1447 йил 18 Рамазон | 2026 йил 07 март, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Жинлар ғайб илмини билишадими?

12:05 / 10.12.2019 2908 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Жинлар одамларга илм ўргатиши ёки хабар етказиши мумкинми?

Жинкашларга жинлар ўргатадиган нарса ва хабарлар асосан ёлғон-яшиқ ва тахминий нарсалар бўлади. Гоҳида тасодифан тўғри келиб қолиши ҳам мумкин. Аммо асосан нотўғри гаплар ва нарсалар бўлади.

Аллоҳ таоло Шуаро сурасида марҳамат қилади:

«Сизларга шайтонлар кимга тушишини айтиб берайми? Улар ўта уйдирмачи ва ўта гуноҳкорларга тушурлар. Улар (шайтонларга) қулоқ осарлар. Ва уларнинг кўплари ёлғончидирлар» (221-223-оятлар).

Шайтонлар уялмай ёлғон гапирадиган, гуноҳлардан тап тортмайдиган шахсларга ёпишади. Бундай кишилар воқеъликда ҳамиша мавжуд. Араб мушриклари, бут-санамларнинг мутасаддилари бўлмиш коҳинлар бунга мисол бўлади. Улар фолбинлик қилар, шунингдек, ўзларига жинлар хабар келтиришини даъво ҳам қилишар эди. Жинлар келтирган бир ёлғон уйдирмага ўнни қўшиб одамларга етказишарди. Шунинг учун улар оятда «ўта уйдирмачи, ёлғончи» деб сифатланмоқда. Айни чоғда ўша коҳинлар ўз манфаатлари йўлида ҳеч қандай гуноҳдан қайтмас эдилар. Шунинг учун ҳам улар оятда «ўта гуноҳкорлар» деб васф қилинмоқда.

«Улар (шайтонларга) қулоқ осарлар. Ва уларнинг кўплари ёлғончидирлар».

Яъни ўша ўта уйдирмачи ва ўта гуноҳкорлар шайтонларга қулоқ осадилар. Уларнинг кўпи ёлғончилардир. Шунинг учун фуқаҳоларимиз ким жинлар билан гаплашишини даъво қилса, унинг гувоҳлиги қабул қилинмайди, деган ҳукмни чиқарганлар. Бу эса жин билан алоқаси бор одам пасткаш одамга айланади, деганидир.

Жинлар ғайб илмини билишадими?

Бу саволнинг жавобини Қуръони Каримдан оламиз. Аллоҳ таоло Сабаъ сурасида марҳамат қилади:

«Биз унга (Сулаймонга) ўлимни ҳукм этганимизда, асосини еяётган ёғоч қуртидан бош­қа ҳеч бир нарса унинг ўлими ҳақида далолат қилмади. Йиқилганида, жинларга агар улар ғайбни билганларида, хорловчи азобда қолмаган бўлишлари аён бўлди» (14-оят).

Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломнинг жонларини у киши жинларни ишлатиб қўйиб, асоларига суяниб турганларида олган. Жинлар эса Сулаймон кузатиб турибди, деб қўрққанларидан, машаққатли ишларида давом этаверганлар. Аллоҳ таолонинг иродаси билан бир ёғоч қурти Сулаймон алайҳиссалом суяниб турган асони ея бошлаган. Қурт асони маълум миқдорда еганидан кейин асонинг таянч нуқтасига футур етиб, жойидан сурилган ва Сулаймон алайҳиссаломнинг жуссалари ерга йиқилган. Шундагина жинлар ўз даъволарига қарши ўлароқ, ғайб илмини билмасликларини тушуниб етганлар. Ана шундагина жинларга

«...агар улар ғайбни билганларида, хорловчи азобда қолмаган бўлишлари аён бўлди».

Ҳолбуки, одамлардан баъзилари ўша ожиз жинларга эргашиб юрибдилар. Улар ғайбни биладилар, деб улуғламоқдалар.

«Фолбинлик, сеҳргарлик, жин чиқариш ва ноанъанавий даволаш каби ишларнинг бор ҳақиқати» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Маслама ибн Абдулмалик Умар ибн Абдулазизнинг ҳузурига келди. Унинг эгнида Миср чойшабидан кийим бор эди. Халифа Умар ибн Абдулазиз .Буни неча пулга олдинг, Абу давоми...

2694 07:00 / 09.07.2019
Бугунги кунимизда одатга айланиб қолган ачинарли ҳолатлардан бири ndash қалблардан дуонинг йўқолишидир. Фақатгина Аллоҳ раҳм қилган зотлар бундан мустасно. Агар давоми...

10307 18:40 / 10.07.2020
Эрхотин ўзаро алоқа қилганида эркакдан тахминан 200, 000000 икки юз миллион сперма ажралиб чиқади. Мантиқан олганда агар бу миқдор сперма бачадонда жойлашса 200,000000 давоми...

3441 10:00 / 26.03.2021
Зоҳид тобеъинлардан бўлган Омир ибн Абду Қайсдан нақл қилинади .Бир киши унга .Мен билан гаплашинг,, дебди. Омир ибн Абду Қайс унга .Қуёшни тўхтатиб тур, яъни мен давоми...

4503 18:20 / 28.01.2019
Аудиолар

232683 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151184 14:35 / 11.08.2021