1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Бунга сен учун жаннатдан уй сотиб олдим

08:00 / 21.12.2019 4163 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Саро ибн Яҳёдан ривоят қилинади: «Бир хуросонлик киши Басрада яшаш учун бор-будини сотди. Пули ўн минг дирҳам бўлди. Басрага келгач, хотини билан ҳаж қилиш учун Маккага отланди. Ўн минг дирҳам пулини омонатга қолдириш учун бирор ишончли одамни суриштирди. Унга Ҳабиб Абу Муҳаммад деган кишига омонат топшириш мумкинлигини айтишди. Хуросонлик Ҳабиб Абу Муҳаммаднинг олдига келиб, «Мен аёлим билан ҳажга кетяпман. Мана бу ўн минг дирҳамга Басрадан уй сотиб олмоқчи эдим. Бирор уй топсангиз, имкониятингиз бўлса, сотиб олинг», деди. Кейин аёли билан Маккага жўнаб кетди. Бироз вақт ўтиб, Басрада очарчилик бошланди. Ҳабиб Абу Муҳаммад шерикларини маслаҳатга чақирди. Очарчилик одамларни ҳолдан тойдиргани учун омонатга берилган ўн минг дирҳамга ун сотиб олиб, муҳтожларга садақа қилиб, уларни очликдан ўлиш азобидан сақлаб қолмоқчилигини айтди. Шериклари: «У одам бу пулларни уй сотиб олиш учун омонатга қўйиб кетганди-ку?» деб эътироз билдиришди. Ҳабиб Абу Муҳаммад: «Уни садақа қилиб, эвазига Роббим азза ва жалладан пулнинг эгаси учун жаннатдан уй сотиб оламан. Эгаси рози бўлса, айни муддао. Рози бўлмаса, пулларини қайтариб бераман», деди. Сўнг бор пулга ун ва нон сотиб олиб, (қийналиб қолганларга) садақа қилиб юборди. Ҳаж мавсуми тугаб, хуросонлик киши Маккадан қайтиб, Ҳабиб Абу Муҳаммаднинг олдига келди. «Эй Абу Муҳаммад, мен сизга ўн минг дирҳам омонат қолдирган эдим. Агар уй сотиб олмаган бўлсангиз, қайтиб берсангиз, ўзим уй сотиб олсам», деди. Ҳабиб Абу Муҳаммад: «Мен сенга сўрилари, мевазор боғлари, анҳорлари бор уй сотиб олдим», деди. Бу хушхабарни эшитган хуросонлик дарҳол аёлининг олдига бориб, бу хушхабарни етказди. Орадан икки-уч кун ўтиб, ҳалиги киши Ҳабибнинг олдига келиб, «Эй Абу Муҳаммад, ўша уй қаерда? Уни бир кўрсам дегандим», деди. Ҳабиб эса табассум билан: «Сенга айтган қасрлари, анҳорлари ва бошқа гўзал сифатларга эга бўлган уй жаннатдаги уй эди», деб вазиятни тушунтирди. У киши қойил қолиб, аёлининг олдига борибди ва аёлига: «Ҳабиб бизга Роббидан жаннатдаги уйни сотиб олган экан» деб, бор пуллари очарчилик пайтида муҳтожларга тарқатиб берилганини айтди. Оқила аёл: «Аллоҳ таоло Ҳабиб Абу Муҳаммад сотиб олган уйга бизни муваффақ қилсин. ­Дунёда қанча ҳам яшардик. Унинг олдига боринг, бизга ўша уйнинг кафолатини ёзиб берсин», деди. У Ҳабибнинг олдига келиб, «Эй Абу Муҳаммад, сиз сотиб олган уйни қабул қилдик, энди бизга кафолат хати ёзиб беринг», деди. Ҳабиб Абу Муҳаммад унинг сўзини маъқуллади ва бир котибни чақириб, қуйидаги сўзларни ёздирди:

«Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Бу Ҳабиб Абу Муҳаммаднинг Робби азза ва жалладан хуросонлик Фалончи учун сотиб олган уйнинг кафолатидир. Унга Роббидан жаннатда қасрлари, анҳорлари, дарахтлари ва бошқа сифатлари билан бўлган уйни ўн минг дирҳамга сотиб олди. Ушбу жаннатдаги уйни хуросонлик фалончига бериш, Ҳабибни эса кафолатдан озод қилиш Аллоҳ таологадир».

Хуросонлик хатни аёлига олиб бориб берди ва уни сақлаб қўйишни тайинлади. Кўп ўтмай, у қаттиқ бетоб бўлиб қолди. Орадан қирқ кунча ўтгач, ўлим вақти яқинлашганда аёлига: «Мени ювиб, кафанлагандан кейин ўша кафолат хатини кафаним ичига қўйишсин», деб васият қилди. Хуросонлик кишини дафн этишди, васиятини ҳам адо қилишди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, қабр тепасида бир хат пайдо бўлди. Унда ушбу сўзлар ёзилган эди: «Хуросонлик фалончи учун ўн минг дирҳамга жаннатдан уй сотиб олганига кафил бўлган Ҳабиб Абу Муҳаммад учун хушхабар! Дарҳақиқат, Робби хуросонликка Ҳабиб шарт қилган уйни ато этиб, унинг кафолатини адо этди».

Бу хат Ҳабибнинг қўлига етиб келгач, уни ўқиб туриб, йиғлаб юборди. У хатни ўпиб, шериклари олдига бориб, «Бу Роббим азза ва жалланинг мени поклагани ҳақидаги башоратдир» деб, хурсандчилигини улар билан баҳам кўрди.

«Солиҳлар гулшани» китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Жарир дўстларига .Одамдан то ҳозирги вақтимизгача бўлган олам тарихини ёзиб берайми, деган. Улар ҳажми қанча бўлишини сўраган. Уларга тафсир ҳақида айтган давоми...

2615 12:15 / 25.06.2019
СаволМен бир дўстимга қарз берган эдим, яқинда маълум бўлиб қолдики, дўстим ўша маблағни нопок ишларга сарфлаётган экан. Унинг гуноҳларига мен ҳам шерик бўлиб давоми...

3224 19:30 / 12.03.2020
Аллоҳ таоло барча махлуқот ва жонзотлар ичидан инсонни танлаб олди ва мукаррам қилди, эъзозлаб, юксак мақомга кўтарди. Шу боис инсон коинот гултожи, дея давоми...

4075 05:45 / 29.09.2018
Электрон микроскопда олинган ушбу расмда сиз уч кунлик эмбрионни кўриб турибсиз. У саккизта ҳужайрадан иборат. Бу ҳужайра 100 триллионта ҳужайраларга бўлиниш давоми...

2093 15:02 / 14.07.2020
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151233 14:35 / 11.08.2021