоят қилади.Бир куни Миқдод ибн Асваднинг олдида ўтирган эдик, бир киши ўтиб қолди ва.Бу кўзлар қандай яхши кўзлара давоми...

2578 20:06 / 22.06.2019
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151233 14:35 / 11.08.2021